1–BOB
Duoyi salom
1 Iso Masihning havoriysi men — Butrusdan Xudoning tanlangan xalqiga salom! Ey Xudoning aziz xalqi, sizlar bu dunyoda musofir boʻlib yashayapsizlar, Pontus, Galatiya, Kappadokiya, Asiya va Bitiniya viloyatlariga tarqalib ketgansizlar, 2 ammo Otamiz Xudo azalda qaror qilib, sizlarni tanlagan edi. Sizlar Iso Masihga itoat etishingiz va Uning toʻkilgan qoni orqali poklanishingiz uchun Xudo qudratli Ruhi bilan sizlarni Oʻziga ajratib oldi.
Xudoning cheksiz inoyati va tinchligi sizlarga yor boʻlsin.
Masihdagi umidimiz
3 Rabbimiz Iso Masihning Otasi Xudoga hamdu sanolar boʻlsin! U bizga behad rahm–shafqat koʻrsatib, yangi hayot berdi. Iso Masih oʻlikdan tirilib, barhayot boʻlgani uchun endi bizning umidimiz bor. 4 Shu bois Xudo Oʻz xalqiga atagan qut–barakaga biz koʻz tikkanmiz. Ha, samoda saqlanayotgan bu abadiy, soʻlmas, begʻubor baraka sizlarni kutmoqda. 5 Oxirzamonda oshkora boʻladigan najotdan bahramand boʻlishingiz uchun Xudo Oʻz qudrati bilan sizlarni omon saqlaydi. Imoningiz tufayli U sizlarni qoʻriqlaydi. 6 Shuning uchun xursand boʻlinglar! Sizlar turli sinovlar tufayli vaqtincha qiynalyapsizlar, shunday boʻlsa ham quvoninglar. 7 Chunki sinovlar imoningizning samimiy ekanligini isbotlash uchun kerakdir. Hatto yoʻq boʻlib ketadigan oltin ham olovda toblanib, sinaladi. Sizning imoningiz esa oltindan ming barobar qadrliroqdir. Iso Masih oxiratda kelganda sinovdan oʻtgan imoningiz sizlarga maqtov va shon–sharaf keltiradi. 8 Sizlar Masihni koʻrmagan boʻlsangiz ham, Uni yaxshi koʻrasizlar. Hozir ham Masihni koʻrmay turib, Unga ishonyapsizlar, qalbingiz soʻz bilan ifodalab boʻlmaydigan ajoyib bir quvonchga toʻla. 9 Axir, imoningiz tufayli jonlaringiz najot topadi.
10 Paygʻambarlar izlanib, bu najotni chuqur oʻrganganlar. Sizlarga beriladigan Xudoning inoyati haqida karomat qilganlar. 11 Ularning qalblarida Masihning Ruhi bor edi. Bu Ruh ularga Masihning chekadigan azob–uqubatlari va azoblar ketidan keladigan ulugʻvorligi haqida oldindan maʼlum qilgan edi. Bu voqealar qachon va qay tarzda yuz berishini paygʻambarlar bilmoqchi boʻlar edilar. 12 Aslida ularning bu izlanishlari oʻz manfaati uchun emas, balki sizlarning manfaatingiz uchun qilinganini Xudo ularga ayon etdi. Paygʻambarlar eʼlon qilgan najot haqidagi Xushxabar sizning davringizda amalga oshdi. Bu Xushxabarni sizlarga osmondan yuborilgan Muqaddas Ruhning qudratiga toʻlgan odamlar bayon etishdi. Hatto farishtalar ham bu najotning qay tarzda amalga oshishini intizorlik bilan kutayotgan edilar.
Xudoga manzur hayot kechiringlar
13 Xullas, es–hushingizni yigʻib olinglar, hushyor boʻlinglar. Butun umidingizni Xudoning inoyatiga bogʻlanglar. Axir, Iso Masih oxiratda kelganda Xudo sizlarga inoyat koʻrsatib, najot beradi. 14 Xudoga itoatkor farzandlar boʻlinglar, oldingi gʻaflat paytida sizlarni qamragan ehtiroslarga qul boʻlib qolmanglar. 15 Aksincha, butun yurish–turishingizda muqaddas boʻlinglar, zero, sizlarni daʼvat etgan Xudo muqaddasdir. 16 Axir, Xudoning Oʻzi: “Muqaddas boʻlinglar, chunki Men muqaddasman” , deb aytgan.
17 Sizlar Xudoga iltijo qilib, Uni Ota deb ataysizlar. Ammo esingizda tutinglar, Xudo yuz–xotirchilik qilmaydi, U har bir kishini qilgan ishiga yarasha taqdirlaydi yoki jazolaydi. Shunday ekan, bu dunyodagi musofirchilik davringizda Xudodan qoʻrqib yashanglar. 18-19 Zotan, sizlar ota–bobolaringizdan oʻrgangan bemaʼni turmush tarzingizdan kumush yoki oltinga oʻxshash oʻtkinchi narsalar evaziga emas, balki Masihning qimmatbaho qoni evaziga qutulgansizlar. Axir, Masih Xudoning benuqson qurbonlik Qoʻzisidir. 20 Xudo Masihni dunyo yaratilishidan oldin bu xizmat uchun tayinladi. Endi shu oxirgi kunlarda esa Uni sizlar uchun zohir qildi. 21 Sizlar Masih orqali Xudoga ishonasizlar. Xudo Masihni tiriltirib, ulugʻvorlikka erishtirgani uchun ham sizlar imoningizda sobit turibsiz, chin qalbdan Xudoga umid bogʻlagansiz.
22 Sizlar haqiqatga boʻysunib , gunohdan poklanganingiz uchun birodarlarga samimiy mehr qoʻya olasizlar. Shunday ekan, bir–biringizni chin yurakdan, ixlos bilan yaxshi koʻringlar. 23 Axir, sizlar yangidan tugʻilgansizlar. Bu yangi hayotni sizga foniy bandalar emas, balki abadiy va hayotbaxsh Xudoning kalomi ato etgan. 24 Muqaddas bitiklarda shunday yozilgan:
“Inson zotining hammasi maysaday,
Ularning shuhrati dala guli kabidir.
Oʻtlar quriydi, gullar soʻlib qoladi.
25 Egamizning kalomi esa abadiy turadi.”
Ana shu kalom sizlarga eʼlon qilingan Xushxabardir.
1–БОБ
Дуойи салом
1 Исо Масиҳнинг ҳаворийси мен — Бутрусдан Худонинг танланган халқига салом! Эй Худонинг азиз халқи, сизлар бу дунёда мусофир бўлиб яшаяпсизлар, Понтус, Галатия, Каппадокия, Асия ва Битиния вилоятларига тарқалиб кетгансизлар, 2 аммо Отамиз Худо азалда қарор қилиб, сизларни танлаган эди. Сизлар Исо Масиҳга итоат этишингиз ва Унинг тўкилган қони орқали покланишингиз учун Худо қудратли Руҳи билан сизларни Ўзига ажратиб олди.
Худонинг чексиз инояти ва тинчлиги сизларга ёр бўлсин.
Масиҳдаги умидимиз
3 Раббимиз Исо Масиҳнинг Отаси Худога ҳамду санолар бўлсин! У бизга беҳад раҳм–шафқат кўрсатиб, янги ҳаёт берди. Исо Масиҳ ўликдан тирилиб, барҳаёт бўлгани учун энди бизнинг умидимиз бор. 4 Шу боис Худо Ўз халқига атаган қут–баракага биз кўз тикканмиз. Ҳа, самода сақланаётган бу абадий, сўлмас, беғубор барака сизларни кутмоқда. 5 Охирзамонда ошкора бўладиган нажотдан баҳраманд бўлишингиз учун Худо Ўз қудрати билан сизларни омон сақлайди. Имонингиз туфайли У сизларни қўриқлайди. 6 Шунинг учун хурсанд бўлинглар! Сизлар турли синовлар туфайли вақтинча қийналяпсизлар, шундай бўлса ҳам қувонинглар. 7 Чунки синовлар имонингизнинг самимий эканлигини исботлаш учун керакдир. Ҳатто йўқ бўлиб кетадиган олтин ҳам оловда тобланиб, синалади. Сизнинг имонингиз эса олтиндан минг баробар қадрлироқдир. Исо Масиҳ охиратда келганда синовдан ўтган имонингиз сизларга мақтов ва шон–шараф келтиради. 8 Сизлар Масиҳни кўрмаган бўлсангиз ҳам, Уни яхши кўрасизлар. Ҳозир ҳам Масиҳни кўрмай туриб, Унга ишоняпсизлар, қалбингиз сўз билан ифодалаб бўлмайдиган ажойиб бир қувончга тўла. 9 Ахир, имонингиз туфайли жонларингиз нажот топади.
10 Пайғамбарлар изланиб, бу нажотни чуқур ўрганганлар. Сизларга бериладиган Худонинг инояти ҳақида каромат қилганлар. 11 Уларнинг қалбларида Масиҳнинг Руҳи бор эди. Бу Руҳ уларга Масиҳнинг чекадиган азоб–уқубатлари ва азоблар кетидан келадиган улуғворлиги ҳақида олдиндан маълум қилган эди. Бу воқеалар қачон ва қай тарзда юз беришини пайғамбарлар билмоқчи бўлар эдилар. 12 Аслида уларнинг бу изланишлари ўз манфаати учун эмас, балки сизларнинг манфаатингиз учун қилинганини Худо уларга аён этди. Пайғамбарлар эълон қилган нажот ҳақидаги Хушхабар сизнинг даврингизда амалга ошди. Бу Хушхабарни сизларга осмондан юборилган Муқаддас Руҳнинг қудратига тўлган одамлар баён этишди. Ҳатто фаришталар ҳам бу нажотнинг қай тарзда амалга ошишини интизорлик билан кутаётган эдилар.
Худога манзур ҳаёт кечиринглар
13 Хуллас, эс–ҳушингизни йиғиб олинглар, ҳушёр бўлинглар. Бутун умидингизни Худонинг иноятига боғланглар. Ахир, Исо Масиҳ охиратда келганда Худо сизларга иноят кўрсатиб, нажот беради. 14 Худога итоаткор фарзандлар бўлинглар, олдинги ғафлат пайтида сизларни қамраган эҳтиросларга қул бўлиб қолманглар. 15 Аксинча, бутун юриш–туришингизда муқаддас бўлинглар, зеро, сизларни даъват этган Худо муқаддасдир. 16 Ахир, Худонинг Ўзи: “Муқаддас бўлинглар, чунки Мен муқаддасман” , деб айтган.
17 Сизлар Худога илтижо қилиб, Уни Ота деб атайсизлар. Аммо эсингизда тутинглар, Худо юз–хотирчилик қилмайди, У ҳар бир кишини қилган ишига яраша тақдирлайди ёки жазолайди. Шундай экан, бу дунёдаги мусофирчилик даврингизда Худодан қўрқиб яшанглар. 18-19 Зотан, сизлар ота–боболарингиздан ўрганган бемаъни турмуш тарзингиздан кумуш ёки олтинга ўхшаш ўткинчи нарсалар эвазига эмас, балки Масиҳнинг қимматбаҳо қони эвазига қутулгансизлар. Ахир, Масиҳ Худонинг бенуқсон қурбонлик Қўзисидир. 20 Худо Масиҳни дунё яратилишидан олдин бу хизмат учун тайинлади. Энди шу охирги кунларда эса Уни сизлар учун зоҳир қилди. 21 Сизлар Масиҳ орқали Худога ишонасизлар. Худо Масиҳни тирилтириб, улуғворликка эриштиргани учун ҳам сизлар имонингизда собит турибсиз, чин қалбдан Худога умид боғлагансиз.
22 Сизлар ҳақиқатга бўйсуниб , гуноҳдан покланганингиз учун биродарларга самимий меҳр қўя оласизлар. Шундай экан, бир–бирингизни чин юракдан, ихлос билан яхши кўринглар. 23 Ахир, сизлар янгидан туғилгансизлар. Бу янги ҳаётни сизга фоний бандалар эмас, балки абадий ва ҳаётбахш Худонинг каломи ато этган. 24 Муқаддас битикларда шундай ёзилган:
“Инсон зотининг ҳаммаси майсадай,
Уларнинг шуҳрати дала гули кабидир.
Ўтлар қурийди, гуллар сўлиб қолади.
25 Эгамизнинг каломи эса абадий туради.”
Ана шу калом сизларга эълон қилинган Хушхабардир.