8–BOB
Doniyorning qoʻchqor va echki haqidagi vahiysi
1 Doniyor shunday deb yozdi:
“Shoh Belshazar hukmronligining uchinchi yilida menga yana bir vahiy keldi. 2 Bu vahiyda men Elam viloyatidagi Shushan qalʼasida , Uloy daryosining boʻyida turgan ekanman. 3 Men daryo boʻyida bir qoʻchqor turganini koʻrdim. Uning ikkita uzun–uzun shoxlari bor ekan . Ikkinchi boʻlib chiqqan shox birinchisiga qaraganda uzunroq ekan . 4 Qoʻchqor oʻzini gʻarb, shimol va janubga urib, yoʻlida duch kelgan hamma narsani suzar edi. Hech qanday hayvon unga bas kela olmas, uning qurbonlarini qutqara olmas edi. Qoʻchqor xohlagan ishini qilar, kuchi tobora oshib borar edi.
5 Buni tomosha qilib turganimda, gʻarb tomondan bir taka koʻrindi. Yelday uchib kelayotgan bu takaning tuyoqlari goʻyo yerga tegmayotganday tuyular edi. Uning ikki koʻzi orasida ulkan bir shox bor edi . 6 U quturganicha qoʻchqor tomon yugurdi–da, 7 qahr–gʻazab bilan unga tashlanib, suzdi. Takaning zarbasi zoʻrligidan, qoʻchqorning ikkala shoxi sinib tushdi. Qoʻchqor takaga bas kela olmadi. Taka uni yerga yiqitib toptadi, hech kim qoʻchqorni undan qutqara olmas edi.
8 Taka nihoyatda kuchayib ketdi, ammo kuch–qudrat choʻqqisida uning ulkan shoxi sinib tushdi. Sinib tushgan shoxning oʻrniga dunyoning toʻrt tomoniga qayrilgan toʻrtta katta shox oʻsib chiqdi .
9 Ularning biridan yana bitta shoxcha chiqdi. Uning kuch–qudrati oshib, janub, sharq va goʻzal Isroil oʻlkasi tomon yoyildi. 10 Qudrati osmonu falakka yetgan bu shox samoviy lashkarlarga hujum qildi. Samoviy lashkarlar boʻlmish yulduzlarning ayrimlarini yerga tushirib toptadi. 11 Hatto samoviy lashkarning Sarkardasi — Xudoni mensimay, Unga keltiriladigan kundalik qurbonliklarni toʻxtatdi. Maʼbadni esa vayron qilib, 12 samoviy lashkarlarni magʻlub qildi. Kundalik qurbonliklar oʻrniga haddan tashqari jirkanch bir narsani oʻrnatdi. Haqiqatni oyoq osti qilgan bu shox har bir ishida muvaffaqiyat qozonar edi .
13 Keyin men farishtalar oʻzaro gaplashayotganini eshitib qoldim. Ularning biri boshqasidan shunday deb soʻraganini eshitdim:
— Vahiydagi bu hodisalar qachongacha davom etar ekan–a? Qachongacha bu jirkanch narsa kundalik qurbonliklar oʻrnini egallaydi? Qachongacha Maʼbad va samoviy lashkarlar oyoq osti boʻladi?
14 Sherigi unga shunday javob berdi:
— Bunday ahvol 2300 kechayu kunduz davom etadi. Oʻsha vaqt mobaynida qurbonliklar keltirilmaydi. Shundan soʻng Maʼbad poklanib, asl holiga qaytariladi.
Farishta Jabroil vahiylarni tushuntirib beradi
15 Men koʻrgan vahiyning magʻzini chaqmoqchi boʻlib, boshimni qotirib turganimda, birdaniga oldimda odam qiyofasidagi allakim paydo boʻldi. 16 Shu paytda men Uloy daryosi tomonidan:
— Ey Jabroil, bu odamga vahiyning maʼnosini tushuntirib ber, — deb xitob qilayotgan inson ovozini eshitdim. 17 Jabroil menga yaqinlashganda, men qoʻrqqanimdan yuz tuban yerga yiqildim. Ammo u menga:
— Tushungin, ey inson , bu oxirzamon vahiysi, — dedi.
18 U gapirayotganda men hushimdan ketib, yuz tuban yerda choʻzilib yotgan edim. Ammo u qoʻlini tekkizib, meni turgʻizib qoʻydi–da, 19 shunday dedi:
— Eshit, men senga oxirzamon paytida sodir boʻladigan narsalarni ayon qilaman, oʻsha davrda Xudo Oʻz gʻazabini yer yuziga sochishni belgilagandir. 20 Sen koʻrgan ikki shoxli qoʻchqor — bu Midiya va Fors shohliklaridir. 21 Taka esa Yunon shohligidir. Ikkala koʻzining orasidagi ulkan shox — bu Yunon shohligining taxtida oʻtiradigan birinchi hukmdordir. 22 Sinib tushgan shoxning oʻrniga chiqqan toʻrtta shox — Yunon shohligi toʻrt qismga boʻlinishini bildiradi. Taxtga oʻtirgan toʻrtala hukmdor oldingi hukmdorga qaraganda zaifroq boʻladi. 23 Ularning hukmronlik paytlari oxirlab, gunohlari toʻlib–toshganda, makr–hiylaga usta, vajohati xunuk bir hukmdor taxtga oʻtiradi. 24 U nihoyatda kuchayib ketadi, biroq oʻzining kuchi bilan emas. U hamma yoqni vayron qilib, barcha ishlarida muvaffaqiyat qozonadi. Zabardast yoʻlboshchilaru Xudoning azizlarini qirib tashlaydi. 25 Ustalik bilan ishlatgan makkorligi tufayli koʻp yutuqlarga erishadi. Koʻzini yogʻ bosgan bu hukmdor ogohlantirmasdan koʻp odamlarni halok qiladi. U hatto eng buyuk Hukmdorga qarshi bosh koʻtaradi. Oqibatda esa yoʻq qilib tashlanadi, ammo bu insonning kuchi bilan qilinmaydi. 26 Doniyor, men hozir senga tushuntirib bergan ertalabki va kechqurungi qurbonliklarga oid boʻlgan bu vahiy albatta amalga oshadi. Sen vahiyni sir tutgin, chunki bu uzoq kelajakka oid narsadir.
27 Bu voqeadan soʻng tobim qochib, bir necha kun betob boʻlib yotdim. Keyin turib, shohning xizmatiga qaytdim. Ammo vahiy meni tamomila esankiratib qoʻygan edi. Men uning maʼnosini tushunmagan edim.
8–БОБ
Дониёрнинг қўчқор ва эчки ҳақидаги ваҳийси
1 Дониёр шундай деб ёзди:
“Шоҳ Белшазар ҳукмронлигининг учинчи йилида менга яна бир ваҳий келди. 2 Бу ваҳийда мен Элам вилоятидаги Шушан қалъасида , Улой дарёсининг бўйида турган эканман. 3 Мен дарё бўйида бир қўчқор турганини кўрдим. Унинг иккита узун–узун шохлари бор экан . Иккинчи бўлиб чиққан шох биринчисига қараганда узунроқ экан . 4 Қўчқор ўзини ғарб, шимол ва жанубга уриб, йўлида дуч келган ҳамма нарсани сузар эди. Ҳеч қандай ҳайвон унга бас кела олмас, унинг қурбонларини қутқара олмас эди. Қўчқор хоҳлаган ишини қилар, кучи тобора ошиб борар эди.
5 Буни томоша қилиб турганимда, ғарб томондан бир така кўринди. Елдай учиб келаётган бу таканинг туёқлари гўё ерга тегмаётгандай туюлар эди. Унинг икки кўзи орасида улкан бир шох бор эди . 6 У қутурганича қўчқор томон югурди–да, 7 қаҳр–ғазаб билан унга ташланиб, сузди. Таканинг зарбаси зўрлигидан, қўчқорнинг иккала шохи синиб тушди. Қўчқор такага бас кела олмади. Така уни ерга йиқитиб топтади, ҳеч ким қўчқорни ундан қутқара олмас эди.
8 Така ниҳоятда кучайиб кетди, аммо куч–қудрат чўққисида унинг улкан шохи синиб тушди. Синиб тушган шохнинг ўрнига дунёнинг тўрт томонига қайрилган тўртта катта шох ўсиб чиқди .
9 Уларнинг биридан яна битта шохча чиқди. Унинг куч–қудрати ошиб, жануб, шарқ ва гўзал Исроил ўлкаси томон ёйилди. 10 Қудрати осмону фалакка етган бу шох самовий лашкарларга ҳужум қилди. Самовий лашкарлар бўлмиш юлдузларнинг айримларини ерга тушириб топтади. 11 Ҳатто самовий лашкарнинг Саркардаси — Худони менсимай, Унга келтириладиган кундалик қурбонликларни тўхтатди. Маъбадни эса вайрон қилиб, 12 самовий лашкарларни мағлуб қилди. Кундалик қурбонликлар ўрнига ҳаддан ташқари жирканч бир нарсани ўрнатди. Ҳақиқатни оёқ ости қилган бу шох ҳар бир ишида муваффақият қозонар эди .
13 Кейин мен фаришталар ўзаро гаплашаётганини эшитиб қолдим. Уларнинг бири бошқасидан шундай деб сўраганини эшитдим:
— Ваҳийдаги бу ҳодисалар қачонгача давом этар экан–а? Қачонгача бу жирканч нарса кундалик қурбонликлар ўрнини эгаллайди? Қачонгача Маъбад ва самовий лашкарлар оёқ ости бўлади?
14 Шериги унга шундай жавоб берди:
— Бундай аҳвол 2300 кечаю кундуз давом этади. Ўша вақт мобайнида қурбонликлар келтирилмайди. Шундан сўнг Маъбад покланиб, асл ҳолига қайтарилади.
Фаришта Жаброил ваҳийларни тушунтириб беради
15 Мен кўрган ваҳийнинг мағзини чақмоқчи бўлиб, бошимни қотириб турганимда, бирданига олдимда одам қиёфасидаги аллаким пайдо бўлди. 16 Шу пайтда мен Улой дарёси томонидан:
— Эй Жаброил, бу одамга ваҳийнинг маъносини тушунтириб бер, — деб хитоб қилаётган инсон овозини эшитдим. 17 Жаброил менга яқинлашганда, мен қўрққанимдан юз тубан ерга йиқилдим. Аммо у менга:
— Тушунгин, эй инсон , бу охирзамон ваҳийси, — деди.
18 У гапираётганда мен ҳушимдан кетиб, юз тубан ерда чўзилиб ётган эдим. Аммо у қўлини теккизиб, мени турғизиб қўйди–да, 19 шундай деди:
— Эшит, мен сенга охирзамон пайтида содир бўладиган нарсаларни аён қиламан, ўша даврда Худо Ўз ғазабини ер юзига сочишни белгилагандир. 20 Сен кўрган икки шохли қўчқор — бу Мидия ва Форс шоҳликларидир. 21 Така эса Юнон шоҳлигидир. Иккала кўзининг орасидаги улкан шох — бу Юнон шоҳлигининг тахтида ўтирадиган биринчи ҳукмдордир. 22 Синиб тушган шохнинг ўрнига чиққан тўртта шох — Юнон шоҳлиги тўрт қисмга бўлинишини билдиради. Тахтга ўтирган тўртала ҳукмдор олдинги ҳукмдорга қараганда заифроқ бўлади. 23 Уларнинг ҳукмронлик пайтлари охирлаб, гуноҳлари тўлиб–тошганда, макр–ҳийлага уста, важоҳати хунук бир ҳукмдор тахтга ўтиради. 24 У ниҳоятда кучайиб кетади, бироқ ўзининг кучи билан эмас. У ҳамма ёқни вайрон қилиб, барча ишларида муваффақият қозонади. Забардаст йўлбошчилару Худонинг азизларини қириб ташлайди. 25 Усталик билан ишлатган маккорлиги туфайли кўп ютуқларга эришади. Кўзини ёғ босган бу ҳукмдор огоҳлантирмасдан кўп одамларни ҳалок қилади. У ҳатто энг буюк Ҳукмдорга қарши бош кўтаради. Оқибатда эса йўқ қилиб ташланади, аммо бу инсоннинг кучи билан қилинмайди. 26 Дониёр, мен ҳозир сенга тушунтириб берган эрталабки ва кечқурунги қурбонликларга оид бўлган бу ваҳий албатта амалга ошади. Сен ваҳийни сир тутгин, чунки бу узоқ келажакка оид нарсадир.
27 Бу воқеадан сўнг тобим қочиб, бир неча кун бетоб бўлиб ётдим. Кейин туриб, шоҳнинг хизматига қайтдим. Аммо ваҳий мени тамомила эсанкиратиб қўйган эди. Мен унинг маъносини тушунмаган эдим.