7–BOB
Ayb qurbonligi
1 Ayb qurbonligi gʻoyat muqaddasdir. Uni keltirganda quyidagi qoidaga rioya qilinsin: 2 ayb qurbonligi uchun keltiriladigan jonivorni kuydiriladigan qurbonlik boʻgʻizlanadigan joyda soʻyishsin. Uning qonini qurbongohning toʻrtala yon tomoniga sepib chiqishsin. 3 Jonivor yogʻining hammasi keltirilsin: dumbasi, ichak–chovoqlarini qoplab turgan yogʻlari, 4 ikkala buyragi, buyrak atrofidagi yogʻlari va jigarning aʼlo qismi . Jigarning aʼlo qismi buyraklar bilan birga ajratib olinsin. 5 Ruhoniy bularni olovda kuydirib, Egamizga nazr qilsin. Bu ayb qurbonligidir. 6 Ruhoniylar urugʻiga mansub boʻlgan har bir erkak zoti qurbonlikni tanovul qilsa boʻladi. Uni muqaddas joyda tanovul qilishsin , chunki bu qurbonlik gʻoyat muqaddasdir.
7 Ayb qurbonligi uchun ham, gunoh qurbonligi uchun ham qoida bir: qurbonlikning goʻshti gunohdan poklash marosimini olib borgan ruhoniyga tegishli boʻlsin. 8 Birovning kuydiriladigan qurbonligini keltirgan ruhoniy oʻziga qurbonlikning terisini olsin. 9 Tandirda yopilgan, qozonda yoki tovada tayyorlangan har qanday don nazri ham, uni keltirgan ruhoniyga tegishli boʻlsin. 10 Lekin boshqa turdagi don nazrlari, zaytun moyi aralashtirilgan yoki aralashtirilmaganidan qatʼi nazar, Horunning hamma oʻgʻillariga birday tegishli boʻlsin.
Tinchlik qurbonligi
11 Egamizga tinchlik qurbonligini keltirganingizda quyidagi qoidaga rioya qiling: 12 agar qurbonlikni shukrona aytish uchun keltirayotgan boʻlsangiz, qurbonlik bilan birga zaytun moyi aralashtirilgan xamirturushsiz nonlarni, zaytun moyi surtilgan xamirturushsiz chalpaklarni hamda sifatli un va zaytun moyidan qorib tayyorlangan kulchalarni keltiring. 13 Shukrona qurbonligi qatorida xamirturushli nonlarni ham olib keling. 14 Nonlarning har bir turidan bittasini Egamizga hadya sifatida taqdim qiling. Bu nonlar tinchlik qurbonligi qonini qurbongohga sepgan ruhoniyniki boʻlsin. 15 Shukrona aytish uchun keltirilgan tinchlik qurbonligining goʻshtini oʻsha kuniyoq tanovul qiling. Qurbonlik goʻshtidan ertalabgacha qoldirmang.
16 Bordi–yu, qurbonlikni ichgan ontingiz boʻyicha keltirsangiz, yoki koʻngildan chiqarib bersangiz, goʻshtini qurbonlik qilgan kuningiz va qolganini ikkinchi kuni ham yesangiz boʻladi. 17 Uchinchi kuni esa qurbonlikning qolgan hamma goʻshtini kuydirib tashlang. 18 Agar qilgan tinchlik qurbonligingizning goʻshti uchinchi kuni tanovul qilinsa, qurbonligingiz qabul boʻlmaydi va hisobga oʻtmaydi. Qurbonligingiz bulgʻangan hisoblanib, uning goʻshtidan yegan odam jazoga tortiladi.
19 Har qanday nopok narsaga tekkan qurbonlik goʻshti yeyilmasin. Uni kuydirib tashlang. Goʻshtning qolganini esa har bir pok odam tanovul qilishi mumkin. 20 Bordi–yu, biror odam harom boʻla turib, Egamizga keltirilgan tinchlik qurbonligining goʻshtidan yesa, oʻz xalqi orasidan yoʻq qilinsin. 21 Agar birortangiz odamning nopokligiga, harom hayvonga yoki har qanday jirkanch jonzotga tegib, Egamizning tinchlik qurbonligi goʻshtidan tanovul qilsangiz, xalqingiz orasidan yoʻq qilinasiz.
22 Egamiz Muso orqali 23 Isroil xalqiga quyidagi qoidalarni berdi: mol, qoʻy va echkining yogʻini aslo yemang. 24 Harom oʻlgan yoki yovvoyi hayvon gʻajib tashlagan jonivorning yogʻini har qanday ehtiyojlarga ishlatishingiz mumkin, lekin uni aslo tanovul qilmang. 25 Bordi–yu, birortangiz Egamizga atab, olovda kuydiriladigan qurbonlikning yogʻidan yesangiz, xalqingiz orasidan yoʻq qilinasiz. 26 Qush yoki hayvonning qonini isteʼmol qilmang. Qayerda yashashingizdan qatʼi nazar, bu amrimga rioya qiling. 27 Bordi–yu, birortangiz qon isteʼmol qilsangiz, xalqingiz orasidan yoʻq qilinasiz.
28 Egamiz Muso orqali 29 Isroil xalqiga quyidagi qoidalarni berdi: tinchlik qurbonligini keltirganingizda, qurbonlikning bir qismini Egamizga taqdim qiling. 30 Olovda kuydiriladigan bu nazrni oʻz qoʻlingiz bilan olib keling. Qurbonlikning yogʻi va toʻshini keltiring. Toʻshni Egamizga bagʻishlaganingizni koʻrsatish uchun yuqoriga koʻtaring. 31 Ruhoniy yogʻni qurbongoh ustida kuydirsin, toʻsh esa Horun va uning oʻgʻillariniki boʻlsin. 32 Tinchlik qurbonligining oʻng sonini ruhoniyga hadya qiling. 33 Qurbonlikning qonini keltirgan va yogʻini kuydirgan Horunning oʻgʻliga oʻshani ulush qilib bering. 34 Zotan, Isroil xalqi qilgan tinchlik qurbonligining yuqoriga koʻtarilgan toʻshini va hadya qilingan sonini Egamiz Horunga va uning oʻgʻillariga berdi. Bu Isroil xalqidan ularga beriladigan doimiy ulushdir.
35 Horun va uning oʻgʻillari Egamiz huzurida ruhoniy boʻlib xizmat qilishlari uchun tayinlangan kundan boshlab, olovda kuydiriladigan qurbonliklardan ularga tegadigan ulush ana shudir. 36 Horun va uning oʻgʻillariga moy surtilgan kuni Isroil xalqi bu ulushni ularga berishini Egamiz amr etdi. Avlodlar osha bu ularning doimiy ulushidir.
37 Xullas, kuydiriladigan qurbonlik, don nazri, gunoh qurbonligi, ayb qurbonligi, ruhoniylikka tayinlash marosimida keltiriladigan qurbonlik va tinchlik qurbonligiga oid qoidalar shulardan iboratdir. 38 Muso Isroil xalqi bilan Sinay togʻi yon bagʻridagi sahroda turgan paytlarida Egamiz ularga bu qurbonliklarni keltira boshlashni buyurgan edi.
7–БОБ
Айб қурбонлиги
1 Айб қурбонлиги ғоят муқаддасдир. Уни келтирганда қуйидаги қоидага риоя қилинсин: 2 айб қурбонлиги учун келтириладиган жониворни куйдириладиган қурбонлик бўғизланадиган жойда сўйишсин. Унинг қонини қурбонгоҳнинг тўртала ён томонига сепиб чиқишсин. 3 Жонивор ёғининг ҳаммаси келтирилсин: думбаси, ичак–човоқларини қоплаб турган ёғлари, 4 иккала буйраги, буйрак атрофидаги ёғлари ва жигарнинг аъло қисми . Жигарнинг аъло қисми буйраклар билан бирга ажратиб олинсин. 5 Руҳоний буларни оловда куйдириб, Эгамизга назр қилсин. Бу айб қурбонлигидир. 6 Руҳонийлар уруғига мансуб бўлган ҳар бир эркак зоти қурбонликни тановул қилса бўлади. Уни муқаддас жойда тановул қилишсин , чунки бу қурбонлик ғоят муқаддасдир.
7 Айб қурбонлиги учун ҳам, гуноҳ қурбонлиги учун ҳам қоида бир: қурбонликнинг гўшти гуноҳдан поклаш маросимини олиб борган руҳонийга тегишли бўлсин. 8 Бировнинг куйдириладиган қурбонлигини келтирган руҳоний ўзига қурбонликнинг терисини олсин. 9 Тандирда ёпилган, қозонда ёки товада тайёрланган ҳар қандай дон назри ҳам, уни келтирган руҳонийга тегишли бўлсин. 10 Лекин бошқа турдаги дон назрлари, зайтун мойи аралаштирилган ёки аралаштирилмаганидан қатъи назар, Ҳоруннинг ҳамма ўғилларига бирдай тегишли бўлсин.
Тинчлик қурбонлиги
11 Эгамизга тинчлик қурбонлигини келтирганингизда қуйидаги қоидага риоя қилинг: 12 агар қурбонликни шукрона айтиш учун келтираётган бўлсангиз, қурбонлик билан бирга зайтун мойи аралаштирилган хамиртурушсиз нонларни, зайтун мойи суртилган хамиртурушсиз чалпакларни ҳамда сифатли ун ва зайтун мойидан қориб тайёрланган кулчаларни келтиринг. 13 Шукрона қурбонлиги қаторида хамиртурушли нонларни ҳам олиб келинг. 14 Нонларнинг ҳар бир туридан биттасини Эгамизга ҳадя сифатида тақдим қилинг. Бу нонлар тинчлик қурбонлиги қонини қурбонгоҳга сепган руҳонийники бўлсин. 15 Шукрона айтиш учун келтирилган тинчлик қурбонлигининг гўштини ўша куниёқ тановул қилинг. Қурбонлик гўштидан эрталабгача қолдирманг.
16 Борди–ю, қурбонликни ичган онтингиз бўйича келтирсангиз, ёки кўнгилдан чиқариб берсангиз, гўштини қурбонлик қилган кунингиз ва қолганини иккинчи куни ҳам есангиз бўлади. 17 Учинчи куни эса қурбонликнинг қолган ҳамма гўштини куйдириб ташланг. 18 Агар қилган тинчлик қурбонлигингизнинг гўшти учинчи куни тановул қилинса, қурбонлигингиз қабул бўлмайди ва ҳисобга ўтмайди. Қурбонлигингиз булғанган ҳисобланиб, унинг гўштидан еган одам жазога тортилади.
19 Ҳар қандай нопок нарсага теккан қурбонлик гўшти ейилмасин. Уни куйдириб ташланг. Гўштнинг қолганини эса ҳар бир пок одам тановул қилиши мумкин. 20 Борди–ю, бирор одам ҳаром бўла туриб, Эгамизга келтирилган тинчлик қурбонлигининг гўштидан еса, ўз халқи орасидан йўқ қилинсин. 21 Агар бирортангиз одамнинг нопоклигига, ҳаром ҳайвонга ёки ҳар қандай жирканч жонзотга тегиб, Эгамизнинг тинчлик қурбонлиги гўштидан тановул қилсангиз, халқингиз орасидан йўқ қилинасиз.
22 Эгамиз Мусо орқали 23 Исроил халқига қуйидаги қоидаларни берди: мол, қўй ва эчкининг ёғини асло еманг. 24 Ҳаром ўлган ёки ёввойи ҳайвон ғажиб ташлаган жониворнинг ёғини ҳар қандай эҳтиёжларга ишлатишингиз мумкин, лекин уни асло тановул қилманг. 25 Борди–ю, бирортангиз Эгамизга атаб, оловда куйдириладиган қурбонликнинг ёғидан есангиз, халқингиз орасидан йўқ қилинасиз. 26 Қуш ёки ҳайвоннинг қонини истеъмол қилманг. Қаерда яшашингиздан қатъи назар, бу амримга риоя қилинг. 27 Борди–ю, бирортангиз қон истеъмол қилсангиз, халқингиз орасидан йўқ қилинасиз.
28 Эгамиз Мусо орқали 29 Исроил халқига қуйидаги қоидаларни берди: тинчлик қурбонлигини келтирганингизда, қурбонликнинг бир қисмини Эгамизга тақдим қилинг. 30 Оловда куйдириладиган бу назрни ўз қўлингиз билан олиб келинг. Қурбонликнинг ёғи ва тўшини келтиринг. Тўшни Эгамизга бағишлаганингизни кўрсатиш учун юқорига кўтаринг. 31 Руҳоний ёғни қурбонгоҳ устида куйдирсин, тўш эса Ҳорун ва унинг ўғиллариники бўлсин. 32 Тинчлик қурбонлигининг ўнг сонини руҳонийга ҳадя қилинг. 33 Қурбонликнинг қонини келтирган ва ёғини куйдирган Ҳоруннинг ўғлига ўшани улуш қилиб беринг. 34 Зотан, Исроил халқи қилган тинчлик қурбонлигининг юқорига кўтарилган тўшини ва ҳадя қилинган сонини Эгамиз Ҳорунга ва унинг ўғилларига берди. Бу Исроил халқидан уларга бериладиган доимий улушдир.
35 Ҳорун ва унинг ўғиллари Эгамиз ҳузурида руҳоний бўлиб хизмат қилишлари учун тайинланган кундан бошлаб, оловда куйдириладиган қурбонликлардан уларга тегадиган улуш ана шудир. 36 Ҳорун ва унинг ўғилларига мой суртилган куни Исроил халқи бу улушни уларга беришини Эгамиз амр этди. Авлодлар оша бу уларнинг доимий улушидир.
37 Хуллас, куйдириладиган қурбонлик, дон назри, гуноҳ қурбонлиги, айб қурбонлиги, руҳонийликка тайинлаш маросимида келтириладиган қурбонлик ва тинчлик қурбонлигига оид қоидалар шулардан иборатдир. 38 Мусо Исроил халқи билан Синай тоғи ён бағридаги саҳрода турган пайтларида Эгамиз уларга бу қурбонликларни келтира бошлашни буюрган эди.