10–BOB
Doniyorning farishta haqidagi vahiysi
1 Fors shohi Kurush hukmronligining uchinchi yilida , Beltashazar deb atalgan Doniyorga Xudodan bir xabar kelgan edi. Kelajakda albatta sodir boʻladigan kuchli toʻqnashuvga oid boʻlgan bu xabarning maʼnosi Doniyorga vahiy orqali ayon boʻldi. 2 Doniyor shunday deb yozdi:

“Oʻsha paytda men uch hafta azadorday yurdim. 3 Uch hafta davomida hech qanday tansiq taom yemadim, goʻsht bilan sharobni ogʻzimga olmadim, yuvinib–taranmadim. 4 Birinchi oyning yigirma toʻrtinchi kunida buyuk Dajla daryosining boʻyida turganimda, 5 men birovni koʻrdim. Uning egnida zigʻir tolasidan toʻqilgan libos, belida sof tilladan yasalgan kamar bor edi. 6 Uning tanasi qimmatbaho toshday yarqirab turar edi. Yuzi yashinday porlab, koʻzlari mashʼaladay yonib turar edi. Oyoq–qoʻllari yaltiroq misday tovlanib, ovozi butun bir olomon ovoziday yangrar edi.
7 Vahiyni faqat men koʻrdim. Yonimdagilar vahiyni koʻrmagan boʻlsalar ham, vahimaga tushdilar. Ular tumtaraqay boʻlib har yoqqa yashirinib oldilar. 8 Men bir oʻzim qoldim. Oʻsha ajoyib vahiyni koʻrayotganimda quvvatsizlanib, aft–angorim tanib boʻlmaydigan darajada oʻzgarib ketganini sezdim. Madorim qolmagan edi. 9 Men farishtaning ovozini eshitganimda hushimdan ketib, yuz tuban yerda choʻzilib qoldim. 10 Soʻng esa kimningdir bir qoʻli menga tegib, meni kaft va tizzalarimga turgʻizib qoʻydi.
11 Oʻsha farishta menga:
— Ey Doniyor, sen Xudoning suyukli bandasisan, — dedi. — Qani, tur! Senga aytadigan gaplarimga quloq sol, chunki men sening oldingga yuborilganman.
U shu gaplarini menga aytayotganda, men qaltirab oʻrnimdan turdim.
12 — Doniyor, qoʻrqma! — dedi u menga. — Sen hayot lazzatlaridan voz kechib, xabar xususida mulohaza yuritishni boshlagan kuningdayoq, iltijolaring ijobat boʻlgan edi. Iltijolaringga binoan, men oldingga keldim. 13 Ammo Fors shohligini himoya qiluvchi farishta yigirma bir kun davomida menga qarshilik koʻrsatdi. Men u bilan jang qilib hayallab qolganim uchun , bosh farishtalardan biri boʻlgan Mikoyil menga yordamga keldi. 14 Men senga kelajakda xalqing boshiga tushadigan narsalarni tushuntirish uchun keldim. Bu vahiy oʻsha kunlarga oiddir.
15 U shu soʻzlarni gapirayotganda, men lom–mim deya olmay, boshimni egib turar edim. 16 Soʻng odam qiyofasidagi boshqa birovi lablarimga qoʻl tekkizdi. Men ogʻzimni juftlab, oldimda turganga dedim:
— Hazratim, bu vahiy yurak–bagʻrimni ezib yubordi, madorim quridi. 17 Menday bir qul qanday qilib hazratim bilan gaplasha oladi? Holdan toyganman, bazoʻr nafas olyapman.
18 U yana bir bor menga qoʻlini tekkizib, menga kuch ato etdi. 19 Men birinchi koʻrgan boshqa birovi shunday dedi:
— Ey Xudoning suyukli bandasi, qoʻrqma! Tinchlan! Dadil boʻl!
U menga gapirayotganda, dadillanib dedim:
— Hazratim, siz menga dalda berdingiz, endi gapiravering.
20-21 — Sening oldingga nima uchun kelganimni bilasanmi oʻzi? — deb soʻradi u. — Men senga Haqiqat kitobida yozilgan narsalarni aytib bermoqchiman. Bundan soʻng men qaytib, Fors shohligini himoya qiluvchi farishtaga qarshi urushga chiqaman. Keyin Yunon shohligini himoya qiluvchi farishta bilan jang qilaman. Bu toʻqnashuvda Isroilni himoya qiluvchi Mikoyil farishtadan boshqa yordamchim yoʻq.
10–БОБ
Дониёрнинг фаришта ҳақидаги ваҳийси
1 Форс шоҳи Куруш ҳукмронлигининг учинчи йилида , Белташазар деб аталган Дониёрга Худодан бир хабар келган эди. Келажакда албатта содир бўладиган кучли тўқнашувга оид бўлган бу хабарнинг маъноси Дониёрга ваҳий орқали аён бўлди. 2 Дониёр шундай деб ёзди:

“Ўша пайтда мен уч ҳафта азадордай юрдим. 3 Уч ҳафта давомида ҳеч қандай тансиқ таом емадим, гўшт билан шаробни оғзимга олмадим, ювиниб–таранмадим. 4 Биринчи ойнинг йигирма тўртинчи кунида буюк Дажла дарёсининг бўйида турганимда, 5 мен бировни кўрдим. Унинг эгнида зиғир толасидан тўқилган либос, белида соф тилладан ясалган камар бор эди. 6 Унинг танаси қимматбаҳо тошдай ярқираб турар эди. Юзи яшиндай порлаб, кўзлари машъаладай ёниб турар эди. Оёқ–қўллари ялтироқ мисдай товланиб, овози бутун бир оломон овозидай янграр эди.
7 Ваҳийни фақат мен кўрдим. Ёнимдагилар ваҳийни кўрмаган бўлсалар ҳам, ваҳимага тушдилар. Улар тумтарақай бўлиб ҳар ёққа яшириниб олдилар. 8 Мен бир ўзим қолдим. Ўша ажойиб ваҳийни кўраётганимда қувватсизланиб, афт–ангорим таниб бўлмайдиган даражада ўзгариб кетганини сездим. Мадорим қолмаган эди. 9 Мен фариштанинг овозини эшитганимда ҳушимдан кетиб, юз тубан ерда чўзилиб қолдим. 10 Сўнг эса кимнингдир бир қўли менга тегиб, мени кафт ва тиззаларимга турғизиб қўйди.
11 Ўша фаришта менга:
— Эй Дониёр, сен Худонинг суюкли бандасисан, — деди. — Қани, тур! Сенга айтадиган гапларимга қулоқ сол, чунки мен сенинг олдингга юборилганман.
У шу гапларини менга айтаётганда, мен қалтираб ўрнимдан турдим.
12 — Дониёр, қўрқма! — деди у менга. — Сен ҳаёт лаззатларидан воз кечиб, хабар хусусида мулоҳаза юритишни бошлаган кунингдаёқ, илтижоларинг ижобат бўлган эди. Илтижоларингга биноан, мен олдингга келдим. 13 Аммо Форс шоҳлигини ҳимоя қилувчи фаришта йигирма бир кун давомида менга қаршилик кўрсатди. Мен у билан жанг қилиб ҳаяллаб қолганим учун , бош фаришталардан бири бўлган Микойил менга ёрдамга келди. 14 Мен сенга келажакда халқинг бошига тушадиган нарсаларни тушунтириш учун келдим. Бу ваҳий ўша кунларга оиддир.
15 У шу сўзларни гапираётганда, мен лом–мим дея олмай, бошимни эгиб турар эдим. 16 Сўнг одам қиёфасидаги бошқа бирови лабларимга қўл теккизди. Мен оғзимни жуфтлаб, олдимда турганга дедим:
— Ҳазратим, бу ваҳий юрак–бағримни эзиб юборди, мадорим қуриди. 17 Мендай бир қул қандай қилиб ҳазратим билан гаплаша олади? Ҳолдан тойганман, базўр нафас оляпман.
18 У яна бир бор менга қўлини теккизиб, менга куч ато этди. 19 Мен биринчи кўрган бошқа бирови шундай деди:
— Эй Худонинг суюкли бандаси, қўрқма! Тинчлан! Дадил бўл!
У менга гапираётганда, дадилланиб дедим:
— Ҳазратим, сиз менга далда бердингиз, энди гапираверинг.
20-21 — Сенинг олдингга нима учун келганимни биласанми ўзи? — деб сўради у. — Мен сенга Ҳақиқат китобида ёзилган нарсаларни айтиб бермоқчиман. Бундан сўнг мен қайтиб, Форс шоҳлигини ҳимоя қилувчи фариштага қарши урушга чиқаман. Кейин Юнон шоҳлигини ҳимоя қилувчи фаришта билан жанг қиламан. Бу тўқнашувда Исроилни ҳимоя қилувчи Микойил фариштадан бошқа ёрдамчим йўқ.