6–BOB
Masih bilan oʻlib, tirilamiz
1 Xoʻsh, nima deylik? Inoyat koʻpayaversin deb, gunoh qilishda davom etaveramizmi? Yoʻq, aslo! 2 Biz gunoh uchun oʻlganmiz. Endi qanday qilib gunoh qilib yashayveramiz? 3 Unutmanglar, choʻmdirilish orqali biz — Masihga tegishli boʻlganlar Uning oʻlimiga sherik boʻldik! 4 Biz suvga choʻmdirilib, Masih bilan birga oʻldik va koʻmildik. Otamiz Xudoning ulugʻvor qudrati bilan Iso Masih oʻlikdan tirilganiday, biz ham yangi hayotga ega boʻlamiz. 5 Biz choʻmdirilib, Iso Masihning oʻlimiga sherik boʻlgan boʻlsak, albatta Uning oʻlikdan tirilishiga ham sherik boʻlamiz.
6 Biz bilamizki, eski oʻzligimiz Masih bilan birga xochga mixlangani uchun, gunohga berilgan bu vujudimiz yoʻq qilindi. Endi biz gunohga qul emasmiz. 7 Axir, oʻlgan odam gunohning amri ostida emas–ku! 8 Agar biz Masih bilan birga oʻlgan boʻlsak, U bilan yashashimizga ham ishonchimiz komil.
9 Biz bilamizki, Masih oʻlikdan tirilgani uchun U endi boshqa oʻlmaydi, oʻlim endi Unga hokim boʻla olmaydi. 10 Masih oʻlgani uchun gunoh endi Unga oʻz taʼsirini koʻrsata olmaydi, Uning yangi hayoti Xudoga shuhrat keltiradi. 11 Shuning uchun sizlar oʻzingizni gunoh oldida oʻlik deb hisoblang. Endi Iso Masih tufayli Xudoga shuhrat keltirib yashashingiz kerak.
12 Shunday qilib, endi gunoh sizlarning foniy tanalaringiz ustidan hokimlik qilmasin, xudbin istaklaringizga itoat etmanglar. 13 Tanangizning hech bir aʼzosini yomonlik quroli qilib, gunohning izmiga topshirmanglar. Aksincha, oʻzingizni Xudoning izmiga topshiringlar, chunki sizlar oldin oʻlik edingizlar, endi esa yangi hayotga egasizlar. Sizlarning tanangiz Xudoning solihlik quroli boʻlsin. 14 Gunoh sizlarning ustingizdan hukmron boʻlmaydi, chunki sizlar endi qonun ostida emas, balki inoyat panohidasizlar.
Solihlikka qul boʻlish haqida
15 Xoʻsh, buyogʻi endi nima boʻladi? Qonun ostida emas, inoyat panohida boʻlganimiz uchun gunoh qilaveraylikmi? Yoʻq, aslo! 16 Bilasizlar–ku, siz oʻzingizni itoatkor qul qilib kimning izmiga topshirsangizlar, oʻshaning quli boʻlasizlar. Sizlar kimga boʻysunasizlar? Oʻlimga olib boruvchi gunohgami yoki solihlikka yetaklovchi itoatkorlikkami? 17 Ammo Xudoga shukurki, sizlar oldin gunohga qul boʻlsangiz ham, endi sizlarga oʻrgatilgan taʼlimotga sidqidildan amal qilyapsizlar. 18 Sizlar endi gunohning changalidan ozod qilinib, solihlikning quli boʻlib qoldingizlar.
19 Inson ongi zaif boʻlgani uchun men kundalik hayotdan misol keltirib gapiryapman. Sizlar bir vaqtlar aʼzoyi badaningizni ifloslik va qonunsizlikka topshirib, gunohga yanada chuqurroq botib ketgan edingiz. Endi esa oʻzingizni muqaddaslikka yetaklaydigan solihlikka qul qilib topshiring. 20 Axir, gunohga qul boʻlgan paytingizda, toʻgʻri ishlar qilishga majbur emasdingiz. 21 Oʻsha paytdagi qilmishlaringizning oqibati nima boʻldi?! Hozir ulardan uyalyapsiz, oʻsha qilmishlaringizning oqibati oʻlim–ku! 22 Endi gunohdan ozod qilinib, Xudoning quli boʻlib qoldingiz. Buning natijasi muqaddaslik va abadiy hayotdir. 23 Gunohning evazi — oʻlim, Xudoning inʼomi esa Rabbimiz Iso Masih orqali beriladigan abadiy hayotdir.
6–БОБ
Масиҳ билан ўлиб, тириламиз
1 Хўш, нима дейлик? Иноят кўпаяверсин деб, гуноҳ қилишда давом этаверамизми? Йўқ, асло! 2 Биз гуноҳ учун ўлганмиз. Энди қандай қилиб гуноҳ қилиб яшайверамиз? 3 Унутманглар, чўмдирилиш орқали биз — Масиҳга тегишли бўлганлар Унинг ўлимига шерик бўлдик! 4 Биз сувга чўмдирилиб, Масиҳ билан бирга ўлдик ва кўмилдик. Отамиз Худонинг улуғвор қудрати билан Исо Масиҳ ўликдан тирилганидай, биз ҳам янги ҳаётга эга бўламиз. 5 Биз чўмдирилиб, Исо Масиҳнинг ўлимига шерик бўлган бўлсак, албатта Унинг ўликдан тирилишига ҳам шерик бўламиз.
6 Биз биламизки, эски ўзлигимиз Масиҳ билан бирга хочга михлангани учун, гуноҳга берилган бу вужудимиз йўқ қилинди. Энди биз гуноҳга қул эмасмиз. 7 Ахир, ўлган одам гуноҳнинг амри остида эмас–ку! 8 Агар биз Масиҳ билан бирга ўлган бўлсак, У билан яшашимизга ҳам ишончимиз комил.
9 Биз биламизки, Масиҳ ўликдан тирилгани учун У энди бошқа ўлмайди, ўлим энди Унга ҳоким бўла олмайди. 10 Масиҳ ўлгани учун гуноҳ энди Унга ўз таъсирини кўрсата олмайди, Унинг янги ҳаёти Худога шуҳрат келтиради. 11 Шунинг учун сизлар ўзингизни гуноҳ олдида ўлик деб ҳисобланг. Энди Исо Масиҳ туфайли Худога шуҳрат келтириб яшашингиз керак.
12 Шундай қилиб, энди гуноҳ сизларнинг фоний таналарингиз устидан ҳокимлик қилмасин, худбин истакларингизга итоат этманглар. 13 Танангизнинг ҳеч бир аъзосини ёмонлик қуроли қилиб, гуноҳнинг измига топширманглар. Аксинча, ўзингизни Худонинг измига топширинглар, чунки сизлар олдин ўлик эдингизлар, энди эса янги ҳаётга эгасизлар. Сизларнинг танангиз Худонинг солиҳлик қуроли бўлсин. 14 Гуноҳ сизларнинг устингиздан ҳукмрон бўлмайди, чунки сизлар энди қонун остида эмас, балки иноят паноҳидасизлар.
Солиҳликка қул бўлиш ҳақида
15 Хўш, буёғи энди нима бўлади? Қонун остида эмас, иноят паноҳида бўлганимиз учун гуноҳ қилаверайликми? Йўқ, асло! 16 Биласизлар–ку, сиз ўзингизни итоаткор қул қилиб кимнинг измига топширсангизлар, ўшанинг қули бўласизлар. Сизлар кимга бўйсунасизлар? Ўлимга олиб борувчи гуноҳгами ёки солиҳликка етакловчи итоаткорликками? 17 Аммо Худога шукурки, сизлар олдин гуноҳга қул бўлсангиз ҳам, энди сизларга ўргатилган таълимотга сидқидилдан амал қиляпсизлар. 18 Сизлар энди гуноҳнинг чангалидан озод қилиниб, солиҳликнинг қули бўлиб қолдингизлар.
19 Инсон онги заиф бўлгани учун мен кундалик ҳаётдан мисол келтириб гапиряпман. Сизлар бир вақтлар аъзойи баданингизни ифлослик ва қонунсизликка топшириб, гуноҳга янада чуқурроқ ботиб кетган эдингиз. Энди эса ўзингизни муқаддасликка етаклайдиган солиҳликка қул қилиб топширинг. 20 Ахир, гуноҳга қул бўлган пайтингизда, тўғри ишлар қилишга мажбур эмасдингиз. 21 Ўша пайтдаги қилмишларингизнинг оқибати нима бўлди?! Ҳозир улардан уяляпсиз, ўша қилмишларингизнинг оқибати ўлим–ку! 22 Энди гуноҳдан озод қилиниб, Худонинг қули бўлиб қолдингиз. Бунинг натижаси муқаддаслик ва абадий ҳаётдир. 23 Гуноҳнинг эвази — ўлим, Худонинг инъоми эса Раббимиз Исо Масиҳ орқали бериладиган абадий ҳаётдир.