17–BOB
Maxluqni mingan ayol
1 Yettita kosani tutgan yetti farishtadan biri kelib, menga shunday dedi: “Bu yoqqa kel, men senga mashhur fohishaning oladigan jazosini koʻrsataman. Fohisha timsolidagi bu buyuk shahar serob suvlar boʻyida joylashgan . 2 Yer yuzining shohlari u bilan zino qilardi, yer yuzida yashayotganlar uning fahshu zino sharobidan ichib, mast boʻlishardi.”
3 Muqaddas Ruh meni qamrab oldi, farishta meni choʻlga olib bordi. U yerda men qip–qizil maxluq ustida oʻtirgan bir ayolni koʻrdim. Maxluqning hamma yogʻiga kufrona nomlar yozilgandi, uning yettita boshi va oʻnta shoxi bor edi. 4 Ayol safsar va qip–qizil liboslar kiygan, oltin, javohir va marvaridlar bilan bezangandi. Uning qoʻlida oltin kosa bor edi, bu kosa jirkanchli narsalarga, fahshu haromliklarga toʻlib–toshgan edi. 5 Ayolning peshanasiga sirli maʼnoga ega boʻlgan shunday bir ism yozilgandi: “Buyuk Bobil — fohishalarning va yer yuzidagi jirkanch ishlarning onasidir.”
6 Men ayolning Xudo azizlari qonidan, yaʼni Iso shohidlari qonidan mast boʻlganini koʻrdim. Uni koʻrib, gʻoyat darajada hayron qoldim.
7 Farishta menga dedi: “Nega hayron boʻlasan? Men senga ayolning va u mingan yetti boshli, oʻn shoxli maxluqning sirini aytib beraman. 8 Sen koʻrgan bu maxluq qachonlardir bor edi, endi esa yoʻq. U koʻp oʻtmay tubsiz chuqurlikdan chiqadi va mahv etiladi. Dunyo yaratilishidan oldin ismlari hayot kitobiga yozilmagan yer yuzidagi hamma odamlar maxluqni koʻrib, hayron qoladilar. Chunki bu maxluq bor edi, hozir yoʻq, ammo yana keladi.
9 Bularni anglamoq uchun aqlu idrok darkor. Maxluqning yetti boshi — ayol oʻtirgan yettita tepalikning timsolidir. 10 Bu yetti bosh yettita hukmdorni ham bildiradi. Bularning beshtasi qulagan, bittasi hozir hukmronlik qilyapti, boshqasi esa hali kelgani yoʻq. U kelganda ham koʻp vaqt turmaydi. 11 Ilgari bor, hozir yoʻq maxluq esa yettita hukmdordan biri boʻla turib, sakkizinchi hukmdor sifatida qaytib keladi va mahv etiladi.
12 Sen koʻrgan maxluqning oʻnta shoxi hali taxtga oʻtirmagan boshqa oʻnta hukmdorni bildiradi. Ular qisqa vaqt davomida maxluq bilan birga hukmronlik qiladilar. 13 Bu hukmdorlar birlashib, oʻzlarining qudrati va hokimiyatini maxluqqa topshiradilar. 14 Ular Qoʻziga qarshi jang qiladilar. Ammo Qoʻzi Oʻzining daʼvat etilgan, tanlangan va sodiq izdoshlari bilan ularni yengadi. Axir, Qoʻzi hukmdorlarning Hukmdori, shohlarning Shohidir.”
15 Farishta menga yana shunday dedi: “Sen fohishaning suvlar boʻyida oʻtirganini koʻrding. Bu suvlar toʻda–toʻda elatlarni, xalqlaru millatlarni bildiradi. 16 Sen koʻrgan oʻnta shox va maxluq fohishadan nafratlanadilar. Uni xonavayron qilib, yalangʻoch qoldiradilar. Uning etini yeydilar, qoldiqlarini esa olovda yondiradilar. 17 Xudoning aytgan soʻzlari amalga oshmaguncha, oʻnta hukmdor birlashib, oʻz hokimiyatini maxluqqa topshiradilar. Zero, bu maqsadni ularning diliga Xudoning Oʻzi solgan. 18 Sen koʻrgan ayol — yer yuzi shohlari ustidan hukmronlik qiladigan buyuk shahardir.”
17–БОБ
Махлуқни минган аёл
1 Еттита косани тутган етти фариштадан бири келиб, менга шундай деди: “Бу ёққа кел, мен сенга машҳур фоҳишанинг оладиган жазосини кўрсатаман. Фоҳиша тимсолидаги бу буюк шаҳар сероб сувлар бўйида жойлашган . 2 Ер юзининг шоҳлари у билан зино қиларди, ер юзида яшаётганлар унинг фаҳшу зино шаробидан ичиб, маст бўлишарди.”
3 Муқаддас Руҳ мени қамраб олди, фаришта мени чўлга олиб борди. У ерда мен қип–қизил махлуқ устида ўтирган бир аёлни кўрдим. Махлуқнинг ҳамма ёғига куфрона номлар ёзилганди, унинг еттита боши ва ўнта шохи бор эди. 4 Аёл сафсар ва қип–қизил либослар кийган, олтин, жавоҳир ва марваридлар билан безанганди. Унинг қўлида олтин коса бор эди, бу коса жирканчли нарсаларга, фаҳшу ҳаромликларга тўлиб–тошган эди. 5 Аёлнинг пешанасига сирли маънога эга бўлган шундай бир исм ёзилганди: “Буюк Бобил — фоҳишаларнинг ва ер юзидаги жирканч ишларнинг онасидир.”
6 Мен аёлнинг Худо азизлари қонидан, яъни Исо шоҳидлари қонидан маст бўлганини кўрдим. Уни кўриб, ғоят даражада ҳайрон қолдим.
7 Фаришта менга деди: “Нега ҳайрон бўласан? Мен сенга аёлнинг ва у минган етти бошли, ўн шохли махлуқнинг сирини айтиб бераман. 8 Сен кўрган бу махлуқ қачонлардир бор эди, энди эса йўқ. У кўп ўтмай тубсиз чуқурликдан чиқади ва маҳв этилади. Дунё яратилишидан олдин исмлари ҳаёт китобига ёзилмаган ер юзидаги ҳамма одамлар махлуқни кўриб, ҳайрон қоладилар. Чунки бу махлуқ бор эди, ҳозир йўқ, аммо яна келади.
9 Буларни англамоқ учун ақлу идрок даркор. Махлуқнинг етти боши — аёл ўтирган еттита тепаликнинг тимсолидир. 10 Бу етти бош еттита ҳукмдорни ҳам билдиради. Буларнинг бештаси қулаган, биттаси ҳозир ҳукмронлик қиляпти, бошқаси эса ҳали келгани йўқ. У келганда ҳам кўп вақт турмайди. 11 Илгари бор, ҳозир йўқ махлуқ эса еттита ҳукмдордан бири бўла туриб, саккизинчи ҳукмдор сифатида қайтиб келади ва маҳв этилади.
12 Сен кўрган махлуқнинг ўнта шохи ҳали тахтга ўтирмаган бошқа ўнта ҳукмдорни билдиради. Улар қисқа вақт давомида махлуқ билан бирга ҳукмронлик қиладилар. 13 Бу ҳукмдорлар бирлашиб, ўзларининг қудрати ва ҳокимиятини махлуққа топширадилар. 14 Улар Қўзига қарши жанг қиладилар. Аммо Қўзи Ўзининг даъват этилган, танланган ва содиқ издошлари билан уларни енгади. Ахир, Қўзи ҳукмдорларнинг Ҳукмдори, шоҳларнинг Шоҳидир.”
15 Фаришта менга яна шундай деди: “Сен фоҳишанинг сувлар бўйида ўтирганини кўрдинг. Бу сувлар тўда–тўда элатларни, халқлару миллатларни билдиради. 16 Сен кўрган ўнта шох ва махлуқ фоҳишадан нафратланадилар. Уни хонавайрон қилиб, яланғоч қолдирадилар. Унинг этини ейдилар, қолдиқларини эса оловда ёндирадилар. 17 Худонинг айтган сўзлари амалга ошмагунча, ўнта ҳукмдор бирлашиб, ўз ҳокимиятини махлуққа топширадилар. Зеро, бу мақсадни уларнинг дилига Худонинг Ўзи солган. 18 Сен кўрган аёл — ер юзи шоҳлари устидан ҳукмронлик қиладиган буюк шаҳардир.”