30–BOB
1 Shunday qilib, Egamiz, yetkaz, deb buyurgan hamma qonunlarni Muso Isroil xalqiga aytdi.
Vaʼda haqida qoidalar
2 Muso Isroil yoʻlboshchilariga Egamiz bergan quyidagi qonunlarni ham aytib berdi: 3 agar birorta erkak kishi Egamizga vaʼda bergan boʻlsa yoki biror narsadan oʻzini tiyishga qasam ichgan boʻlsa, aytganlarining hammasini bajarsin. U soʻzidan qaytmasin.
4 Agar qiz bola otasining uyida yashab yurgan davrda Egamizga vaʼda bersa yoki oʻzini biror narsadan tiyishga qasam ichsa, 5 otasi qizining bergan vaʼdasi yoki ichgan qasamini eshitib indamasa, qiz bola aytganlarining hammasini bajarishi shart. 6 Bordi–yu, otasi bularni eshitganda eʼtiroz bildirsa, qizning bergan vaʼdasi yoki ichgan qasami bekor qilinadi. Otasi qiziga eʼtiroz bildirgani uchun, Egamiz qizni bergan vaʼdasi yoki ichgan qasamidan ozod qiladi.
7 Agar qiz vaʼda bergandan keyin yo oʻylamasdan qasam ichib qoʻygandan keyin turmushga chiqsa, 8 uning eri bu haqda eshitib indamasa, qiz aytganlarining hammasini bajarishi shart. 9 Lekin er bu haqda eshitib eʼtiroz bildirsa, er xotinining bergan vaʼdasi va oʻylamasdan ichgan qasami asosidagi majburiyatlarini bekor qilgan boʻladi. Egamiz xotinni oʻsha majburiyatlardan ozod qiladi. 10 Beva yoki eridan ajralgan ayol bergan hamma vaʼdalari va oʻzini biror narsadan tiymoqchi boʻlib, ichgan qasamlari ustidan chiqishi lozim. 11 Agar turmushga chiqqan ayol vaʼda bersa yoki oʻzini biror narsadan tiyishga qasam ichsa, 12 eri bu haqda eshitib indamasa, xotiniga eʼtiroz bildirmasa, ayol aytganlarining hammasini bajarishi shart. 13 Lekin er bu haqda eshitib ularni taqiqlasa, xotinning ogʻzidan chiqqan hamma vaʼdalaru qasamlar bekor qilinadi. Er ularni taqiqlagani uchun, Egamiz ayolni bergan vaʼdasi yoki ichgan qasamidan ozod qiladi. 14 Shunday qilib, er xotinining har qanday vaʼdasi yoki qasamini bajarishiga ijozat berishi yoki taqiqlashi mumkin. 15 Agar er bir kun ichida xotiniga hech qanday eʼtiroz bildirmasa, xotini oʻz zimmasiga olgan majburiyatlarni bajarishiga ijozat bergan hisoblanadi. 16 Ammo bir kun oʻtgandan keyin ularni bekor qilsa, xotinining gunohi uchun eri jazo tortadi.
17 Egamiz Musoga bergan er va xotin oʻrtasidagi, ota va hali otasining xonadonida yashayotgan qiz oʻrtasidagi munosabatlarga oid qonunlar ana shulardan iboratdir.
30–БОБ
1 Шундай қилиб, Эгамиз, етказ, деб буюрган ҳамма қонунларни Мусо Исроил халқига айтди.
Ваъда ҳақида қоидалар
2 Мусо Исроил йўлбошчиларига Эгамиз берган қуйидаги қонунларни ҳам айтиб берди: 3 агар бирорта эркак киши Эгамизга ваъда берган бўлса ёки бирор нарсадан ўзини тийишга қасам ичган бўлса, айтганларининг ҳаммасини бажарсин. У сўзидан қайтмасин.
4 Агар қиз бола отасининг уйида яшаб юрган даврда Эгамизга ваъда берса ёки ўзини бирор нарсадан тийишга қасам ичса, 5 отаси қизининг берган ваъдаси ёки ичган қасамини эшитиб индамаса, қиз бола айтганларининг ҳаммасини бажариши шарт. 6 Борди–ю, отаси буларни эшитганда эътироз билдирса, қизнинг берган ваъдаси ёки ичган қасами бекор қилинади. Отаси қизига эътироз билдиргани учун, Эгамиз қизни берган ваъдаси ёки ичган қасамидан озод қилади.
7 Агар қиз ваъда бергандан кейин ё ўйламасдан қасам ичиб қўйгандан кейин турмушга чиқса, 8 унинг эри бу ҳақда эшитиб индамаса, қиз айтганларининг ҳаммасини бажариши шарт. 9 Лекин эр бу ҳақда эшитиб эътироз билдирса, эр хотинининг берган ваъдаси ва ўйламасдан ичган қасами асосидаги мажбуриятларини бекор қилган бўлади. Эгамиз хотинни ўша мажбуриятлардан озод қилади. 10 Бева ёки эридан ажралган аёл берган ҳамма ваъдалари ва ўзини бирор нарсадан тиймоқчи бўлиб, ичган қасамлари устидан чиқиши лозим. 11 Агар турмушга чиққан аёл ваъда берса ёки ўзини бирор нарсадан тийишга қасам ичса, 12 эри бу ҳақда эшитиб индамаса, хотинига эътироз билдирмаса, аёл айтганларининг ҳаммасини бажариши шарт. 13 Лекин эр бу ҳақда эшитиб уларни тақиқласа, хотиннинг оғзидан чиққан ҳамма ваъдалару қасамлар бекор қилинади. Эр уларни тақиқлагани учун, Эгамиз аёлни берган ваъдаси ёки ичган қасамидан озод қилади. 14 Шундай қилиб, эр хотинининг ҳар қандай ваъдаси ёки қасамини бажаришига ижозат бериши ёки тақиқлаши мумкин. 15 Агар эр бир кун ичида хотинига ҳеч қандай эътироз билдирмаса, хотини ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажаришига ижозат берган ҳисобланади. 16 Аммо бир кун ўтгандан кейин уларни бекор қилса, хотинининг гуноҳи учун эри жазо тортади.
17 Эгамиз Мусога берган эр ва хотин ўртасидаги, ота ва ҳали отасининг хонадонида яшаётган қиз ўртасидаги муносабатларга оид қонунлар ана шулардан иборатдир.