28–BOB
Iso tiriladi
1 Shabbat kunining ertasiga, yakshanba kuni tongotarda Magdalalik Maryam bilan boshqa Maryam qabrni koʻrgani borishdi. 2 Shunda toʻsatdan qattiq zilzila boʻldi, chunki Egamizning farishtasi osmondan tushib, qabr ogʻzidagi toshni agʻdarib yubordi. Farishta oʻsha tosh ustiga oʻtirdi. 3 Uning qiyofasi yashinday porlardi, kiyimlari qorday oppoq edi. 4 Uni koʻrib soqchilar shunchalik qoʻrqib ketdilarki, titrab, murdaday qotib qoldilar.
5 Farishta ayollarga dedi:
— Qoʻrqmanglar! Bilaman, sizlar xochga mixlangan Isoni qidiryapsizlar. 6 U bu yerda yoʻq. Oʻzi aytganiday, U tirildi. Mana, kelib koʻringlar, U shu yerda yotgan edi. 7 Endi tezroq borib, Uning shogirdlariga: “Iso oʻlikdan tirildi. U sizlarni Jalilada kutyapti. Uni oʻsha yerda koʻrasizlar”, — deb aytinglar. Sizlarga aytadigan gapim shu edi.
8 Ayollar shosha–pisha qabr yonidan ketdilar. Qoʻrquv va cheksiz sevinchga toʻlib, Isoning shogirdlariga xabar bergani yugurib ketdilar. 9 Birdaniga Isoning Oʻzi ularning qarshisidan chiqib:
— Salom! — dedi.
Ayollar Isoning oldiga borib, oyoqlariga yopishgancha Unga sajda qildilar. 10 Iso ularga dedi:
— Qoʻrqmanglar! Borib, birodarlarimga: “Jalilaga borar ekansizlar”, deb aytinglar. Ular Meni oʻsha yerda koʻradilar.
Soqchilarning xabari
11 Ayollar ketganlaridan keyin, soqchilar boʻlinmasidan bir nechtasi shaharga kirib, yuz bergan voqea toʻgʻrisida bosh ruhoniylarga aytib berdilar. 12 Bosh ruhoniylar bilan yoʻlboshchilar uchrashib, reja tuzdilar. Ular soqchilarga katta miqdorda pul berib, 13 shunday dedilar:
— Sizlar hammaga: “Isoning shogirdlari kechasi kelib, biz uxlab yotganimizda jasadni oʻgʻirlab ketishdi”, deb aytasizlar. 14 Bordi–yu, bu xabar hokimning qulogʻiga yetib borgudek boʻlsa, uni oʻzimiz ishontiramiz, sizlarni har qanday koʻngilsizlikdan xalos etamiz.
15 Shunday qilib, soqchilar pulni olib, aytilganday qildilar. Voqeaning shu taʼrifi bugungi kungacha yahudiylar orasida keng tarqalgan.
Buyuk topshiriq
16 Oʻn bir shogird Jalila hududiga, Iso ularga tayin etgan toqqa bordilar. 17 Shogirdlar Isoni koʻrganlari zahoti, Unga sajda qildilar, baʼzilari esa ikkilanib qoldilar.
18 Iso kelib, ularga dedi: “Yeru osmondagi butun hokimiyat Menga berilgan. 19 Shuning uchun borib, barcha xalqlardan shogird orttiringlar. Ularni Ota, Oʻgʻil va Muqaddas Ruh nomi bilan suvga choʻmdiringlar. 20 Men sizlarga buyurgan hamma narsaga amal qilishni ularga oʻrgatinglar. Zotan, Men har doim, dunyoning oxirigacha sizlar bilan birga boʻlaman.”
28–БОБ
Исо тирилади
1 Шаббат кунининг эртасига, якшанба куни тонготарда Магдалалик Марям билан бошқа Марям қабрни кўргани боришди. 2 Шунда тўсатдан қаттиқ зилзила бўлди, чунки Эгамизнинг фариштаси осмондан тушиб, қабр оғзидаги тошни ағдариб юборди. Фаришта ўша тош устига ўтирди. 3 Унинг қиёфаси яшиндай порларди, кийимлари қордай оппоқ эди. 4 Уни кўриб соқчилар шунчалик қўрқиб кетдиларки, титраб, мурдадай қотиб қолдилар.
5 Фаришта аёлларга деди:
— Қўрқманглар! Биламан, сизлар хочга михланган Исони қидиряпсизлар. 6 У бу ерда йўқ. Ўзи айтганидай, У тирилди. Мана, келиб кўринглар, У шу ерда ётган эди. 7 Энди тезроқ бориб, Унинг шогирдларига: “Исо ўликдан тирилди. У сизларни Жалилада кутяпти. Уни ўша ерда кўрасизлар”, — деб айтинглар. Сизларга айтадиган гапим шу эди.
8 Аёллар шоша–пиша қабр ёнидан кетдилар. Қўрқув ва чексиз севинчга тўлиб, Исонинг шогирдларига хабар бергани югуриб кетдилар. 9 Бирданига Исонинг Ўзи уларнинг қаршисидан чиқиб:
— Салом! — деди.
Аёллар Исонинг олдига бориб, оёқларига ёпишганча Унга сажда қилдилар. 10 Исо уларга деди:
— Қўрқманглар! Бориб, биродарларимга: “Жалилага борар экансизлар”, деб айтинглар. Улар Мени ўша ерда кўрадилар.
Соқчиларнинг хабари
11 Аёллар кетганларидан кейин, соқчилар бўлинмасидан бир нечтаси шаҳарга кириб, юз берган воқеа тўғрисида бош руҳонийларга айтиб бердилар. 12 Бош руҳонийлар билан йўлбошчилар учрашиб, режа туздилар. Улар соқчиларга катта миқдорда пул бериб, 13 шундай дедилар:
— Сизлар ҳаммага: “Исонинг шогирдлари кечаси келиб, биз ухлаб ётганимизда жасадни ўғирлаб кетишди”, деб айтасизлар. 14 Борди–ю, бу хабар ҳокимнинг қулоғига етиб боргудек бўлса, уни ўзимиз ишонтирамиз, сизларни ҳар қандай кўнгилсизликдан халос этамиз.
15 Шундай қилиб, соқчилар пулни олиб, айтилгандай қилдилар. Воқеанинг шу таърифи бугунги кунгача яҳудийлар орасида кенг тарқалган.
Буюк топшириқ
16 Ўн бир шогирд Жалила ҳудудига, Исо уларга тайин этган тоққа бордилар. 17 Шогирдлар Исони кўрганлари заҳоти, Унга сажда қилдилар, баъзилари эса иккиланиб қолдилар.
18 Исо келиб, уларга деди: “Еру осмондаги бутун ҳокимият Менга берилган. 19 Шунинг учун бориб, барча халқлардан шогирд орттиринглар. Уларни Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан сувга чўмдиринглар. 20 Мен сизларга буюрган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар. Зотан, Мен ҳар доим, дунёнинг охиригача сизлар билан бирга бўламан.”