10–BOB
Iso oʻn ikki havoriyni xizmatga yuboradi
1 Iso Oʻzining oʻn ikki havoriysini yoniga chaqirib, ularga yovuz ruhlarni quvib chiqarish va har qanday dardu xastaliklarni sogʻaytirish qudratini berdi. 2 Bu oʻn ikki havoriyning ismlari quyidagichadir: birinchisi Butrus deb atalgan Shimoʻn, uning ukasi Endrus, Zabadiyoning oʻgʻillari Yoqub va Yuhanno, 3 Filip, Bartolomey, Toʻma, soliqchi Matto, Xalfey oʻgʻli Yoqub, Taddeyus , 4 vatanparvar Shimoʻn va Isoga xoinlik qilgan Yahudo Ishqariyot.
5 Iso oʻn ikki havoriyni joʻnatayotib, ularga quyidagicha koʻrsatmalar berdi: “Gʻayriyahudiylar yashaydigan joylarga oyoq bosmanglar, Samariyaliklarning shaharlariga kirmanglar. 6 Aksincha, adashgan qoʻylarga oʻxshagan Isroil xalqi oldiga boringlar. 7 Borganlaringizda: «Osmon Shohligi yaqinlashdi», deb eʼlon qilinglar. 8 Xastalarni sogʻaytiringlar, oʻliklarni tiriltiringlar, teri kasalligiga chalinganlarni poklanglar, jinlarni quvib chiqaringlar. Tekin oldingizlar, tekin beringlar. 9 Belbogʻlaringizga oltin, kumush, hatto mis chaqa ham qistirib olmanglar. 10 Yoʻlga toʻrva ham, qoʻshimcha kiyim ham, choriq ham, hassa ham olmanglar. Chunki mehnatkash oʻzining non–nasibasiga munosibdir.
11 Qaysi shahar yoki qishloqqa kirsangiz, u yerda oʻzingizga munosib odamni topib, ketguningizcha oʻsha odamning uyida turinglar. 12 Uyga kirganingizda: «Xonadoningizda tinchlik–omonlik boʻlsin», deb aytinglar. 13 Agar u munosib xonadon boʻlsa, siz tilagan tinchlik oʻsha xonadonda qoladi. Agarda nomunosib boʻlsa, tilagan tinchligingiz oʻzingizga qaytib keladi. 14 Agar kim sizni qabul qilmasa va soʻzlaringizga quloq solmasa, oʻsha uydan yoki shahardan chiqib ketayotganingizda oyoqlaringizdagi changni qoqib ketinglar . 15 Sizga chinini aytaman: qiyomat kunida oʻsha shaharning holi Sadoʻm va Gʻamoʻra shaharlarining holidan ham battar boʻladi.
Kelajakdagi mashaqqatlar
16 Men sizlarni boʻrilar orasiga qoʻylarday yuboryapman. Sizlar ilonday ziyrak, kaptarday oq koʻngil boʻlinglar. 17 Insonlardan ehtiyot boʻlinglar. Chunki ular sizlarni mahkamalarga topshirib, sinagogalarda kaltaklaydilar. 18 Men tufayli sizlarni hokimlar va shohlar huzuriga olib boradilar, sizlar esa ularga va gʻayriyahudiylarga Men haqimdagi Xushxabarni aytasizlar. 19 Sizlarni mahkamaga olib borishganda: «Qanday gapiramiz, nima aytamiz», deb xavotir olmanglar. Nima aytishingiz oʻsha vaqtda sizlarga bildiriladi. 20 Oʻshanda sizlar emas, balki Otangiz Xudoning Ruhi sizlar orqali gapiradi.
21 Aka ukasini, ota bolasini oʻlimga topshiradi. Bolalar oʻz ota–onalariga qarshi chiqib, ularni oʻldirtiradilar. 22 Mening nomim tufayli hamma sizlardan nafratlanadi. Lekin oxirigacha bardosh bergan najot topadi. 23 Agar sizlarni bir shaharda quvgʻin qilsalar, boshqasiga qochib boringlar. Sizlarga chinini aytayin: sizlar Isroilning shaharlarini aylanib chiqishga ulgurmasingizdan, Inson Oʻgʻli keladi.
24 Shogird ustozidan ustun emas, qul ham oʻzining xoʻjayinidan ustun emas. 25 Shogird ustoziday, qul xoʻjayiniday boʻlsa kifoya. Agar uy egasini Baalzabul, yaʼni ins–jinslar hukmdori deb atagan boʻlishsa, uy ahlini undan battar nom bilan atashadi!
Qoʻrqish va qoʻrqmaslik haqida
26 Shunday boʻlsa–da, odamlardan qoʻrqmanglar! Axir, har qanday yashirin narsa maʼlum boʻladi, har qanday sir ochiladi. 27 Sizga qorongʻida gapirayotganlarimni yorugʻda aytinglar. Qulogʻingizga shivirlab aytganlarimni uylarning tomi ustidan baqirib, eʼlon qilinglar. 28 Tanani oʻldirib, jonni oʻldira olmaydiganlardan qoʻrqmanglar. Xudodan qoʻrqinglar! Chunki U jonni ham, tanani ham doʻzaxda halok etishga qodir. 29 Ikkita chumchuq bir tangaga sotiladi, shunday emasmi? Biroq bularning birontasi ham osmondagi Otangizning xohishisiz yerga tushmaydi. 30 Sizlarning esa hatto boshingizdagi har bir tola sochingiz sanalgan. 31 Shuning uchun qoʻrqmanglar, sizlar koʻplab chumchuqlardan qadrliroqsizlar.
Isoga loyiq boʻlish haqida
32 Kim Meni insonlar oldida tan olsa, Men ham osmondagi Otamning oldida uni tan olaman. 33 Ammo kim insonlar oldida Meni rad etsa, Men ham osmondagi Otamning oldida uni rad etaman.
34 Meni yer yuziga tinchlik olib kelgan, deb oʻylamanglar. Men tinchlik emas, qilich olib kelganman. 35 Oʻgʻilni otasidan, qizni onasidan, kelinni qaynanasidan ajratish uchun kelganman. 36 Insonning dushmanlari oʻz uyidagilari boʻladi . 37 Kimki otasini yoki onasini Mendan ortiq sevsa, Menga loyiq emas. Kimki oʻgʻlini yoki qizini Mendan ortiq sevsa, Menga loyiq emas. 38 Kimki oʻz xochini olib , ortimdan yurmasa, Menga loyiq emas. 39 Oʻz jonini ayamoqchi boʻlgan uni yoʻqotadi. Men uchun jonini bergan esa, uni asrab qoladi.
40 Sizni qabul qilgan odam Meni qabul qilgan boʻladi. Meni qabul qilgan esa Meni Yuborganni qabul qilgan boʻladi. 41 Kimki paygʻambarni paygʻambar boʻlgani uchun qabul qilsa, paygʻambarga munosib mukofotni oladi. Kimki solih odamni solih boʻlgani uchun qabul qilsa, solihga munosib mukofotni oladi. 42 Agar siz shogirdlarimning eng kichigiga u Mening shogirdim boʻlgani uchun bir piyola sovuq suv bersangiz, albatta mukofotingizni olasiz, deb sizga chinini aytaman.”
10–БОБ
Исо ўн икки ҳаворийни хизматга юборади
1 Исо Ўзининг ўн икки ҳаворийсини ёнига чақириб, уларга ёвуз руҳларни қувиб чиқариш ва ҳар қандай дарду хасталикларни соғайтириш қудратини берди. 2 Бу ўн икки ҳаворийнинг исмлари қуйидагичадир: биринчиси Бутрус деб аталган Шимўн, унинг укаси Эндрус, Забадиёнинг ўғиллари Ёқуб ва Юҳанно, 3 Филип, Бартоломей, Тўма, солиқчи Матто, Халфей ўғли Ёқуб, Таддеюс , 4 ватанпарвар Шимўн ва Исога хоинлик қилган Яҳудо Ишқариёт.
5 Исо ўн икки ҳаворийни жўнатаётиб, уларга қуйидагича кўрсатмалар берди: “Ғайрияҳудийлар яшайдиган жойларга оёқ босманглар, Самарияликларнинг шаҳарларига кирманглар. 6 Аксинча, адашган қўйларга ўхшаган Исроил халқи олдига боринглар. 7 Борганларингизда: «Осмон Шоҳлиги яқинлашди», деб эълон қилинглар. 8 Хасталарни соғайтиринглар, ўликларни тирилтиринглар, тери касаллигига чалинганларни покланглар, жинларни қувиб чиқаринглар. Текин олдингизлар, текин беринглар. 9 Белбоғларингизга олтин, кумуш, ҳатто мис чақа ҳам қистириб олманглар. 10 Йўлга тўрва ҳам, қўшимча кийим ҳам, чориқ ҳам, ҳасса ҳам олманглар. Чунки меҳнаткаш ўзининг нон–насибасига муносибдир.
11 Қайси шаҳар ёки қишлоққа кирсангиз, у ерда ўзингизга муносиб одамни топиб, кетгунингизча ўша одамнинг уйида туринглар. 12 Уйга кирганингизда: «Хонадонингизда тинчлик–омонлик бўлсин», деб айтинглар. 13 Агар у муносиб хонадон бўлса, сиз тилаган тинчлик ўша хонадонда қолади. Агарда номуносиб бўлса, тилаган тинчлигингиз ўзингизга қайтиб келади. 14 Агар ким сизни қабул қилмаса ва сўзларингизга қулоқ солмаса, ўша уйдан ёки шаҳардан чиқиб кетаётганингизда оёқларингиздаги чангни қоқиб кетинглар . 15 Сизга чинини айтаман: қиёмат кунида ўша шаҳарнинг ҳоли Садўм ва Ғамўра шаҳарларининг ҳолидан ҳам баттар бўлади.
Келажакдаги машаққатлар
16 Мен сизларни бўрилар орасига қўйлардай юборяпман. Сизлар илондай зийрак, каптардай оқ кўнгил бўлинглар. 17 Инсонлардан эҳтиёт бўлинглар. Чунки улар сизларни маҳкамаларга топшириб, синагогаларда калтаклайдилар. 18 Мен туфайли сизларни ҳокимлар ва шоҳлар ҳузурига олиб борадилар, сизлар эса уларга ва ғайрияҳудийларга Мен ҳақимдаги Хушхабарни айтасизлар. 19 Сизларни маҳкамага олиб боришганда: «Қандай гапирамиз, нима айтамиз», деб хавотир олманглар. Нима айтишингиз ўша вақтда сизларга билдирилади. 20 Ўшанда сизлар эмас, балки Отангиз Худонинг Руҳи сизлар орқали гапиради.
21 Ака укасини, ота боласини ўлимга топширади. Болалар ўз ота–оналарига қарши чиқиб, уларни ўлдиртирадилар. 22 Менинг номим туфайли ҳамма сизлардан нафратланади. Лекин охиригача бардош берган нажот топади. 23 Агар сизларни бир шаҳарда қувғин қилсалар, бошқасига қочиб боринглар. Сизларга чинини айтайин: сизлар Исроилнинг шаҳарларини айланиб чиқишга улгурмасингиздан, Инсон Ўғли келади.
24 Шогирд устозидан устун эмас, қул ҳам ўзининг хўжайинидан устун эмас. 25 Шогирд устозидай, қул хўжайинидай бўлса кифоя. Агар уй эгасини Баалзабул, яъни инс–жинслар ҳукмдори деб атаган бўлишса, уй аҳлини ундан баттар ном билан аташади!
Қўрқиш ва қўрқмаслик ҳақида
26 Шундай бўлса–да, одамлардан қўрқманглар! Ахир, ҳар қандай яширин нарса маълум бўлади, ҳар қандай сир очилади. 27 Сизга қоронғида гапираётганларимни ёруғда айтинглар. Қулоғингизга шивирлаб айтганларимни уйларнинг томи устидан бақириб, эълон қилинглар. 28 Танани ўлдириб, жонни ўлдира олмайдиганлардан қўрқманглар. Худодан қўрқинглар! Чунки У жонни ҳам, танани ҳам дўзахда ҳалок этишга қодир. 29 Иккита чумчуқ бир тангага сотилади, шундай эмасми? Бироқ буларнинг биронтаси ҳам осмондаги Отангизнинг хоҳишисиз ерга тушмайди. 30 Сизларнинг эса ҳатто бошингиздаги ҳар бир тола сочингиз саналган. 31 Шунинг учун қўрқманглар, сизлар кўплаб чумчуқлардан қадрлироқсизлар.
Исога лойиқ бўлиш ҳақида
32 Ким Мени инсонлар олдида тан олса, Мен ҳам осмондаги Отамнинг олдида уни тан оламан. 33 Аммо ким инсонлар олдида Мени рад этса, Мен ҳам осмондаги Отамнинг олдида уни рад этаман.
34 Мени ер юзига тинчлик олиб келган, деб ўйламанглар. Мен тинчлик эмас, қилич олиб келганман. 35 Ўғилни отасидан, қизни онасидан, келинни қайнанасидан ажратиш учун келганман. 36 Инсоннинг душманлари ўз уйидагилари бўлади . 37 Кимки отасини ёки онасини Мендан ортиқ севса, Менга лойиқ эмас. Кимки ўғлини ёки қизини Мендан ортиқ севса, Менга лойиқ эмас. 38 Кимки ўз хочини олиб , ортимдан юрмаса, Менга лойиқ эмас. 39 Ўз жонини аямоқчи бўлган уни йўқотади. Мен учун жонини берган эса, уни асраб қолади.
40 Сизни қабул қилган одам Мени қабул қилган бўлади. Мени қабул қилган эса Мени Юборганни қабул қилган бўлади. 41 Кимки пайғамбарни пайғамбар бўлгани учун қабул қилса, пайғамбарга муносиб мукофотни олади. Кимки солиҳ одамни солиҳ бўлгани учун қабул қилса, солиҳга муносиб мукофотни олади. 42 Агар сиз шогирдларимнинг энг кичигига у Менинг шогирдим бўлгани учун бир пиёла совуқ сув берсангиз, албатта мукофотингизни оласиз, деб сизга чинини айтаман.”