9–BOB
Horun qurbonliklar keltiradi
1 Sakkizinchi kuni Muso Horunni, uning oʻgʻillarini va Isroil oqsoqollarini chaqirtirib keldi. 2 U Horunga dedi: “Gunoh qurbonligi uchun bir nuqsonsiz buzoqni, kuydiriladigan qurbonlik uchun esa bir nuqsonsiz qoʻchqorni Egamizning huzuriga olib kel.
3 Soʻng Isroil xalqiga ayt, ular ham gunoh qurbonligi uchun bitta takani, kuydiriladigan qurbonlik uchun bir yoshli nuqsonsiz buzoqni va bir yoshli nuqsonsiz qoʻzini, 4 tinchlik qurbonligi uchun bitta buqani va bitta qoʻchqorni olib kelishsin. Ular bu jonivorlarni Egamizning huzurida qurbonlik qilishsin. Bular bilan birga zaytun moyi aralashtirilgan don nazrini ham keltirishsin. Zotan, Egamiz bugun ularga zohir boʻladi.”
5 Ular Muso amr qilgan hamma narsani Uchrashuv chodirining oldiga olib kelishdi. Butun jamoa Egamiz huzuriga kelib turdi. 6 Muso dedi: “Egamizning bergan bu amrini ado eting, shunda Egamizning ulugʻvorligi sizlarga zohir boʻladi.”
7 Soʻng Muso Horunga dedi: “Qurbongohning oldiga bor, oʻzingni va xalqni gunohdan poklash uchun gunoh qurbonligingni va kuydiriladigan qurbonligingni keltir. Soʻng xalqning qurbonliklarini ado etib, ularni gunohdan pokla. Egamizning amri shudir.”
8 Horun qurbongoh yoniga bordi, oʻz gunohlari uchun gunoh qurbonligi sifatida keltirgan buzoqni soʻydi. 9 Oʻgʻillari Horunga qurbonlikning qonidan olib tutdilar. U barmogʻini qonga botirib, qurbongohning shoxlariga surtib chiqdi, qonning qolganini esa qurbongohning yoniga toʻkdi. 10 Soʻng Egamiz Musoga bergan amrga binoan gunoh qurbonligining yogʻini, ikkala buyragini va jigarning aʼlo qismini qurbongoh ustida kuydirdi. 11 Goʻshti va terisini esa qarorgohdan tashqariga olib chiqib kuydirib tashladi. 12 Keyin Horun kuydiriladigan qurbonlikni soʻydi. Horunning oʻgʻillari unga qurbonlik qonidan tutdilar. Horun qonni qurbongohning toʻrtala yon tomoniga sepib chiqdi. 13 Soʻng oʻgʻillari kuydiriladigan qurbonlikning boʻlaklari va kallasini Horunga birin–ketin berdilar. Horun bularning hammasini qurbongoh ustida kuydirdi. 14 Soʻng qurbonlikning ichak–chovoqlarini va oyoqlarini yuvib, kuydirilgan qurbonlik ustida kuydirdi.
15 Keyin Horun xalqning qurbonliklarini keltirdi. Oʻzining gunohi uchun qurbonlik qilgani singari, xalqning gunohi uchun ham takani soʻyib, qurbonlik qildi. 16 Kuydiriladigan qurbonlikni ham olib kelib, qoidaga koʻra, ado etdi. 17 Soʻng don nazrini keltirib, nazrning bir hovuchini qurbongoh ustida kuydirdi. Bular ertalab kuydiriladigan kundalik nazrdan tashqari edi.
18 Horun xalqning tinchlik qurbonligi uchun keltirgan buqa va qoʻchqorni soʻydi. Uning oʻgʻillari tinchlik qurbonligining qonidan olib, Horunga tutdilar. Horun qonni qurbongohning toʻrtala yon tomoniga sepib chiqdi. 19 Soʻng Horunning oʻgʻillari buqa va qoʻchqorning yogʻini, yaʼni dumbasini, ichaklarini qoplab turgan yogʻlarini, buyraklari va jigarning aʼlo qismini 20 toʻshlar ustiga qoʻydilar. Horun yogʻni qurbongoh ustida kuydirdi. 21 Muso amr qilganday, Horun buqa va qoʻchqorning toʻshlarini va oʻng sonlarini Egamizga bagʻishlaganini koʻrsatish uchun yuqoriga koʻtardi.
22 Shundan keyin Horun qoʻllarini xalq tomon choʻzib ularni duo qildi. Horun gunoh qurbonligini, kuydiriladigan qurbonlikni va tinchlik qurbonligini ado etgach, qurbongohdan pastga tushdi. 23 Muso bilan Horun Uchrashuv chodiriga kirishdi, Chodirdan qaytib chiqqanlaridan keyin xalqni duo qilishdi. Shunda Egamizning ulugʻvorligi xalqqa zohir boʻldi. 24 Egamizning huzuridan olov chiqib, qurbongoh ustidagi kuydiriladigan qurbonlikni va yogʻlarni yamlab yubordi. Xalq buni koʻrgach, hayqirib yubordi–da, yerga muk tushdi.
9–БОБ
Ҳорун қурбонликлар келтиради
1 Саккизинчи куни Мусо Ҳорунни, унинг ўғилларини ва Исроил оқсоқолларини чақиртириб келди. 2 У Ҳорунга деди: “Гуноҳ қурбонлиги учун бир нуқсонсиз бузоқни, куйдириладиган қурбонлик учун эса бир нуқсонсиз қўчқорни Эгамизнинг ҳузурига олиб кел.
3 Сўнг Исроил халқига айт, улар ҳам гуноҳ қурбонлиги учун битта такани, куйдириладиган қурбонлик учун бир ёшли нуқсонсиз бузоқни ва бир ёшли нуқсонсиз қўзини, 4 тинчлик қурбонлиги учун битта буқани ва битта қўчқорни олиб келишсин. Улар бу жониворларни Эгамизнинг ҳузурида қурбонлик қилишсин. Булар билан бирга зайтун мойи аралаштирилган дон назрини ҳам келтиришсин. Зотан, Эгамиз бугун уларга зоҳир бўлади.”
5 Улар Мусо амр қилган ҳамма нарсани Учрашув чодирининг олдига олиб келишди. Бутун жамоа Эгамиз ҳузурига келиб турди. 6 Мусо деди: “Эгамизнинг берган бу амрини адо этинг, шунда Эгамизнинг улуғворлиги сизларга зоҳир бўлади.”
7 Сўнг Мусо Ҳорунга деди: “Қурбонгоҳнинг олдига бор, ўзингни ва халқни гуноҳдан поклаш учун гуноҳ қурбонлигингни ва куйдириладиган қурбонлигингни келтир. Сўнг халқнинг қурбонликларини адо этиб, уларни гуноҳдан покла. Эгамизнинг амри шудир.”
8 Ҳорун қурбонгоҳ ёнига борди, ўз гуноҳлари учун гуноҳ қурбонлиги сифатида келтирган бузоқни сўйди. 9 Ўғиллари Ҳорунга қурбонликнинг қонидан олиб тутдилар. У бармоғини қонга ботириб, қурбонгоҳнинг шохларига суртиб чиқди, қоннинг қолганини эса қурбонгоҳнинг ёнига тўкди. 10 Сўнг Эгамиз Мусога берган амрга биноан гуноҳ қурбонлигининг ёғини, иккала буйрагини ва жигарнинг аъло қисмини қурбонгоҳ устида куйдирди. 11 Гўшти ва терисини эса қароргоҳдан ташқарига олиб чиқиб куйдириб ташлади. 12 Кейин Ҳорун куйдириладиган қурбонликни сўйди. Ҳоруннинг ўғиллари унга қурбонлик қонидан тутдилар. Ҳорун қонни қурбонгоҳнинг тўртала ён томонига сепиб чиқди. 13 Сўнг ўғиллари куйдириладиган қурбонликнинг бўлаклари ва калласини Ҳорунга бирин–кетин бердилар. Ҳорун буларнинг ҳаммасини қурбонгоҳ устида куйдирди. 14 Сўнг қурбонликнинг ичак–човоқларини ва оёқларини ювиб, куйдирилган қурбонлик устида куйдирди.
15 Кейин Ҳорун халқнинг қурбонликларини келтирди. Ўзининг гуноҳи учун қурбонлик қилгани сингари, халқнинг гуноҳи учун ҳам такани сўйиб, қурбонлик қилди. 16 Куйдириладиган қурбонликни ҳам олиб келиб, қоидага кўра, адо этди. 17 Сўнг дон назрини келтириб, назрнинг бир ҳовучини қурбонгоҳ устида куйдирди. Булар эрталаб куйдириладиган кундалик назрдан ташқари эди.
18 Ҳорун халқнинг тинчлик қурбонлиги учун келтирган буқа ва қўчқорни сўйди. Унинг ўғиллари тинчлик қурбонлигининг қонидан олиб, Ҳорунга тутдилар. Ҳорун қонни қурбонгоҳнинг тўртала ён томонига сепиб чиқди. 19 Сўнг Ҳоруннинг ўғиллари буқа ва қўчқорнинг ёғини, яъни думбасини, ичакларини қоплаб турган ёғларини, буйраклари ва жигарнинг аъло қисмини 20 тўшлар устига қўйдилар. Ҳорун ёғни қурбонгоҳ устида куйдирди. 21 Мусо амр қилгандай, Ҳорун буқа ва қўчқорнинг тўшларини ва ўнг сонларини Эгамизга бағишлаганини кўрсатиш учун юқорига кўтарди.
22 Шундан кейин Ҳорун қўлларини халқ томон чўзиб уларни дуо қилди. Ҳорун гуноҳ қурбонлигини, куйдириладиган қурбонликни ва тинчлик қурбонлигини адо этгач, қурбонгоҳдан пастга тушди. 23 Мусо билан Ҳорун Учрашув чодирига киришди, Чодирдан қайтиб чиққанларидан кейин халқни дуо қилишди. Шунда Эгамизнинг улуғворлиги халққа зоҳир бўлди. 24 Эгамизнинг ҳузуридан олов чиқиб, қурбонгоҳ устидаги куйдириладиган қурбонликни ва ёғларни ямлаб юборди. Халқ буни кўргач, ҳайқириб юборди–да, ерга мук тушди.