4–BOB
Bilmasdan qilingan gunoh uchun nazrlar
1 Egamiz Muso orqali 2 Isroil xalqiga quyidagi qoidalarni berdi: agar birorta odam Egamizning amriga koʻra taqiqlangan biror ishni bilmasdan qilib qoʻyib, gunoh orttirib olsa, quyidagicha ish tutsin: 3 moy surtib tanlangan ruhoniy gunoh qilib qoʻysa, u butun xalqni aybdor qilib qoʻygan boʻladi. U qilgan gunohi uchun nuqsonsiz buqani gunoh qurbonligi sifatida Egamizga keltirsin. 4 Buqani Uchrashuv chodiri kiraverishiga olib kelib, qoʻlini buqaning boshiga qoʻysin. Soʻng buqani oʻsha yerda — Egamizning huzurida soʻysin. 5 Moy surtib tanlangan ruhoniy buqaning qonidan olib, Uchrashuv chodiriga olib kirsin. 6 U barmogʻini qonga botirib, qonni Egamizning huzurida, Eng muqaddas xonani toʻsib turgan ichki parda tomonga yetti marta sachratsin. 7 Soʻng qonni Egamizning huzurida Uchrashuv chodiridagi xushboʻy tutatqi qurbongohining shoxlariga surtsin. Buqaning ortgan qonini esa Uchrashuv chodiriga kiraverishdagi qurbonlik kuydiriladigan qurbongohning yoniga toʻksin. 8 Gunoh qurbonligi qilingan buqaning hamma yogʻlarini ajratib olsin: ichak–chovoqlarini qoplab turgan yogʻlarni, hamma charvini, 9 ikkala buyrakni, buyrak atrofidagi yogʻlarni va jigarning aʼlo qismini . Jigarning aʼlo qismi buyraklar bilan birga ajratib olingan boʻlishi lozim. 10 Tinchlik qurbonligining yogʻlari qanday ajratib olinsa, gunoh qurbonligining yogʻlari ham shu usulda ajratib olinsin. Ruhoniy yogʻlarni qurbonlik kuydiriladigan qurbongoh ustida kuydirsin. 11 Buqaning qolgan qismlarini: terisini, goʻshtini, kallasini, oyoqlarini va ichak–chovoqlarini 12 qarorgohning tashqarisidagi kul toʻkiladigan halol joyga olib chiqib, oʻtinlar ustida kuydirsin.
13 Agar butun jamoa Egamizning amriga koʻra taqiqlangan biror ishni bilmasdan qilib, gunoh orttirib olsa, ular bundan xabarsiz boʻlgan taqdirda ham, baribir aybdor boʻladilar. 14 Qilgan gunohlari fosh boʻlgandan keyin, ular butun jamoa nomidan gunoh qurbonligi qilish uchun buqani Uchrashuv chodiri oldiga olib kelishsin. 15 Jamoa oqsoqollari buqaning boshiga qoʻllarini qoʻyib, uni oʻsha yerda — Egamizning huzurida soʻyishsin. 16 Moy surtib tanlangan ruhoniy buqaning qonidan Uchrashuv chodiriga olib kirsin. 17 U barmogʻini qonga botirib, qonni Egamizning huzurida ichki parda tomonga yetti marta sachratsin. 18 Soʻng Egamizning huzurida turgan Uchrashuv chodiridagi tutatqi qurbongohining shoxlariga qondan surtsin. Buqaning qolgan qonini esa Uchrashuv chodiriga kiraverishdagi qurbonlik kuydiriladigan qurbongohning yoniga toʻksin. 19 Keyin buqaning yogʻlarini ajratib olib, qurbongoh ustida kuydirsin. 20 Ruhoniyning gunohi uchun keltirilgan buqani nima qilgan boʻlsa, bu buqani ham oʻshanday qilsin. Shu yoʻsinda ruhoniy jamoani gunohdan poklasin, shunda ularning gunohi kechiriladi. 21 Soʻng ruhoniy buqaning qolgan qismlarini qarorgohdan tashqariga olib chiqib, oldingi buqani kuydirganday kuydirsin. Jamoaning gunohi uchun keltiriladigan qurbonlik shudir.
22 Agar hukmdor oʻz Egasi Xudoning amriga koʻra taqiqlangan biror ishni bilmasdan qilib qoʻyib, gunoh orttirib olsa, u aybdor boʻladi. 23 Qilgan gunohi fosh boʻlgandan keyin, u nuqsonsiz bir takani qurbonlik qilish uchun olib kelsin. 24 Soʻng qoʻlini takaning boshiga qoʻyib, takani Egamizning huzurida, kuydiriladigan qurbonliklar boʻgʻizlanadigan joyda soʻysin. Bu gunoh qurbonligidir. 25 Ruhoniy barmogʻini gunoh qurbonligi qoniga botirib, qonni qurbonlik kuydiriladigan qurbongoh shoxlariga surtsin. Qonning qolganini esa qurbongohning yoniga toʻksin. 26 Soʻng taka yogʻining hammasini tinchlik qurbonligining yogʻini kuydirganday, qurbongoh ustida kuydirsin. Ruhoniy shu tariqa hukmdorni gunohdan poklasin, shunda hukmdorning gunohi kechiriladi.
27 Agar jamoa aʼzosi Egamizning amriga koʻra taqiqlangan biror ishni bilmasdan qilib qoʻyib, gunoh orttirib olsa, u aybdor boʻladi. 28 Qilgan gunohi fosh boʻlgandan keyin, nuqsonsiz echkini qurbonlik qilish uchun olib kelsin. 29 U qoʻlini gunoh qurbonligining boshiga qoʻysin, soʻng uni kuydiriladigan qurbonliklar boʻgʻizlanadigan joyda soʻysin. 30 Ruhoniy barmogʻini qurbonlikning qoniga botirib, qonni qurbonlik kuydiriladigan qurbongoh shoxlariga surtsin. Qonning qolganini esa qurbongohning yoniga toʻksin. 31 Tinchlik qurbonligining yogʻi ajratib olinganday, echkining yogʻlarini ajratib olsin. Egamizga yoqimli hid borishi uchun yogʻni qurbongoh ustida kuydirsin. Shu tariqa ruhoniy gunoh qilgan odamni gunohidan poklasin, shunda oʻsha odamning gunohi kechiriladi.
32 Agar jamoa aʼzosi qoʻyni gunoh qurbonligi qilmoqchi boʻlsa, nuqsonsiz sovliqni olib kelsin. 33 U qoʻlini gunoh qurbonligining boshiga qoʻysin, soʻng uni kuydiriladigan qurbonliklar boʻgʻizlanadigan joyda soʻysin. 34 Ruhoniy oʻz barmogʻini gunoh qurbonligining qoniga botirib, qonni qurbonlik kuydiriladigan qurbongoh shoxlariga surtsin. Qolgan qonni esa qurbongohning yoniga toʻksin. 35 Tinchlik qurbonligi qilingan qoʻyning yogʻi qanday ajratib olinsa, bu qurbonlikning ham yogʻlarini xuddi shunday qilib ajratib olsin. Soʻng bularni qurbongoh ustida, Egamizga keltirilgan nazrlar bilan birga olovda kuydirsin. Shu tariqa ruhoniy gunoh qilgan odamni gunohdan poklasin, shunda uning gunohi kechiriladi.
4–БОБ
Билмасдан қилинган гуноҳ учун назрлар
1 Эгамиз Мусо орқали 2 Исроил халқига қуйидаги қоидаларни берди: агар бирорта одам Эгамизнинг амрига кўра тақиқланган бирор ишни билмасдан қилиб қўйиб, гуноҳ орттириб олса, қуйидагича иш тутсин: 3 мой суртиб танланган руҳоний гуноҳ қилиб қўйса, у бутун халқни айбдор қилиб қўйган бўлади. У қилган гуноҳи учун нуқсонсиз буқани гуноҳ қурбонлиги сифатида Эгамизга келтирсин. 4 Буқани Учрашув чодири кираверишига олиб келиб, қўлини буқанинг бошига қўйсин. Сўнг буқани ўша ерда — Эгамизнинг ҳузурида сўйсин. 5 Мой суртиб танланган руҳоний буқанинг қонидан олиб, Учрашув чодирига олиб кирсин. 6 У бармоғини қонга ботириб, қонни Эгамизнинг ҳузурида, Энг муқаддас хонани тўсиб турган ички парда томонга етти марта сачратсин. 7 Сўнг қонни Эгамизнинг ҳузурида Учрашув чодиридаги хушбўй тутатқи қурбонгоҳининг шохларига суртсин. Буқанинг ортган қонини эса Учрашув чодирига кираверишдаги қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳнинг ёнига тўксин. 8 Гуноҳ қурбонлиги қилинган буқанинг ҳамма ёғларини ажратиб олсин: ичак–човоқларини қоплаб турган ёғларни, ҳамма чарвини, 9 иккала буйракни, буйрак атрофидаги ёғларни ва жигарнинг аъло қисмини . Жигарнинг аъло қисми буйраклар билан бирга ажратиб олинган бўлиши лозим. 10 Тинчлик қурбонлигининг ёғлари қандай ажратиб олинса, гуноҳ қурбонлигининг ёғлари ҳам шу усулда ажратиб олинсин. Руҳоний ёғларни қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳ устида куйдирсин. 11 Буқанинг қолган қисмларини: терисини, гўштини, калласини, оёқларини ва ичак–човоқларини 12 қароргоҳнинг ташқарисидаги кул тўкиладиган ҳалол жойга олиб чиқиб, ўтинлар устида куйдирсин.
13 Агар бутун жамоа Эгамизнинг амрига кўра тақиқланган бирор ишни билмасдан қилиб, гуноҳ орттириб олса, улар бундан хабарсиз бўлган тақдирда ҳам, барибир айбдор бўладилар. 14 Қилган гуноҳлари фош бўлгандан кейин, улар бутун жамоа номидан гуноҳ қурбонлиги қилиш учун буқани Учрашув чодири олдига олиб келишсин. 15 Жамоа оқсоқоллари буқанинг бошига қўлларини қўйиб, уни ўша ерда — Эгамизнинг ҳузурида сўйишсин. 16 Мой суртиб танланган руҳоний буқанинг қонидан Учрашув чодирига олиб кирсин. 17 У бармоғини қонга ботириб, қонни Эгамизнинг ҳузурида ички парда томонга етти марта сачратсин. 18 Сўнг Эгамизнинг ҳузурида турган Учрашув чодиридаги тутатқи қурбонгоҳининг шохларига қондан суртсин. Буқанинг қолган қонини эса Учрашув чодирига кираверишдаги қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳнинг ёнига тўксин. 19 Кейин буқанинг ёғларини ажратиб олиб, қурбонгоҳ устида куйдирсин. 20 Руҳонийнинг гуноҳи учун келтирилган буқани нима қилган бўлса, бу буқани ҳам ўшандай қилсин. Шу йўсинда руҳоний жамоани гуноҳдан покласин, шунда уларнинг гуноҳи кечирилади. 21 Сўнг руҳоний буқанинг қолган қисмларини қароргоҳдан ташқарига олиб чиқиб, олдинги буқани куйдиргандай куйдирсин. Жамоанинг гуноҳи учун келтириладиган қурбонлик шудир.
22 Агар ҳукмдор ўз Эгаси Худонинг амрига кўра тақиқланган бирор ишни билмасдан қилиб қўйиб, гуноҳ орттириб олса, у айбдор бўлади. 23 Қилган гуноҳи фош бўлгандан кейин, у нуқсонсиз бир такани қурбонлик қилиш учун олиб келсин. 24 Сўнг қўлини таканинг бошига қўйиб, такани Эгамизнинг ҳузурида, куйдириладиган қурбонликлар бўғизланадиган жойда сўйсин. Бу гуноҳ қурбонлигидир. 25 Руҳоний бармоғини гуноҳ қурбонлиги қонига ботириб, қонни қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳ шохларига суртсин. Қоннинг қолганини эса қурбонгоҳнинг ёнига тўксин. 26 Сўнг така ёғининг ҳаммасини тинчлик қурбонлигининг ёғини куйдиргандай, қурбонгоҳ устида куйдирсин. Руҳоний шу тариқа ҳукмдорни гуноҳдан покласин, шунда ҳукмдорнинг гуноҳи кечирилади.
27 Агар жамоа аъзоси Эгамизнинг амрига кўра тақиқланган бирор ишни билмасдан қилиб қўйиб, гуноҳ орттириб олса, у айбдор бўлади. 28 Қилган гуноҳи фош бўлгандан кейин, нуқсонсиз эчкини қурбонлик қилиш учун олиб келсин. 29 У қўлини гуноҳ қурбонлигининг бошига қўйсин, сўнг уни куйдириладиган қурбонликлар бўғизланадиган жойда сўйсин. 30 Руҳоний бармоғини қурбонликнинг қонига ботириб, қонни қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳ шохларига суртсин. Қоннинг қолганини эса қурбонгоҳнинг ёнига тўксин. 31 Тинчлик қурбонлигининг ёғи ажратиб олингандай, эчкининг ёғларини ажратиб олсин. Эгамизга ёқимли ҳид бориши учун ёғни қурбонгоҳ устида куйдирсин. Шу тариқа руҳоний гуноҳ қилган одамни гуноҳидан покласин, шунда ўша одамнинг гуноҳи кечирилади.
32 Агар жамоа аъзоси қўйни гуноҳ қурбонлиги қилмоқчи бўлса, нуқсонсиз совлиқни олиб келсин. 33 У қўлини гуноҳ қурбонлигининг бошига қўйсин, сўнг уни куйдириладиган қурбонликлар бўғизланадиган жойда сўйсин. 34 Руҳоний ўз бармоғини гуноҳ қурбонлигининг қонига ботириб, қонни қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳ шохларига суртсин. Қолган қонни эса қурбонгоҳнинг ёнига тўксин. 35 Тинчлик қурбонлиги қилинган қўйнинг ёғи қандай ажратиб олинса, бу қурбонликнинг ҳам ёғларини худди шундай қилиб ажратиб олсин. Сўнг буларни қурбонгоҳ устида, Эгамизга келтирилган назрлар билан бирга оловда куйдирсин. Шу тариқа руҳоний гуноҳ қилган одамни гуноҳдан покласин, шунда унинг гуноҳи кечирилади.