10–BOB
Nadov va Abihuning gunohi
1 Horunning oʻgʻillari Nadov va Abihu oʻz olovkuraklarini olib, ichiga choʻgʻ soldilar, choʻgʻ ustiga xushboʻy tutatqi tashladilar. Ular Egamiz amr etmagan begona olovni Uning huzuriga olib kirdilar. 2 Toʻsatdan Egamizning huzuridan olov otilib chiqib, ularni kuydirib yubordi. Ikkovi ham oʻsha yerda, Egamizning huzurida halok boʻldilar. 3 Shunda Muso Horunga dedi:
— Egamizning, “Yonimda boʻlganlar orqali Men muqaddasligimni koʻrsataman, butun xalq oldida ulugʻlanaman”, deb aytgani mana shudir.
Horun indamadi. 4 Muso Horunning amakisi Uziyol oʻgʻillari Mishail va Elzafanni chaqirtirib, ularga dedi: “Boringlar, qarindoshlaringizning jasadlarini Muqaddas chodirning oldidan olib ketib, qarorgohning tashqarisiga olib chiqinglar.”
5 Mishail va Elzafan Musoning aytganini qilib, qarindoshlarining jasadlarini koʻylaklaridan ushlab, qarorgoh tashqarisiga olib chiqdilar. 6 Soʻng Muso Horunga va uning oʻgʻillari Elazar bilan Itamarga aytdi: “Qaygʻudan sochingizni toʻzitmanglar , liboslaringizni yirtmanglar, aks holda, sizlar ham nobud boʻlasizlar va butun jamoa Xudoning gʻazabiga uchraydi. Ammo qarindoshlaringiz, butun Isroil nasli Egamiz kuydirib nobud qilgan Nadov va Abihu uchun aza tutishlari mumkin. 7 Sizlar esa Uchrashuv chodiriga kiraverishdan nariga jilmang. Aks holda, nobud boʻlasizlar. Sizning ustingizga Egamizning muqaddas qiladigan moyi surtilgan.”
Ular Musoning aytgani boʻyicha ish tutdilar.
Ruhoniylarga berilgan nizom
8 Egamiz Horunga shunday dedi: 9 “Sen va oʻgʻillaring Uchrashuv chodiriga kirishdan oldin sharob yoki boshqa oʻtkir ichimliklar ichmanglar. Ichsangiz, nobud boʻlasizlar. Bu avlodlaringiz osha doimiy qonun–qoida boʻlsin. 10 Sizlar muqaddas narsalarni oddiy narsalardan, haromni haloldan ajrata olishlaring shart. 11 Muso orqali Men aytgan hamma qonunlarni Isroil xalqiga oʻrgatishlaring lozim.”
12 Muso Horunga va uning omon qolgan oʻgʻillari Elazar bilan Itamarga dedi: “Egamizga atab, olovda kuydiriladigan don nazrlarining ortib qolganini olib, xamirturushsiz nonlar yopinglar. Bu nonlarni qurbongoh yonida tanovul qilinglar, chunki bu nazr gʻoyat muqaddasdir. 13 Egamizga atab, olovda kuydiriladigan nazrlardan senga va sening oʻgʻillaringga tegadigan ulush mana shudir. Shuning uchun buni muqaddas joyda tanovul qilinglar. Egam menga shuni amr qildi. 14 Yuqoriga koʻtarilgan toʻsh bilan nazr qilingan sonni esa sen va sening oʻgʻil–qizlaring har qanday halol joyda tanovul qilishlaring mumkin. Bu narsalar Isroil xalqining tinchlik qurbonliklaridan senga va farzandlaringga ulush qilib berilgandir. 15 Isroil xalqi qurbonlikning olovda kuydiriladigan yogʻi bilan birga qurbonlikning toʻshi va sonini olib kelsinlar. Ular toʻsh va sonni Egamizga bagʻishlaganini koʻrsatish uchun yuqoriga koʻtarganlaridan keyin, bular senga va farzandlaringga beriladi. Egamizning amriga koʻra, sizlarga tegadigan doimiy ulush shudir.”
16 Soʻng Muso gunoh qurbonligi qilingan echki haqida soʻradi, bilsaki, u qurbonlik kuydirilib boʻlibdi. Muso Horunning qolgan ikkala oʻgʻli Elazar bilan Itamardan qattiq gʻazablanib, ularga dedi:
17 — Nimaga gunoh qurbonligining goʻshtini muqaddas joyda yemadinglar?! Bu juda muqaddas qurbonlik–ku! Axir, oʻsha qurbonlik jamoaning aybini yuvishingiz va Egamiz huzurida ularni gunohdan poklashingiz uchun sizlarga berilgan–ku! 18 Bu qurbonlikning qoni Muqaddas xonaga olib kirilmagan. Bunday qurbonlikni muqaddas joyda yenglar, deb sizlarga amr qilmaganmidim?!
19 Shunda Horun Musoga dedi:
— Mana, bugun oʻgʻillarim Egamizga gunoh qurbonligini va kuydiriladigan qurbonlikni keltirdilar. Ammo shoʻrim quridi–ku! Agar bugun gunoh qurbonligi goʻshtidan yeganimda, Egam mendan mamnun boʻlarmidi?!
20 Muso bu gapni eshitib, maʼqul topdi.
10–БОБ
Надов ва Абиҳунинг гуноҳи
1 Ҳоруннинг ўғиллари Надов ва Абиҳу ўз оловкуракларини олиб, ичига чўғ солдилар, чўғ устига хушбўй тутатқи ташладилар. Улар Эгамиз амр этмаган бегона оловни Унинг ҳузурига олиб кирдилар. 2 Тўсатдан Эгамизнинг ҳузуридан олов отилиб чиқиб, уларни куйдириб юборди. Иккови ҳам ўша ерда, Эгамизнинг ҳузурида ҳалок бўлдилар. 3 Шунда Мусо Ҳорунга деди:
— Эгамизнинг, “Ёнимда бўлганлар орқали Мен муқаддаслигимни кўрсатаман, бутун халқ олдида улуғланаман”, деб айтгани мана шудир.
Ҳорун индамади. 4 Мусо Ҳоруннинг амакиси Узиёл ўғиллари Мишаил ва Элзафанни чақиртириб, уларга деди: “Боринглар, қариндошларингизнинг жасадларини Муқаддас чодирнинг олдидан олиб кетиб, қароргоҳнинг ташқарисига олиб чиқинглар.”
5 Мишаил ва Элзафан Мусонинг айтганини қилиб, қариндошларининг жасадларини кўйлакларидан ушлаб, қароргоҳ ташқарисига олиб чиқдилар. 6 Сўнг Мусо Ҳорунга ва унинг ўғиллари Элазар билан Итамарга айтди: “Қайғудан сочингизни тўзитманглар , либосларингизни йиртманглар, акс ҳолда, сизлар ҳам нобуд бўласизлар ва бутун жамоа Худонинг ғазабига учрайди. Аммо қариндошларингиз, бутун Исроил насли Эгамиз куйдириб нобуд қилган Надов ва Абиҳу учун аза тутишлари мумкин. 7 Сизлар эса Учрашув чодирига кираверишдан нарига жилманг. Акс ҳолда, нобуд бўласизлар. Сизнинг устингизга Эгамизнинг муқаддас қиладиган мойи суртилган.”
Улар Мусонинг айтгани бўйича иш тутдилар.
Руҳонийларга берилган низом
8 Эгамиз Ҳорунга шундай деди: 9 “Сен ва ўғилларинг Учрашув чодирига киришдан олдин шароб ёки бошқа ўткир ичимликлар ичманглар. Ичсангиз, нобуд бўласизлар. Бу авлодларингиз оша доимий қонун–қоида бўлсин. 10 Сизлар муқаддас нарсаларни оддий нарсалардан, ҳаромни ҳалолдан ажрата олишларинг шарт. 11 Мусо орқали Мен айтган ҳамма қонунларни Исроил халқига ўргатишларинг лозим.”
12 Мусо Ҳорунга ва унинг омон қолган ўғиллари Элазар билан Итамарга деди: “Эгамизга атаб, оловда куйдириладиган дон назрларининг ортиб қолганини олиб, хамиртурушсиз нонлар ёпинглар. Бу нонларни қурбонгоҳ ёнида тановул қилинглар, чунки бу назр ғоят муқаддасдир. 13 Эгамизга атаб, оловда куйдириладиган назрлардан сенга ва сенинг ўғилларингга тегадиган улуш мана шудир. Шунинг учун буни муқаддас жойда тановул қилинглар. Эгам менга шуни амр қилди. 14 Юқорига кўтарилган тўш билан назр қилинган сонни эса сен ва сенинг ўғил–қизларинг ҳар қандай ҳалол жойда тановул қилишларинг мумкин. Бу нарсалар Исроил халқининг тинчлик қурбонликларидан сенга ва фарзандларингга улуш қилиб берилгандир. 15 Исроил халқи қурбонликнинг оловда куйдириладиган ёғи билан бирга қурбонликнинг тўши ва сонини олиб келсинлар. Улар тўш ва сонни Эгамизга бағишлаганини кўрсатиш учун юқорига кўтарганларидан кейин, булар сенга ва фарзандларингга берилади. Эгамизнинг амрига кўра, сизларга тегадиган доимий улуш шудир.”
16 Сўнг Мусо гуноҳ қурбонлиги қилинган эчки ҳақида сўради, билсаки, у қурбонлик куйдирилиб бўлибди. Мусо Ҳоруннинг қолган иккала ўғли Элазар билан Итамардан қаттиқ ғазабланиб, уларга деди:
17 — Нимага гуноҳ қурбонлигининг гўштини муқаддас жойда емадинглар?! Бу жуда муқаддас қурбонлик–ку! Ахир, ўша қурбонлик жамоанинг айбини ювишингиз ва Эгамиз ҳузурида уларни гуноҳдан поклашингиз учун сизларга берилган–ку! 18 Бу қурбонликнинг қони Муқаддас хонага олиб кирилмаган. Бундай қурбонликни муқаддас жойда енглар, деб сизларга амр қилмаганмидим?!
19 Шунда Ҳорун Мусога деди:
— Мана, бугун ўғилларим Эгамизга гуноҳ қурбонлигини ва куйдириладиган қурбонликни келтирдилар. Аммо шўрим қуриди–ку! Агар бугун гуноҳ қурбонлиги гўштидан еганимда, Эгам мендан мамнун бўлармиди?!
20 Мусо бу гапни эшитиб, маъқул топди.