6–BOB
1 Egamiz Yoshuaga shunday dedi: “Mana, Yerixo shahrini shohiyu sipohlari bilan birga sening qoʻlingga berdim. 2 Shahar atrofini barcha jangchilar bilan bir marta aylan. Olti kun shunday qilasan. 3 Yettita ruhoniy Ahd sandigʻining oldida yursin. Ularning qoʻlida qoʻchqor shoxidan qilingan bittadan burgʻu boʻlsin. Yettinchi kuni shahar atrofini yetti marta aylaninglar, ruhoniylar burgʻuni chalib yurishsin. 4 Oʻsha kuni burgʻularning uzoq chalinganini eshitishi bilanoq, hamma bor ovozi bilan baqirsin. Shunda shaharning devorlari qulaydi, hamma shaharga hujum qilib, toʻgʻri kirib boraveradi.” 5 Yoshua ruhoniylarni chaqirib, ularga shunday dedi: “Ahd sandigʻini koʻtaringlar, yettitangiz esa bittadan burgʻu olib, Egamizning Ahd sandigʻi oldida yuring.” 6 Odamlarga esa: “Borib, shaharni aylaninglar, qurollangan jangchilarning hammasi Egamizning Sandigʻi oldida borsin”, — dedi.
7 Yoshua xalqqa buyurganday, Egamiz oldida yettita ruhoniy burgʻularni chalib borishar, Egamizning Ahd sandigʻi esa ularning orqasidan borardi. 8 Qurollangan kishilar burgʻu chalayotgan ruhoniylar oldidan borishdi, Sandiqning orqasidan esa qorovullar boʻlinmasi bordi. Burgʻular toʻxtamay chalinib turar edi. 9 Yoshua xalqqa shunday degan edi: “Men aytmagunimcha, sizlar baqirmang, ovozingizni chiqarmang. Men sizlarga, baqiringlar, deb aytgan kundagina baqirasizlar.” 10 Egamizning Sandigʻi shaharni bir marta aylanib keldi. Ular qarorgohga qaytib kelib, tunni oʻsha yerda oʻtkazishdi.
11 Yoshua ertasiga saharda turdi, ruhoniylar yana Egamizning Sandigʻini koʻtarishdi. 12 Yettita burgʻuni koʻtargan yetti ruhoniy Egamiz Sandigʻining oldida borishdi. Ular burgʻularni toʻxtamay chalishardi. Qurollangan kishilar esa ularning oldida borishardi. Egamizning Sandigʻi orqasida esa qorovullar boʻlinmasi borardi, burgʻular toʻxtamay chalinayotgan edi. 13 Ikkinchi kuni ham ular shahar atrofini bir marta aylanib, qarorgohga qaytib kelishdi. Ular olti kun shunday qildilar.
14 Yettinchi kuni erta tongda turib, oldingiday shaharning atrofini aylandilar, faqat oʻsha kuni yetti marta aylanishdi. 15 Yettinchi marta aylanayotganda, ruhoniylar burgʻuni chalar ekan, Yoshua odamlarga shunday dedi: “Baqiringlar, chunki Egamiz shaharni bizga bergan. 16 Shahar aholisiyu shahar ichidagi hamma narsa Egamizga bagʻishlanib, yoʻq qilinsin . Faqat fohisha Rahoba va uning xonadon ahli tirik qoladi, chunki u biz yuborgan aygʻoqchilarni yashirgan edi. 17 Sizlar esa Egamizga bagʻishlangan narsalarning hech biriga yaqinlashmang, tagʻin oʻsha narsalarni olib, oʻzingizni halok qilmang. Isroil xalqining qarorgohiga kulfat keltirmang, qarorgoh vayron boʻlmasin. 18 Chunki barcha oltin, kumush, hamma bronza va temirdan yasalgan idishlar Egamizga bagʻishlangandir. Ular Egamizning xazinasiga keltirilsin.” 19 Ruhoniylar burgʻularni chaldilar. Xalq burgʻu tovushini eshitishi bilanoq baland ovoz bilan baqirgan edi, butun shahar devorlari qulab tushdi. Isroil jangchilari turgan joylaridan toʻgʻri shaharga kirib, unga hujum qilishdi. Isroil jangchilari shaharni qoʻlga kiritishdi. 20 Ular shahardagi hammani, erkagu ayollarni, yoshu qarilarni, mol–qoʻy, eshaklarni — butun jonzotni qirib tashladilar.
21 Yoshua oʻsha yerni tekshirib kelgan ikki kishiga aytdi: “Fohishaning uyiga boringlar. Ichgan ontingizga amal qilib, u bilan uyidagilarining hammasini olib chiqing.” 22 Aygʻoqchilik qilgan kishilar borib, Rahobani, uning ota–onasini, aka–ukalarini, hamma qarindoshlarini shahardan olib chiqib, ularni Isroil qarorgohining yoniga, xavfsiz joyga keltirdilar . 23 Isroil jangchilari shaharni uning ichidagi bor narsasi bilan yondirib tashladilar. Faqat oltin, kumush, bronza va temirdan yasalgan idishlarni Egamizning uyi xazinasiga keltirdilar. 24 Fohisha Rahoba va uning hamma qarindoshlarini Yoshua saqlab qoldi, chunki Yoshua Yerixoni tekshirib kelish uchun yuborgan aygʻoqchilarni u yashirgan edi. Uning xonadoni oʻshandan beri Isroilda yashaydi .
25 Keyin Yoshua qasam ichib, quyidagilarni aytdi:

“Yerixo shahrini qayta qurmoqchi boʻlgan odam
Egamiz oldida laʼnati boʻlsin!
U oʻz toʻngʻich oʻgʻlining joni evaziga shahar poydevorin yotqizar,
Kenja oʻgʻlining joni evaziga darvozalar oʻrnatar!”

26 Egamiz Yoshua bilan birga edi. Yoshuaning shuhrati butun yurtga yoyildi.
6–БОБ
1 Эгамиз Ёшуага шундай деди: “Мана, Ерихо шаҳрини шоҳию сипоҳлари билан бирга сенинг қўлингга бердим. 2 Шаҳар атрофини барча жангчилар билан бир марта айлан. Олти кун шундай қиласан. 3 Еттита руҳоний Аҳд сандиғининг олдида юрсин. Уларнинг қўлида қўчқор шохидан қилинган биттадан бурғу бўлсин. Еттинчи куни шаҳар атрофини етти марта айланинглар, руҳонийлар бурғуни чалиб юришсин. 4 Ўша куни бурғуларнинг узоқ чалинганини эшитиши биланоқ, ҳамма бор овози билан бақирсин. Шунда шаҳарнинг деворлари қулайди, ҳамма шаҳарга ҳужум қилиб, тўғри кириб бораверади.” 5 Ёшуа руҳонийларни чақириб, уларга шундай деди: “Аҳд сандиғини кўтаринглар, еттитангиз эса биттадан бурғу олиб, Эгамизнинг Аҳд сандиғи олдида юринг.” 6 Одамларга эса: “Бориб, шаҳарни айланинглар, қуролланган жангчиларнинг ҳаммаси Эгамизнинг Сандиғи олдида борсин”, — деди.
7 Ёшуа халққа буюргандай, Эгамиз олдида еттита руҳоний бурғуларни чалиб боришар, Эгамизнинг Аҳд сандиғи эса уларнинг орқасидан борарди. 8 Қуролланган кишилар бурғу чалаётган руҳонийлар олдидан боришди, Сандиқнинг орқасидан эса қоровуллар бўлинмаси борди. Бурғулар тўхтамай чалиниб турар эди. 9 Ёшуа халққа шундай деган эди: “Мен айтмагунимча, сизлар бақирманг, овозингизни чиқарманг. Мен сизларга, бақиринглар, деб айтган кундагина бақирасизлар.” 10 Эгамизнинг Сандиғи шаҳарни бир марта айланиб келди. Улар қароргоҳга қайтиб келиб, тунни ўша ерда ўтказишди.
11 Ёшуа эртасига саҳарда турди, руҳонийлар яна Эгамизнинг Сандиғини кўтаришди. 12 Еттита бурғуни кўтарган етти руҳоний Эгамиз Сандиғининг олдида боришди. Улар бурғуларни тўхтамай чалишарди. Қуролланган кишилар эса уларнинг олдида боришарди. Эгамизнинг Сандиғи орқасида эса қоровуллар бўлинмаси борарди, бурғулар тўхтамай чалинаётган эди. 13 Иккинчи куни ҳам улар шаҳар атрофини бир марта айланиб, қароргоҳга қайтиб келишди. Улар олти кун шундай қилдилар.
14 Еттинчи куни эрта тонгда туриб, олдингидай шаҳарнинг атрофини айландилар, фақат ўша куни етти марта айланишди. 15 Еттинчи марта айланаётганда, руҳонийлар бурғуни чалар экан, Ёшуа одамларга шундай деди: “Бақиринглар, чунки Эгамиз шаҳарни бизга берган. 16 Шаҳар аҳолисию шаҳар ичидаги ҳамма нарса Эгамизга бағишланиб, йўқ қилинсин . Фақат фоҳиша Раҳоба ва унинг хонадон аҳли тирик қолади, чунки у биз юборган айғоқчиларни яширган эди. 17 Сизлар эса Эгамизга бағишланган нарсаларнинг ҳеч бирига яқинлашманг, тағин ўша нарсаларни олиб, ўзингизни ҳалок қилманг. Исроил халқининг қароргоҳига кулфат келтирманг, қароргоҳ вайрон бўлмасин. 18 Чунки барча олтин, кумуш, ҳамма бронза ва темирдан ясалган идишлар Эгамизга бағишлангандир. Улар Эгамизнинг хазинасига келтирилсин.” 19 Руҳонийлар бурғуларни чалдилар. Халқ бурғу товушини эшитиши биланоқ баланд овоз билан бақирган эди, бутун шаҳар деворлари қулаб тушди. Исроил жангчилари турган жойларидан тўғри шаҳарга кириб, унга ҳужум қилишди. Исроил жангчилари шаҳарни қўлга киритишди. 20 Улар шаҳардаги ҳаммани, эркагу аёлларни, ёшу қариларни, мол–қўй, эшакларни — бутун жонзотни қириб ташладилар.
21 Ёшуа ўша ерни текшириб келган икки кишига айтди: “Фоҳишанинг уйига боринглар. Ичган онтингизга амал қилиб, у билан уйидагиларининг ҳаммасини олиб чиқинг.” 22 Айғоқчилик қилган кишилар бориб, Раҳобани, унинг ота–онасини, ака–укаларини, ҳамма қариндошларини шаҳардан олиб чиқиб, уларни Исроил қароргоҳининг ёнига, хавфсиз жойга келтирдилар . 23 Исроил жангчилари шаҳарни унинг ичидаги бор нарсаси билан ёндириб ташладилар. Фақат олтин, кумуш, бронза ва темирдан ясалган идишларни Эгамизнинг уйи хазинасига келтирдилар. 24 Фоҳиша Раҳоба ва унинг ҳамма қариндошларини Ёшуа сақлаб қолди, чунки Ёшуа Ерихони текшириб келиш учун юборган айғоқчиларни у яширган эди. Унинг хонадони ўшандан бери Исроилда яшайди .
25 Кейин Ёшуа қасам ичиб, қуйидагиларни айтди:

“Ерихо шаҳрини қайта қурмоқчи бўлган одам
Эгамиз олдида лаънати бўлсин!
У ўз тўнғич ўғлининг жони эвазига шаҳар пойдеворин ётқизар,
Кенжа ўғлининг жони эвазига дарвозалар ўрнатар!”

26 Эгамиз Ёшуа билан бирга эди. Ёшуанинг шуҳрати бутун юртга ёйилди.