2–BOB
Yoshua Yerixoga aygʻoqchilarni yuboradi
1 Yoshua Shitimdagi qarorgohdan ikki kishini yashirincha aygʻoqchi qilib yubordi. Yuborishdan oldin ularga: “Borib, Kanʼon yurtini, ayniqsa, Yerixo shahrini yaxshilab koʻrib kelinglar”, dedi. Aygʻoqchilar Yerixoga ketishdi. Borib, Rahoba ismli bir fohishaning uyida tunab qolishdi. 2 Yerixo shohiga: “Bugun kechqurun Isroil xalqidan bir nechtasi butun yurtimizni tekshirish uchun kelishibdi” degan xabar yetib bordi. 3 Shunda shoh Rahobaga xabar yuborib: “Yurtimizni tekshirishga kelgan kishilar sening uyingga kiribdi. Endi ularni tashqariga olib chiq”, deb buyurdi. 4 Lekin ayol oʻsha kishilarni yashirib qoʻygan edi. U shohning odamlariga shunday dedi: “Toʻgʻri, oʻsha kishilar menikiga kelgan edi, lekin ularning qayerdan kelganini bilmagandim. 5 Kech tushib, shahar darvozasi yopilishidan oldin ular chiqib ketishdi. U kishilar qayerga ketganini bilmayman. Agar tez orqasidan borsangiz, ularni ushlashingiz mumkin.” 6 Aslida Rahoba ularni tomga olib chiqib, quritish uchun yoyib qoʻyilgan zigʻir bogʻlamlari tagiga yashirib qoʻygan edi. 7 Shohning odamlari shahardan chiqib ketishi bilanoq, shahar darvozasi yopildi . Ular aygʻoqchilarni qidirib, Iordan daryosining kechuv joyigacha borishdi.
8 Aygʻoqchilar uxlashga yotishdan oldin Rahoba tomga chiqib, 9 ularga shunday dedi: “Egangiz bizning yurtimizni sizlarga berganligini bilaman. Butun xalqimiz bilan sizlardan qoʻrqib qolganmiz. Shu yerda yashaydiganlarning hammasi sizlar haqingizda eshitib vahimaga tushgan. 10 Biz eshitdik, sizlar Misrdan chiqqaningizdan keyin, Egangiz oldingizda Qizil dengiz suvlarini quritibdi. Iordanning sharq tomonidagi Amor xalqining shohlari Oʻg va Sixoʻnni nima qilganingizni, ularning odamlarini butunlay qirib tashlaganingizni ham eshitdik. 11 Bu voqealar haqida eshitishimiz bilanoq yuraklarimiz orqaga tortib ketdi, sizlardan qoʻrqqanimiz uchun jasoratimizdan asar ham qolmadi. Chunki Egangiz Xudo yeru samodagi Xudodir. 12 Men sizlarga marhamat koʻrsatdim. Endi shuning uchun Egangiz haqi qasam ichib, sening oilangga ham mehribonlik qilamiz, deb kafolat bering. 13 Mana shu kafolat ota–onam, aka–ukam, opa–singillarim va ularga qarashli boʻlganlarni saqlab qolishingizni, bizni oʻlimdan qutqarishingizni bildirsin.” 14 Aygʻoqchilar unga shunday deyishdi: “Agar biz haqimizda hech kimga aytmasang, Egamiz bizga shu yerni berganda, sen va sening oilangga marhamat koʻrsatamiz, deb vaʼda beramiz. Sizlarga biror narsa boʻlsa, Xudo jonimizni olsin.”
15 Rahobaning uyi shahar devorlariga taqalib qurilganligi uchun , derazasi shahardan tashqariga qarab turgan edi. Rahoba mana shu derazadan arqon tushirib, aygʻoqchilarning qochishiga yordam berdi. 16 Ular ketishidan oldin, Rahoba: “Sizlarni quvayotganlar topib olmasligi uchun qirlarga boringlar. Oʻsha yerda uch kun yashirininglar. Ular qaytib kelganlaridan keyin oʻz yoʻlingizga ketaverasiz”, — degan edi. 17-18 Aygʻoqchilar Rahobaga javoban shunday deyishgan edi: “Biz bu yerga hujum qilganimizda mana shu qizil arqonni biz tushadigan derazangga bogʻlab, osiltirib qoʻygin. Oilangdagilarning hammasi — ota–onang, aka–ukang, qarindosh–urugʻlaring uyingda boʻlishi kerak, boʻlmasa, biz senga ichgan qasamimizdan xalos boʻlamiz. 19 Birortasi eshigingdan tashqariga, koʻchaga chiqsa, oʻz oʻlimiga oʻzi javobgar boʻladi, biz gunohkor boʻlmaymiz. Lekin sen bilan uy ichida boʻlganlarga birortasi qoʻl tekkizsa, ularning oʻlimiga biz javobgar boʻlamiz. 20 Lekin mabodo biz haqimizda birovga ogʻiz ochsang, sen bizga ichtirgan qasamdan xalos boʻlamiz.” 21 Rahoba: “Sizlar nima desangiz shunday boʻlsin” degan soʻzlar bilan aygʻoqchilarni chiqarib yubordi. Ular oʻz yoʻllariga ketishdi. Keyin Rahoba qizil arqonni derazasiga bogʻlab qoʻydi.
22 Oʻsha aygʻoqchilar borib, qirlarda uch kun, ularni izlab yurganlar qaytguncha turishdi. Ularni quvib ketganlar yoʻl boʻyidagi hamma joylarni izlab ham hech kimni topa olmadilar. 23 Aygʻoqchilar qirdan qaytib tushishdi. Ular daryoni kechib oʻtib , Yoshuaning oldiga kelib, boʻlgan voqealarning hammasini unga aytib berishdi. 24 Ular Yoshuaga: “Haqiqatan ham Egamiz butun yurtni bizning qoʻlimizga bergan. U yerda yashovchilarning hammasi bizlarni deb vahimaga tushgan”, deyishdi.
2–БОБ
Ёшуа Ерихога айғоқчиларни юборади
1 Ёшуа Шитимдаги қароргоҳдан икки кишини яширинча айғоқчи қилиб юборди. Юборишдан олдин уларга: “Бориб, Канъон юртини, айниқса, Ерихо шаҳрини яхшилаб кўриб келинглар”, деди. Айғоқчилар Ерихога кетишди. Бориб, Раҳоба исмли бир фоҳишанинг уйида тунаб қолишди. 2 Ерихо шоҳига: “Бугун кечқурун Исроил халқидан бир нечтаси бутун юртимизни текшириш учун келишибди” деган хабар етиб борди. 3 Шунда шоҳ Раҳобага хабар юбориб: “Юртимизни текширишга келган кишилар сенинг уйингга кирибди. Энди уларни ташқарига олиб чиқ”, деб буюрди. 4 Лекин аёл ўша кишиларни яшириб қўйган эди. У шоҳнинг одамларига шундай деди: “Тўғри, ўша кишилар меникига келган эди, лекин уларнинг қаердан келганини билмагандим. 5 Кеч тушиб, шаҳар дарвозаси ёпилишидан олдин улар чиқиб кетишди. У кишилар қаерга кетганини билмайман. Агар тез орқасидан борсангиз, уларни ушлашингиз мумкин.” 6 Аслида Раҳоба уларни томга олиб чиқиб, қуритиш учун ёйиб қўйилган зиғир боғламлари тагига яшириб қўйган эди. 7 Шоҳнинг одамлари шаҳардан чиқиб кетиши биланоқ, шаҳар дарвозаси ёпилди . Улар айғоқчиларни қидириб, Иордан дарёсининг кечув жойигача боришди.
8 Айғоқчилар ухлашга ётишдан олдин Раҳоба томга чиқиб, 9 уларга шундай деди: “Эгангиз бизнинг юртимизни сизларга берганлигини биламан. Бутун халқимиз билан сизлардан қўрқиб қолганмиз. Шу ерда яшайдиганларнинг ҳаммаси сизлар ҳақингизда эшитиб ваҳимага тушган. 10 Биз эшитдик, сизлар Мисрдан чиққанингиздан кейин, Эгангиз олдингизда Қизил денгиз сувларини қуритибди. Иорданнинг шарқ томонидаги Амор халқининг шоҳлари Ўг ва Сихўнни нима қилганингизни, уларнинг одамларини бутунлай қириб ташлаганингизни ҳам эшитдик. 11 Бу воқеалар ҳақида эшитишимиз биланоқ юракларимиз орқага тортиб кетди, сизлардан қўрққанимиз учун жасоратимиздан асар ҳам қолмади. Чунки Эгангиз Худо еру самодаги Худодир. 12 Мен сизларга марҳамат кўрсатдим. Энди шунинг учун Эгангиз ҳақи қасам ичиб, сенинг оилангга ҳам меҳрибонлик қиламиз, деб кафолат беринг. 13 Мана шу кафолат ота–онам, ака–укам, опа–сингилларим ва уларга қарашли бўлганларни сақлаб қолишингизни, бизни ўлимдан қутқаришингизни билдирсин.” 14 Айғоқчилар унга шундай дейишди: “Агар биз ҳақимизда ҳеч кимга айтмасанг, Эгамиз бизга шу ерни берганда, сен ва сенинг оилангга марҳамат кўрсатамиз, деб ваъда берамиз. Сизларга бирор нарса бўлса, Худо жонимизни олсин.”
15 Раҳобанинг уйи шаҳар деворларига тақалиб қурилганлиги учун , деразаси шаҳардан ташқарига қараб турган эди. Раҳоба мана шу деразадан арқон тушириб, айғоқчиларнинг қочишига ёрдам берди. 16 Улар кетишидан олдин, Раҳоба: “Сизларни қуваётганлар топиб олмаслиги учун қирларга боринглар. Ўша ерда уч кун яширининглар. Улар қайтиб келганларидан кейин ўз йўлингизга кетаверасиз”, — деган эди. 17-18 Айғоқчилар Раҳобага жавобан шундай дейишган эди: “Биз бу ерга ҳужум қилганимизда мана шу қизил арқонни биз тушадиган деразангга боғлаб, осилтириб қўйгин. Оилангдагиларнинг ҳаммаси — ота–онанг, ака–уканг, қариндош–уруғларинг уйингда бўлиши керак, бўлмаса, биз сенга ичган қасамимиздан халос бўламиз. 19 Бирортаси эшигингдан ташқарига, кўчага чиқса, ўз ўлимига ўзи жавобгар бўлади, биз гуноҳкор бўлмаймиз. Лекин сен билан уй ичида бўлганларга бирортаси қўл теккизса, уларнинг ўлимига биз жавобгар бўламиз. 20 Лекин мабодо биз ҳақимизда бировга оғиз очсанг, сен бизга ичтирган қасамдан халос бўламиз.” 21 Раҳоба: “Сизлар нима десангиз шундай бўлсин” деган сўзлар билан айғоқчиларни чиқариб юборди. Улар ўз йўлларига кетишди. Кейин Раҳоба қизил арқонни деразасига боғлаб қўйди.
22 Ўша айғоқчилар бориб, қирларда уч кун, уларни излаб юрганлар қайтгунча туришди. Уларни қувиб кетганлар йўл бўйидаги ҳамма жойларни излаб ҳам ҳеч кимни топа олмадилар. 23 Айғоқчилар қирдан қайтиб тушишди. Улар дарёни кечиб ўтиб , Ёшуанинг олдига келиб, бўлган воқеаларнинг ҳаммасини унга айтиб беришди. 24 Улар Ёшуага: “Ҳақиқатан ҳам Эгамиз бутун юртни бизнинг қўлимизга берган. У ерда яшовчиларнинг ҳаммаси бизларни деб ваҳимага тушган”, дейишди.