1–BOB
Shayton Ayubni sinaydi
1 Bir vaqtlar Uz degan yurtda Ayub ismli bir odam yashar edi. Bu odam aybsiz va solih edi. U Xudodan qoʻrqardi, fosiqlikdan yuz oʻgirgan edi. 2 Uning yetti oʻgʻli va uch qizi bor edi. 3 Uning yana yetti mingta qoʻyi, uch mingta tuyasi, omochga qoʻshiladigan besh yuz juft hoʻkizi, besh yuzta eshagi va juda ham koʻp xizmatkorlari bor edi. Bu kishi sharqda yashaydiganlar orasida eng buyuk odam edi. 4 Ayubning oʻgʻillari bir–birlarining uylariga borib, ziyofatlar uyushtirishar, opa–singillarini ham mehmonga chaqirishar edi. 5 Ziyofatlar tugagandan keyin Ayub farzandlarini chaqirtirardi. “Farzandlarim yuraklarida Xudoni laʼnatlab, gunoh qilgan boʻlishlari mumkin”, deya erta tongda ularning har biri uchun kuydiriladigan qurbonliklar keltirib, ularni poklardi. Ayub har doim shunday qilar edi.
6 Bir kuni ilohiy zotlar Egamizning oldiga kelishdi. Ularning orasida shayton ham bor edi. 7 Shaytondan Egamiz:
— Qayerdan kelyapsan? — deb soʻradi.
Shayton:
— Yer yuzining u yogʻidan bu yogʻiga yurib, aylanib chiqdim, — deb javob berdi.
8 Shaytonga Egamiz shunday dedi:
— Qulim Ayubni koʻrdingmi? Yer yuzida unga oʻxshagan hech kim yoʻq. U aybsiz va solih odam. Mendan qoʻrqadi, fosiqlikdan yuz oʻgirgan.
9 Shayton shunday javob berdi:
— Ayub bekordan–bekorga Sendan qoʻrqarmidi?! 10 Uning xonadonini, oʻzini, bor narsasini himoya qilasan–ku! Har bir qilgan ishiga baraka berasan. Qara, uning mol–qoʻylari butun yurt boʻylab yoyilib ketgan. 11 Hozir undan bor narsasini olib qoʻygin–chi! U yuzingga qarab Seni laʼnatlaydi.
12 Shaytonga Egamiz shunday dedi:
— Mayli, Ayubning bor–budi senga, faqatgina uning oʻziga qarshi qoʻl koʻtarma!
Shunday qilib, shayton Egamizning huzuridan ketdi.
Ayub bor–budidan mahrum boʻladi
13 Bir kuni Ayubning farzandlari ziyofat qilib oʻtirishgan edi. Ular eng katta akalarining uyida yigʻilgandilar. 14 Ayubga bir xizmatkori quyidagi xabarni keltirdi: “Hoʻkizlaringizni omochga qoʻshib, yer haydayotgan edik. Eshaklar oldimizda oʻtlab yurgandi. 15 Bir toʻda Savoliklar bizga hujum qilishdi. Ular hamma hayvonlarni oʻgʻirlab ketishdi. Dalada ishlayotganlarning hammasini esa oʻldirishdi. Faqatgina men qochib qolishga ulgurdim. Shularni sizga aytishga keldim.” 16 U shu gaplarni aytib ulgurmasdanoq, yana bir xabarchi kelib, shunday dedi: “Osmondan yashin tushib, hamma qoʻyu choʻponlaringizni kuydirib yubordi. Faqatgina men qochib qolishga ulgurdim. Shularni sizga aytishga keldim.” 17 U gaplarini tugatmasdan turib, uchinchi xabarchi kelib shunday dedi: “Uch toʻda Xaldeylar kelib, tuyalaringizni oʻgʻirlab ketishdi. Xizmatkorlaringizni esa oʻldirishdi. Faqatgina men qochib qolishga ulgurdim. Shularni sizga aytishga keldim.” 18 U shu gaplarni aytayotgan ham ediki, yana bir xabarchi kelib dedi: “Oʻgʻil–qizlaringiz eng katta akalarining uyida ziyofat qilib oʻtirishgan edi. 19 Birdaniga choʻldan qattiq shamol turib, uyni toʻrtala tomonidan urdi. Uy qulab tushib, farzandlaringizni bosib qoldi. Ularning hammasi halok boʻldi. Faqatgina men qochib qolishga ulgurdim. Shularni sizga aytishga keldim.”
20 Ayub turib, qaygʻudan kiyimini yirtib tashladi. Keyin sochini qirib tashlab , yerga muk tushdi. 21 U shunday dedi: “Onamning qornidan yalangʻoch tushgandim, dunyodan ham yalangʻoch ketaman. Hamma narsamni Xudo bergan edi, Xudoning Oʻzi olib qoʻydi. Egamning nomiga hamdu sanolar boʻlsin!”
22 Shuncha koʻrgiliklardan keyin ham, Ayub Xudoni ayblamadi, gunoh qilmadi.
1–БОБ
Шайтон Аюбни синайди
1 Бир вақтлар Уз деган юртда Аюб исмли бир одам яшар эди. Бу одам айбсиз ва солиҳ эди. У Худодан қўрқарди, фосиқликдан юз ўгирган эди. 2 Унинг етти ўғли ва уч қизи бор эди. 3 Унинг яна етти мингта қўйи, уч мингта туяси, омочга қўшиладиган беш юз жуфт ҳўкизи, беш юзта эшаги ва жуда ҳам кўп хизматкорлари бор эди. Бу киши шарқда яшайдиганлар орасида энг буюк одам эди. 4 Аюбнинг ўғиллари бир–бирларининг уйларига бориб, зиёфатлар уюштиришар, опа–сингилларини ҳам меҳмонга чақиришар эди. 5 Зиёфатлар тугагандан кейин Аюб фарзандларини чақиртирарди. “Фарзандларим юракларида Худони лаънатлаб, гуноҳ қилган бўлишлари мумкин”, дея эрта тонгда уларнинг ҳар бири учун куйдириладиган қурбонликлар келтириб, уларни покларди. Аюб ҳар доим шундай қилар эди.
6 Бир куни илоҳий зотлар Эгамизнинг олдига келишди. Уларнинг орасида шайтон ҳам бор эди. 7 Шайтондан Эгамиз:
— Қаердан келяпсан? — деб сўради.
Шайтон:
— Ер юзининг у ёғидан бу ёғига юриб, айланиб чиқдим, — деб жавоб берди.
8 Шайтонга Эгамиз шундай деди:
— Қулим Аюбни кўрдингми? Ер юзида унга ўхшаган ҳеч ким йўқ. У айбсиз ва солиҳ одам. Мендан қўрқади, фосиқликдан юз ўгирган.
9 Шайтон шундай жавоб берди:
— Аюб бекордан–бекорга Сендан қўрқармиди?! 10 Унинг хонадонини, ўзини, бор нарсасини ҳимоя қиласан–ку! Ҳар бир қилган ишига барака берасан. Қара, унинг мол–қўйлари бутун юрт бўйлаб ёйилиб кетган. 11 Ҳозир ундан бор нарсасини олиб қўйгин–чи! У юзингга қараб Сени лаънатлайди.
12 Шайтонга Эгамиз шундай деди:
— Майли, Аюбнинг бор–буди сенга, фақатгина унинг ўзига қарши қўл кўтарма!
Шундай қилиб, шайтон Эгамизнинг ҳузуридан кетди.
Аюб бор–будидан маҳрум бўлади
13 Бир куни Аюбнинг фарзандлари зиёфат қилиб ўтиришган эди. Улар энг катта акаларининг уйида йиғилгандилар. 14 Аюбга бир хизматкори қуйидаги хабарни келтирди: “Ҳўкизларингизни омочга қўшиб, ер ҳайдаётган эдик. Эшаклар олдимизда ўтлаб юрганди. 15 Бир тўда Саволиклар бизга ҳужум қилишди. Улар ҳамма ҳайвонларни ўғирлаб кетишди. Далада ишлаётганларнинг ҳаммасини эса ўлдиришди. Фақатгина мен қочиб қолишга улгурдим. Шуларни сизга айтишга келдим.” 16 У шу гапларни айтиб улгурмасданоқ, яна бир хабарчи келиб, шундай деди: “Осмондан яшин тушиб, ҳамма қўю чўпонларингизни куйдириб юборди. Фақатгина мен қочиб қолишга улгурдим. Шуларни сизга айтишга келдим.” 17 У гапларини тугатмасдан туриб, учинчи хабарчи келиб шундай деди: “Уч тўда Халдейлар келиб, туяларингизни ўғирлаб кетишди. Хизматкорларингизни эса ўлдиришди. Фақатгина мен қочиб қолишга улгурдим. Шуларни сизга айтишга келдим.” 18 У шу гапларни айтаётган ҳам эдики, яна бир хабарчи келиб деди: “Ўғил–қизларингиз энг катта акаларининг уйида зиёфат қилиб ўтиришган эди. 19 Бирданига чўлдан қаттиқ шамол туриб, уйни тўртала томонидан урди. Уй қулаб тушиб, фарзандларингизни босиб қолди. Уларнинг ҳаммаси ҳалок бўлди. Фақатгина мен қочиб қолишга улгурдим. Шуларни сизга айтишга келдим.”
20 Аюб туриб, қайғудан кийимини йиртиб ташлади. Кейин сочини қириб ташлаб , ерга мук тушди. 21 У шундай деди: “Онамнинг қорнидан яланғоч тушгандим, дунёдан ҳам яланғоч кетаман. Ҳамма нарсамни Худо берган эди, Худонинг Ўзи олиб қўйди. Эгамнинг номига ҳамду санолар бўлсин!”
22 Шунча кўргиликлардан кейин ҳам, Аюб Худони айбламади, гуноҳ қилмади.