5–BOB
Iso sholni sogʻaytiradi
1 Bu hodisalardan keyin Iso yahudiylarning bayramini nishonlash uchun Quddusga bordi. 2 Quddusning Qoʻy darvozasi yonida bir hovuz bor edi. Bu hovuzning oramiycha nomi Baytzada boʻlib, beshta ayvoni bor edi. 3-4 Bu ayvonlarda koʻr, choʻloq va shol boʻlgan koʻp nogironlar yotar edi . 5 Bu yerda oʻttiz sakkiz yildan beri nogiron boʻlib yotgan bir kishi bor edi. 6 Iso uning yotganini koʻrdi, u uzoq vaqtdan beri xasta ekanligini Iso bilardi. Shuning uchun undan:
— Sogʻayishni istaysanmi? — deb soʻradi. 7 Nogiron odam Isoga shunday javob berdi:
— Taqsir, suv qimirlaganda meni hovuzga tushiradigan odam yoʻq. Men borgunimcha, boshqasi mendan oldin tushib oladi.
8 Iso unga shunday dedi:
— Oʻrningdan tur! Toʻshagingni olib, yur!
9 Oʻsha odam shu zahoti sogʻayib ketdi. Toʻshagini olib, yura boshladi.
Bu hodisa Shabbat kuni sodir boʻldi. 10 Shuning uchun yahudiylar sogʻayib ketgan odamga deyishdi:
— Bugun Shabbat kuni! Shu kuni toʻshakni koʻtarib yurish qonunda man etilgan!
11 U odam esa shunday javob berdi:
— Meni sogʻaytirgan Kishi menga: “Toʻshagingni olib, yur”, deb aytdi.
12 — “Toʻshagingni olib, yur”, deb aytgan Odam kim? — deb soʻradilar. 13 Shifo topgan odam esa Uning kimligini bilmas edi, u yerda xalq koʻpligidan Iso Oʻzini chetga olgan edi.
14 Keyinroq Iso u odamni Maʼbadda uchratib qolib, unga dedi:
— Mana, sen sogʻayding. Endi gunoh qilma, tagʻin boshingga bundan battar kunlar kelmasin.
15 Bu odam borib, uni sogʻaytirgan Iso ekanligini yahudiylarga aytdi. 16 Ular esa, Isoni Shabbat kunida bunday ishlar qilib yurgani uchun quvgʻin qila boshladilar . 17 Ammo Iso ularga shunday dedi:
— Mening Otam shu kungacha Oʻz ishini qilib kelyapti, Men ham Oʻz ishimni qilyapman.
18 Ana shu soʻzi uchun yahudiylar Isoni oʻldirishga yanada koʻproq harakat qilishdi. Chunki U nafaqat Shabbat qoidalarini buzdi, balki Xudoni Otam deb, Oʻzini Xudoga tenglashtirgan edi.
Oʻgʻilning hokimiyati
19 Iso yahudiylarga shunday dedi: “Sizlarga chinini aytay: Oʻgʻil Oʻzidan–Oʻzi hech narsa qila olmaydi. Faqat Otasidan koʻrgan ishlarni qiladi. Osmondagi Ota nimalarni qilsa, Oʻgʻil ham xuddi shularni qiladi. 20 Axir, Ota Oʻgʻlini yaxshi koʻradi, Oʻzi qilgan hamma ishlarni Oʻgʻliga koʻrsatadi. U Oʻgʻliga bundan ham buyukroq ishlarni koʻrsatadi, shunda hammangiz hayron qolasizlar. 21 Ota oʻliklarni tiriltirib, ularga hayot baxshida etganday, Oʻgʻil ham istagan odamiga hayot baxsh etadi. 22 Shuningdek, Ota hech kimni hukm qilmaydi, balki hukm qilish huquqini Oʻgʻliga bergan, 23 toki hamma osmondagi Otani hurmat qilganday, Oʻgʻlini ham hurmat qilsinlar. Kim Oʻgʻilni hurmat qilmasa, Uni yuborgan Otani ham hurmat qilmagan boʻladi.
24 Sizlarga chinini aytay: Mening soʻzlarimni tinglagan va Meni Yuborganga ishongan kishi abadiy hayotga egadir. U hukm qilinmaydi. Zotan, u oʻlimdan hayotga oʻtgan. 25 Sizlarga chinini aytay: oʻliklar Xudo Oʻgʻlining ovozini eshitadigan vaqt keladi, kelib qoldi ham. Oʻgʻilning ovoziga quloq solganlar tiriladi. 26 Zero, Otaning Oʻzi hayot manbai boʻlgani kabi, Oʻgʻliga ham hayot manbai boʻlish qudratini ato qildi. 27 Bundan tashqari, samoviy Ota insonlarni hukm qilish hokimiyatini Oʻgʻliga berdi, chunki U Inson Oʻgʻlidir. 28 Bunga hayron qolmanglar! Qabrda yotgan marhumlarning hammasi Inson Oʻgʻlining ovozini eshitadigan vaqt keladi. 29 Shunda oʻliklar qabrlaridan chiqadilar: yaxshilik qilganlar yashash uchun tiriladi, yomonlik qilganlar esa mahkum boʻlish uchun tiriladi.
Iso haqida Xudoning bergan guvohligi
30 Men Oʻzimdan Oʻzim hech narsa qilolmayman. Osmondagi Otam Menga qanday aytsa, shunday hukm qilaman, shuning uchun hukmim toʻgʻridir. Zotan, Men Oʻz irodamni emas, balki Meni yuborgan Otamning irodasini bajo keltirishni istayman. 31 Agar Men Oʻzim haqimda Oʻzim guvohlik bersam, Mening guvohligim haqiqiy boʻlmaydi. 32 Ammo Men haqimda guvohlik beruvchi boshqasi bor. Uning bergan guvohligi haqiqat ekanligini bilaman.
33 Sizlar Yahyoning oldiga odam yubordingizlar, u haqiqat toʻgʻrisida guvohlik berdi. 34 Garchi Men insonning guvohligiga muhtoj boʻlmasam–da, lekin bularni sizlar najot topishingiz uchun aytyapman. 35 Yahyo goʻyo yonib turib, nur sochgan bir chiroqday edi. Sizlar esa uning nurida birpas quvonmoqchi boʻldingizlar. 36 Biroq Men Yahyodan koʻra, kattaroq guvohlikka egaman. Guvohlik deb, Men tugatishim uchun osmondagi Otam bergan ishlarni nazarda tutyapman. Bularning hammasi Meni Otam yuborganidan dalolat beradi.
37 Meni yuborgan Otamning Oʻzi ham Men haqimda guvohlik berib turibdi. Sizlar esa hech qachon Uning ovozini eshitmagansiz, qiyofasini ham koʻrmagansiz. 38 Uning kalomi ham koʻnglingizdan joy olmadi, chunki sizlar U yuborgan Zotga ishonmayapsizlar. 39 Sizlar Muqaddas bitiklarni tekshirasizlar, chunki ular orqali abadiy hayotga ega boʻlamiz, deb oʻylaysizlar. Ammo oʻsha Yozuvlar Men toʻgʻrimda guvohlik beradi–ku! 40 Sizlar esa hayotga ega boʻlish uchun oldimga kelishni istamaysizlar.
41 Men insonlardan tahsin kutmayman. 42 Lekin sizlarni bilaman, qalbingizda Xudoning sevgisi yoʻq. 43 Men Otamning nomidan keldim, ammo sizlar Meni qabul qilmayapsizlar. Agar kimdir oʻz nomidan kelsa, uni qabul qilaverasizlar. 44 Sizlar bir–biringizdan tahsinlar olishni yaxshi koʻrasizlar, lekin yagona Xudoning tahsiniga sazovor boʻlishga harakat qilmaysizlar. Qanday qilib ham Menga ishona olardingiz?! 45 Men sizlarni Ota oldida ayblayman, deb oʻylamanglar. Sizlar Musoga umid bogʻlagansizlar. Musoning oʻzi sizlarni ayblaydi. 46 Agar Musoga ishonganingizda edi, Menga ham ishongan boʻlar edingizlar. Axir, u Men haqimda yozgan edi. 47 Musoning yozuvlariga ishonmagan boʻlsangiz, Mening soʻzlarimga qanday ishonasizlar?!”
5–БОБ
Исо шолни соғайтиради
1 Бу ҳодисалардан кейин Исо яҳудийларнинг байрамини нишонлаш учун Қуддусга борди. 2 Қуддуснинг Қўй дарвозаси ёнида бир ҳовуз бор эди. Бу ҳовузнинг орамийча номи Байтзада бўлиб, бешта айвони бор эди. 3-4 Бу айвонларда кўр, чўлоқ ва шол бўлган кўп ногиронлар ётар эди . 5 Бу ерда ўттиз саккиз йилдан бери ногирон бўлиб ётган бир киши бор эди. 6 Исо унинг ётганини кўрди, у узоқ вақтдан бери хаста эканлигини Исо биларди. Шунинг учун ундан:
— Соғайишни истайсанми? — деб сўради. 7 Ногирон одам Исога шундай жавоб берди:
— Тақсир, сув қимирлаганда мени ҳовузга туширадиган одам йўқ. Мен боргунимча, бошқаси мендан олдин тушиб олади.
8 Исо унга шундай деди:
— Ўрнингдан тур! Тўшагингни олиб, юр!
9 Ўша одам шу заҳоти соғайиб кетди. Тўшагини олиб, юра бошлади.
Бу ҳодиса Шаббат куни содир бўлди. 10 Шунинг учун яҳудийлар соғайиб кетган одамга дейишди:
— Бугун Шаббат куни! Шу куни тўшакни кўтариб юриш қонунда ман этилган!
11 У одам эса шундай жавоб берди:
— Мени соғайтирган Киши менга: “Тўшагингни олиб, юр”, деб айтди.
12 — “Тўшагингни олиб, юр”, деб айтган Одам ким? — деб сўрадилар. 13 Шифо топган одам эса Унинг кимлигини билмас эди, у ерда халқ кўплигидан Исо Ўзини четга олган эди.
14 Кейинроқ Исо у одамни Маъбадда учратиб қолиб, унга деди:
— Мана, сен соғайдинг. Энди гуноҳ қилма, тағин бошингга бундан баттар кунлар келмасин.
15 Бу одам бориб, уни соғайтирган Исо эканлигини яҳудийларга айтди. 16 Улар эса, Исони Шаббат кунида бундай ишлар қилиб юргани учун қувғин қила бошладилар . 17 Аммо Исо уларга шундай деди:
— Менинг Отам шу кунгача Ўз ишини қилиб келяпти, Мен ҳам Ўз ишимни қиляпман.
18 Ана шу сўзи учун яҳудийлар Исони ўлдиришга янада кўпроқ ҳаракат қилишди. Чунки У нафақат Шаббат қоидаларини бузди, балки Худони Отам деб, Ўзини Худога тенглаштирган эди.
Ўғилнинг ҳокимияти
19 Исо яҳудийларга шундай деди: “Сизларга чинини айтай: Ўғил Ўзидан–Ўзи ҳеч нарса қила олмайди. Фақат Отасидан кўрган ишларни қилади. Осмондаги Ота нималарни қилса, Ўғил ҳам худди шуларни қилади. 20 Ахир, Ота Ўғлини яхши кўради, Ўзи қилган ҳамма ишларни Ўғлига кўрсатади. У Ўғлига бундан ҳам буюкроқ ишларни кўрсатади, шунда ҳаммангиз ҳайрон қоласизлар. 21 Ота ўликларни тирилтириб, уларга ҳаёт бахшида этгандай, Ўғил ҳам истаган одамига ҳаёт бахш этади. 22 Шунингдек, Ота ҳеч кимни ҳукм қилмайди, балки ҳукм қилиш ҳуқуқини Ўғлига берган, 23 токи ҳамма осмондаги Отани ҳурмат қилгандай, Ўғлини ҳам ҳурмат қилсинлар. Ким Ўғилни ҳурмат қилмаса, Уни юборган Отани ҳам ҳурмат қилмаган бўлади.
24 Сизларга чинини айтай: Менинг сўзларимни тинглаган ва Мени Юборганга ишонган киши абадий ҳаётга эгадир. У ҳукм қилинмайди. Зотан, у ўлимдан ҳаётга ўтган. 25 Сизларга чинини айтай: ўликлар Худо Ўғлининг овозини эшитадиган вақт келади, келиб қолди ҳам. Ўғилнинг овозига қулоқ солганлар тирилади. 26 Зеро, Отанинг Ўзи ҳаёт манбаи бўлгани каби, Ўғлига ҳам ҳаёт манбаи бўлиш қудратини ато қилди. 27 Бундан ташқари, самовий Ота инсонларни ҳукм қилиш ҳокимиятини Ўғлига берди, чунки У Инсон Ўғлидир. 28 Бунга ҳайрон қолманглар! Қабрда ётган марҳумларнинг ҳаммаси Инсон Ўғлининг овозини эшитадиган вақт келади. 29 Шунда ўликлар қабрларидан чиқадилар: яхшилик қилганлар яшаш учун тирилади, ёмонлик қилганлар эса маҳкум бўлиш учун тирилади.
Исо ҳақида Худонинг берган гувоҳлиги
30 Мен Ўзимдан Ўзим ҳеч нарса қилолмайман. Осмондаги Отам Менга қандай айтса, шундай ҳукм қиламан, шунинг учун ҳукмим тўғридир. Зотан, Мен Ўз иродамни эмас, балки Мени юборган Отамнинг иродасини бажо келтиришни истайман. 31 Агар Мен Ўзим ҳақимда Ўзим гувоҳлик берсам, Менинг гувоҳлигим ҳақиқий бўлмайди. 32 Аммо Мен ҳақимда гувоҳлик берувчи бошқаси бор. Унинг берган гувоҳлиги ҳақиқат эканлигини биламан.
33 Сизлар Яҳёнинг олдига одам юбордингизлар, у ҳақиқат тўғрисида гувоҳлик берди. 34 Гарчи Мен инсоннинг гувоҳлигига муҳтож бўлмасам–да, лекин буларни сизлар нажот топишингиз учун айтяпман. 35 Яҳё гўё ёниб туриб, нур сочган бир чироқдай эди. Сизлар эса унинг нурида бирпас қувонмоқчи бўлдингизлар. 36 Бироқ Мен Яҳёдан кўра, каттароқ гувоҳликка эгаман. Гувоҳлик деб, Мен тугатишим учун осмондаги Отам берган ишларни назарда тутяпман. Буларнинг ҳаммаси Мени Отам юборганидан далолат беради.
37 Мени юборган Отамнинг Ўзи ҳам Мен ҳақимда гувоҳлик бериб турибди. Сизлар эса ҳеч қачон Унинг овозини эшитмагансиз, қиёфасини ҳам кўрмагансиз. 38 Унинг каломи ҳам кўнглингиздан жой олмади, чунки сизлар У юборган Зотга ишонмаяпсизлар. 39 Сизлар Муқаддас битикларни текширасизлар, чунки улар орқали абадий ҳаётга эга бўламиз, деб ўйлайсизлар. Аммо ўша Ёзувлар Мен тўғримда гувоҳлик беради–ку! 40 Сизлар эса ҳаётга эга бўлиш учун олдимга келишни истамайсизлар.
41 Мен инсонлардан таҳсин кутмайман. 42 Лекин сизларни биламан, қалбингизда Худонинг севгиси йўқ. 43 Мен Отамнинг номидан келдим, аммо сизлар Мени қабул қилмаяпсизлар. Агар кимдир ўз номидан келса, уни қабул қилаверасизлар. 44 Сизлар бир–бирингиздан таҳсинлар олишни яхши кўрасизлар, лекин ягона Худонинг таҳсинига сазовор бўлишга ҳаракат қилмайсизлар. Қандай қилиб ҳам Менга ишона олардингиз?! 45 Мен сизларни Ота олдида айблайман, деб ўйламанглар. Сизлар Мусога умид боғлагансизлар. Мусонинг ўзи сизларни айблайди. 46 Агар Мусога ишонганингизда эди, Менга ҳам ишонган бўлар эдингизлар. Ахир, у Мен ҳақимда ёзган эди. 47 Мусонинг ёзувларига ишонмаган бўлсангиз, Менинг сўзларимга қандай ишонасизлар?!”