1–BOB
1 Ushbu kitobda Xilqiyo oʻgʻli Yeremiyoning soʻzlari bayon etilgan. Yeremiyo Benyamin hududidagi Onotoʻt shahrida yashagan ruhoniylardan biri edi. 2 Omon oʻgʻli Yoʻshiyo Yahudoda hukmronlik qilgan davrning oʻn uchinchi yilida , Egamizning soʻzi ilk bor Yeremiyoga ayon boʻlgan edi. 3 Shundan soʻng Yahudo shohi Yoʻshiyo oʻgʻli Yohayiqim davridan tortib, to Yahudo shohi Yoʻshiyo oʻgʻli Zidqiyo hukmronligining oʻn birinchi yiligacha , Egamiz Yeremiyoga Oʻz soʻzini bir necha marta ayon qilgan edi. Zidqiyo hukmronligining oʻn birinchi yili beshinchi oyida Quddus aholisi Bobilga surgun qilindi.
Egamiz Yeremiyoni tanlaydi
4 Egamiz menga Oʻz soʻzini ayon qildi:
5 “Onang qornida senga shakl bermasimdan oldin seni bilgan edim,
Tugʻilmasingdan oldin seni Oʻzim uchun ajratib olgan edim.
Xalqlarga seni paygʻambar etib tayinlagan edim.”
6 Men Unga shunday javob qaytardim:
— Yo Egam Rabbiy! Men tuzukroq ham gapira olmayman. Hali juda yoshman.
7 Egamiz esa menga shunday dedi:
— Oʻzingni, yoshman, deb aytma! Men seni kimning oldiga yuborsam, oʻshalarning oldiga borasan. Senga amr qilgan hamma gaplarimni ularga aytasan. 8 Sen ulardan qoʻrqma. Men sen bilan birga boʻlaman, seni xalos qilaman. Buni Men, Egang, aytdim.
9 Soʻng Egamiz qoʻlini uzatib, labimga tekkizdi–yu, dedi:
— Mana, soʻzlarimni ogʻzingga solib qoʻydim. 10 Bugundan boshlab xalqlar va shohliklarni qoʻporib, yoʻq qilishing uchun, vayron qilib, agʻdarishing uchun, bunyod etib, mustahkamlashing uchun senga izn berdim.
Ikkita vahiy
11 Egamiz menga Oʻz soʻzini ayon qilib, shunday dedi:
— Ey Yeremiyo, nimani koʻryapsan?
— Bodom shoxini, — deb javob berdim men.
12 — Toʻgʻri koʻrding, — dedi Egamiz. — Bodom shoxi Mening hushyor turishimni bildiradi . Aytgan soʻzlarimni Men tez orada bajo keltiraman.
13 Egamiz menga Oʻz soʻzini yana ayon qilib dedi:
— Nimani koʻryapsan?
— Shimol tomonda qaynab turgan bir qozonni. Qozon biz tomonga agʻdarilay–agʻdarilay deb turibdi, — dedim.
14 Egamiz menga shunday dedi:
— Bu yurtning butun aholisi ustiga shimol tomondan falokat yogʻiladi.
15 Egamiz shunday demoqda: “Men shimoldagi shohliklarning barcha xalqlarini chaqirib olyapman. Ularning shohlari kelib, oʻz taxtlarini Quddus darvozalarining yoniga oʻrnatadilar. Quddus devorlarini qurshab oladilar, Yahudo shaharlarining hammasiga hujum qiladilar. 16 Shu yoʻsin Men xalqimga qarshi hukmimni eʼlon qilaman, chunki Oʻz xalqim Meni tark etib, qabihlik qildi. Ular begona xudolarga qurbonliklar keltirib, oʻz qoʻllarining ijodiga sajda qildilar. 17 Sen endi boʻla qol, belingni bogʻla. Buyurganlarimning hammasini ularga borib ayt. Ulardan qoʻrqma. Aks holda, ularning oldida seni vahimaga solaman. 18 Bugun Men seni bir qalʼaday, temir ustunday va bronza devorday mustahkam qildim. Sen butun yurtga — Yahudo shohlariga, shahzodalariga, ruhoniylariga, yurt aholisiga qarshi chiqasan. 19 Ular senga hujum qilishadi, lekin seni yenga olishmaydi. Men sen bilan birga boʻlaman, seni xalos qilaman.” Egamizning kalomi shudir.
1–БОБ
1 Ушбу китобда Хилқиё ўғли Еремиёнинг сўзлари баён этилган. Еремиё Бенямин ҳудудидаги Онотўт шаҳрида яшаган руҳонийлардан бири эди. 2 Омон ўғли Йўшиё Яҳудода ҳукмронлик қилган даврнинг ўн учинчи йилида , Эгамизнинг сўзи илк бор Еремиёга аён бўлган эди. 3 Шундан сўнг Яҳудо шоҳи Йўшиё ўғли Ёҳайиқим давридан тортиб, то Яҳудо шоҳи Йўшиё ўғли Зидқиё ҳукмронлигининг ўн биринчи йилигача , Эгамиз Еремиёга Ўз сўзини бир неча марта аён қилган эди. Зидқиё ҳукмронлигининг ўн биринчи йили бешинчи ойида Қуддус аҳолиси Бобилга сургун қилинди.
Эгамиз Еремиёни танлайди
4 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилди:
5 “Онанг қорнида сенга шакл бермасимдан олдин сени билган эдим,
Туғилмасингдан олдин сени Ўзим учун ажратиб олган эдим.
Халқларга сени пайғамбар этиб тайинлаган эдим.”
6 Мен Унга шундай жавоб қайтардим:
— Ё Эгам Раббий! Мен тузукроқ ҳам гапира олмайман. Ҳали жуда ёшман.
7 Эгамиз эса менга шундай деди:
— Ўзингни, ёшман, деб айтма! Мен сени кимнинг олдига юборсам, ўшаларнинг олдига борасан. Сенга амр қилган ҳамма гапларимни уларга айтасан. 8 Сен улардан қўрқма. Мен сен билан бирга бўламан, сени халос қиламан. Буни Мен, Эганг, айтдим.
9 Сўнг Эгамиз қўлини узатиб, лабимга теккизди–ю, деди:
— Мана, сўзларимни оғзингга солиб қўйдим. 10 Бугундан бошлаб халқлар ва шоҳликларни қўпориб, йўқ қилишинг учун, вайрон қилиб, ағдаришинг учун, бунёд этиб, мустаҳкамлашинг учун сенга изн бердим.
Иккита ваҳий
11 Эгамиз менга Ўз сўзини аён қилиб, шундай деди:
— Эй Еремиё, нимани кўряпсан?
— Бодом шохини, — деб жавоб бердим мен.
12 — Тўғри кўрдинг, — деди Эгамиз. — Бодом шохи Менинг ҳушёр туришимни билдиради . Айтган сўзларимни Мен тез орада бажо келтираман.
13 Эгамиз менга Ўз сўзини яна аён қилиб деди:
— Нимани кўряпсан?
— Шимол томонда қайнаб турган бир қозонни. Қозон биз томонга ағдарилай–ағдарилай деб турибди, — дедим.
14 Эгамиз менга шундай деди:
— Бу юртнинг бутун аҳолиси устига шимол томондан фалокат ёғилади.
15 Эгамиз шундай демоқда: “Мен шимолдаги шоҳликларнинг барча халқларини чақириб оляпман. Уларнинг шоҳлари келиб, ўз тахтларини Қуддус дарвозаларининг ёнига ўрнатадилар. Қуддус деворларини қуршаб оладилар, Яҳудо шаҳарларининг ҳаммасига ҳужум қиладилар. 16 Шу йўсин Мен халқимга қарши ҳукмимни эълон қиламан, чунки Ўз халқим Мени тарк этиб, қабиҳлик қилди. Улар бегона худоларга қурбонликлар келтириб, ўз қўлларининг ижодига сажда қилдилар. 17 Сен энди бўла қол, белингни боғла. Буюрганларимнинг ҳаммасини уларга бориб айт. Улардан қўрқма. Акс ҳолда, уларнинг олдида сени ваҳимага соламан. 18 Бугун Мен сени бир қалъадай, темир устундай ва бронза девордай мустаҳкам қилдим. Сен бутун юртга — Яҳудо шоҳларига, шаҳзодаларига, руҳонийларига, юрт аҳолисига қарши чиқасан. 19 Улар сенга ҳужум қилишади, лекин сени енга олишмайди. Мен сен билан бирга бўламан, сени халос қиламан.” Эгамизнинг каломи шудир.