19–BOB
Givo aholisi ogʻir gunoh qiladi
1 Isroilda shoh boʻlmagan oʻsha davrlarda Efrayim qirlarining kimsasiz joyida Levi qabilasidan bir odam yashardi. U Yahudo hududidagi Baytlahm shahridan bir choʻrini oʻziga xotin qilib oldi. 2 Ammo xotini unga bevafolik qilib, otasining uyiga — Yahudodagi Baytlahmga qaytib ketdi. Oradan toʻrt oy oʻtdi. 3 Levi esa u bilan yarashmoqchi boʻlib, orqasidan bordi. U oʻzi bilan xizmatkori va bir juft eshagini olgan edi. Ular xotinining qizlik uyiga yetganlarida, levining qaynatasi ularni xursand boʻlib qarshilab oldi. 4 U qoʻymay, ularni uyida uch kun mehmon qildi. Ular yeb–ichib, u yerda tunadilar. 5 Toʻrtinchi kuni levi barvaqt turib yoʻlga shaylandi. Qaynatasi esa unga: “Yoʻlga chiqishdan oldin choy–poy ichib oling, oʻgʻlim, quvvat boʻladi, keyin ketarsizlar”, — dedi. 6 Shunda ular oʻtirib, birga yeb–ichishdi. Keyin qizning otasi: “Bugun ham qolib dam olsangizlar boʻlardi”, — dedi. 7 Levi ketmoqchi boʻlib oʻrnidan turganda ham uni yana qoʻyarda–qoʻymay uyida olib qoldi. 8 Beshinchi kuni levi ketmoqchi boʻlib erta bilan saharda turganda, qizning otasi unga: “Choy–poy ichib oling, kechroq ketarsizlar”, — dedi. Ular oʻtirib yeb–ichishdi.
9 Levi xotini va xizmatkori bilan ketmoqchi boʻlib dasturxondan turganda, qaynatasi unga shunday dedi: “Qarang, oʻgʻlim, kech boʻlib qoldi. Shu yerda tunab qolaqolinglar. Kun ham ogʻib qolibdi. Bu yerda qolib, damingizni olinglar. Ertaga esa saharda turib uylaringizga ketarsizlar.”
10 Levi koʻnmay yoʻlga tushdi. Xotini va xurjun ortilgan bir juft eshagi bilan yoʻl yurib Yobus shahriga, yaʼni Quddusga yetib oldi. 11 Ular Yobusga yaqinlashganlarida kech kirib qolgandi. Xizmatkor xoʻjayiniga dedi: “Keling, Yobus xalqining shahriga kirib, u yerda tunab qolaylik.” 12 “Yoʻq, — dedi xoʻjayin. — Isroil xalqiga yot boʻlgan begonalarning shahriga kirmaymiz, undan koʻra, yoʻlimizni davom qilib, Givoga boramiz.” 13 Levi gapida davom etib xizmatkoriga dedi: “Kel, ikkovidan biriga — Givoga yoki Ramaga yetib olishga harakat qilaylik.” 14 Ular yoʻlda davom etib, kunbotar paytida Benyamin qabilasiga qarashli Givo shahriga yaqinlashib qolishdi. 15 Soʻng Givoda tunab qolmoqchi boʻlib, shahar tomon yoʻl olishdi–da, borib shaharning maydonida oʻtirishdi, ammo hech kim ularni tunash uchun uyiga taklif qilmadi.
16 Oqshom kirganda, bir chol daladagi ishlarini tugatib qaytib kelayotgan edi. Givoda yashayotgan aholining aksariyat qismi Benyamin qabilasidan edi, ammo bu chol Givoga Efrayim qirlaridan kelib, endi shu yerlarda istiqomat qilayotgan edi. 17 Chol shahar maydonida oʻtirgan musofirlarni koʻrib:
— Qayerdan kelib, qayerga ketyapsizlar? — deb soʻradi.
18 Levi shunday javob berdi:
— Biz Yahudodagi Baytlahmga borgan edik, endi esa uyimizga — Efrayim qirlaridagi olis qishlogʻimizga qaytib ketyapmiz. Yoʻlda Egamizning uyini ham ziyorat qilib ketmoqchimiz, ammo bu yerdagilarning birontasi ham tunab qolishimiz uchun bizni uyiga taklif qilmayapti. 19 Bizga turar joydan boʻlak hech narsa kerak emas. Oʻzimiz uchun non va sharobimiz bor. Eshaklarimizga ham yem–xashak gʻamlab kelganmiz.
20 — Uyimga marhamat qilinglar, — dedi chol. — Men hamma kamchiliklaringizning gʻamini yeyman. Faqat koʻchada qolmasangizlar, bas!
21 Chol ularni uyiga olib borib, eshaklariga yem berdi. Soʻng mezbonu mehmonlar oyoqlarini yuvib ovqatlanishdi.
22 Ular dam olib oʻtirganlarida, birdaniga shaharning yaramas odamlari uyni oʻrab olishdi–da, eshikni tars–turs urib:
— Sening uyingga kelgan odamni bu yoqqa chiqar, biz u bilan birga boʻlishni istaymiz! — deya uy egasiga doʻq urishdi.
23 Uyning egasi — chol ularning oldilariga chiqib:
— Yoʻq ukalarim, bunday jirkanch ish qilmanglar! — deb oʻtindi. — Bunday sharmandalik qilmanglar, axir, u mening mehmonim–ku. 24 Mana, mening bokira qizim va u kishining xotini bor. Men ularni sizlarning oldingizga olib chiqay, ularni nima qilsangiz qilinglar, ammo bu odam bilan bunday xunuk ish qilmanglar.
25 Lekin odamlar cholning gaplariga quloq solishmadi. Shunda levi xotinini itarib, ularning oldilariga chiqarib yubordi. Ular ayol bilan yotib, ertalabgacha uni zoʻrlashdi. Tong yorishayotganda esa qoʻyib yuborishdi. 26 Saharda ayol kelib, xoʻjayini tunab qolgan cholning eshigi oldida yiqildi va tong otguncha u yerda qoldi.
27 Ertalab xoʻjayini yoʻlga chiqmoqchi boʻlib, eshiklarni ochdi. Qarasa, eshik tagida xotini qoʻllarini ostonaga uzatib yotgan ekan. 28 “Qani, tura qol, boʻl, ketyapmiz”, — dedi u. Lekin javob boʻlmadi . Keyin u xotinini eshagiga ortib, uyiga yoʻl oldi. 29 U uyiga yetib kelgach, pichoq bilan xotinining jasadini oʻn ikki qismga boʻldi. Boʻlaklarni butun Isroil boʻylab Isroilning oʻn ikki qabilasiga yubordi. 30 Buni koʻrgan har bir odam shunday deb aytardi: “Isroil xalqi Misrdan chiqqanidan beri bunday vahshiy hodisa sodir boʻlmagan. Endi oʻylab koʻraylik, mulohaza qilib hukm chiqaraylik!”
19–БОБ
Гиво аҳолиси оғир гуноҳ қилади
1 Исроилда шоҳ бўлмаган ўша даврларда Эфрайим қирларининг кимсасиз жойида Леви қабиласидан бир одам яшарди. У Яҳудо ҳудудидаги Байтлаҳм шаҳридан бир чўрини ўзига хотин қилиб олди. 2 Аммо хотини унга бевафолик қилиб, отасининг уйига — Яҳудодаги Байтлаҳмга қайтиб кетди. Орадан тўрт ой ўтди. 3 Леви эса у билан ярашмоқчи бўлиб, орқасидан борди. У ўзи билан хизматкори ва бир жуфт эшагини олган эди. Улар хотинининг қизлик уйига етганларида, левининг қайнатаси уларни хурсанд бўлиб қаршилаб олди. 4 У қўймай, уларни уйида уч кун меҳмон қилди. Улар еб–ичиб, у ерда тунадилар. 5 Тўртинчи куни леви барвақт туриб йўлга шайланди. Қайнатаси эса унга: “Йўлга чиқишдан олдин чой–пой ичиб олинг, ўғлим, қувват бўлади, кейин кетарсизлар”, — деди. 6 Шунда улар ўтириб, бирга еб–ичишди. Кейин қизнинг отаси: “Бугун ҳам қолиб дам олсангизлар бўларди”, — деди. 7 Леви кетмоқчи бўлиб ўрнидан турганда ҳам уни яна қўярда–қўймай уйида олиб қолди. 8 Бешинчи куни леви кетмоқчи бўлиб эрта билан саҳарда турганда, қизнинг отаси унга: “Чой–пой ичиб олинг, кечроқ кетарсизлар”, — деди. Улар ўтириб еб–ичишди.
9 Леви хотини ва хизматкори билан кетмоқчи бўлиб дастурхондан турганда, қайнатаси унга шундай деди: “Қаранг, ўғлим, кеч бўлиб қолди. Шу ерда тунаб қолақолинглар. Кун ҳам оғиб қолибди. Бу ерда қолиб, дамингизни олинглар. Эртага эса саҳарда туриб уйларингизга кетарсизлар.”
10 Леви кўнмай йўлга тушди. Хотини ва хуржун ортилган бир жуфт эшаги билан йўл юриб Ёбус шаҳрига, яъни Қуддусга етиб олди. 11 Улар Ёбусга яқинлашганларида кеч кириб қолганди. Хизматкор хўжайинига деди: “Келинг, Ёбус халқининг шаҳрига кириб, у ерда тунаб қолайлик.” 12 “Йўқ, — деди хўжайин. — Исроил халқига ёт бўлган бегоналарнинг шаҳрига кирмаймиз, ундан кўра, йўлимизни давом қилиб, Гивога борамиз.” 13 Леви гапида давом этиб хизматкорига деди: “Кел, икковидан бирига — Гивога ёки Рамага етиб олишга ҳаракат қилайлик.” 14 Улар йўлда давом этиб, кунботар пайтида Бенямин қабиласига қарашли Гиво шаҳрига яқинлашиб қолишди. 15 Сўнг Гивода тунаб қолмоқчи бўлиб, шаҳар томон йўл олишди–да, бориб шаҳарнинг майдонида ўтиришди, аммо ҳеч ким уларни тунаш учун уйига таклиф қилмади.
16 Оқшом кирганда, бир чол даладаги ишларини тугатиб қайтиб келаётган эди. Гивода яшаётган аҳолининг аксарият қисми Бенямин қабиласидан эди, аммо бу чол Гивога Эфрайим қирларидан келиб, энди шу ерларда истиқомат қилаётган эди. 17 Чол шаҳар майдонида ўтирган мусофирларни кўриб:
— Қаердан келиб, қаерга кетяпсизлар? — деб сўради.
18 Леви шундай жавоб берди:
— Биз Яҳудодаги Байтлаҳмга борган эдик, энди эса уйимизга — Эфрайим қирларидаги олис қишлоғимизга қайтиб кетяпмиз. Йўлда Эгамизнинг уйини ҳам зиёрат қилиб кетмоқчимиз, аммо бу ердагиларнинг биронтаси ҳам тунаб қолишимиз учун бизни уйига таклиф қилмаяпти. 19 Бизга турар жойдан бўлак ҳеч нарса керак эмас. Ўзимиз учун нон ва шаробимиз бор. Эшакларимизга ҳам ем–хашак ғамлаб келганмиз.
20 — Уйимга марҳамат қилинглар, — деди чол. — Мен ҳамма камчиликларингизнинг ғамини ейман. Фақат кўчада қолмасангизлар, бас!
21 Чол уларни уйига олиб бориб, эшакларига ем берди. Сўнг мезбону меҳмонлар оёқларини ювиб овқатланишди.
22 Улар дам олиб ўтирганларида, бирданига шаҳарнинг ярамас одамлари уйни ўраб олишди–да, эшикни тарс–турс уриб:
— Сенинг уйингга келган одамни бу ёққа чиқар, биз у билан бирга бўлишни истаймиз! — дея уй эгасига дўқ уришди.
23 Уйнинг эгаси — чол уларнинг олдиларига чиқиб:
— Йўқ укаларим, бундай жирканч иш қилманглар! — деб ўтинди. — Бундай шармандалик қилманглар, ахир, у менинг меҳмоним–ку. 24 Мана, менинг бокира қизим ва у кишининг хотини бор. Мен уларни сизларнинг олдингизга олиб чиқай, уларни нима қилсангиз қилинглар, аммо бу одам билан бундай хунук иш қилманглар.
25 Лекин одамлар чолнинг гапларига қулоқ солишмади. Шунда леви хотинини итариб, уларнинг олдиларига чиқариб юборди. Улар аёл билан ётиб, эрталабгача уни зўрлашди. Тонг ёришаётганда эса қўйиб юборишди. 26 Саҳарда аёл келиб, хўжайини тунаб қолган чолнинг эшиги олдида йиқилди ва тонг отгунча у ерда қолди.
27 Эрталаб хўжайини йўлга чиқмоқчи бўлиб, эшикларни очди. Қараса, эшик тагида хотини қўлларини остонага узатиб ётган экан. 28 “Қани, тура қол, бўл, кетяпмиз”, — деди у. Лекин жавоб бўлмади . Кейин у хотинини эшагига ортиб, уйига йўл олди. 29 У уйига етиб келгач, пичоқ билан хотинининг жасадини ўн икки қисмга бўлди. Бўлакларни бутун Исроил бўйлаб Исроилнинг ўн икки қабиласига юборди. 30 Буни кўрган ҳар бир одам шундай деб айтарди: “Исроил халқи Мисрдан чиққанидан бери бундай ваҳший ҳодиса содир бўлмаган. Энди ўйлаб кўрайлик, мулоҳаза қилиб ҳукм чиқарайлик!”