13–BOB
Shimshoʻnning tugʻilishi
1 Isroil xalqi yana Egamizning oldida qabih ishlar qilgani uchun, Egamiz ularni qirq yilga Filist xalqining qoʻliga berdi.
2 Oʻsha zamonda Zoroxlik bir odam bor edi. U Dan qabilasidan boʻlib, ismi Monuvax edi. Uning xotini bepusht boʻlib, farzandi yoʻq edi. 3 Bir kuni Egamizning farishtasi ayolga zohir boʻlib shunday dedi: “Sen shu paytgacha bola koʻrishga ojiz eding, ammo koʻp oʻtmay sen homilador boʻlib, oʻgʻil tugʻasan. 4 Sharob va oʻtkir ichimliklarni endi icha koʻrma, harom narsani ham yema, 5 chunki sen homilador boʻlib, oʻgʻil koʻrasan. Bola tugʻilishi bilanoq Xudoga nazr qilingay , shuning uchun bolaning boshiga ustara tegmasin. Isroilni Filistlarning qoʻlidan ozod qilishni boshlaydigan oʻshadir.” 6 Keyin ayol erining oldiga borib dedi: “Oldimga Xudoning bir odami keldi, uning koʻrinishi xuddi Xudoning farishtasiga oʻxshagan juda qoʻrqinchli edi. Uning qayerdan kelganini soʻramabman. Oʻzi ham menga ismini aytmadi. 7 Uning gapiga qaraganda, men homilador boʻlib, oʻgʻil koʻrar ekanman. Bola tugʻilishi bilanoq bir umrga Xudoga nazr qilinar ekan, shuning uchun men sharobni ham, oʻtkir ichimlikni ham, harom narsani ham ogʻzimga olishim mumkin emas ekan.”
8 “Yo Rabbiy, — deya Egamizga yolvordi Monuvax, — oʻsha odamingni yana oldimizga yuborishingni iltijo qilib soʻrayman. U kelib, boʻlajak oʻgʻlimizga nima qilishimiz kerakligini oʻrgatib ketsin.”
9 Monuvaxning ibodati ijobat boʻldi. Ayol dalada oʻtirgan bir paytda Xudoning farishtasi yana ayolning oldiga keldi. Ammo oʻsha paytda Monuvax u yerda yoʻq edi. 10 Ayol shoshib–pishib erining oldiga yugurdi–da: “Tunov kun oldimga kelgan odam yana menga zohir boʻldi!” — deb aytdi. 11 Monuvax turib xotiniga ergashdi. Oʻsha odamning oldiga kelib:
— Bu ayolga gapirgan sizmidingiz? — deb soʻradi.
— Ha, men edim, — deya javob berdi u.
12 — Aytganlaringiz amalga oshganidan soʻng, bola qay tarzda yashashi kerak? U nima ish qiladi? — deb soʻradi Monuvax.
13 Egamizning farishtasi Monuvaxga shunday deb javob berdi:
— Xotining aytganlarimning hammasini soʻzsiz bajarsin. 14 Uzumdan tayyorlangan bironta narsani ham ogʻziga olmasin. Sharob va oʻtkir ichimliklarni ichmasin, hech qanday harom narsa yemasin. Aytganlarimning hammasiga rioya qilsin.
15 Monuvax Egamizning farishtasiga:
— Bir oz kutib tursangiz, sizga bir uloqcha tayyorlab bersam, — dedi.
16 — Kutganim bilan, baribir, taomingni yemayman, — dedi Egamizning farishtasi. — Lekin uloqchani kuydiriladigan qurbonlik qilmoqchi boʻlsang, uni Egamizga baxshida et.
Monuvax u Egamizning farishtasi ekanligini bilmagandi.
17 Keyin Monuvax Egamizning farishtasiga:
— Bizga ismingizni ayting. Toki aytganlaringiz roʻyobga chiqqanda, sizni duo qilib yuraylik, — dedi.
18 Egamizning farishtasi esa:
— Nega ismimni soʻrayapsan? Aytganim bilan baribir unga aqling yetmaydi, — dedi.
19 Monuvax Egamizga atab, uloqchani katta bir toshning ustida qurbonlik qilib kuydirdi, unga qoʻshib don nazri ham kuydirdi. Shu onda Monuvax va uning xotini oldida Egamiz ajoyib bir moʻjiza yaratdi: 20 qurbongoh alangasi osmonga chirmashayotgan edi. Egamizning farishtasi ham alangaga qoʻshilib yuqoriga koʻtarilib ketdi. Buni koʻrgan Monuvax bilan xotini yerga muk tushishdi. 21 Farishta koʻzdan gʻoyib boʻldi–yu, boshqa ularga koʻrinmadi. Shundan keyin Monuvax oʻsha odam Egamizning farishtasi ekanligini angladi. 22 Monuvax xotiniga:
— Biz oʻlamiz, chunki biz Xudoni koʻrdik! — dedi.
23 — Agar Egamiz bizni oʻldirmoqchi boʻlganda, don nazri va qurbonligimizni qabul qilmagan boʻlardi, — dedi xotini. — Bu moʻjizalarni bizga koʻrsatib, bunday narsalarni aytib oʻtirmagan boʻlardi.
24 Ayol oʻgʻil koʻrdi, uning ismini Shimshoʻn qoʻydi. Bola katta boʻldi, Xudo esa uni yorlaqadi. 25 Shimshoʻn Zorox bilan Eshtoyoʻl shaharlari orasidagi Dan qabilasining qarorgohida boʻlganda, Egamizning Ruhi uni boshqara boshladi.
13–БОБ
Шимшўннинг туғилиши
1 Исроил халқи яна Эгамизнинг олдида қабиҳ ишлар қилгани учун, Эгамиз уларни қирқ йилга Филист халқининг қўлига берди.
2 Ўша замонда Зорохлик бир одам бор эди. У Дан қабиласидан бўлиб, исми Монувах эди. Унинг хотини бепушт бўлиб, фарзанди йўқ эди. 3 Бир куни Эгамизнинг фариштаси аёлга зоҳир бўлиб шундай деди: “Сен шу пайтгача бола кўришга ожиз эдинг, аммо кўп ўтмай сен ҳомиладор бўлиб, ўғил туғасан. 4 Шароб ва ўткир ичимликларни энди ича кўрма, ҳаром нарсани ҳам ема, 5 чунки сен ҳомиладор бўлиб, ўғил кўрасан. Бола туғилиши биланоқ Худога назр қилингай , шунинг учун боланинг бошига устара тегмасин. Исроилни Филистларнинг қўлидан озод қилишни бошлайдиган ўшадир.” 6 Кейин аёл эрининг олдига бориб деди: “Олдимга Худонинг бир одами келди, унинг кўриниши худди Худонинг фариштасига ўхшаган жуда қўрқинчли эди. Унинг қаердан келганини сўрамабман. Ўзи ҳам менга исмини айтмади. 7 Унинг гапига қараганда, мен ҳомиладор бўлиб, ўғил кўрар эканман. Бола туғилиши биланоқ бир умрга Худога назр қилинар экан, шунинг учун мен шаробни ҳам, ўткир ичимликни ҳам, ҳаром нарсани ҳам оғзимга олишим мумкин эмас экан.”
8 “Ё Раббий, — дея Эгамизга ёлворди Монувах, — ўша одамингни яна олдимизга юборишингни илтижо қилиб сўрайман. У келиб, бўлажак ўғлимизга нима қилишимиз кераклигини ўргатиб кетсин.”
9 Монувахнинг ибодати ижобат бўлди. Аёл далада ўтирган бир пайтда Худонинг фариштаси яна аёлнинг олдига келди. Аммо ўша пайтда Монувах у ерда йўқ эди. 10 Аёл шошиб–пишиб эрининг олдига югурди–да: “Тунов кун олдимга келган одам яна менга зоҳир бўлди!” — деб айтди. 11 Монувах туриб хотинига эргашди. Ўша одамнинг олдига келиб:
— Бу аёлга гапирган сизмидингиз? — деб сўради.
— Ҳа, мен эдим, — дея жавоб берди у.
12 — Айтганларингиз амалга ошганидан сўнг, бола қай тарзда яшаши керак? У нима иш қилади? — деб сўради Монувах.
13 Эгамизнинг фариштаси Монувахга шундай деб жавоб берди:
— Хотининг айтганларимнинг ҳаммасини сўзсиз бажарсин. 14 Узумдан тайёрланган биронта нарсани ҳам оғзига олмасин. Шароб ва ўткир ичимликларни ичмасин, ҳеч қандай ҳаром нарса емасин. Айтганларимнинг ҳаммасига риоя қилсин.
15 Монувах Эгамизнинг фариштасига:
— Бир оз кутиб турсангиз, сизга бир улоқча тайёрлаб берсам, — деди.
16 — Кутганим билан, барибир, таомингни емайман, — деди Эгамизнинг фариштаси. — Лекин улоқчани куйдириладиган қурбонлик қилмоқчи бўлсанг, уни Эгамизга бахшида эт.
Монувах у Эгамизнинг фариштаси эканлигини билмаганди.
17 Кейин Монувах Эгамизнинг фариштасига:
— Бизга исмингизни айтинг. Токи айтганларингиз рўёбга чиққанда, сизни дуо қилиб юрайлик, — деди.
18 Эгамизнинг фариштаси эса:
— Нега исмимни сўраяпсан? Айтганим билан барибир унга ақлинг етмайди, — деди.
19 Монувах Эгамизга атаб, улоқчани катта бир тошнинг устида қурбонлик қилиб куйдирди, унга қўшиб дон назри ҳам куйдирди. Шу онда Монувах ва унинг хотини олдида Эгамиз ажойиб бир мўъжиза яратди: 20 қурбонгоҳ алангаси осмонга чирмашаётган эди. Эгамизнинг фариштаси ҳам алангага қўшилиб юқорига кўтарилиб кетди. Буни кўрган Монувах билан хотини ерга мук тушишди. 21 Фаришта кўздан ғойиб бўлди–ю, бошқа уларга кўринмади. Шундан кейин Монувах ўша одам Эгамизнинг фариштаси эканлигини англади. 22 Монувах хотинига:
— Биз ўламиз, чунки биз Худони кўрдик! — деди.
23 — Агар Эгамиз бизни ўлдирмоқчи бўлганда, дон назри ва қурбонлигимизни қабул қилмаган бўларди, — деди хотини. — Бу мўъжизаларни бизга кўрсатиб, бундай нарсаларни айтиб ўтирмаган бўларди.
24 Аёл ўғил кўрди, унинг исмини Шимшўн қўйди. Бола катта бўлди, Худо эса уни ёрлақади. 25 Шимшўн Зорох билан Эштойўл шаҳарлари орасидаги Дан қабиласининг қароргоҳида бўлганда, Эгамизнинг Руҳи уни бошқара бошлади.