8–BOB
Ezra bilan birga surgundan qaytib kelgan odamlar
1 Shoh Artaxshas hukmronligi davrida men bilan birga Bobildan ketgan urugʻboshilar va ular bilan birga roʻyxatga olinganlar quyidagilar edi:
2-3 Finxaz urugʻidan — Gershom.
Itamar urugʻidan — Doniyor.
Dovud urugʻidan — Shaxaniyo naslidan boʻlgan Xattush.
Paroʻsh urugʻidan — Zakariyo va u bilan birga roʻyxatga olingan 150 nafar erkak.
4 Paxatmoʻab urugʻidan — Zaraxiyo oʻgʻli Elixoʻnay va u bilan birga 200 nafar erkak.
5 Zattu urugʻidan — Yaxaziyol oʻgʻli Shaxaniyo va u bilan birga 300 nafar erkak.
6 Adin urugʻidan — Yoʻnatan oʻgʻli Evid va u bilan birga 50 nafar erkak.
7 Elam urugʻidan — Otaliyo oʻgʻli Yeshayo va u bilan birga 70 nafar erkak.
8 Shafatiyo naslidan — Mikoyil oʻgʻli Zabadiyo va u bilan birga 80 nafar erkak.
9 Yoʻab naslidan — Yoxiyol oʻgʻli Obodiyo va u bilan birga 218 nafar erkak.
10 Banix urugʻidan — Yoʻsifiyo oʻgʻli Shalumit va u bilan birga 160 nafar erkak.
11 Boʻvay urugʻidan — Boʻvay oʻgʻli Zakariyo va u bilan birga 28 nafar erkak.
12 Ozgad urugʻidan — Xakkatan oʻgʻli Yoʻxanon va u bilan birga 110 nafar erkak.
13 Odonixam urugʻidan — Elifalet, Yaviyol, Shamayo va ular bilan birga 60 nafar erkak. Elifalet, Yaviyol va Shamayo qarindoshlari orasidan eng oxirgi boʻlib qaytib keldilar .
14 Bigʻvay urugʻidan — Utay, Zakkur va ular bilan birga 70 nafar erkak.
Ezra Maʼbadda xizmat qilish uchun levilarni chaqirtiradi
15 Men ularni Ohabo shahriga oqib boradigan daryo boʻyida toʻpladim. Oʻsha joyda biz uch kun turdik. Men toʻplanganlarni sinchiklab koʻrib chiqdim, ularning orasida ruhoniylarni topdim, lekin levilar yoʻq edi. 16 Keyin yoʻlboshchilar Eliazarni, Oriyolni, Shamayoni, Elnatanni, Yorivni, Elnatanni, Natanni, Zakariyoni, Mashullomni hamda Tavrot ustozlari Yoʻxariv va Elnatanni chaqirtirdim. 17 Ularni Kosifiyodagi levilarning yoʻlboshchisi Iddoning huzuriga joʻnatayotib, ularga shunday deb tayinladim: “Iddoning huzuriga borgach, unga, uning sheriklariga, Kosifiyodagi Maʼbad xizmatkorlariga aytinglar, Xudoning uyi uchun levilarni yuborishsin.” 18 Xudoyimizning marhamati bizga yor boʻlgani uchun, ular Sharaviyo degan layoqatli bir odamni, oʻgʻillari va qarindoshlari bilan birga yubordilar. Sharaviyo Yoqub oʻgʻli Levi naslining Maxli urugʻidan edi. Kelganlar jami 18 nafar erkak edilar. 19 Shuningdek, Marori urugʻidan Xashaviyo va Yeshayo oʻgʻillari va qarindoshlari bilan birga yuborilgan edi. Ular jami 20 nafar erkak edilar. 20 Bulardan tashqari, 220 nafar Maʼbad xizmatkori ham yuborildi. Ularning hammasi nomma–nom qayd etilgan. Bu xizmatkorlarning ajdodlarini shoh Dovud va uning aʼyonlari levilarga yordam berish uchun tayinlagan edilar.
Ezra roʻza eʼlon qiladi
21 Xudodan: “Bizni, bolalarimizni va butun mol–mulkimizni safarda saqlagin”, deb soʻrab, toat–ibodat qilishimiz uchun men Ohabo daryosi boʻyida roʻza eʼlon qildim. 22 Shohdan: “Bizni yoʻlda dushmandan himoya qilish uchun bir guruh sipoh va otliqlar bering”, deb soʻrashga xijolat boʻlardim. Chunki biz shohga: “Xudoyimiz Unga yuz burganlarning hammasiga marhamat qiladi, lekin Undan yuz oʻgirganlarga gʻazabini sochadi”, deb aytgan edik. 23 Shunday qilib, biz roʻza tutdik va Xudoyimizga, bizni saqlagin, deb iltijo qildik. Xudoyimiz bizning iltijolarimizni eshitdi.
Maʼbad uchun hadyalar
24 Soʻngra men bosh ruhoniylarning orasidan oʻn ikkita ruhoniyni — Sharaviyoni, Xashaviyoni va ularning qarindoshlaridan oʻntasini tanlab oldim. 25 Xudoyimizning uyi uchun nazr qilingan kumush, oltin va buyumlarni ularning huzurida tarozida tortdim. Shoh, uning maslahatchilari, aʼyonlari, Bobil viloyatidagi butun Isroil xalqi nazr qilgan bu hadyalarni ularga topshirdim. 26 Men ularga topshirgan nazrlarning miqdori quyidagicha edi:
1400 pud kumush,
200 pud kumush buyum,
200 pud oltin,
27 yarim pud chiqadigan 20 ta oltin kosa,
qiymati oltinga teng boʻlgan, sayqallangan aʼlo sifatli 2 ta bronza buyum.
28 Men ularga shunday dedim: “Sizlar Egamizga bagʻishlangansizlar, buyumlar ham Egamizga bagʻishlangan. Bu kumush va oltinlar ota–bobolarimizning Xudosi — Egamizga chin koʻngildan nazr qilingan. 29 Sizlar bu nazrlarni Quddusga olib borgunlaringizgacha ehtiyot qilib saqlanglar. Soʻng bularni Egamizning uyi omborida bosh ruhoniylar, levilar va urugʻboshilar huzurida tarozida tortinglar.”
30 Shunday qilib, ruhoniylar va levilar tarozida tortilgan bu kumush, oltin va buyumlarni Xudoyimizning Quddusdagi uyiga olib borish uchun qabul qilib oldilar.
Quddusga safar
31 Birinchi oyning oʻn ikkinchi kuni biz Ohabo daryosi boʻyidan Quddus tomon yoʻlga tushdik. Xudoyimiz bizga yor edi. Yoʻlda ketayotganimizda, U bizni dushman hujumidan va qaroqchilardan himoya qildi. 32 Biz Quddusga yetib kelib, u yerda uch kun turdik. 33 Toʻrtinchi kuni esa kumush, oltin va buyumlarni Xudoyimizning uyida tarozida tortib, Uriyo oʻgʻli ruhoniy Miromoʻtga topshirdik. Uning yonida Finxaz oʻgʻli ruhoniy Elazar, shuningdek, levilardan Yeshuva oʻgʻli Yoʻzabad va Binnuy oʻgʻli Novadiyo bor edilar. 34 Oʻsha kuni biz hamma narsani tarozida tortib, hisoblab chiqdik, har bir narsaning vaznini yozib qoʻydik.
35 Shundan soʻng surgundan qaytib kelganlar Isroil xalqining Xudosiga qurbonliklar keltirdilar. Ular butun Isroil xalqi uchun 12 ta buqani, 96 ta qoʻchqorni, 77 ta qoʻzini Egamizga qurbonlik qilib kuydirdilar. Bulardan tashqari, xalqni gunohlaridan poklash uchun 12 ta takani qurbonlik qildilar. 36 Soʻng shohning farmonini Furot daryosining gʻarbidagi viloyat noiblariga va hokimlariga olib bordilar. Noiblar bilan hokimlar xalqqa va Xudoning uyiga yordam koʻrsatdilar.
8–БОБ
Эзра билан бирга сургундан қайтиб келган одамлар
1 Шоҳ Артахшас ҳукмронлиги даврида мен билан бирга Бобилдан кетган уруғбошилар ва улар билан бирга рўйхатга олинганлар қуйидагилар эди:
2-3 Финхаз уруғидан — Гершом.
Итамар уруғидан — Дониёр.
Довуд уруғидан — Шаханиё наслидан бўлган Хаттуш.
Парўш уруғидан — Закариё ва у билан бирга рўйхатга олинган 150 нафар эркак.
4 Пахатмўаб уруғидан — Зарахиё ўғли Элихўнай ва у билан бирга 200 нафар эркак.
5 Затту уруғидан — Яхазиёл ўғли Шаханиё ва у билан бирга 300 нафар эркак.
6 Адин уруғидан — Йўнатан ўғли Эвид ва у билан бирга 50 нафар эркак.
7 Элам уруғидан — Оталиё ўғли Ешаё ва у билан бирга 70 нафар эркак.
8 Шафатиё наслидан — Микойил ўғли Забадиё ва у билан бирга 80 нафар эркак.
9 Йўаб наслидан — Ёхиёл ўғли Ободиё ва у билан бирга 218 нафар эркак.
10 Баних уруғидан — Йўсифиё ўғли Шалумит ва у билан бирга 160 нафар эркак.
11 Бўвай уруғидан — Бўвай ўғли Закариё ва у билан бирга 28 нафар эркак.
12 Озгад уруғидан — Хаккатан ўғли Йўханон ва у билан бирга 110 нафар эркак.
13 Одонихам уруғидан — Элифалет, Явиёл, Шамаё ва улар билан бирга 60 нафар эркак. Элифалет, Явиёл ва Шамаё қариндошлари орасидан энг охирги бўлиб қайтиб келдилар .
14 Биғвай уруғидан — Утай, Заккур ва улар билан бирга 70 нафар эркак.
Эзра Маъбадда хизмат қилиш учун левиларни чақиртиради
15 Мен уларни Оҳабо шаҳрига оқиб борадиган дарё бўйида тўпладим. Ўша жойда биз уч кун турдик. Мен тўпланганларни синчиклаб кўриб чиқдим, уларнинг орасида руҳонийларни топдим, лекин левилар йўқ эди. 16 Кейин йўлбошчилар Элиазарни, Ориёлни, Шамаёни, Элнатанни, Ёривни, Элнатанни, Натанни, Закариёни, Машулломни ҳамда Таврот устозлари Йўхарив ва Элнатанни чақиртирдим. 17 Уларни Косифиёдаги левиларнинг йўлбошчиси Иддонинг ҳузурига жўнатаётиб, уларга шундай деб тайинладим: “Иддонинг ҳузурига боргач, унга, унинг шерикларига, Косифиёдаги Маъбад хизматкорларига айтинглар, Худонинг уйи учун левиларни юборишсин.” 18 Худойимизнинг марҳамати бизга ёр бўлгани учун, улар Шаравиё деган лаёқатли бир одамни, ўғиллари ва қариндошлари билан бирга юбордилар. Шаравиё Ёқуб ўғли Леви наслининг Махли уруғидан эди. Келганлар жами 18 нафар эркак эдилар. 19 Шунингдек, Марори уруғидан Хашавиё ва Ешаё ўғиллари ва қариндошлари билан бирга юборилган эди. Улар жами 20 нафар эркак эдилар. 20 Булардан ташқари, 220 нафар Маъбад хизматкори ҳам юборилди. Уларнинг ҳаммаси номма–ном қайд этилган. Бу хизматкорларнинг аждодларини шоҳ Довуд ва унинг аъёнлари левиларга ёрдам бериш учун тайинлаган эдилар.
Эзра рўза эълон қилади
21 Худодан: “Бизни, болаларимизни ва бутун мол–мулкимизни сафарда сақлагин”, деб сўраб, тоат–ибодат қилишимиз учун мен Оҳабо дарёси бўйида рўза эълон қилдим. 22 Шоҳдан: “Бизни йўлда душмандан ҳимоя қилиш учун бир гуруҳ сипоҳ ва отлиқлар беринг”, деб сўрашга хижолат бўлардим. Чунки биз шоҳга: “Худойимиз Унга юз бурганларнинг ҳаммасига марҳамат қилади, лекин Ундан юз ўгирганларга ғазабини сочади”, деб айтган эдик. 23 Шундай қилиб, биз рўза тутдик ва Худойимизга, бизни сақлагин, деб илтижо қилдик. Худойимиз бизнинг илтижоларимизни эшитди.
Маъбад учун ҳадялар
24 Сўнгра мен бош руҳонийларнинг орасидан ўн иккита руҳонийни — Шаравиёни, Хашавиёни ва уларнинг қариндошларидан ўнтасини танлаб олдим. 25 Худойимизнинг уйи учун назр қилинган кумуш, олтин ва буюмларни уларнинг ҳузурида тарозида тортдим. Шоҳ, унинг маслаҳатчилари, аъёнлари, Бобил вилоятидаги бутун Исроил халқи назр қилган бу ҳадяларни уларга топширдим. 26 Мен уларга топширган назрларнинг миқдори қуйидагича эди:
1400 пуд кумуш,
200 пуд кумуш буюм,
200 пуд олтин,
27 ярим пуд чиқадиган 20 та олтин коса,
қиймати олтинга тенг бўлган, сайқалланган аъло сифатли 2 та бронза буюм.
28 Мен уларга шундай дедим: “Сизлар Эгамизга бағишлангансизлар, буюмлар ҳам Эгамизга бағишланган. Бу кумуш ва олтинлар ота–боболаримизнинг Худоси — Эгамизга чин кўнгилдан назр қилинган. 29 Сизлар бу назрларни Қуддусга олиб боргунларингизгача эҳтиёт қилиб сақланглар. Сўнг буларни Эгамизнинг уйи омборида бош руҳонийлар, левилар ва уруғбошилар ҳузурида тарозида тортинглар.”
30 Шундай қилиб, руҳонийлар ва левилар тарозида тортилган бу кумуш, олтин ва буюмларни Худойимизнинг Қуддусдаги уйига олиб бориш учун қабул қилиб олдилар.
Қуддусга сафар
31 Биринчи ойнинг ўн иккинчи куни биз Оҳабо дарёси бўйидан Қуддус томон йўлга тушдик. Худойимиз бизга ёр эди. Йўлда кетаётганимизда, У бизни душман ҳужумидан ва қароқчилардан ҳимоя қилди. 32 Биз Қуддусга етиб келиб, у ерда уч кун турдик. 33 Тўртинчи куни эса кумуш, олтин ва буюмларни Худойимизнинг уйида тарозида тортиб, Уриё ўғли руҳоний Миромўтга топширдик. Унинг ёнида Финхаз ўғли руҳоний Элазар, шунингдек, левилардан Ешува ўғли Йўзабад ва Биннуй ўғли Новадиё бор эдилар. 34 Ўша куни биз ҳамма нарсани тарозида тортиб, ҳисоблаб чиқдик, ҳар бир нарсанинг вазнини ёзиб қўйдик.
35 Шундан сўнг сургундан қайтиб келганлар Исроил халқининг Худосига қурбонликлар келтирдилар. Улар бутун Исроил халқи учун 12 та буқани, 96 та қўчқорни, 77 та қўзини Эгамизга қурбонлик қилиб куйдирдилар. Булардан ташқари, халқни гуноҳларидан поклаш учун 12 та такани қурбонлик қилдилар. 36 Сўнг шоҳнинг фармонини Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоят ноибларига ва ҳокимларига олиб бордилар. Ноиблар билан ҳокимлар халққа ва Худонинг уйига ёрдам кўрсатдилар.