1–BOB
Shoh Kurush yahudiylarga Quddusga qaytish uchun ijozat beradi
1 Fors shohi Kurush hukmronligining birinchi yilida Egamizning Yeremiyo orqali bildirgan soʻzlari bajo boʻlishi uchun, Egamiz shoh Kurushning yuragiga Quddusdagi Maʼbadni qayta qurish istagini soldi. Shunday qilib, Kurush oʻz shohligining hamma tomoniga xabarchilar joʻnatdi va yozma farmonda quyidagilarni eʼlon qildi:
2 “Fors shohi Kurush shunday demoqda: Samoviy Xudo — Egamiz yer yuzidagi jamiki shohliklarni menga bergan. U Yahudo yurtidagi Quddus shahrida Oʻziga bir uy qurishni menga topshirdi. 3 Xudoning xalqidan boʻlganlarga men ijozat beraman: ular Quddusga borishlari va Isroil xalqining Xudosi — Egamizning uyini qayta qurishlari mumkin. Quddusda sajda qilinadigan Xudo Udir. Isroil xalqiga oʻzlarining Xudosi yor boʻlsin. 4 Surgundagi yahudiylar yashaydigan hamma joyda shunday deb eʼlon qilinsin: Quddusga qaytmaydigan yahudiylar qaytadigan yahudiylarga yordam bersin. Ularga kumush, oltin, safar uchun zarur buyumlar va chorva berishsin. Bulardan tashqari, Xudoning Quddusdagi uyi qayta qurilishi uchun koʻngildan chiqarib nazrlar berishsin.”
5 Shunday qilib, Yahudo va Benyamin qabilalarining urugʻboshilari, ruhoniylar va levilar, shuningdek, Xudo ruhlantirgan har bir odam Egamizning Quddusdagi uyini qayta qurish uchun safarga tayyorlandi. 6 Barcha qoʻshnilari ularga chin koʻngildan chiqarib nazrlar berdilar. Bulardan tashqari, kumush idishlar, oltin, safar uchun buyumlar, chorva va boshqa qimmatbaho hadyalar berib yordam qildilar. 7 Shoh Kurush Egamizning uyiga tegishli boʻlgan buyumlarni olib kelishni buyurdi. Bu buyumlarni shoh Navuxadnazar Quddusdan olib kelib , oʻzining xudolari uyiga qoʻygan edi. 8 Shoh Kurush bu buyumlarni xazinabon Mitradot nazorati ostiga topshirdi. Mitradot esa bularni sanab, Yahudo yoʻlboshchisi Shashbazzarga berdi. 9 Buyumlarning roʻyxati quyidagicha edi:
oltin togʻorachalar — 30 ta
kumush togʻorachalar — 1000 ta
boshqa idishlar — 29 ta
10 oltin kosalar — 30 ta
kumush kosalar — 410 ta
boshqa buyumlar — 1000 ta.
11 Oltin va kumush buyumlarning jami 5400 ta edi. Shashbazzar boshqa asirlar qatorida Bobildan Quddusga qaytib ketayotganda, bu buyumlarning hammasini oʻzi bilan olib ketdi.
1–БОБ
Шоҳ Куруш яҳудийларга Қуддусга қайтиш учун ижозат беради
1 Форс шоҳи Куруш ҳукмронлигининг биринчи йилида Эгамизнинг Еремиё орқали билдирган сўзлари бажо бўлиши учун, Эгамиз шоҳ Курушнинг юрагига Қуддусдаги Маъбадни қайта қуриш истагини солди. Шундай қилиб, Куруш ўз шоҳлигининг ҳамма томонига хабарчилар жўнатди ва ёзма фармонда қуйидагиларни эълон қилди:
2 “Форс шоҳи Куруш шундай демоқда: Самовий Худо — Эгамиз ер юзидаги жамики шоҳликларни менга берган. У Яҳудо юртидаги Қуддус шаҳрида Ўзига бир уй қуришни менга топширди. 3 Худонинг халқидан бўлганларга мен ижозат бераман: улар Қуддусга боришлари ва Исроил халқининг Худоси — Эгамизнинг уйини қайта қуришлари мумкин. Қуддусда сажда қилинадиган Худо Удир. Исроил халқига ўзларининг Худоси ёр бўлсин. 4 Сургундаги яҳудийлар яшайдиган ҳамма жойда шундай деб эълон қилинсин: Қуддусга қайтмайдиган яҳудийлар қайтадиган яҳудийларга ёрдам берсин. Уларга кумуш, олтин, сафар учун зарур буюмлар ва чорва беришсин. Булардан ташқари, Худонинг Қуддусдаги уйи қайта қурилиши учун кўнгилдан чиқариб назрлар беришсин.”
5 Шундай қилиб, Яҳудо ва Бенямин қабилаларининг уруғбошилари, руҳонийлар ва левилар, шунингдек, Худо руҳлантирган ҳар бир одам Эгамизнинг Қуддусдаги уйини қайта қуриш учун сафарга тайёрланди. 6 Барча қўшнилари уларга чин кўнгилдан чиқариб назрлар бердилар. Булардан ташқари, кумуш идишлар, олтин, сафар учун буюмлар, чорва ва бошқа қимматбаҳо ҳадялар бериб ёрдам қилдилар. 7 Шоҳ Куруш Эгамизнинг уйига тегишли бўлган буюмларни олиб келишни буюрди. Бу буюмларни шоҳ Навухадназар Қуддусдан олиб келиб , ўзининг худолари уйига қўйган эди. 8 Шоҳ Куруш бу буюмларни хазинабон Митрадот назорати остига топширди. Митрадот эса буларни санаб, Яҳудо йўлбошчиси Шашбаззарга берди. 9 Буюмларнинг рўйхати қуйидагича эди:
олтин тоғорачалар — 30 та
кумуш тоғорачалар — 1000 та
бошқа идишлар — 29 та
10 олтин косалар — 30 та
кумуш косалар — 410 та
бошқа буюмлар — 1000 та.
11 Олтин ва кумуш буюмларнинг жами 5400 та эди. Шашбаззар бошқа асирлар қаторида Бобилдан Қуддусга қайтиб кетаётганда, бу буюмларнинг ҳаммасини ўзи билан олиб кетди.