9–BOB
Quddusning jazosi
1 Men Xudoning jarangdor ovozini eshitdim. U baland ovozda dedi:
— Ey shaharni jazolash uchun tayinlanganlar, qurollaringizni olinglar. Bu yerga kelinglar!
2 Shu onda shimoldagi Yuqori darvoza tomondan olti kishi keldi. Har birining qoʻlida halokatli quroli bor edi. Ularning orasida zigʻir tolasidan toʻqilgan libos kiygan, beliga esa kotiblik asboblarini taqib olgan bir kimsa ham bor edi. Kelgan odamlarning hammasi ichkariga kirib, bronza qurbongohning yoniga borib turishdi.
3 Karublar ustidagi Isroil Xudosining ulugʻvorligi oʻz joyidan koʻtarilib, uyning ostonasiga bordi. Soʻng Egamiz zigʻir libos kiygan kishini chaqirib, 4 dedi:
— Borib shaharning hamma joyini aylanib chiq. Shaharda qilinayotgan jirkanch ishlardan siqilib, zorlangan kishilarning peshanasiga belgi qoʻy.
5 Qurollangan olti kishiga esa Egamizning shunday deganini eshitdim:
— Unga ergashinglar. Butun shaharni aylanib chiqinglar. Odamlarni oʻldiringlar, ularga achinmanglar, rahm qilmanglar. 6 Qariyalarni, yigitu qizlarni, ayolu bolalarni — hammasini oʻldiringlar, ammo peshanasiga belgi qoʻyilgan bironta odamga ham zarar yetkazmanglar. Buyrugʻimni bajarishni shu yerdan, muqaddas maskanimdan boshlanglar.
Shunday qilib, ular qirgʻinni Egamizning uyi oldida boʻlgan oqsoqollardan boshladilar. 7 Egamiz dedi:
— Uyimni harom qilinglar! Hovlini jasadlarga toʻldiringlar. Qani boshlanglar!
Qurollangan odamlar shaharga borib, u yerdagilarni qirib tashladilar. 8 Ular buyruqni bajargani ketganlarida, men yolgʻiz oʻzim qoldim. Men yerga muk tushib, Xudoga iltijo qildim:
— Yo Egam Rabbiy! Sen gʻazabingni Quddusga sochib, Isroilning qolgan–qutgan xalqini ham yoʻq qilib yubormoqchimisan?
9 U menga shunday javob berdi:
— Isroil va Yahudo xalqlari ogʻir gunohga qoʻl urishdi. Ular butun yurtni qonga belashdi, Quddus shahrini adolatsizlikka toʻldirishdi. Ular: “Egamiz yurtimizni tark etgan, U bizni koʻrmayapti”, deb aytishyapti. 10 Men esa ularga achinmayman, rahm qilmayman. Qilgan barcha qilmishlariga yarasha jazosini beraman.
11 Shu orada zigʻir libosli, beliga kotib asboblarini taqib olgan kishi qaytib kelib Egamizga:
— Amrlaringizni bajo ayladim, — dedi.
9–БОБ
Қуддуснинг жазоси
1 Мен Худонинг жарангдор овозини эшитдим. У баланд овозда деди:
— Эй шаҳарни жазолаш учун тайинланганлар, қуролларингизни олинглар. Бу ерга келинглар!
2 Шу онда шимолдаги Юқори дарвоза томондан олти киши келди. Ҳар бирининг қўлида ҳалокатли қуроли бор эди. Уларнинг орасида зиғир толасидан тўқилган либос кийган, белига эса котиблик асбобларини тақиб олган бир кимса ҳам бор эди. Келган одамларнинг ҳаммаси ичкарига кириб, бронза қурбонгоҳнинг ёнига бориб туришди.
3 Карублар устидаги Исроил Худосининг улуғворлиги ўз жойидан кўтарилиб, уйнинг остонасига борди. Сўнг Эгамиз зиғир либос кийган кишини чақириб, 4 деди:
— Бориб шаҳарнинг ҳамма жойини айланиб чиқ. Шаҳарда қилинаётган жирканч ишлардан сиқилиб, зорланган кишиларнинг пешанасига белги қўй.
5 Қуролланган олти кишига эса Эгамизнинг шундай деганини эшитдим:
— Унга эргашинглар. Бутун шаҳарни айланиб чиқинглар. Одамларни ўлдиринглар, уларга ачинманглар, раҳм қилманглар. 6 Қарияларни, йигиту қизларни, аёлу болаларни — ҳаммасини ўлдиринглар, аммо пешанасига белги қўйилган биронта одамга ҳам зарар етказманглар. Буйруғимни бажаришни шу ердан, муқаддас масканимдан бошланглар.
Шундай қилиб, улар қирғинни Эгамизнинг уйи олдида бўлган оқсоқоллардан бошладилар. 7 Эгамиз деди:
— Уйимни ҳаром қилинглар! Ҳовлини жасадларга тўлдиринглар. Қани бошланглар!
Қуролланган одамлар шаҳарга бориб, у ердагиларни қириб ташладилар. 8 Улар буйруқни бажаргани кетганларида, мен ёлғиз ўзим қолдим. Мен ерга мук тушиб, Худога илтижо қилдим:
— Ё Эгам Раббий! Сен ғазабингни Қуддусга сочиб, Исроилнинг қолган–қутган халқини ҳам йўқ қилиб юбормоқчимисан?
9 У менга шундай жавоб берди:
— Исроил ва Яҳудо халқлари оғир гуноҳга қўл уришди. Улар бутун юртни қонга белашди, Қуддус шаҳрини адолатсизликка тўлдиришди. Улар: “Эгамиз юртимизни тарк этган, У бизни кўрмаяпти”, деб айтишяпти. 10 Мен эса уларга ачинмайман, раҳм қилмайман. Қилган барча қилмишларига яраша жазосини бераман.
11 Шу орада зиғир либосли, белига котиб асбобларини тақиб олган киши қайтиб келиб Эгамизга:
— Амрларингизни бажо айладим, — деди.