12–BOB
1 Yoshligingda, qaygʻuli kunlar kelishidan oldin Yaratganni yodda tut, shunday yillar keladiki, sen: “Bu vaqt menga hech qanday rohat keltirmaydi”, — deysan. 2 Hayotingning oʻsha yillarida:
Quyosh, yorugʻlik, oy va yulduzlar qorayar,
Yomgʻirli bulutlar oʻtib ketmas.
3 Seni himoya qilgan qoʻllaring qarilikdan qaltirar,
Kuchli oyoqlaring zaiflashar,
Tishlaring kamligidan chaynay olmassan,
Koʻzlaring yaxshi koʻrmaydigan boʻlib qolar.
4 Quloqlaring ham koʻchada bugʻdoy yanchilayotganiniyu
Ashulachilar ovozini eshitolmaydigan darajada kar boʻlib qolar.
Qushlarning ovozi esa seni uygʻotib yuborar.
5 Balandliklardan qoʻrqadigan boʻlib qolarsan,
Ehtiyotkorlik bilan qadam tashlarsan.
Sochlaring gulga kirgan bodom daraxtiday oppoq boʻlib qolar,
Turib yurishga qiynalarsan,
Belingning quvvati ketib sudralib yurarsan.
Har bir inson dunyodan oʻtganday, sen ham vafot etarsan,
Azadorlar koʻchalarni toʻldirarlar.
6 Kumush zanjir uzilar,
Hayotning tilla chirogʻi tushib ketib, buzilar.
Buloq boshidagi suv koʻzasi sinib ketar,
Quduqning arqoni uzilib ketar.
7 Sening oʻtkinchi tanang
Yerning tuprogʻiga qaytar,
Xudo bergan ruhing ham
Uning Oʻziga qaytar.
8 “Behuda! Behuda!
— deydi Voiz . —
Hammasi behudadir!”
Xulosa
9 Voiz dono odam edi. U oʻz bilganlarini odamlarga oʻrgatdi, sabr–toqat bilan hikmatlarni oʻrganib, ularni toʻgʻrilab yozdi. 10 Voiz maʼqul keladigan soʻzlar topishga harakat qilib, haqiqat soʻzlarini ochiq yozdi.
11 Donolarning hikmatlari oʻtkir tayoqqa oʻxshaydi, hikmatli soʻzlar mahkam qoqilgan mixlarga oʻxshaydi. Bularning hammasini barchamizning Choʻponimiz bergan. 12 Bulardan boshqa nasihatlarga ehtiyotkorlik bilan qaragin, bolam .
Koʻp kitob yozishning oxiri yoʻq,
Koʻp oʻqish odamni charchatadi.
13 Hamma narsa aytildi, mana endi xulosa: Xudodan qoʻrq, Uning amrlarini bajar, chunki bu hammaning burchidir. 14 Har bir ishni, hatto yashirin qilingan ishlarni ham, yaxshi yoki yomon boʻlishidan qatʼi nazar, Xudo hukm qiladi.
12–БОБ
1 Ёшлигингда, қайғули кунлар келишидан олдин Яратганни ёдда тут, шундай йиллар келадики, сен: “Бу вақт менга ҳеч қандай роҳат келтирмайди”, — дейсан. 2 Ҳаётингнинг ўша йилларида:
Қуёш, ёруғлик, ой ва юлдузлар қораяр,
Ёмғирли булутлар ўтиб кетмас.
3 Сени ҳимоя қилган қўлларинг қариликдан қалтирар,
Кучли оёқларинг заифлашар,
Тишларинг камлигидан чайнай олмассан,
Кўзларинг яхши кўрмайдиган бўлиб қолар.
4 Қулоқларинг ҳам кўчада буғдой янчилаётганинию
Ашулачилар овозини эшитолмайдиган даражада кар бўлиб қолар.
Қушларнинг овози эса сени уйғотиб юборар.
5 Баландликлардан қўрқадиган бўлиб қоларсан,
Эҳтиёткорлик билан қадам ташларсан.
Сочларинг гулга кирган бодом дарахтидай оппоқ бўлиб қолар,
Туриб юришга қийналарсан,
Белингнинг қуввати кетиб судралиб юрарсан.
Ҳар бир инсон дунёдан ўтгандай, сен ҳам вафот этарсан,
Азадорлар кўчаларни тўлдирарлар.
6 Кумуш занжир узилар,
Ҳаётнинг тилла чироғи тушиб кетиб, бузилар.
Булоқ бошидаги сув кўзаси синиб кетар,
Қудуқнинг арқони узилиб кетар.
7 Сенинг ўткинчи тананг
Ернинг тупроғига қайтар,
Худо берган руҳинг ҳам
Унинг Ўзига қайтар.
8 “Беҳуда! Беҳуда!
— дейди Воиз . —
Ҳаммаси беҳудадир!”
Хулоса
9 Воиз доно одам эди. У ўз билганларини одамларга ўргатди, сабр–тоқат билан ҳикматларни ўрганиб, уларни тўғрилаб ёзди. 10 Воиз маъқул келадиган сўзлар топишга ҳаракат қилиб, ҳақиқат сўзларини очиқ ёзди.
11 Доноларнинг ҳикматлари ўткир таёққа ўхшайди, ҳикматли сўзлар маҳкам қоқилган михларга ўхшайди. Буларнинг ҳаммасини барчамизнинг Чўпонимиз берган. 12 Булардан бошқа насиҳатларга эҳтиёткорлик билан қарагин, болам .
Кўп китоб ёзишнинг охири йўқ,
Кўп ўқиш одамни чарчатади.
13 Ҳамма нарса айтилди, мана энди хулоса: Худодан қўрқ, Унинг амрларини бажар, чунки бу ҳамманинг бурчидир. 14 Ҳар бир ишни, ҳатто яширин қилинган ишларни ҳам, яхши ёки ёмон бўлишидан қатъи назар, Худо ҳукм қилади.