22–BOB
Har xil qonunlar
1 Birodaringizning adashib qolgan molini yoki qoʻyini koʻrib qolganingizda, oʻzingizni koʻrmaganga olmang, uni albatta egasiga qaytarib olib boring. 2 Agar hayvonning egasi sizdan uzoqda yashasa yoki siz egasini tanimasangiz, uyingizga olib boring. Egasi kelib olib ketmaguncha unga qarab turing, keyin qaytarib bering. 3 Birodaringizning eshagiga ham, kiyimiga ham, siz topib olgan har qanday narsasiga shunday munosabatda boʻling. Oʻzingizni koʻrmaganga olmang.
4 Birodaringizning eshagi yoki hoʻkizi yoʻlda yotib qolganini koʻrsangiz, oʻzingizni koʻrmaganga olmang, ularni turgʻizishga yordam bering.
5 Ayol erkakning kiyimini kiymasin, erkak esa ayolning libosini kiymasin. Bunday ish qiladiganlarning hammasidan Egangiz Xudo jirkanadi.
6 Yoʻlda ketayotganingizda daraxtdagi yoki yerdagi qush iniga duch kelsangiz, qush tuxum bosgan yoki polaponlari bilan oʻtirgan boʻlsa, onasini bolalari bilan olmang. 7 Oʻzingizga faqat polaponlarini olishingiz mumkin, onasini esa qoʻyib yuboring. Shunda baxtiyor boʻlib, umringiz uzoq boʻladi.
8 Yangi uy qursangiz, tomingiz atrofida toʻsiq quring. Shunda birortasi tomingizdan yiqilib oʻlsa , oilangiz javobgar boʻlmaydi.
9 Uzumzoringiz egatlariga boshqa turdagi urugʻ ekmang. Aks holda, uzumzoringizdan va ekkan urugʻingizdan olgan jamiki hosilni Egamizga bagʻishlashingizga toʻgʻri keladi.
10 Hoʻkiz bilan eshakni birga qoʻshga qoʻshmang.
11 Ustingizga jun va zigʻirpoyadan aralashtirib toʻqilgan kiyimni kiymang.
12 Toʻningizning etagiga popuk qilib osib yuring.
Jinsiy aloqaga oid qonunlar
13 Birortasi uylanib, qiz bilan yotgandan soʻng uni yoqtirmay qolsa, 14 qizni yomon otliq qilib, men bu qizga uylandim, u esa qiz chiqmadi, deb bahona qilsa, 15 qizning ota–onasi qizlik belgilarini oqsoqollarga koʻrsatish uchun shahar darvozasiga olib borsin. 16 Qizning otasi oqsoqollarga shunday aytsin: “Qizimni mana bu kishiga uzatgan edim. Endi u qizimni yoqtirmay qolibdi. 17 Qizingiz qiz chiqmadi, deb bahona qilyapti. Mana qizimning qizlik belgilari”, deb shahar oqsoqollari oldiga oʻsha matoni yoysin. 18 Shahar oqsoqollari oʻsha kishini olib kelib, jazolasin. 19 Oqsoqollar unga yuz boʻlak kumush jarima solsinlar. U Isroil xalqining bokira qizini yomon otliqqa chiqargani uchun kumushni qizning otasiga bersinlar. Qiz u odamning xotini boʻlib qolaversin, u odam qizdan umri boʻyi ajralishi mumkin emas.
20 Lekin u odamning aytganlari toʻgʻri boʻlib, qiz bokira boʻlmasa, 21 qizni otasining eshigi oldiga olib kelishsin. Shahar erkaklari u qizni toshboʻron qilib oʻldirsin. U otasining uyida yashagan paytda fohishalik qilib, Isroil xalqi orasida sharmandalarcha ish qildi. Shu tariqa orangizdan yomonlikni yoʻq qiling.
22 Agar biror erkak oilali xotin bilan yotsa va bu maʼlum boʻlib qolsa, ikkovi — xotin ham, xotin bilan yotgan erkak ham oʻldirilsin. Shu tariqa Isroildan yomonlikni yoʻq qiling.
23 Agar biron qiz unashtirilgan boʻlsa–yu, shaharda birortasi oʻsha qizni uchratib qolib, u bilan yotsa, 24 ikkovini ham oʻsha shaharning darvozasi oldiga olib kelishsin. Qiz shaharda boʻla turib, baqirmagani uchun jazolansin. Erkak esa birovning xotinini sharmanda qilgani uchun jazolansin. Ikkovini ham toshboʻron qilib oʻldiring. Shu tariqa orangizdan yomonlikni yoʻq qiling.
25 Agar birorta erkak unashtirilgan qizni dalada uchratib qolib, uni ushlab zoʻrlasa, oʻsha qiz bilan yotgan erkaknigina oʻldirish kerak. 26 Qizga hech narsa qilmanglar. U qizning oʻlimga loyiq aybi yoʻq, bu xuddi birorta odam boshqasiga hujum qilib oʻldirgani kabidir. 27 Chunki oʻsha erkak qizni dalada ushlab olgan, qiz yordam soʻrab baqirgan boʻlishi mumkin. Ammo uni qutqaradigan hech kim boʻlmagan.
28 Agar birortasi unashtirilmagan qizni uchratib qolsa, qizni ushlab, u bilan yotsa, ammo ikkovini ushlab olishsa, 29 oʻsha qiz bilan yotgan kishi qizning otasiga ellik boʻlak kumush berishi kerak. Qiz esa uning xotini boʻlsin. Oʻsha odam qizni sharmanda qilgani uchun umri boʻyi u qizdan ajralishi mumkin emas.
30 Hech kim otasining xotiniga uylanmasin, bunday qilib otasini sharmanda qilmasin.
22–БОБ
Ҳар хил қонунлар
1 Биродарингизнинг адашиб қолган молини ёки қўйини кўриб қолганингизда, ўзингизни кўрмаганга олманг, уни албатта эгасига қайтариб олиб боринг. 2 Агар ҳайвоннинг эгаси сиздан узоқда яшаса ёки сиз эгасини танимасангиз, уйингизга олиб боринг. Эгаси келиб олиб кетмагунча унга қараб туринг, кейин қайтариб беринг. 3 Биродарингизнинг эшагига ҳам, кийимига ҳам, сиз топиб олган ҳар қандай нарсасига шундай муносабатда бўлинг. Ўзингизни кўрмаганга олманг.
4 Биродарингизнинг эшаги ёки ҳўкизи йўлда ётиб қолганини кўрсангиз, ўзингизни кўрмаганга олманг, уларни турғизишга ёрдам беринг.
5 Аёл эркакнинг кийимини киймасин, эркак эса аёлнинг либосини киймасин. Бундай иш қиладиганларнинг ҳаммасидан Эгангиз Худо жирканади.
6 Йўлда кетаётганингизда дарахтдаги ёки ердаги қуш инига дуч келсангиз, қуш тухум босган ёки полапонлари билан ўтирган бўлса, онасини болалари билан олманг. 7 Ўзингизга фақат полапонларини олишингиз мумкин, онасини эса қўйиб юборинг. Шунда бахтиёр бўлиб, умрингиз узоқ бўлади.
8 Янги уй қурсангиз, томингиз атрофида тўсиқ қуринг. Шунда бирортаси томингиздан йиқилиб ўлса , оилангиз жавобгар бўлмайди.
9 Узумзорингиз эгатларига бошқа турдаги уруғ экманг. Акс ҳолда, узумзорингиздан ва эккан уруғингиздан олган жамики ҳосилни Эгамизга бағишлашингизга тўғри келади.
10 Ҳўкиз билан эшакни бирга қўшга қўшманг.
11 Устингизга жун ва зиғирпоядан аралаштириб тўқилган кийимни кийманг.
12 Тўнингизнинг этагига попук қилиб осиб юринг.
Жинсий алоқага оид қонунлар
13 Бирортаси уйланиб, қиз билан ётгандан сўнг уни ёқтирмай қолса, 14 қизни ёмон отлиқ қилиб, мен бу қизга уйландим, у эса қиз чиқмади, деб баҳона қилса, 15 қизнинг ота–онаси қизлик белгиларини оқсоқолларга кўрсатиш учун шаҳар дарвозасига олиб борсин. 16 Қизнинг отаси оқсоқолларга шундай айтсин: “Қизимни мана бу кишига узатган эдим. Энди у қизимни ёқтирмай қолибди. 17 Қизингиз қиз чиқмади, деб баҳона қиляпти. Мана қизимнинг қизлик белгилари”, деб шаҳар оқсоқоллари олдига ўша матони ёйсин. 18 Шаҳар оқсоқоллари ўша кишини олиб келиб, жазоласин. 19 Оқсоқоллар унга юз бўлак кумуш жарима солсинлар. У Исроил халқининг бокира қизини ёмон отлиққа чиқаргани учун кумушни қизнинг отасига берсинлар. Қиз у одамнинг хотини бўлиб қолаверсин, у одам қиздан умри бўйи ажралиши мумкин эмас.
20 Лекин у одамнинг айтганлари тўғри бўлиб, қиз бокира бўлмаса, 21 қизни отасининг эшиги олдига олиб келишсин. Шаҳар эркаклари у қизни тошбўрон қилиб ўлдирсин. У отасининг уйида яшаган пайтда фоҳишалик қилиб, Исроил халқи орасида шармандаларча иш қилди. Шу тариқа орангиздан ёмонликни йўқ қилинг.
22 Агар бирор эркак оилали хотин билан ётса ва бу маълум бўлиб қолса, иккови — хотин ҳам, хотин билан ётган эркак ҳам ўлдирилсин. Шу тариқа Исроилдан ёмонликни йўқ қилинг.
23 Агар бирон қиз унаштирилган бўлса–ю, шаҳарда бирортаси ўша қизни учратиб қолиб, у билан ётса, 24 икковини ҳам ўша шаҳарнинг дарвозаси олдига олиб келишсин. Қиз шаҳарда бўла туриб, бақирмагани учун жазолансин. Эркак эса бировнинг хотинини шарманда қилгани учун жазолансин. Икковини ҳам тошбўрон қилиб ўлдиринг. Шу тариқа орангиздан ёмонликни йўқ қилинг.
25 Агар бирорта эркак унаштирилган қизни далада учратиб қолиб, уни ушлаб зўрласа, ўша қиз билан ётган эркакнигина ўлдириш керак. 26 Қизга ҳеч нарса қилманглар. У қизнинг ўлимга лойиқ айби йўқ, бу худди бирорта одам бошқасига ҳужум қилиб ўлдиргани кабидир. 27 Чунки ўша эркак қизни далада ушлаб олган, қиз ёрдам сўраб бақирган бўлиши мумкин. Аммо уни қутқарадиган ҳеч ким бўлмаган.
28 Агар бирортаси унаштирилмаган қизни учратиб қолса, қизни ушлаб, у билан ётса, аммо икковини ушлаб олишса, 29 ўша қиз билан ётган киши қизнинг отасига эллик бўлак кумуш бериши керак. Қиз эса унинг хотини бўлсин. Ўша одам қизни шарманда қилгани учун умри бўйи у қиздан ажралиши мумкин эмас.
30 Ҳеч ким отасининг хотинига уйланмасин, бундай қилиб отасини шарманда қилмасин.