5–BOB
Xanoniyo bilan Sapfira
1 Xanoniyo degan bir odam xotini Sapfira bilan kelishib, mulkidan bir qismini sotdi. 2 Xanoniyo pulning bir qismini oʻziga olib qoldi. Xotini bu haqda bilardi. Xanoniyo pulning qolganini havoriylarga olib borib berdi. 3 Butrus undan soʻradi:
— Xanoniyo, nimaga shaytonga qalbingdan joy berib, Muqaddas Ruhga yolgʻon gapirding? Yerning pulidan bir qismini olib qolding–ku! 4 Mulkingni sotmasingdan oldin, u seniki edi, sotganingdan keyin ham, pul seniki edi. Bunday ish qilishga qanday jurʼat etding?! Sen odamlarga emas, balki Xudoga yolgʻon gapirding!
5 Xanoniyo bu soʻzlarni eshitishi bilanoq yerga yiqilib jon berdi. Bu voqeani eshitganlarning hammasi qattiq vahimaga tushib qoldi. 6 Yigitlar kelib, uning jasadini kafanladilar, keyin uni olib chiqib, dafn qildilar.
7 Uch soatlardan keyin Xanoniyoning xotini keldi. Yuz bergan hodisadan u bexabar edi. 8 Butrus ayoldan soʻradi:
— Menga ayt–chi, sen bilan ering yerlaringizni falon narxga sotdingizlarmi?
— Ha, oʻshancha narxga sotdik, — deb javob berdi ayol. 9 Shunda Butrus ayolga dedi:
— Nima uchun sizlar Egamizning Ruhini sinashga qaror qildingizlar? Ana, eringni dafn qilgan odamlar eshikdan kirib kelishyapti. Endi ular seni ham olib chiqadilar.
10 Shu zahoti ayol ham yiqildi–yu, jon berdi. Yigitlar kirib kelib koʻrdilarki, ayol jon beribdi. Ular ayolni ham olib borib, erining yoniga dafn qildilar. 11 Bu voqeani eshitgan odamlar va butun jamoat vahimaga tushib qoldi.
Moʻjizalar va ajoyibotlar
12 Havoriylar xalq orasida koʻplab moʻjizalar va ajoyibotlar koʻrsatardilar. Hamma imonlilar Sulaymon ayvonida yigʻilishardi. 13 Xalq ularga gʻoyat hurmat koʻrsatar, begonalardan hech kim ularga qoʻshilishga jurʼat qilolmasdi. 14 Ammo Rabbimiz Isoga imon keltirib, jamoatga qoʻshilgan erkagu ayollar soni tobora koʻpayib boraverdi. 15 Odamlar: “Butrus yoʻldan oʻtayotganda, uning soyasi bularning ustiga tushsin”, deb xastalarni koʻchalarga olib chiqishardi. Ularni chorpoyalarga, toʻshaklarga yotqizib qoʻyishardi. 16 Bir talay olomon ham Quddus atrofidagi qishloqlardan keldi. Ular ham xasta, yovuz ruhlardan azob chekayotganlarni olib kelgan edilar. Xastalarning hammasi shifo topdi.
Havoriylar quvgʻin qilinadilar
17 Shunda sadduqiy mazhabidan boʻlgan oliy ruhoniy va uning barcha sheriklari havoriylarga qahrini sochdilar. 18 Ular havoriylarni hibsga olib, davlat qamoqxonasiga tashladilar. 19 Ammo tunda Egamizning bir farishtasi qamoqxona eshigini ochdi, havoriylarni tashqariga olib chiqib, shunday dedi:
20 — Boringlar, Maʼbadda turib, bu yangi hayot toʻgʻrisidagi xabarni odamlarga aytinglar.
21 Havoriylar bu gapni eshitib, azonda Maʼbad hovlisiga kirdilar va odamlarga taʼlim bera boshladilar.
Oliy ruhoniy va uning yordamchilari Maʼbadga keldilar va Oliy kengashni, yaʼni hamma Isroil yoʻlboshchilarini chaqirtirdilar. Havoriylarni olib kelish uchun qamoqxonaga odam yubordilar. 22 Maʼbad mirshablari borib, qamoqxonada havoriylarni topa olmadilar. Ular qaytib kelib, xabar berdilar:
23 — Borsak, qamoqxona mahkam qulflangan, soqchilar eshik oldida turishgan ekan. Ammo eshiklarni ochib ichkariga kirganimizda, ichkarida hech kimni topa olmadik.
24 Maʼbad mirshabboshisi va bosh ruhoniylar bu soʻzlarni eshitib, havoriylarga nima boʻldi ekan, deb hayron boʻldilar. 25 Shu payt bir odam kelib, xabar berdi:
— Sizlar qamoqqa tashlagan odamlar Maʼbad hovlisida turibdilar, odamlarga taʼlim beryaptilar.
26 Mirshabboshi bilan mirshablar borib, havoriylarni hibsga oldilar, ammo zoʻrlik qilmadilar. “Odamlar bizni toshboʻron qilmasin”, deb qoʻrqdilar.
27 Ular havoriylarni olib kelib, Oliy kengash oldida turgʻizib qoʻydilar. Oliy ruhoniy ularga shunday dedi:
28 — Biz sizlarga, bu Odamning nomi bilan taʼlim bermanglar, deb qatʼiy taqiqlamaganmidik?! Sizlar esa butun Quddus boʻylab taʼlimotingizni yoyib yuboribsiz! Bu Odamning qonini bizning gardanimizga yuklayapsizlar!
29 Butrus bilan havoriylar shunday javob berdilar:
— Biz insonga emas, Xudoga itoat etishimiz lozim. 30 Sizlar Isoni yogʻochga mixlab oʻldirgan edingizlar, ota–bobolarimizning Xudosi esa Uni tiriltirdi. 31 Xudo Isoni yuksaltirib, Oʻzining oʻng tomoniga oʻtqazdi . Isroil xalqi tavba qilsin, ularning gunohlari kechirilsin deb, Xudo Isoni Sarvar va Najotkor qilib tayinladi. 32 Biz bularga guvohmiz, Muqaddas Ruh ham guvohdir. Xudo Muqaddas Ruhni Unga itoat etadiganlarga inʼom qilgan.
33 Oliy kengash bu gaplarni eshitib, gʻazabga mindi, havoriylarni oʻldirmoqchi boʻldi. 34 Oliy kengashda xalqning hurmatiga sazovor boʻlgan bir Tavrot tafsirchisi bor edi. Uning ismi Gamaliyol boʻlib, u farziylardan edi. Gamaliyol oʻrnidan turib, havoriylarni qisqa vaqtga tashqariga olib chiqishlarini buyurdi. 35 Shundan keyin u Oliy kengashga dedi:
— Ey, Isroil yoʻlboshchilari, bu odamlarni biron narsa qilmoqchi boʻlsangiz, ehtiyot boʻlinglar. 36 Esingizda boʻlsa, bir qancha vaqt oldin Fevdas degan odam buyuklikka daʼvo qilgandi. Hatto toʻrt yuztacha odam unga ergashdi. Ammo Fevdas oʻldirildi, uning izdoshlari tarqalib, yoʻq boʻlib ketdi. 37 Shundan keyin aholini roʻyxatga olish paytida paydo boʻlgan Jalilalik Yahudo bir qancha odamni ortidan ergashtirdi. U ham halok boʻldi, unga ergashganlarning hammasi tarqalib ketdi. 38 Shu bois sizlarga aytyapman: bu odamlarga qarshi biron harakat qila koʻrmanglar. Ularni oʻz holiga qoʻyinglar! Ularning rejalari va qilayotgan ishlari insonniki boʻlsa, bu ishlari barham topadi. 39 Agar Xudodan boʻlsa, sizlar ularni magʻlub qila olmaysizlar. Yana oʻzlaringiz Xudoga qarshi jang qilayotgan boʻlib qolmanglar.
40 Shunday qilib, Oliy kengash Gamaliyolning maslahatiga rozi boʻldi. Ular havoriylarni chaqirib, qamchi bilan savalatdilar, “Hech qachon Isoning nomi bilan gapirmaysizlar”, deb buyruq berib, qoʻyib yubordilar.
41 Havoriylar Oliy kengash huzuridan xursand boʻlib chiqdilar, chunki ular “Xudo bizni Isoning nomi uchun haqoratlanishimizga loyiq hisobladi”, der edilar. 42 Ular har kuni Maʼbad hovlisida va odamlarning uylarida taʼlim berardilar. Isoning Masih ekani toʻgʻrisidagi Xushxabarni vaʼz qilishda davom etaverdilar.
5–БОБ
Ханониё билан Сапфира
1 Ханониё деган бир одам хотини Сапфира билан келишиб, мулкидан бир қисмини сотди. 2 Ханониё пулнинг бир қисмини ўзига олиб қолди. Хотини бу ҳақда биларди. Ханониё пулнинг қолганини ҳаворийларга олиб бориб берди. 3 Бутрус ундан сўради:
— Ханониё, нимага шайтонга қалбингдан жой бериб, Муқаддас Руҳга ёлғон гапирдинг? Ернинг пулидан бир қисмини олиб қолдинг–ку! 4 Мулкингни сотмасингдан олдин, у сеники эди, сотганингдан кейин ҳам, пул сеники эди. Бундай иш қилишга қандай журъат этдинг?! Сен одамларга эмас, балки Худога ёлғон гапирдинг!
5 Ханониё бу сўзларни эшитиши биланоқ ерга йиқилиб жон берди. Бу воқеани эшитганларнинг ҳаммаси қаттиқ ваҳимага тушиб қолди. 6 Йигитлар келиб, унинг жасадини кафанладилар, кейин уни олиб чиқиб, дафн қилдилар.
7 Уч соатлардан кейин Ханониёнинг хотини келди. Юз берган ҳодисадан у бехабар эди. 8 Бутрус аёлдан сўради:
— Менга айт–чи, сен билан эринг ерларингизни фалон нархга сотдингизларми?
— Ҳа, ўшанча нархга сотдик, — деб жавоб берди аёл. 9 Шунда Бутрус аёлга деди:
— Нима учун сизлар Эгамизнинг Руҳини синашга қарор қилдингизлар? Ана, эрингни дафн қилган одамлар эшикдан кириб келишяпти. Энди улар сени ҳам олиб чиқадилар.
10 Шу заҳоти аёл ҳам йиқилди–ю, жон берди. Йигитлар кириб келиб кўрдиларки, аёл жон берибди. Улар аёлни ҳам олиб бориб, эрининг ёнига дафн қилдилар. 11 Бу воқеани эшитган одамлар ва бутун жамоат ваҳимага тушиб қолди.
Мўъжизалар ва ажойиботлар
12 Ҳаворийлар халқ орасида кўплаб мўъжизалар ва ажойиботлар кўрсатардилар. Ҳамма имонлилар Сулаймон айвонида йиғилишарди. 13 Халқ уларга ғоят ҳурмат кўрсатар, бегоналардан ҳеч ким уларга қўшилишга журъат қилолмасди. 14 Аммо Раббимиз Исога имон келтириб, жамоатга қўшилган эркагу аёллар сони тобора кўпайиб бораверди. 15 Одамлар: “Бутрус йўлдан ўтаётганда, унинг сояси буларнинг устига тушсин”, деб хасталарни кўчаларга олиб чиқишарди. Уларни чорпояларга, тўшакларга ётқизиб қўйишарди. 16 Бир талай оломон ҳам Қуддус атрофидаги қишлоқлардан келди. Улар ҳам хаста, ёвуз руҳлардан азоб чекаётганларни олиб келган эдилар. Хасталарнинг ҳаммаси шифо топди.
Ҳаворийлар қувғин қилинадилар
17 Шунда саддуқий мазҳабидан бўлган олий руҳоний ва унинг барча шериклари ҳаворийларга қаҳрини сочдилар. 18 Улар ҳаворийларни ҳибсга олиб, давлат қамоқхонасига ташладилар. 19 Аммо тунда Эгамизнинг бир фариштаси қамоқхона эшигини очди, ҳаворийларни ташқарига олиб чиқиб, шундай деди:
20 — Боринглар, Маъбадда туриб, бу янги ҳаёт тўғрисидаги хабарни одамларга айтинглар.
21 Ҳаворийлар бу гапни эшитиб, азонда Маъбад ҳовлисига кирдилар ва одамларга таълим бера бошладилар.
Олий руҳоний ва унинг ёрдамчилари Маъбадга келдилар ва Олий кенгашни, яъни ҳамма Исроил йўлбошчиларини чақиртирдилар. Ҳаворийларни олиб келиш учун қамоқхонага одам юбордилар. 22 Маъбад миршаблари бориб, қамоқхонада ҳаворийларни топа олмадилар. Улар қайтиб келиб, хабар бердилар:
23 — Борсак, қамоқхона маҳкам қулфланган, соқчилар эшик олдида туришган экан. Аммо эшикларни очиб ичкарига кирганимизда, ичкарида ҳеч кимни топа олмадик.
24 Маъбад миршаббошиси ва бош руҳонийлар бу сўзларни эшитиб, ҳаворийларга нима бўлди экан, деб ҳайрон бўлдилар. 25 Шу пайт бир одам келиб, хабар берди:
— Сизлар қамоққа ташлаган одамлар Маъбад ҳовлисида турибдилар, одамларга таълим беряптилар.
26 Миршаббоши билан миршаблар бориб, ҳаворийларни ҳибсга олдилар, аммо зўрлик қилмадилар. “Одамлар бизни тошбўрон қилмасин”, деб қўрқдилар.
27 Улар ҳаворийларни олиб келиб, Олий кенгаш олдида турғизиб қўйдилар. Олий руҳоний уларга шундай деди:
28 — Биз сизларга, бу Одамнинг номи билан таълим берманглар, деб қатъий тақиқламаганмидик?! Сизлар эса бутун Қуддус бўйлаб таълимотингизни ёйиб юборибсиз! Бу Одамнинг қонини бизнинг гарданимизга юклаяпсизлар!
29 Бутрус билан ҳаворийлар шундай жавоб бердилар:
— Биз инсонга эмас, Худога итоат этишимиз лозим. 30 Сизлар Исони ёғочга михлаб ўлдирган эдингизлар, ота–боболаримизнинг Худоси эса Уни тирилтирди. 31 Худо Исони юксалтириб, Ўзининг ўнг томонига ўтқазди . Исроил халқи тавба қилсин, уларнинг гуноҳлари кечирилсин деб, Худо Исони Сарвар ва Нажоткор қилиб тайинлади. 32 Биз буларга гувоҳмиз, Муқаддас Руҳ ҳам гувоҳдир. Худо Муқаддас Руҳни Унга итоат этадиганларга инъом қилган.
33 Олий кенгаш бу гапларни эшитиб, ғазабга минди, ҳаворийларни ўлдирмоқчи бўлди. 34 Олий кенгашда халқнинг ҳурматига сазовор бўлган бир Таврот тафсирчиси бор эди. Унинг исми Гамалиёл бўлиб, у фарзийлардан эди. Гамалиёл ўрнидан туриб, ҳаворийларни қисқа вақтга ташқарига олиб чиқишларини буюрди. 35 Шундан кейин у Олий кенгашга деди:
— Эй, Исроил йўлбошчилари, бу одамларни бирон нарса қилмоқчи бўлсангиз, эҳтиёт бўлинглар. 36 Эсингизда бўлса, бир қанча вақт олдин Февдас деган одам буюкликка даъво қилганди. Ҳатто тўрт юзтача одам унга эргашди. Аммо Февдас ўлдирилди, унинг издошлари тарқалиб, йўқ бўлиб кетди. 37 Шундан кейин аҳолини рўйхатга олиш пайтида пайдо бўлган Жалилалик Яҳудо бир қанча одамни ортидан эргаштирди. У ҳам ҳалок бўлди, унга эргашганларнинг ҳаммаси тарқалиб кетди. 38 Шу боис сизларга айтяпман: бу одамларга қарши бирон ҳаракат қила кўрманглар. Уларни ўз ҳолига қўйинглар! Уларнинг режалари ва қилаётган ишлари инсонники бўлса, бу ишлари барҳам топади. 39 Агар Худодан бўлса, сизлар уларни мағлуб қила олмайсизлар. Яна ўзларингиз Худога қарши жанг қилаётган бўлиб қолманглар.
40 Шундай қилиб, Олий кенгаш Гамалиёлнинг маслаҳатига рози бўлди. Улар ҳаворийларни чақириб, қамчи билан савалатдилар, “Ҳеч қачон Исонинг номи билан гапирмайсизлар”, деб буйруқ бериб, қўйиб юбордилар.
41 Ҳаворийлар Олий кенгаш ҳузуридан хурсанд бўлиб чиқдилар, чунки улар “Худо бизни Исонинг номи учун ҳақоратланишимизга лойиқ ҳисоблади”, дер эдилар. 42 Улар ҳар куни Маъбад ҳовлисида ва одамларнинг уйларида таълим берардилар. Исонинг Масиҳ экани тўғрисидаги Хушхабарни ваъз қилишда давом этавердилар.