4–BOB
Butrus bilan Yuhanno Oliy kengash oldida
1 Butrus bilan Yuhanno xalqqa gapirib turganlarida, bir necha ruhoniylar , Maʼbad mirshabboshisi va sadduqiy mazhabining baʼzi aʼzolari keldilar. 2 Ularning qattiq jahli chiqqan edi, chunki bu ikkala havoriy xalqqa taʼlim berib, Iso oʻlikdan tirildi, deb vaʼz qilayotgan edilar. 3 Ular ikkala havoriyni ushlab, vaqt kech boʻlgani uchun ertasi kun ertalabgacha qamoqda saqladilar. 4 Ammo bu xabarni eshitganlarning koʻpchiligi imonga keldi. Shunday qilib, imonlilarning orasidagi erkaklarning soni besh mingga yetdi.
5 Keyingi kun bosh ruhoniylar , yoʻlboshchilar, Tavrot tafsirchilari Quddusda yigʻildilar. 6 Oliy ruhoniy Xanan , Kayafas, Yuhanno, Iskandar va oliy ruhoniy oilasiga mansub boʻlgan boshqa erkaklar yigʻinda ishtirok etdilar. 7 Ular ikkala havoriyni oʻrtaga turgʻizib qoʻyib, soʻradilar: “Buni qanday qudrat bilan, kimning nomidan qildingizlar?”
8 Shunda Muqaddas Ruhga toʻlgan Butrus ularga shunday dedi: “Ey xalq rahnamolari va yoʻlboshchilari! 9 Agar bir xasta odamga qilingan yaxshilik tufayli bizdan hisob talab qilayotgan boʻlsangiz va bu odamning qanday qilib sogʻayganini soʻrayotgan boʻlsangiz, 10 sizlar, ey Isroil xalqi, hammalaringiz shuni bilib qoʻyinglarki, mana bu odam Nosiralik Iso Masih nomi bilan tamomila sogʻayib, oldingizda turibdi. Isoni sizlar xochga mixlagan edingizlar, Xudo esa Uni oʻlikdan tiriltirdi. 11 Axir, Iso toʻgʻrisida Muqaddas bitiklarda shunday yozilgan:

«Ey binokorlar, siz rad etgan tosh
Binoning tamal toshi boʻldi.»

12 Najot boshqa hech kimdan kelmaydi. Uning nomi — butun olamda najot beradigan yagona nomdir.”
13 Kengash aʼzolari Butrus bilan Yuhannoning jasoratini koʻrdilar va ularning oʻqimagan, oddiy odam ekanliklarini bilib, hayron qoldilar. Butrus bilan Yuhanno Isoning sheriklari ekanini angladilar. 14 Shifo topgan odam ham ikkala havoriy bilan birga turgan edi. Shuning uchun xalq rahnamolari va yoʻlboshchilari uni koʻrib, ikkovining gaplariga qarshi biron soʻz ayta olmadilar.
15 Shunday qilib, ular havoriylarga: “Majlisxonadan chiqinglar”, deb buyruq berdilar. Soʻngra oʻzaro muhokama qila boshladilar: 16 “Bu odamlarni nima qilamiz? Bu ajoyib moʻjizani mana shu odamlar qilganini Quddusdagi har bir odam biladi, biz buni inkor eta olmaymiz. 17 Ammo bu xabar xalq orasida yanada yoyilib ketishining oldini olish uchun, bundan keyin Isoning nomi bilan hech kimga gapirmaysizlar, deb ularni ogohlantirib qoʻyamiz.”
18 Shunday qilib, ular ikkovini chaqirdilar va: “Isoning nomi bilan umuman gapirmaysizlar yoki taʼlim bermaysizlar”, deb buyruq berdilar. 19 Butrus bilan Yuhanno esa ularga shunday javob qaytardilar: “Xudodan koʻra sizlarga itoat etsak, Xudoning nazarida toʻgʻri boʻladimi? Oʻzlaringiz xulosa chiqaraveringlar. 20 Biz esa koʻrganlarimiz va eshitganlarimiz toʻgʻrisida gapirmasdan tura olmaymiz.”
21 Shunday qilib, Kengash aʼzolari ularni oxirgi marta ogohlantirib, qoʻyib yubordilar. Ularni jazolash uchun hech qanday sabab topa olmagandilar, chunki butun xalq yuz bergan voqeani bilib, Xudoga hamdu sano aytardi. 22 Axir, moʻjizali alomat tufayli shifo topgan odam qirq yildan oshiq vaqt davomida shol boʻlgan edi.
23 Butrus bilan Yuhanno ozod boʻlishlari bilanoq, doʻstlarining oldiga qaytib keldilar va bosh ruhoniylar bilan yoʻlboshchilarning ularga aytgan gaplarini soʻzlab berdilar. 24 Doʻstlari bu gaplarni eshitganlaridan keyin, hammalari birgalikda baland ovozda Xudoga shunday deb ibodat qildilar: “Ey Egamiz! Sen osmon bilan yerni, dengizni va ulardagi hamma mavjudotni yaratgansan! 25 Quling — bobomiz Dovud orqali Muqaddas Ruhing bilan shunday degansan:

«Nega quturadi xalqlar?!
Nega behuda fitna qilar elatlar?!
26 Egamizga va Uning Masihiga qarshi
Zamin shohlari saf tortdilar,
Hukmdorlar Unga qarshi birlashdilar.»

27 Haqiqatan, Hirod bilan Poʻntiy Pilat gʻayriyahudiylar va Isroil xalqi bilan birga bu shaharda Sening muqaddas Quling , Oʻzing Masih qilib tanlagan Isoga qarshi toʻplandilar . 28 Qudrating va xohish–irodang bilan Oʻzing ilgaridan qaror qilgan hamma narsani ular ijro etdilar. 29 Endi, ey Egamiz, ularning tahdidlariga qara! Sening soʻzingni jasorat bilan aytishimiz uchun, biz, qullaringga kuch ber. 30 Qudratingni koʻrsat, toki Muqaddas Quling Iso nomi bilan xastalarga shifo beraylik, alomatlar va moʻjizalar koʻrsataylik.”
31 Hammalari ibodat qilib boʻlganlaridan keyin, ular yigʻilib turgan joy silkindi. Hammalari Muqaddas Ruhga toʻlib, Xudoning soʻzini jasorat bilan gapiradigan boʻldilar.
Imonlilar mol–mulklarini taqsimlab beradilar
32 Imonga kelganlar yakdil va hamjihat edilar. Ulardan birontasi oʻziga qarashli biron narsani “Bu meniki”, deb aytmas, bor mol–mulklarini umumiy deb bilishardi. 33 Havoriylar buyuk qudrat bilan Rabbimiz Isoning tirilganiga guvohlik berardilar. Xudo ularning hammalariga moʻl–koʻl muruvvat koʻrsatardi. 34 Imonlilarning orasida bironta muhtoj odam yoʻq edi. Dala yoki uy–joy egalari bor narsalarini sotardilar, sotuvdan tushgan mablagʻni olib kelib, 35 havoriylarning ixtiyoriga berardilar. Pullar odamlarning ehtiyojiga qarab taqsimlanardi. 36 Imonlilar orasida Levi qabilasidan boʻlgan Yusuf ismli bir odam bor edi. U asli Kiprdan edi. Havoriylar unga Barnabo, yaʼni “dalda beruvchi” degan nom bergan edilar. 37 Yusuf ham dalasini sotib, pulini havoriylarga inʼom qildi.
4–БОБ
Бутрус билан Юҳанно Олий кенгаш олдида
1 Бутрус билан Юҳанно халққа гапириб турганларида, бир неча руҳонийлар , Маъбад миршаббошиси ва саддуқий мазҳабининг баъзи аъзолари келдилар. 2 Уларнинг қаттиқ жаҳли чиққан эди, чунки бу иккала ҳаворий халққа таълим бериб, Исо ўликдан тирилди, деб ваъз қилаётган эдилар. 3 Улар иккала ҳаворийни ушлаб, вақт кеч бўлгани учун эртаси кун эрталабгача қамоқда сақладилар. 4 Аммо бу хабарни эшитганларнинг кўпчилиги имонга келди. Шундай қилиб, имонлиларнинг орасидаги эркакларнинг сони беш мингга етди.
5 Кейинги кун бош руҳонийлар , йўлбошчилар, Таврот тафсирчилари Қуддусда йиғилдилар. 6 Олий руҳоний Ханан , Каяфас, Юҳанно, Искандар ва олий руҳоний оиласига мансуб бўлган бошқа эркаклар йиғинда иштирок этдилар. 7 Улар иккала ҳаворийни ўртага турғизиб қўйиб, сўрадилар: “Буни қандай қудрат билан, кимнинг номидан қилдингизлар?”
8 Шунда Муқаддас Руҳга тўлган Бутрус уларга шундай деди: “Эй халқ раҳнамолари ва йўлбошчилари! 9 Агар бир хаста одамга қилинган яхшилик туфайли биздан ҳисоб талаб қилаётган бўлсангиз ва бу одамнинг қандай қилиб соғайганини сўраётган бўлсангиз, 10 сизлар, эй Исроил халқи, ҳаммаларингиз шуни билиб қўйингларки, мана бу одам Носиралик Исо Масиҳ номи билан тамомила соғайиб, олдингизда турибди. Исони сизлар хочга михлаган эдингизлар, Худо эса Уни ўликдан тирилтирди. 11 Ахир, Исо тўғрисида Муқаддас битикларда шундай ёзилган:

«Эй бинокорлар, сиз рад этган тош
Бинонинг тамал тоши бўлди.»

12 Нажот бошқа ҳеч кимдан келмайди. Унинг номи — бутун оламда нажот берадиган ягона номдир.”
13 Кенгаш аъзолари Бутрус билан Юҳаннонинг жасоратини кўрдилар ва уларнинг ўқимаган, оддий одам эканликларини билиб, ҳайрон қолдилар. Бутрус билан Юҳанно Исонинг шериклари эканини англадилар. 14 Шифо топган одам ҳам иккала ҳаворий билан бирга турган эди. Шунинг учун халқ раҳнамолари ва йўлбошчилари уни кўриб, икковининг гапларига қарши бирон сўз айта олмадилар.
15 Шундай қилиб, улар ҳаворийларга: “Мажлисхонадан чиқинглар”, деб буйруқ бердилар. Сўнгра ўзаро муҳокама қила бошладилар: 16 “Бу одамларни нима қиламиз? Бу ажойиб мўъжизани мана шу одамлар қилганини Қуддусдаги ҳар бир одам билади, биз буни инкор эта олмаймиз. 17 Аммо бу хабар халқ орасида янада ёйилиб кетишининг олдини олиш учун, бундан кейин Исонинг номи билан ҳеч кимга гапирмайсизлар, деб уларни огоҳлантириб қўямиз.”
18 Шундай қилиб, улар икковини чақирдилар ва: “Исонинг номи билан умуман гапирмайсизлар ёки таълим бермайсизлар”, деб буйруқ бердилар. 19 Бутрус билан Юҳанно эса уларга шундай жавоб қайтардилар: “Худодан кўра сизларга итоат этсак, Худонинг назарида тўғри бўладими? Ўзларингиз хулоса чиқараверинглар. 20 Биз эса кўрганларимиз ва эшитганларимиз тўғрисида гапирмасдан тура олмаймиз.”
21 Шундай қилиб, Кенгаш аъзолари уларни охирги марта огоҳлантириб, қўйиб юбордилар. Уларни жазолаш учун ҳеч қандай сабаб топа олмагандилар, чунки бутун халқ юз берган воқеани билиб, Худога ҳамду сано айтарди. 22 Ахир, мўъжизали аломат туфайли шифо топган одам қирқ йилдан ошиқ вақт давомида шол бўлган эди.
23 Бутрус билан Юҳанно озод бўлишлари биланоқ, дўстларининг олдига қайтиб келдилар ва бош руҳонийлар билан йўлбошчиларнинг уларга айтган гапларини сўзлаб бердилар. 24 Дўстлари бу гапларни эшитганларидан кейин, ҳаммалари биргаликда баланд овозда Худога шундай деб ибодат қилдилар: “Эй Эгамиз! Сен осмон билан ерни, денгизни ва улардаги ҳамма мавжудотни яратгансан! 25 Қулинг — бобомиз Довуд орқали Муқаддас Руҳинг билан шундай дегансан:

«Нега қутуради халқлар?!
Нега беҳуда фитна қилар элатлар?!
26 Эгамизга ва Унинг Масиҳига қарши
Замин шоҳлари саф тортдилар,
Ҳукмдорлар Унга қарши бирлашдилар.»

27 Ҳақиқатан, Ҳирод билан Пўнтий Пилат ғайрияҳудийлар ва Исроил халқи билан бирга бу шаҳарда Сенинг муқаддас Қулинг , Ўзинг Масиҳ қилиб танлаган Исога қарши тўпландилар . 28 Қудратинг ва хоҳиш–ироданг билан Ўзинг илгаридан қарор қилган ҳамма нарсани улар ижро этдилар. 29 Энди, эй Эгамиз, уларнинг таҳдидларига қара! Сенинг сўзингни жасорат билан айтишимиз учун, биз, қулларингга куч бер. 30 Қудратингни кўрсат, токи Муқаддас Қулинг Исо номи билан хасталарга шифо берайлик, аломатлар ва мўъжизалар кўрсатайлик.”
31 Ҳаммалари ибодат қилиб бўлганларидан кейин, улар йиғилиб турган жой силкинди. Ҳаммалари Муқаддас Руҳга тўлиб, Худонинг сўзини жасорат билан гапирадиган бўлдилар.
Имонлилар мол–мулкларини тақсимлаб берадилар
32 Имонга келганлар якдил ва ҳамжиҳат эдилар. Улардан биронтаси ўзига қарашли бирон нарсани “Бу меники”, деб айтмас, бор мол–мулкларини умумий деб билишарди. 33 Ҳаворийлар буюк қудрат билан Раббимиз Исонинг тирилганига гувоҳлик берардилар. Худо уларнинг ҳаммаларига мўл–кўл мурувват кўрсатарди. 34 Имонлиларнинг орасида биронта муҳтож одам йўқ эди. Дала ёки уй–жой эгалари бор нарсаларини сотардилар, сотувдан тушган маблағни олиб келиб, 35 ҳаворийларнинг ихтиёрига берардилар. Пуллар одамларнинг эҳтиёжига қараб тақсимланарди. 36 Имонлилар орасида Леви қабиласидан бўлган Юсуф исмли бир одам бор эди. У асли Кипрдан эди. Ҳаворийлар унга Барнабо, яъни “далда берувчи” деган ном берган эдилар. 37 Юсуф ҳам даласини сотиб, пулини ҳаворийларга инъом қилди.