26–BOB
Pavlus shoh Agrippa oldida oʻzini oqlaydi
1 Agrippa Pavlusga:
— Oʻzingni himoya qilib gapirishing mumkin, — dedi. Shundan keyin Pavlus qoʻlini choʻzib, oʻzini himoya qilib gapira boshladi: 2 “Shoh Agrippa janobi oliylari! Bugun mana bu yahudiylar menga qoʻyayotgan ayblardan oʻzimni sizning huzuringizda himoya qilayotganim uchun baxtiyorman. 3 Axir, yahudiylarning odatlari va bahslarini siz juda yaxshi bilasiz. Sizdan iltimos, marhamat qilib mening gapimni eshitsangiz.
4 Yoshligimdan bosib oʻtgan hayot yoʻlimni — Quddusda, oʻz xalqim orasida kechirgan hayotimni hamma yahudiylar biladilar. 5 Agar ular guvohlik berishni istasalar, dinimizning eng ashaddiy mazhabi farziylarga mansub boʻlganimni ular azaldan biladilar. 6 Endi esa, Xudoning ota–bobolarimizga bergan vaʼdasiga umid qilganim uchun hukm qilinyapman. 7 Vaholanki, xalqimizning oʻn ikki qabilasi kechayu kunduz Xudoga chin dildan sajda qilib, shu vaʼda bajo boʻlishiga umid qilyaptilar. Janobi oliylari, men ham aynan shunday umid qilganim uchun yahudiylar meni ayblayaptilar. 8 Ey shu yerda turganlar! Nima uchun Xudo oʻliklarni tiriltirishiga ishonib boʻlmaydi, deb oʻylaysizlar?
9 Men oʻzimcha, Nosiralik Isoning nomiga qarshi har narsani qilishim kerak, deb oʻylagandim. 10 Men buni Quddusda qildim ham. Bosh ruhoniylardan vakolat olib, Xudoning azizlaridan koʻpchiligini qamoqqa tashladim. Ular oʻlimga hukm qilinganlarida, men buni maʼqullab turardim. 11 Men tez–tez bir sinagogadan ikkinchisiga borib, ularni jazolardim, imonlaridan qaytarishga harakat qilardim. Men ularga nisbatan shunchalik shafqatsiz edimki, hatto begona shaharlarda ham ularni quvgʻin qilgani borardim.
12 Bir kuni shu maqsadda bosh ruhoniylardan vakolat olib, Damashqqa bir topshiriq bilan ketayotgan edim. 13 Janobi oliylari! Men kuppa–kunduzi yoʻlda ketayotganimda, birdan osmonda quyoshdan ham yorugʻ nurni koʻrdim. Nur sheriklarim bilan mening yon–atrofimni yoritib yubordi. 14 Hammamiz yerga yiqildik. Shunda oramiy tilida menga gapirayotgan bir ovozni eshitdim:
— Shoul! Shoul! Nimaga Meni quvgʻin qilyapsan? Hoʻkiz oʻz egasining tayogʻini tepib, oʻziga zarar keltirganday, sen ham Menga qarshi chiqib, oʻzingga zarar keltiryapsan.
15 — Hazratim! Siz kimsiz? — deb soʻradim men.
— Sen quvgʻin qilayotgan Isoman, — deb javob berdi Rabbiy. 16 — Endi oʻrningdan tur, Shoul. Seni Oʻz xizmatkorim qilib tayinlash maqsadida senga zohir boʻldim. Sen Meni koʻrganingni boshqalarga aytasan, senga koʻrsatadiganlarim toʻgʻrisida guvohlik berasan. 17 Men seni oʻz xalqing qoʻlidan qutqaraman. Seni gʻayriyahudiylar orasiga yuborib, ularning qoʻlidan ham xalos etaman. 18 Sen gʻayriyahudiylarning koʻzlarini ochasan, ularni zulmatdan yorugʻlikka, shaytonning hukmronligidan Xudoning hukmronligiga qaytarasan. Menga imon keltirish orqali ularning gunohlari kechirilib, ular Xudoning tanlangan xalqi orasidan joy oladilar.
19 Shunday qilib, shoh Agrippa janoblari, samodan menga kelgan vahiyga itoatsizlik qilmadim. 20 Avvalo, Damashqda va Quddusda, keyin butun Yahudiyada, shuningdek, gʻayriyahudiylar orasida: «Gunohlaringiz uchun tavba qilinglar, Xudoga yuz buringlar, tavba qilganingizni koʻrsatadigan ishlar qilinglar», deb vaʼz qildim. 21 Shu sababdan yahudiylar meni Maʼbadda tutib olib, oʻldirmoqchi boʻldilar. 22 Ammo shu kungacha Xudo menga madad berdi. Men hammaga — kattayu kichikka birday guvohlik berib keldim. Men ularga faqat paygʻambarlarning va Musoning aytganlarini gapirgan edim. 23 Masih Oʻz xalqiga va gʻayriyahudiylarga nur olib kelish uchun azob chekishi va birinchi boʻlib oʻlikdan tirilishi kerak, deb aytdim, xolos.”
24 Pavlus shu tariqa oʻzini himoya qilar ekan, Festus unga baqirib dedi:
— Sen telba boʻlib qolibsan, Pavlus! Koʻp bilganing seni aqldan ozdiryapti!
25 Pavlus esa shunday dedi:
— Men aqldan ozganim yoʻq, Festus janobi oliylari! Men jiddiy haqiqatni gapiryapman. 26 Shoh bu narsalar toʻgʻrisida bilgani uchun, men unga bemalol gapirmoqdaman. Bu narsalarning har biri uning eʼtiboridan chetda qolmaganiga imonim komil. Chunki bular yashirin qilingan emas. 27 Shoh Agrippa janoblari! Siz paygʻambarlarning bashoratlariga ishonasizmi? Bilaman, ishonasiz.
28 Agrippa Pavlusga:
— Sen darrov meni masihiy boʻlishga koʻndirmoqchisan–a, — dedi. 29 Pavlus shunday javob berdi:
— Darrov boʻladimi yoki uzoq vaqtdan keyin boʻladimi, nafaqat siz, balki mening gaplarimni eshitayotganlarning hammasi men singari boʻlsin deb, Xudoga ibodat qilaman. Ammo mana bu kishanlarni sizlarga ravo koʻrmayman.
30 Shundan keyin shoh Agrippa, hokim Festus, Vernika va boshqalar oʻrinlaridan turdilar. 31 Ular ketayotib, bir–birlariga: “Bu odam oʻlimga yoki zindonga tashlanishga loyiq biron ish qilmagan”, deb aytdilar. 32 Agrippa Festusga:
— Agar bu odam Qaysarning hukmini talab qilmaganda edi, uni ozod qilish mumkin edi, — dedi .
26–БОБ
Павлус шоҳ Агриппа олдида ўзини оқлайди
1 Агриппа Павлусга:
— Ўзингни ҳимоя қилиб гапиришинг мумкин, — деди. Шундан кейин Павлус қўлини чўзиб, ўзини ҳимоя қилиб гапира бошлади: 2 “Шоҳ Агриппа жаноби олийлари! Бугун мана бу яҳудийлар менга қўяётган айблардан ўзимни сизнинг ҳузурингизда ҳимоя қилаётганим учун бахтиёрман. 3 Ахир, яҳудийларнинг одатлари ва баҳсларини сиз жуда яхши биласиз. Сиздан илтимос, марҳамат қилиб менинг гапимни эшитсангиз.
4 Ёшлигимдан босиб ўтган ҳаёт йўлимни — Қуддусда, ўз халқим орасида кечирган ҳаётимни ҳамма яҳудийлар биладилар. 5 Агар улар гувоҳлик беришни истасалар, динимизнинг энг ашаддий мазҳаби фарзийларга мансуб бўлганимни улар азалдан биладилар. 6 Энди эса, Худонинг ота–боболаримизга берган ваъдасига умид қилганим учун ҳукм қилиняпман. 7 Ваҳоланки, халқимизнинг ўн икки қабиласи кечаю кундуз Худога чин дилдан сажда қилиб, шу ваъда бажо бўлишига умид қиляптилар. Жаноби олийлари, мен ҳам айнан шундай умид қилганим учун яҳудийлар мени айблаяптилар. 8 Эй шу ерда турганлар! Нима учун Худо ўликларни тирилтиришига ишониб бўлмайди, деб ўйлайсизлар?
9 Мен ўзимча, Носиралик Исонинг номига қарши ҳар нарсани қилишим керак, деб ўйлагандим. 10 Мен буни Қуддусда қилдим ҳам. Бош руҳонийлардан ваколат олиб, Худонинг азизларидан кўпчилигини қамоққа ташладим. Улар ўлимга ҳукм қилинганларида, мен буни маъқуллаб турардим. 11 Мен тез–тез бир синагогадан иккинчисига бориб, уларни жазолардим, имонларидан қайтаришга ҳаракат қилардим. Мен уларга нисбатан шунчалик шафқатсиз эдимки, ҳатто бегона шаҳарларда ҳам уларни қувғин қилгани борардим.
12 Бир куни шу мақсадда бош руҳонийлардан ваколат олиб, Дамашққа бир топшириқ билан кетаётган эдим. 13 Жаноби олийлари! Мен куппа–кундузи йўлда кетаётганимда, бирдан осмонда қуёшдан ҳам ёруғ нурни кўрдим. Нур шерикларим билан менинг ён–атрофимни ёритиб юборди. 14 Ҳаммамиз ерга йиқилдик. Шунда орамий тилида менга гапираётган бир овозни эшитдим:
— Шоул! Шоул! Нимага Мени қувғин қиляпсан? Ҳўкиз ўз эгасининг таёғини тепиб, ўзига зарар келтиргандай, сен ҳам Менга қарши чиқиб, ўзингга зарар келтиряпсан.
15 — Ҳазратим! Сиз кимсиз? — деб сўрадим мен.
— Сен қувғин қилаётган Исоман, — деб жавоб берди Раббий. 16 — Энди ўрнингдан тур, Шоул. Сени Ўз хизматкорим қилиб тайинлаш мақсадида сенга зоҳир бўлдим. Сен Мени кўрганингни бошқаларга айтасан, сенга кўрсатадиганларим тўғрисида гувоҳлик берасан. 17 Мен сени ўз халқинг қўлидан қутқараман. Сени ғайрияҳудийлар орасига юбориб, уларнинг қўлидан ҳам халос этаман. 18 Сен ғайрияҳудийларнинг кўзларини очасан, уларни зулматдан ёруғликка, шайтоннинг ҳукмронлигидан Худонинг ҳукмронлигига қайтарасан. Менга имон келтириш орқали уларнинг гуноҳлари кечирилиб, улар Худонинг танланган халқи орасидан жой оладилар.
19 Шундай қилиб, шоҳ Агриппа жаноблари, самодан менга келган ваҳийга итоатсизлик қилмадим. 20 Аввало, Дамашқда ва Қуддусда, кейин бутун Яҳудияда, шунингдек, ғайрияҳудийлар орасида: «Гуноҳларингиз учун тавба қилинглар, Худога юз буринглар, тавба қилганингизни кўрсатадиган ишлар қилинглар», деб ваъз қилдим. 21 Шу сабабдан яҳудийлар мени Маъбадда тутиб олиб, ўлдирмоқчи бўлдилар. 22 Аммо шу кунгача Худо менга мадад берди. Мен ҳаммага — каттаю кичикка бирдай гувоҳлик бериб келдим. Мен уларга фақат пайғамбарларнинг ва Мусонинг айтганларини гапирган эдим. 23 Масиҳ Ўз халқига ва ғайрияҳудийларга нур олиб келиш учун азоб чекиши ва биринчи бўлиб ўликдан тирилиши керак, деб айтдим, холос.”
24 Павлус шу тариқа ўзини ҳимоя қилар экан, Фестус унга бақириб деди:
— Сен телба бўлиб қолибсан, Павлус! Кўп билганинг сени ақлдан оздиряпти!
25 Павлус эса шундай деди:
— Мен ақлдан озганим йўқ, Фестус жаноби олийлари! Мен жиддий ҳақиқатни гапиряпман. 26 Шоҳ бу нарсалар тўғрисида билгани учун, мен унга бемалол гапирмоқдаман. Бу нарсаларнинг ҳар бири унинг эътиборидан четда қолмаганига имоним комил. Чунки булар яширин қилинган эмас. 27 Шоҳ Агриппа жаноблари! Сиз пайғамбарларнинг башоратларига ишонасизми? Биламан, ишонасиз.
28 Агриппа Павлусга:
— Сен дарров мени масиҳий бўлишга кўндирмоқчисан–а, — деди. 29 Павлус шундай жавоб берди:
— Дарров бўладими ёки узоқ вақтдан кейин бўладими, нафақат сиз, балки менинг гапларимни эшитаётганларнинг ҳаммаси мен сингари бўлсин деб, Худога ибодат қиламан. Аммо мана бу кишанларни сизларга раво кўрмайман.
30 Шундан кейин шоҳ Агриппа, ҳоким Фестус, Верника ва бошқалар ўринларидан турдилар. 31 Улар кетаётиб, бир–бирларига: “Бу одам ўлимга ёки зиндонга ташланишга лойиқ бирон иш қилмаган”, деб айтдилар. 32 Агриппа Фестусга:
— Агар бу одам Қайсарнинг ҳукмини талаб қилмаганда эди, уни озод қилиш мумкин эди, — деди .