1–BOB
Muqaddima
1-2 Ey Teofilus, birinchi kitobimda men sizga Iso boshidan to osmonga koʻtarilgunga qadar qilgan hamma ishlari va oʻrgatgan taʼlimoti toʻgʻrisida yozgan edim. U osmonga koʻtarilishdan oldin, Muqaddas Ruh kuchi orqali Oʻzi tanlagan havoriylarga koʻrsatmalar bergan edi. 3 Iso azob chekib oʻlgandan keyin, bir qancha ishonchli dalillar orqali havoriylarga tirilganini koʻrsatdi. Qirq kun davomida ularga zohir boʻlib, Xudoning Shohligi toʻgʻrisida gapirdi. 4 Iso Oʻz havoriylari bilan dasturxon atrofida oʻtirar ekan, ularga shunday amr berdi: “Quddusdan ketib qolmanglar, osmondagi Otamning bergan vaʼdasi bajo boʻlishini kutinglar. Bu vaʼda haqida oldin ham sizlarga aytgan edim. 5 Yahyo odamlarni suvga choʻmdirar edi , sizlar esa yaqin kunlarda Muqaddas Ruhga choʻmdirilasizlar.”
Iso osmonga koʻtariladi
6 Havoriylar birga yigʻilganlarida, Isodan shunday deb soʻradilar:
— Rabbimiz, Isroil shohligini tiklaydigan vaqtingiz kelmadimi?
7 Iso ularga shunday javob berdi:
— Vaqt va davrlarni Otam Oʻz hokimiyati orqali oʻrnatgan, bularni bilish sizning ishingiz emas. 8 Ammo Muqaddas Ruh sizlarni qamrab olganda, kuch–qudratga toʻlasizlar. Quddusda, Yahudiya va Samariyada, yer yuzining hamma burchaklarida sizlar Mening shohidlarim boʻlasizlar.
9 Iso shu gaplarni aytgandan keyin, havoriylarning koʻzi oldida osmonga koʻtarildi. Bulut Isoni havoriylarning koʻzlaridan yashirdi. 10 Iso koʻtarilib ketgandan keyin ham havoriylar koʻzlarini uzmay osmonga qarab turardilar. Shu payt birdan oq kiyim kiygan ikki odam ularning oldida paydo boʻldi.
11 — Ey Jalilaliklar! — dedi ular. — Nimaga osmonga qarab turibsizlar? Iso osmonga koʻtarilganini oʻz koʻzingiz bilan koʻrdingizlar. U osmonga qanday koʻtarilgan boʻlsa, xuddi shunday qaytib keladi.
Oʻn ikkinchi havoriy tanlanadi
12 Shundan keyin ular Zaytun deb atalgan togʻdan Quddusga qaytib keldilar. Zaytun togʻi Quddus yonida boʻlib, shahardan taxminan bir chaqirim masofada joylashgan edi.
13 Ular shaharga kirganlaridan keyin, oʻzlari turadigan xonadonning boloxonasiga chiqdilar. Butrus, Yuhanno, Yoqub, Endrus, Filip, Toʻma, Bartolomey, Matto, Xalfey oʻgʻli Yoqub, vatanparvar Shimoʻn, Yoqub oʻgʻli Yahudo shu yerda edilar. 14 Ular yakdillik bilan toat–ibodatga berilgan edilar. Ular qatorida baʼzi bir ayollar, shuningdek, Isoning onasi Maryam va Uning ukalari ham bor edi.
15 Bir kuni 120 nafar imonli birodar yigʻilgan edi. Butrus ular oldida turib, shunday dedi: 16-17 “Birodarlarim! Muqaddas Ruh oldindan Dovud orqali Yahudo haqida bashorat qilgandi. Muqaddas bitiklardagi Uning bu soʻzlari amalga oshishi kerak edi. Yahudo bizlarning birimiz hisoblanib, bu xizmatda ishtirok etishga tanlangandi. Ammo u Isoni hibsga olish uchun kelganlarga boshchilik qildi. 18 Keyin yovuz ishi bilan qoʻlga kiritgan pulga dala sotib oldi. Ammo oʻsha yerda yiqilib tushdi, qorni yorilib, ichak–chovoqlari chiqib ketdi. 19 Bu voqea butun Quddus aholisiga maʼlum boʻldi, shuning uchun odamlar oʻsha joyni Xaqaldamax , yaʼni Qon dalasi deb atadilar. 20 Zabur kitobida shunday yozilgan:
«Uning makoni tashlandiq boʻlib qolsin,
U yerda yashaydigan biron jon qolmasin.»
Yana shunday deyilgan:
«Uning oʻrnini boshqasi olsin.»
21-22 Shunga koʻra, biz Yahudoning oʻrniga boshqa bir odamni tanlashimiz kerak. Toki u, biz singari, Rabbimiz Isoning tirilgani haqida guvohlik bersin. Bu odam Rabbimizning Yahyo tomonidan suvga choʻmdirilgan kunidan boshlab, to osmonga koʻtarilgan vaqtgacha bizga hamrohlik qilganlardan biri boʻlishi shart.”
23 Shunday qilib, ular ikki kishini oldinga chiqardilar. Ulardan biri Yusuf (uning yana Barsabo va Yustus degan ismi ham bor edi), ikkinchisi esa Mattiyo edi. 24-25 Ular ibodat qilib, shunday dedilar: “Ey Rabbimiz! Sen hamma odamlarning yuragini bilasan. Mana shu ikkovidan qaysi birini havoriylik xizmati uchun tanlaganingni bizga koʻrsatgin, chunki Yahudo xizmatini tashlab, oʻziga tegishli yerga ketgan.”
26 Havoriylar ular uchun qurʼa tashladilar. Qurʼa Mattiyoning chekiga tushdi. Mattiyo oʻn bir havoriyga qoʻshildi.
1–БОБ
Муқаддима
1-2 Эй Теофилус, биринчи китобимда мен сизга Исо бошидан то осмонга кўтарилгунга қадар қилган ҳамма ишлари ва ўргатган таълимоти тўғрисида ёзган эдим. У осмонга кўтарилишдан олдин, Муқаддас Руҳ кучи орқали Ўзи танлаган ҳаворийларга кўрсатмалар берган эди. 3 Исо азоб чекиб ўлгандан кейин, бир қанча ишончли далиллар орқали ҳаворийларга тирилганини кўрсатди. Қирқ кун давомида уларга зоҳир бўлиб, Худонинг Шоҳлиги тўғрисида гапирди. 4 Исо Ўз ҳаворийлари билан дастурхон атрофида ўтирар экан, уларга шундай амр берди: “Қуддусдан кетиб қолманглар, осмондаги Отамнинг берган ваъдаси бажо бўлишини кутинглар. Бу ваъда ҳақида олдин ҳам сизларга айтган эдим. 5 Яҳё одамларни сувга чўмдирар эди , сизлар эса яқин кунларда Муқаддас Руҳга чўмдириласизлар.”
Исо осмонга кўтарилади
6 Ҳаворийлар бирга йиғилганларида, Исодан шундай деб сўрадилар:
— Раббимиз, Исроил шоҳлигини тиклайдиган вақтингиз келмадими?
7 Исо уларга шундай жавоб берди:
— Вақт ва даврларни Отам Ўз ҳокимияти орқали ўрнатган, буларни билиш сизнинг ишингиз эмас. 8 Аммо Муқаддас Руҳ сизларни қамраб олганда, куч–қудратга тўласизлар. Қуддусда, Яҳудия ва Самарияда, ер юзининг ҳамма бурчакларида сизлар Менинг шоҳидларим бўласизлар.
9 Исо шу гапларни айтгандан кейин, ҳаворийларнинг кўзи олдида осмонга кўтарилди. Булут Исони ҳаворийларнинг кўзларидан яширди. 10 Исо кўтарилиб кетгандан кейин ҳам ҳаворийлар кўзларини узмай осмонга қараб турардилар. Шу пайт бирдан оқ кийим кийган икки одам уларнинг олдида пайдо бўлди.
11 — Эй Жалилаликлар! — деди улар. — Нимага осмонга қараб турибсизлар? Исо осмонга кўтарилганини ўз кўзингиз билан кўрдингизлар. У осмонга қандай кўтарилган бўлса, худди шундай қайтиб келади.
Ўн иккинчи ҳаворий танланади
12 Шундан кейин улар Зайтун деб аталган тоғдан Қуддусга қайтиб келдилар. Зайтун тоғи Қуддус ёнида бўлиб, шаҳардан тахминан бир чақирим масофада жойлашган эди.
13 Улар шаҳарга кирганларидан кейин, ўзлари турадиган хонадоннинг болохонасига чиқдилар. Бутрус, Юҳанно, Ёқуб, Эндрус, Филип, Тўма, Бартоломей, Матто, Халфей ўғли Ёқуб, ватанпарвар Шимўн, Ёқуб ўғли Яҳудо шу ерда эдилар. 14 Улар якдиллик билан тоат–ибодатга берилган эдилар. Улар қаторида баъзи бир аёллар, шунингдек, Исонинг онаси Марям ва Унинг укалари ҳам бор эди.
15 Бир куни 120 нафар имонли биродар йиғилган эди. Бутрус улар олдида туриб, шундай деди: 16-17 “Биродарларим! Муқаддас Руҳ олдиндан Довуд орқали Яҳудо ҳақида башорат қилганди. Муқаддас битиклардаги Унинг бу сўзлари амалга ошиши керак эди. Яҳудо бизларнинг биримиз ҳисобланиб, бу хизматда иштирок этишга танланганди. Аммо у Исони ҳибсга олиш учун келганларга бошчилик қилди. 18 Кейин ёвуз иши билан қўлга киритган пулга дала сотиб олди. Аммо ўша ерда йиқилиб тушди, қорни ёрилиб, ичак–човоқлари чиқиб кетди. 19 Бу воқеа бутун Қуддус аҳолисига маълум бўлди, шунинг учун одамлар ўша жойни Хақалдамах , яъни Қон даласи деб атадилар. 20 Забур китобида шундай ёзилган:
«Унинг макони ташландиқ бўлиб қолсин,
У ерда яшайдиган бирон жон қолмасин.»
Яна шундай дейилган:
«Унинг ўрнини бошқаси олсин.»
21-22 Шунга кўра, биз Яҳудонинг ўрнига бошқа бир одамни танлашимиз керак. Токи у, биз сингари, Раббимиз Исонинг тирилгани ҳақида гувоҳлик берсин. Бу одам Раббимизнинг Яҳё томонидан сувга чўмдирилган кунидан бошлаб, то осмонга кўтарилган вақтгача бизга ҳамроҳлик қилганлардан бири бўлиши шарт.”
23 Шундай қилиб, улар икки кишини олдинга чиқардилар. Улардан бири Юсуф (унинг яна Барсабо ва Юстус деган исми ҳам бор эди), иккинчиси эса Маттиё эди. 24-25 Улар ибодат қилиб, шундай дедилар: “Эй Раббимиз! Сен ҳамма одамларнинг юрагини биласан. Мана шу икковидан қайси бирини ҳаворийлик хизмати учун танлаганингни бизга кўрсатгин, чунки Яҳудо хизматини ташлаб, ўзига тегишли ерга кетган.”
26 Ҳаворийлар улар учун қуръа ташладилар. Қуръа Маттиёнинг чекига тушди. Маттиё ўн бир ҳаворийга қўшилди.