2–BOB
Ilyos osmonga olinadi
1 Egamiz Ilyosni quyun ichida osmonga koʻtarib ketadigan vaqt keldi. Ilyos bilan Elishay Gilgal shahridan chiqib ketishayotganda, 2 Ilyos Elishayga:
— Sen shu yerda qol, Egamiz menga, Baytil shahriga bor, deb amr qilgan, — dedi.
— Xudo shohid! Ont ichib aytamanki, sizdan hecham ayrilmayman, — dedi Elishay.
Soʻngra ular Baytilga joʻnadilar.
3 Baytilda paygʻambarlar guruhi Elishayga peshvoz chiqib:
— Egamiz bugun hazratingni olib ketadi, buni bilasanmi? — deb soʻradilar.
— Bilaman, — dedi Elishay, — lekin menga bu toʻgʻrida gapirmanglar.
4 Keyin Ilyos Elishayga:
— Sen shu yerda qol, Egamiz menga, Yerixo shahriga bor, deb amr bergan, — dedi.
— Xudo shohid! Ont ichib aytamanki, sizdan hecham ayrilmayman, — deya javob qaytardi Elishay. Soʻngra ular Yerixoga kelishdi.
5 Yerixoda paygʻambarlar guruhi Elishayning oldiga kelib, undan:
— Egamiz bugun hazratingni olib ketadi, buni bilasanmi? — deb soʻrashdi.
— Bilaman, — dedi Elishay, — lekin menga bu toʻgʻrida gapirmanglar.
6 Keyin Ilyos Elishayga:
— Sen shu yerda qol, Egamiz menga, Iordan daryosiga bor, deb amr bergan, — dedi.
— Xudo shohid! Ont ichib aytamanki, sizdan hecham ayrilmayman, — dedi Elishay.
Shunday qilib, ikkovlari joʻnab ketishdi.
7 Paygʻambarlardan elliktasi kelib, uzoqroqda Ilyos bilan Elishayning roʻparasida toʻxtadilar. Ikkovi esa Iordan daryosi boʻyida turardilar. 8 Bir payt Ilyos chakmonini oldi–da, burab eshib, suvga urgan edi, suv ikki tomonga surilib, yoʻl ochildi. Ikkovlari quruq joydan oʻtdilar.
9 Ular narigi qirgʻoqqa oʻtib olishgach, Ilyos Elishayga dedi:
— Meni hademay Egamiz olib ketadi. Ayt, shu voqea yuz bermasdan oldin sen uchun nima qilay?
Shunda Elishay:
— Iltimos, sizning paygʻambarlik ruhingizdan menga ikki hissa koʻp meros qolsin , toki sizning izdoshingiz boʻlay, — dedi.
10 — Qiyin narsani soʻrayapsan, — dedi Ilyos. — Mayli, agar men yoningdan koʻtarilib ketayotganimni koʻra olsang, istaganing bajo boʻladi. Agar koʻra olmasang, bajo boʻlmaydi.
11 Ular yoʻlda suhbatlashib ketishayotgan edi, birdan olov otlar qoʻshilgan olov arava paydo boʻlib, ularning oʻrtasiga yeldek uchib keldi. Ilyos quyun ichida osmonga chiqib ketdi. Shunday qilib, ikkovlari bir–birlaridan ayrildilar. 12 Elishay buni koʻrib Ilyosga xitob qildi:
— Otam! Otam! Siz Isroilning qudratli himoyachisi edingiz! Isroilning jang aravasi va otliq lashkari kabi edingiz–a! Qayoqqa ketib qoldingiz–a!
Elishay Ilyosni boshqa koʻra olmagani uchun egnidagi kiyimini ikkiga boʻlib tashladi . 13 Ilyosning egnidan chakmoni tushib qolgan edi. Elishay oʻsha chakmonni olib orqasiga qaytib, Iordan daryosi qirgʻogʻiga keldi. 14 Elishay Ilyosning chakmonini suvga urib: “Egam Ilyosga qilganiday, men uchun ham moʻjiza koʻrsatadimi?” — dedi. Elishay chakmonini yana suvga urgan edi, daryo suvi ikki tomonga surilib yoʻl ochildi. Elishay oʻsha joydan oʻtib ketdi.
15 Yerixolik paygʻambarlar guruhi olisdan Elishayni koʻrib:
— Elishayda Ilyosning ruhi bor, — deb Elishayga peshvoz chiqdilar. Uni kutib oldilar, yer oʻpib unga taʼzim qildilar. 16 Soʻngra paygʻambarlar Elishayga:
— Biz, qullaringizda ellikta baquvvat odam bor, — dedilar. — Ijozat bering, ular borib, hazratingizni izlashsin. Balki Egamizning Ruhi uni biror toqqa yoki vodiyga boshlab ketgandir.
— Yoʻq, yubormanglar, — dedi Elishay ularga.
17 Lekin paygʻambarlar guruhi iltimos qilaverib, oxiri uni koʻndirdilar. Elishay: “Mayli, yuboringlar”, dedi. Paygʻambarlar guruhi ellikta odamni joʻnatdilar. Odamlar uch kun qidirib, Ilyosni topa olmaganlaridan keyin, 18 Elishayning yoniga qaytib keldilar. Elishay bu paytda Yerixoda edi. Elishay ularga:
— Sizlarga, bormanglar, deb aytmaganmidim?! — dedi.
Elishayning moʻjizalari
19 Oʻsha shaharning aholisi Elishayga murojaat qildi:
— Hazratimiz koʻrib turganlariday, shahar yaxshi yerga joylashgan, lekin suvi yaxshi emas, yeri ham hosil bermaydi.
20 Shunda Elishay:
— Menga yangi kosaga tuz solib beringlar, — dedi. Ular Elishayning aytganini berdilar. 21 Elishay buloq boshiga chiqib, tuzni suvga tashladi–da, shunday dedi:
— Egamiz shunday aytmoqda: “Men bu suvni toza qildim, endi bu suv tufayli hecham oʻlim boʻlmaydi, bundan buyon yeringiz ham hosil beradi.”
22 Elishay aytganidek, suv toza boʻldi va hozirgacha tozadir.
23 Shundan keyin Elishay u yerdan Baytil shahriga yoʻl oldi. U yoʻlda ketayotgan edi, Baytildan chiqqan yosh bolalar unga ergashib:
— Joʻnab qol, yoʻqol, kal! Joʻnab qol, kal! — deb uni masxara qilishdi.
24 Elishay orqasiga qayrilib, bolalarga qaradi va ularni Egamizning nomi bilan qargʻadi. Shu payt oʻrmondan ikkita urgʻochi ayiq chiqib, bolalardan qirq ikkitasini burda–burda qilib tashladi.
25 Elishay bu yerdan Karmil togʻiga ketdi, u yerdan esa Samariyaga qaytdi.
2–БОБ
Илёс осмонга олинади
1 Эгамиз Илёсни қуюн ичида осмонга кўтариб кетадиган вақт келди. Илёс билан Элишай Гилгал шаҳридан чиқиб кетишаётганда, 2 Илёс Элишайга:
— Сен шу ерда қол, Эгамиз менга, Байтил шаҳрига бор, деб амр қилган, — деди.
— Худо шоҳид! Онт ичиб айтаманки, сиздан ҳечам айрилмайман, — деди Элишай.
Сўнгра улар Байтилга жўнадилар.
3 Байтилда пайғамбарлар гуруҳи Элишайга пешвоз чиқиб:
— Эгамиз бугун ҳазратингни олиб кетади, буни биласанми? — деб сўрадилар.
— Биламан, — деди Элишай, — лекин менга бу тўғрида гапирманглар.
4 Кейин Илёс Элишайга:
— Сен шу ерда қол, Эгамиз менга, Ерихо шаҳрига бор, деб амр берган, — деди.
— Худо шоҳид! Онт ичиб айтаманки, сиздан ҳечам айрилмайман, — дея жавоб қайтарди Элишай. Сўнгра улар Ерихога келишди.
5 Ерихода пайғамбарлар гуруҳи Элишайнинг олдига келиб, ундан:
— Эгамиз бугун ҳазратингни олиб кетади, буни биласанми? — деб сўрашди.
— Биламан, — деди Элишай, — лекин менга бу тўғрида гапирманглар.
6 Кейин Илёс Элишайга:
— Сен шу ерда қол, Эгамиз менга, Иордан дарёсига бор, деб амр берган, — деди.
— Худо шоҳид! Онт ичиб айтаманки, сиздан ҳечам айрилмайман, — деди Элишай.
Шундай қилиб, икковлари жўнаб кетишди.
7 Пайғамбарлардан элликтаси келиб, узоқроқда Илёс билан Элишайнинг рўпарасида тўхтадилар. Иккови эса Иордан дарёси бўйида турардилар. 8 Бир пайт Илёс чакмонини олди–да, бураб эшиб, сувга урган эди, сув икки томонга сурилиб, йўл очилди. Икковлари қуруқ жойдан ўтдилар.
9 Улар нариги қирғоққа ўтиб олишгач, Илёс Элишайга деди:
— Мени ҳадемай Эгамиз олиб кетади. Айт, шу воқеа юз бермасдан олдин сен учун нима қилай?
Шунда Элишай:
— Илтимос, сизнинг пайғамбарлик руҳингиздан менга икки ҳисса кўп мерос қолсин , токи сизнинг издошингиз бўлай, — деди.
10 — Қийин нарсани сўраяпсан, — деди Илёс. — Майли, агар мен ёнингдан кўтарилиб кетаётганимни кўра олсанг, истаганинг бажо бўлади. Агар кўра олмасанг, бажо бўлмайди.
11 Улар йўлда суҳбатлашиб кетишаётган эди, бирдан олов отлар қўшилган олов арава пайдо бўлиб, уларнинг ўртасига елдек учиб келди. Илёс қуюн ичида осмонга чиқиб кетди. Шундай қилиб, икковлари бир–бирларидан айрилдилар. 12 Элишай буни кўриб Илёсга хитоб қилди:
— Отам! Отам! Сиз Исроилнинг қудратли ҳимоячиси эдингиз! Исроилнинг жанг араваси ва отлиқ лашкари каби эдингиз–а! Қаёққа кетиб қолдингиз–а!
Элишай Илёсни бошқа кўра олмагани учун эгнидаги кийимини иккига бўлиб ташлади . 13 Илёснинг эгнидан чакмони тушиб қолган эди. Элишай ўша чакмонни олиб орқасига қайтиб, Иордан дарёси қирғоғига келди. 14 Элишай Илёснинг чакмонини сувга уриб: “Эгам Илёсга қилганидай, мен учун ҳам мўъжиза кўрсатадими?” — деди. Элишай чакмонини яна сувга урган эди, дарё суви икки томонга сурилиб йўл очилди. Элишай ўша жойдан ўтиб кетди.
15 Ерихолик пайғамбарлар гуруҳи олисдан Элишайни кўриб:
— Элишайда Илёснинг руҳи бор, — деб Элишайга пешвоз чиқдилар. Уни кутиб олдилар, ер ўпиб унга таъзим қилдилар. 16 Сўнгра пайғамбарлар Элишайга:
— Биз, қулларингизда элликта бақувват одам бор, — дедилар. — Ижозат беринг, улар бориб, ҳазратингизни излашсин. Балки Эгамизнинг Руҳи уни бирор тоққа ёки водийга бошлаб кетгандир.
— Йўқ, юборманглар, — деди Элишай уларга.
17 Лекин пайғамбарлар гуруҳи илтимос қилавериб, охири уни кўндирдилар. Элишай: “Майли, юборинглар”, деди. Пайғамбарлар гуруҳи элликта одамни жўнатдилар. Одамлар уч кун қидириб, Илёсни топа олмаганларидан кейин, 18 Элишайнинг ёнига қайтиб келдилар. Элишай бу пайтда Ерихода эди. Элишай уларга:
— Сизларга, борманглар, деб айтмаганмидим?! — деди.
Элишайнинг мўъжизалари
19 Ўша шаҳарнинг аҳолиси Элишайга мурожаат қилди:
— Ҳазратимиз кўриб турганларидай, шаҳар яхши ерга жойлашган, лекин суви яхши эмас, ери ҳам ҳосил бермайди.
20 Шунда Элишай:
— Менга янги косага туз солиб беринглар, — деди. Улар Элишайнинг айтганини бердилар. 21 Элишай булоқ бошига чиқиб, тузни сувга ташлади–да, шундай деди:
— Эгамиз шундай айтмоқда: “Мен бу сувни тоза қилдим, энди бу сув туфайли ҳечам ўлим бўлмайди, бундан буён ерингиз ҳам ҳосил беради.”
22 Элишай айтганидек, сув тоза бўлди ва ҳозиргача тозадир.
23 Шундан кейин Элишай у ердан Байтил шаҳрига йўл олди. У йўлда кетаётган эди, Байтилдан чиққан ёш болалар унга эргашиб:
— Жўнаб қол, йўқол, кал! Жўнаб қол, кал! — деб уни масхара қилишди.
24 Элишай орқасига қайрилиб, болаларга қаради ва уларни Эгамизнинг номи билан қарғади. Шу пайт ўрмондан иккита урғочи айиқ чиқиб, болалардан қирқ иккитасини бурда–бурда қилиб ташлади.
25 Элишай бу ердан Кармил тоғига кетди, у ердан эса Самарияга қайтди.