11–BOB
Yahudo malikasi Otaliyo
1 Otaliyo oʻz oʻgʻli shoh Oxoziyoning oʻldirilganini eshitgach, Yahudoda Oxoziyoning jamiki urugʻini qirib tashlashga kirishdi. 2 Shohning hamma oʻgʻillarini oʻldirish rejalashtirilgan edi. Shoh Yohuramning Yohusheva degan qizi bor edi. Yohusheva Oxoziyoga oʻgay singil edi. Yohusheva Oxoziyoning oʻgʻli Yoʻshni shohning oʻgʻillari orasidan bildirmasdan olib qochdi. Otaliyo bolani oʻldirmasligi uchun uni enagasi bilan birga Egamizning uyidagi yotoqxonaga yashirdi. 3 Otaliyo yurtni boshqargan paytda, bola olti yil davomida Egamizning uyida enagasi bilan birga yashirinib yurdi.
4 Yettinchi yili ruhoniy Yohayido Xaryollik qoʻriqchilarning lashkarboshilariga va saroy qoʻriqchilarining lashkarboshilariga xabar berib, ularni chaqirtirdi. Hammalarini Egamizning uyiga yigʻib, ular bilan ahd tuzdi. Hammalariga Egamizning uyida ont ichirgandan keyin, shohning oʻgʻli Yoʻshni ularga koʻrsatdi. 5 Yohayido ularga shunday buyurdi: “Endi sizlar bunday qilasizlar: Shabbat kuni xizmatda boʻlgan qoʻriqchilarning uchdan biri shoh saroyini qoʻriqlashadi. 6 Uchdan biri Sur darvozasini, uchdan biri esa saroy darvozasini qoʻriqlashadi va saroy qoʻriqchilari oʻrniga turishadi. 7 Shabbat kuni xizmatda boʻlmagan boshqa ikki qism sipohlaringiz esa Egamizning uyi atrofida turib shohni qoʻriqlasin. 8 Hamma qoʻlida quroli bilan shohni har tomondan oʻrab olsin, kim safga yaqinlashsa, oʻldirilsin. Shoh kirganda ham, chiqqanda ham, unga hamroh boʻlinglar.”
9 Yuzboshilar ruhoniy Yohayidoning amrlarini soʻzsiz bajardilar. Har bir yuzboshi Shabbat kuni xizmatini boshlagan va xizmatini tugatgan qoʻriqchilarini olib, Yohayidoning yoniga bordi. 10 Ruhoniy Egamizning uyida turgan shoh Dovudning nayzalariyu qalqonlarini yuzboshilarga tarqatdi. 11 Shohni qoʻriqlash uchun uyning janub tomonidan shimol tomonigacha, qurbongohning va uyning atrofiga soqchilar jangga shay holda qoʻyildi.
12 Yohayido Yoʻshni tashqariga olib chiqib, boshiga toj kiydirdi. Unga shohlik qonunlarini berdi. Yoʻsh shoh deb eʼlon qilindi. Uning boshiga moy surtishdi, soʻngra: “Shohimizning umrlari uzoq boʻlsin!” deya olqishlab, qarsak chaldilar.
13 Otaliyo qoʻriqchilar bilan xalqning shovqin–suronini eshitgach, Egamizning uyiga, u yerda yigʻilganlarning yoniga bordi. 14 Qarasaki, odatga koʻra, Egamizning uyiga kiraverishdagi ustun oldida shoh turibdi, shohning atrofini lashkarboshilar, karnaychilar oʻrab olgan. Yurtning butun xalqi shod–xurram, karnay chalyapti. Shunda Otaliyo gʻazabdan liboslarini yirtib: “Xoinlik! Xoinlik!” deb baqirdi.
15 Ruhoniy Yohayido yuzboshilarga: “U xotinni bu yerdan olib chiqib ketinglar, kimki unga ergashsa, qilichdan oʻtkazinglar”, deb buyruq berdi. Ruhoniy oʻsha ayolning Egamiz uyida oʻldirilishini istamadi. 16 Otaliyo ushlandi va saroyning Ot darvozasiga keltirilib, oʻsha yerda qatl qilindi.
Yohayido qilgan islohotlar
17 Ruhoniy Yohayido xalq, shoh va Egamiz orasida “Biz Egamizning xalqi boʻlamiz” deb ahd tuzdi. Undan keyin xalq bilan shoh orasida ham ahd tuzdi. 18 Soʻng butun xalq Baalning uyiga borib, uni buzib tashladi, u yerdagi qurbongohlarni va Baalning tasvirlarini sindirdi, Baalning ruhoniysi Mattonni esa qurbongohlarning roʻparasida oʻldirdi. Ruhoniy Yohayido Egamizning uyiga qoʻriqchilar tayin qildi. 19 Soʻngra yuzboshilarni, Xaryollik qoʻriqchilarni, saroy qoʻriqchilarini va jamiki xalqni yoniga olib, shohni Egamizning uyidan olib chiqdi. Ular qoʻriqchilar darvozasidan oʻtib, shohni saroyga olib keldilar va taxtga oʻtqazdilar. 20 Otaliyo shoh saroyida oʻldirilgani uchun yurt xalqi sevindi. Quddus osoyishta boʻlib qoldi. 21 Yoʻsh taxtga oʻtirgan paytda yetti yoshda edi.
11–БОБ
Яҳудо маликаси Оталиё
1 Оталиё ўз ўғли шоҳ Охозиёнинг ўлдирилганини эшитгач, Яҳудода Охозиёнинг жамики уруғини қириб ташлашга киришди. 2 Шоҳнинг ҳамма ўғилларини ўлдириш режалаштирилган эди. Шоҳ Ёҳурамнинг Ёҳушева деган қизи бор эди. Ёҳушева Охозиёга ўгай сингил эди. Ёҳушева Охозиёнинг ўғли Йўшни шоҳнинг ўғиллари орасидан билдирмасдан олиб қочди. Оталиё болани ўлдирмаслиги учун уни энагаси билан бирга Эгамизнинг уйидаги ётоқхонага яширди. 3 Оталиё юртни бошқарган пайтда, бола олти йил давомида Эгамизнинг уйида энагаси билан бирга яшириниб юрди.
4 Еттинчи йили руҳоний Ёҳайидо Харёллик қўриқчиларнинг лашкарбошиларига ва сарой қўриқчиларининг лашкарбошиларига хабар бериб, уларни чақиртирди. Ҳаммаларини Эгамизнинг уйига йиғиб, улар билан аҳд тузди. Ҳаммаларига Эгамизнинг уйида онт ичиргандан кейин, шоҳнинг ўғли Йўшни уларга кўрсатди. 5 Ёҳайидо уларга шундай буюрди: “Энди сизлар бундай қиласизлар: Шаббат куни хизматда бўлган қўриқчиларнинг учдан бири шоҳ саройини қўриқлашади. 6 Учдан бири Сур дарвозасини, учдан бири эса сарой дарвозасини қўриқлашади ва сарой қўриқчилари ўрнига туришади. 7 Шаббат куни хизматда бўлмаган бошқа икки қисм сипоҳларингиз эса Эгамизнинг уйи атрофида туриб шоҳни қўриқласин. 8 Ҳамма қўлида қуроли билан шоҳни ҳар томондан ўраб олсин, ким сафга яқинлашса, ўлдирилсин. Шоҳ кирганда ҳам, чиққанда ҳам, унга ҳамроҳ бўлинглар.”
9 Юзбошилар руҳоний Ёҳайидонинг амрларини сўзсиз бажардилар. Ҳар бир юзбоши Шаббат куни хизматини бошлаган ва хизматини тугатган қўриқчиларини олиб, Ёҳайидонинг ёнига борди. 10 Руҳоний Эгамизнинг уйида турган шоҳ Довуднинг найзаларию қалқонларини юзбошиларга тарқатди. 11 Шоҳни қўриқлаш учун уйнинг жануб томонидан шимол томонигача, қурбонгоҳнинг ва уйнинг атрофига соқчилар жангга шай ҳолда қўйилди.
12 Ёҳайидо Йўшни ташқарига олиб чиқиб, бошига тож кийдирди. Унга шоҳлик қонунларини берди. Йўш шоҳ деб эълон қилинди. Унинг бошига мой суртишди, сўнгра: “Шоҳимизнинг умрлари узоқ бўлсин!” дея олқишлаб, қарсак чалдилар.
13 Оталиё қўриқчилар билан халқнинг шовқин–суронини эшитгач, Эгамизнинг уйига, у ерда йиғилганларнинг ёнига борди. 14 Қарасаки, одатга кўра, Эгамизнинг уйига кираверишдаги устун олдида шоҳ турибди, шоҳнинг атрофини лашкарбошилар, карнайчилар ўраб олган. Юртнинг бутун халқи шод–хуррам, карнай чаляпти. Шунда Оталиё ғазабдан либосларини йиртиб: “Хоинлик! Хоинлик!” деб бақирди.
15 Руҳоний Ёҳайидо юзбошиларга: “У хотинни бу ердан олиб чиқиб кетинглар, кимки унга эргашса, қиличдан ўтказинглар”, деб буйруқ берди. Руҳоний ўша аёлнинг Эгамиз уйида ўлдирилишини истамади. 16 Оталиё ушланди ва саройнинг От дарвозасига келтирилиб, ўша ерда қатл қилинди.
Ёҳайидо қилган ислоҳотлар
17 Руҳоний Ёҳайидо халқ, шоҳ ва Эгамиз орасида “Биз Эгамизнинг халқи бўламиз” деб аҳд тузди. Ундан кейин халқ билан шоҳ орасида ҳам аҳд тузди. 18 Сўнг бутун халқ Баалнинг уйига бориб, уни бузиб ташлади, у ердаги қурбонгоҳларни ва Баалнинг тасвирларини синдирди, Баалнинг руҳонийси Маттонни эса қурбонгоҳларнинг рўпарасида ўлдирди. Руҳоний Ёҳайидо Эгамизнинг уйига қўриқчилар тайин қилди. 19 Сўнгра юзбошиларни, Харёллик қўриқчиларни, сарой қўриқчиларини ва жамики халқни ёнига олиб, шоҳни Эгамизнинг уйидан олиб чиқди. Улар қўриқчилар дарвозасидан ўтиб, шоҳни саройга олиб келдилар ва тахтга ўтқаздилар. 20 Оталиё шоҳ саройида ўлдирилгани учун юрт халқи севинди. Қуддус осойишта бўлиб қолди. 21 Йўш тахтга ўтирган пайтда етти ёшда эди.