13–BOB
Abiyo bilan Yeribom oʻrtasidagi urush
1 Isroil shohi Yeribom hukmronlik qilayotganiga oʻn sakkiz yil boʻlganda, Abiyo Yahudoga shoh boʻldi. 2 U Quddusda uch yil shohlik qildi. Onasining ismi Maxo boʻlib, Givolik Uriyolning qizi edi.
Abiyo bilan Yeribom oʻrtasida urush boʻldi. 3 Abiyo saralangan odamlardan tashkil topgan 400.000 nafar botir jangchisini urushga boshladi. Yeribom esa Abiyoga qarshi 800.000 nafar saralangan bahodir jangchini saf torttirdi. 4 Abiyo Efrayim qirlaridagi Zamorayim togʻi yon bagʻriga chiqib, gapirdi:

“Ey Yeribom va butun Isroil xalqi, gapimni eshiting! 5 Isroil xalqining Xudosi — Egamiz shoh Dovud bilan qatʼiy ahd tuzib, Isroil ustidan hukmronlik qilishni to abad unga va uning nasliga topshirgan. Nahotki buni bilmasangiz?! 6 Shunday boʻlsa–da, Nabat oʻgʻli Yeribom Dovud oʻgʻli Sulaymonning xizmatida boʻla turib, oʻz xoʻjayiniga qarshi bosh koʻtardi. 7 Atrofiga bir guruh allaqanday yaramas odamlarni toʻplab, Sulaymon oʻgʻli Raxabomga qarshi fitna uyushtirdi. Raxabom oʻsha paytda yosh, tajribasiz boʻlgani uchun ularga qarshilik koʻrsata olmadi.
8 Endi esa sizlar Dovud nasli qoʻlidagi Egamizning shohligiga qarshi urush qilmoqchisizlar. Ha, sizlar koʻpchiliksiz. Yeribom xudolar sifatida yasattirib bergan oltin buzoqlar ham yoningizda. 9 Sizlar Horunning naslidan boʻlgan Egamizning ruhoniylarini va levilarni quvib yubordingizlar. Begona xalqlardan oʻrnak olib, oddiy odamlarni ruhoniy qilib tayinladingizlar. Qoyil–e! Yosh buqasi yoki yettita qoʻchqori boʻlgan har kim soxta xudolaringizga ruhoniylik qila oladi–ya!
10 Lekin Xudoyimiz Egamizdir, biz Undan yuz oʻgirmadik. Egamizga xizmat qilayotgan ruhoniylarimiz Horun naslidandir. Levilar ularga xizmatda yordam berishyapti. 11 Ular har kuni ertalab va kechqurun Egamizga kuydiriladigan qurbonliklar atashadi, xushboʻy tutatqilar tutatishadi, poklangan xontaxtaga muqaddas nonlar qoʻyishadi, har oqshom oltin chiroqpoyadagi moychiroqlarni yoqishadi. Ha, biz Egamiz Xudoning talablarini bajaramiz, sizlar esa Uni tark etdingizlar. 12 Xudo biz bilan birgadir, U bizning yoʻlboshchimizdir. Uning ruhoniylari karnaylar chalib, sizlarga qarshi jangga daʼvat qiladi. Ey Isroil xalqi! Ota–bobolaringizning Xudosi — Egamizga qarshi jang qilmang, siz baribir muvaffaqiyatga erishmaysiz!”

13 Shu orada Yeribom bildirmay sipohlarining bir qismini Yahudo lashkarining orqa tomoniga pistirma qoʻyish uchun joʻnatdi. Sipohlarining asosiy qismi esa Yahudo lashkarining old tomonida saf tortgan edi. 14 Yahudo lashkari qarashsa, qurshovda qolishibdi. Ular Egamizdan yordam soʻrab yolvorishdi, ruhoniylar karnaylarini chalishdi. 15 Yahudo lashkari ovozi boricha hayqirishdi. Ularning jangovar hayqirigʻi ostida Xudo Yeribomni hamda butun Isroil lashkarini Abiyo va Yahudo xalqi oldida magʻlub qildi. 16 Isroil lashkari Yahudo lashkari oldiga tushib qochishdi. Xudo Isroil lashkarini Yahudo lashkarining qoʻliga berdi. 17 Abiyo va uning lashkari ularga ogʻir talafot yetkazdilar. Isroil lashkarining 500.000 nafar saralangan sipohi qurbon boʻldi. 18 Yahudo lashkari ota–bobolarining Xudosi — Egamizga tayangani uchun jangda Isroil lashkarini magʻlub qilib, gʻalabaga erishgan edi.
19 Abiyo Yeribomni taʼqib qilib, Baytil, Yashono va Efroʻn shaharlarini hamda oʻsha shaharlar atrofidagi qishloqlarni qoʻlga kiritdi. 20 Yeribom Abiyo davrida oldingi qudratini tiklay olmadi. Egamiz shoh Yeribomning jonini olib, uni halok qildi.
21 Abiyo esa kuchayib boraverdi. U oʻn toʻrtta xotinga uylanib, yigirma ikkita oʻgʻil va oʻn oltita qiz koʻrdi.
22 Abiyoning boshqa ishlari, uning faoliyati va tutgan yoʻllari Yiddo paygʻambarning tarixida bayon etilgan.
13–БОБ
Абиё билан Ерибом ўртасидаги уруш
1 Исроил шоҳи Ерибом ҳукмронлик қилаётганига ўн саккиз йил бўлганда, Абиё Яҳудога шоҳ бўлди. 2 У Қуддусда уч йил шоҳлик қилди. Онасининг исми Махо бўлиб, Гиволик Уриёлнинг қизи эди.
Абиё билан Ерибом ўртасида уруш бўлди. 3 Абиё сараланган одамлардан ташкил топган 400.000 нафар ботир жангчисини урушга бошлади. Ерибом эса Абиёга қарши 800.000 нафар сараланган баҳодир жангчини саф торттирди. 4 Абиё Эфрайим қирларидаги Заморайим тоғи ён бағрига чиқиб, гапирди:

“Эй Ерибом ва бутун Исроил халқи, гапимни эшитинг! 5 Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шоҳ Довуд билан қатъий аҳд тузиб, Исроил устидан ҳукмронлик қилишни то абад унга ва унинг наслига топширган. Наҳотки буни билмасангиз?! 6 Шундай бўлса–да, Набат ўғли Ерибом Довуд ўғли Сулаймоннинг хизматида бўла туриб, ўз хўжайинига қарши бош кўтарди. 7 Атрофига бир гуруҳ аллақандай ярамас одамларни тўплаб, Сулаймон ўғли Рахабомга қарши фитна уюштирди. Рахабом ўша пайтда ёш, тажрибасиз бўлгани учун уларга қаршилик кўрсата олмади.
8 Энди эса сизлар Довуд насли қўлидаги Эгамизнинг шоҳлигига қарши уруш қилмоқчисизлар. Ҳа, сизлар кўпчиликсиз. Ерибом худолар сифатида ясаттириб берган олтин бузоқлар ҳам ёнингизда. 9 Сизлар Ҳоруннинг наслидан бўлган Эгамизнинг руҳонийларини ва левиларни қувиб юбордингизлар. Бегона халқлардан ўрнак олиб, оддий одамларни руҳоний қилиб тайинладингизлар. Қойил–э! Ёш буқаси ёки еттита қўчқори бўлган ҳар ким сохта худоларингизга руҳонийлик қила олади–я!
10 Лекин Худойимиз Эгамиздир, биз Ундан юз ўгирмадик. Эгамизга хизмат қилаётган руҳонийларимиз Ҳорун наслидандир. Левилар уларга хизматда ёрдам беришяпти. 11 Улар ҳар куни эрталаб ва кечқурун Эгамизга куйдириладиган қурбонликлар аташади, хушбўй тутатқилар тутатишади, покланган хонтахтага муқаддас нонлар қўйишади, ҳар оқшом олтин чироқпоядаги мойчироқларни ёқишади. Ҳа, биз Эгамиз Худонинг талабларини бажарамиз, сизлар эса Уни тарк этдингизлар. 12 Худо биз билан биргадир, У бизнинг йўлбошчимиздир. Унинг руҳонийлари карнайлар чалиб, сизларга қарши жангга даъват қилади. Эй Исроил халқи! Ота–боболарингизнинг Худоси — Эгамизга қарши жанг қилманг, сиз барибир муваффақиятга эришмайсиз!”

13 Шу орада Ерибом билдирмай сипоҳларининг бир қисмини Яҳудо лашкарининг орқа томонига пистирма қўйиш учун жўнатди. Сипоҳларининг асосий қисми эса Яҳудо лашкарининг олд томонида саф тортган эди. 14 Яҳудо лашкари қарашса, қуршовда қолишибди. Улар Эгамиздан ёрдам сўраб ёлворишди, руҳонийлар карнайларини чалишди. 15 Яҳудо лашкари овози борича ҳайқиришди. Уларнинг жанговар ҳайқириғи остида Худо Ерибомни ҳамда бутун Исроил лашкарини Абиё ва Яҳудо халқи олдида мағлуб қилди. 16 Исроил лашкари Яҳудо лашкари олдига тушиб қочишди. Худо Исроил лашкарини Яҳудо лашкарининг қўлига берди. 17 Абиё ва унинг лашкари уларга оғир талафот етказдилар. Исроил лашкарининг 500.000 нафар сараланган сипоҳи қурбон бўлди. 18 Яҳудо лашкари ота–боболарининг Худоси — Эгамизга таянгани учун жангда Исроил лашкарини мағлуб қилиб, ғалабага эришган эди.
19 Абиё Ерибомни таъқиб қилиб, Байтил, Яшоно ва Эфрўн шаҳарларини ҳамда ўша шаҳарлар атрофидаги қишлоқларни қўлга киритди. 20 Ерибом Абиё даврида олдинги қудратини тиклай олмади. Эгамиз шоҳ Ерибомнинг жонини олиб, уни ҳалок қилди.
21 Абиё эса кучайиб бораверди. У ўн тўртта хотинга уйланиб, йигирма иккита ўғил ва ўн олтита қиз кўрди.
22 Абиёнинг бошқа ишлари, унинг фаолияти ва тутган йўллари Йиддо пайғамбарнинг тарихида баён этилган.