8–BOB
Isroil xalqi bir shoh talab qiladi
1 Shomuil keksaygach, oʻgʻillarini Isroilga hakam qilib tayinlagan edi. 2 Toʻngʻich oʻgʻlining oti Yoʻel, ikkinchi oʻgʻlining oti Abiyo edi. Bersheba shahrida shu oʻgʻillari hakam edilar. 3 Ammo oʻgʻillari Shomuilning yoʻlidan yurishmadi. Ular tama qilar, pora olar, bir yoqlama hukm chiqarardilar.
4 Bir kuni Isroilning hamma oqsoqollari toʻplanishib, Ramaga — Shomuilning huzuriga borishdi 5 va unga shunday deyishdi:
— Mana, siz keksaydingiz, oʻgʻillaringiz esa sizning yoʻlingizdan yurishmayapti. Endi boshqa xalqlarda boʻlganiday, ustimizdan hukmronlik qiladigan bir shoh tayinlang.
6 Isroil oqsoqollarining “Ustimizdan hukmronlik qiladigan bir shoh tayinlang” degan gaplari Shomuilga yoqmadi. Shuning uchun u Egamizga ibodat qilgan edi, 7 Egamiz Shomuilga shunday javob berdi:
— Xalq senga nima aytsa, hamma gapiga quloq sol. Ular seni rad etishmadi, oʻzlarining shohi sifatida Meni rad etishdi. 8 Ularni Misrdan olib chiqqan kunimdan buyon Menga nima qilgan boʻlsalar, senga ham shunday qilishayotir: ular Meni tark etib, boshqa xudolarga sajda qilishdi. 9 Endi ularning gapiga quloq sol. Faqat ularni jiddiy ogohlantirib qoʻy, oʻzlari ustidan hukmronlik qiladigan shohning huquqi va muomalasini ochiqchasiga ayt.
10 Oʻzlari uchun shoh talab qilayotgan xalqqa Shomuil Egamizning hamma aytganlarini yetkazdi:
11 — Sizlarga hukmronlik qiladigan shohning huquqi va muomalasi quyidagicha boʻladi: shoh oʻgʻillaringizni majburlab jang aravalarida va suvori lashkari safida xizmat qilishga oladi. Baʼzilarini oʻziga qoʻriqchi qilib tayinlaydi, ular shohning jang aravalari oldida yugurishadi. 12 Shoh baʼzilarini mingboshi, baʼzilarini ellikboshi etib tayinlaydi. Qay birini shoh oʻz dalasini ekish–oʻrishga, yana boshqasini esa jang qurollarini va jang aravalarining asbob–uskunalarini yasashga majbur etadi. 13 Qizlaringizni pardozchi, oshpaz, novvoy qilib oladi. 14 Eng yaxshi dalalaringizni, uzumzorlaringizni, zaytunzorlaringizni olib, oʻzining aʼyonlariga beradi. 15 Doningizning, uzumlaringizning oʻndan birini olib, saroy amaldorlari bilan boshqa aʼyonlariga taqsimlab beradi. 16 Qul va choʻrilaringizni, eng sara hoʻkizlaringizni , eng sara eshaklaringizni olib, oʻzining ishi uchun foydalanadi. 17 Qoʻy va echki suruvlaringizning ham oʻndan birini tortib oladi. Oʻzlaringiz ham unga qul boʻlib qolasizlar. 18 Vaqti kelib, oʻzlaringiz istagan shoh dastidan faryod qilasizlar. Lekin oʻsha paytda Egamiz sizlarga javob bermaydi.
19 Baribir xalq Shomuilning gapini eshitishni istamadi:
— Yoʻq, ustimizdan bir shoh boʻlsin, 20 oʻshanda biz ham hamma xalqlar singari boʻlamiz. Shohimiz bizga hukmronlik qilsin, oldimizda borib, urushlarimizda bosh boʻlsin, — deyishdi.
21 Shomuil xalqning hamma gapini tingladi, soʻng ularning gaplarini Egamizga aytdi. 22 Egamiz Shomuilga:
— Ularning gapiga quloq sol, ustilaridan shoh tayinla, — deb amr berdi. Shomuil Isroil xalqiga:
— Har kim oʻz shahriga qaytsin, — dedi.
8–БОБ
Исроил халқи бир шоҳ талаб қилади
1 Шомуил кексайгач, ўғилларини Исроилга ҳакам қилиб тайинлаган эди. 2 Тўнғич ўғлининг оти Йўэл, иккинчи ўғлининг оти Абиё эди. Бершеба шаҳрида шу ўғиллари ҳакам эдилар. 3 Аммо ўғиллари Шомуилнинг йўлидан юришмади. Улар тама қилар, пора олар, бир ёқлама ҳукм чиқарардилар.
4 Бир куни Исроилнинг ҳамма оқсоқоллари тўпланишиб, Рамага — Шомуилнинг ҳузурига боришди 5 ва унга шундай дейишди:
— Мана, сиз кексайдингиз, ўғилларингиз эса сизнинг йўлингиздан юришмаяпти. Энди бошқа халқларда бўлганидай, устимиздан ҳукмронлик қиладиган бир шоҳ тайинланг.
6 Исроил оқсоқолларининг “Устимиздан ҳукмронлик қиладиган бир шоҳ тайинланг” деган гаплари Шомуилга ёқмади. Шунинг учун у Эгамизга ибодат қилган эди, 7 Эгамиз Шомуилга шундай жавоб берди:
— Халқ сенга нима айтса, ҳамма гапига қулоқ сол. Улар сени рад этишмади, ўзларининг шоҳи сифатида Мени рад этишди. 8 Уларни Мисрдан олиб чиққан кунимдан буён Менга нима қилган бўлсалар, сенга ҳам шундай қилишаётир: улар Мени тарк этиб, бошқа худоларга сажда қилишди. 9 Энди уларнинг гапига қулоқ сол. Фақат уларни жиддий огоҳлантириб қўй, ўзлари устидан ҳукмронлик қиладиган шоҳнинг ҳуқуқи ва муомаласини очиқчасига айт.
10 Ўзлари учун шоҳ талаб қилаётган халққа Шомуил Эгамизнинг ҳамма айтганларини етказди:
11 — Сизларга ҳукмронлик қиладиган шоҳнинг ҳуқуқи ва муомаласи қуйидагича бўлади: шоҳ ўғилларингизни мажбурлаб жанг араваларида ва сувори лашкари сафида хизмат қилишга олади. Баъзиларини ўзига қўриқчи қилиб тайинлайди, улар шоҳнинг жанг аравалари олдида югуришади. 12 Шоҳ баъзиларини мингбоши, баъзиларини элликбоши этиб тайинлайди. Қай бирини шоҳ ўз даласини экиш–ўришга, яна бошқасини эса жанг қуролларини ва жанг араваларининг асбоб–ускуналарини ясашга мажбур этади. 13 Қизларингизни пардозчи, ошпаз, новвой қилиб олади. 14 Энг яхши далаларингизни, узумзорларингизни, зайтунзорларингизни олиб, ўзининг аъёнларига беради. 15 Донингизнинг, узумларингизнинг ўндан бирини олиб, сарой амалдорлари билан бошқа аъёнларига тақсимлаб беради. 16 Қул ва чўриларингизни, энг сара ҳўкизларингизни , энг сара эшакларингизни олиб, ўзининг иши учун фойдаланади. 17 Қўй ва эчки сурувларингизнинг ҳам ўндан бирини тортиб олади. Ўзларингиз ҳам унга қул бўлиб қоласизлар. 18 Вақти келиб, ўзларингиз истаган шоҳ дастидан фарёд қиласизлар. Лекин ўша пайтда Эгамиз сизларга жавоб бермайди.
19 Барибир халқ Шомуилнинг гапини эшитишни истамади:
— Йўқ, устимиздан бир шоҳ бўлсин, 20 ўшанда биз ҳам ҳамма халқлар сингари бўламиз. Шоҳимиз бизга ҳукмронлик қилсин, олдимизда бориб, урушларимизда бош бўлсин, — дейишди.
21 Шомуил халқнинг ҳамма гапини тинглади, сўнг уларнинг гапларини Эгамизга айтди. 22 Эгамиз Шомуилга:
— Уларнинг гапига қулоқ сол, устиларидан шоҳ тайинла, — деб амр берди. Шомуил Исроил халқига:
— Ҳар ким ўз шаҳрига қайтсин, — деди.