3–BOB
Xudo Shomuilga sado beradi
1 Oʻspirin Shomuil Elaxning qoʻli ostida Egamizga xizmat qilib yurardi. Oʻsha paytlari Egamizning kalomi kam kelar, vahiy ham ahyon–ahyonda boʻlardi.
2 Elaxning koʻzlari xiralashib, koʻrmaydigan boʻlib qolgan edi. Bir kuni kech kirganda Elax yotogʻida yotardi. 3 Shomuil esa Egamizning Maʼbadida yotgan edi, Xudoning Sandigʻi ham oʻsha yerda edi. Xudoning chirogʻi hali ham yonib turardi. 4 Shu payt Egamiz Shomuilni chaqirib qoldi. Shomuil:
— Labbay, hazratim! — deb ovoz berdi va 5 Elaxning oldiga yugurib kelib:
— Meni chaqirgan edingiz, shu yerdaman, — dedi.
— Yoʻq, seni men chaqirmadim, qayt, borib joyingga yot, — dedi Elax. Shomuil qaytib borib yotdi. 6 Egamiz yana:
— Shomuil! — deb chaqirdi. Shomuil yana turib, Elaxning oldiga kirdi va:
— Meni chaqirgan edingiz, shu yerdaman! — dedi.
— Chaqirganim yoʻq, oʻgʻlim, qayt, borib joyingga yot, — dedi u.
7 Shomuil Egamizni hali tanimas, Egamizning kalomi hali unga ayon boʻlmagan edi. 8 Egamiz uchinchi marta Shomuilga sado berdi. Shomuil oʻrnidan turib Elaxning oldiga keldi–da:
— Meni yana chaqirdingiz–ku, men shu yerdaman, — dedi. Shunda Elax bildiki, oʻspirinni Egamiz chaqirayotgan ekan. 9 Elax Shomuilga dedi:
— Borib joyingga yot, oʻsha ovoz seni yana chaqirib qolsa, “Gapiraver, ey Egam, quling tinglayotir”, degin.
Shomuil borib, joyiga yotdi. 10 Egamiz oʻsha yerda zohir boʻldi va oldingiday:
— Shomuil, Shomuil! — deb chaqirdi.
— Gapiraver, ey Egam! Quling tinglayotir! — deb javob berdi Shomuil. 11 Egamiz dedi:
— Shomuil! Men Isroilda shunday bir ish qilmoqchimanki, eshitganning boshidan hushi uchadi. 12 Oʻsha kuni Men Elaxning xonadoni toʻgʻrisida nima aytgan boʻlsam, hammasini bajo qilaman, boshlagan ishimni oxiriga yetkazaman. 13 Elaxga, sening xonadoningni to abad jazolayman, deb uni ogohlantirgan edim. Uning oʻgʻillari koʻp gunoh qilib, oʻzlariga laʼnat orttirdilar. Elax esa buni bila turib, ularni tergamadi. 14 Shu sababdan ont ichib aytamanki, Elax xonadonining bu gunohlarini aslo kechirmayman. Ularning qilgan gunohlarini to abad qurbonligu nazr qilish bilan yuvib boʻlmaydi.
15 Shomuil ertalabgacha oʻrnida yotdi. Keyin turib, Egamizning uyi eshiklarini ochdi. Oʻsha vahiyni Elaxga aytishdan qoʻrqdi. 16 Shu payt Elax:
— Shomuil, oʻgʻlim! — deb chaqirdi.
— Labbay, shu yerdaman, — deb Shomuil Elaxga yaqin keldi.
17 — Egamiz senga nimalar dedi? — soʻradi Elax. — Zinhor mendan yashira koʻrma. Egamizning senga aytgan gaplaridan birortasini mendan yashirsang, Xudo seni yomon koʻyga solsin, hatto undan battarrogʻini qilsin!
18 Shomuil Elaxdan hech narsani yashirmay aytib berdi.
— U Egamizdir, — dedi Elax, — Unga nima maʼqul boʻlsa, oʻshani bajo qiladi.
19 Shomuil ulgʻayaverdi, Egamiz doimo u bilan birga boʻldi, Shomuil bashorat qilgan hamma narsani Egamiz roʻyobga chiqardi. 20 Dandan Bershebagacha boʻlgan jamiki Isroil xalqi Shomuil haqiqatan ham Egamizning paygʻambari ekanligini bildi. 21 Egamiz Shiloʻda yana takror–takror zohir boʻlib, oʻsha yerda Oʻz kalomi orqali Shomuilga ayon boʻlardi.
3–БОБ
Худо Шомуилга садо беради
1 Ўспирин Шомуил Элахнинг қўли остида Эгамизга хизмат қилиб юрарди. Ўша пайтлари Эгамизнинг каломи кам келар, ваҳий ҳам аҳён–аҳёнда бўларди.
2 Элахнинг кўзлари хиралашиб, кўрмайдиган бўлиб қолган эди. Бир куни кеч кирганда Элах ётоғида ётарди. 3 Шомуил эса Эгамизнинг Маъбадида ётган эди, Худонинг Сандиғи ҳам ўша ерда эди. Худонинг чироғи ҳали ҳам ёниб турарди. 4 Шу пайт Эгамиз Шомуилни чақириб қолди. Шомуил:
— Лаббай, ҳазратим! — деб овоз берди ва 5 Элахнинг олдига югуриб келиб:
— Мени чақирган эдингиз, шу ердаман, — деди.
— Йўқ, сени мен чақирмадим, қайт, бориб жойингга ёт, — деди Элах. Шомуил қайтиб бориб ётди. 6 Эгамиз яна:
— Шомуил! — деб чақирди. Шомуил яна туриб, Элахнинг олдига кирди ва:
— Мени чақирган эдингиз, шу ердаман! — деди.
— Чақирганим йўқ, ўғлим, қайт, бориб жойингга ёт, — деди у.
7 Шомуил Эгамизни ҳали танимас, Эгамизнинг каломи ҳали унга аён бўлмаган эди. 8 Эгамиз учинчи марта Шомуилга садо берди. Шомуил ўрнидан туриб Элахнинг олдига келди–да:
— Мени яна чақирдингиз–ку, мен шу ердаман, — деди. Шунда Элах билдики, ўспиринни Эгамиз чақираётган экан. 9 Элах Шомуилга деди:
— Бориб жойингга ёт, ўша овоз сени яна чақириб қолса, “Гапиравер, эй Эгам, қулинг тинглаётир”, дегин.
Шомуил бориб, жойига ётди. 10 Эгамиз ўша ерда зоҳир бўлди ва олдингидай:
— Шомуил, Шомуил! — деб чақирди.
— Гапиравер, эй Эгам! Қулинг тинглаётир! — деб жавоб берди Шомуил. 11 Эгамиз деди:
— Шомуил! Мен Исроилда шундай бир иш қилмоқчиманки, эшитганнинг бошидан ҳуши учади. 12 Ўша куни Мен Элахнинг хонадони тўғрисида нима айтган бўлсам, ҳаммасини бажо қиламан, бошлаган ишимни охирига етказаман. 13 Элахга, сенинг хонадонингни то абад жазолайман, деб уни огоҳлантирган эдим. Унинг ўғиллари кўп гуноҳ қилиб, ўзларига лаънат орттирдилар. Элах эса буни била туриб, уларни тергамади. 14 Шу сабабдан онт ичиб айтаманки, Элах хонадонининг бу гуноҳларини асло кечирмайман. Уларнинг қилган гуноҳларини то абад қурбонлигу назр қилиш билан ювиб бўлмайди.
15 Шомуил эрталабгача ўрнида ётди. Кейин туриб, Эгамизнинг уйи эшикларини очди. Ўша ваҳийни Элахга айтишдан қўрқди. 16 Шу пайт Элах:
— Шомуил, ўғлим! — деб чақирди.
— Лаббай, шу ердаман, — деб Шомуил Элахга яқин келди.
17 — Эгамиз сенга нималар деди? — сўради Элах. — Зинҳор мендан яшира кўрма. Эгамизнинг сенга айтган гапларидан бирортасини мендан яширсанг, Худо сени ёмон кўйга солсин, ҳатто ундан баттарроғини қилсин!
18 Шомуил Элахдан ҳеч нарсани яширмай айтиб берди.
— У Эгамиздир, — деди Элах, — Унга нима маъқул бўлса, ўшани бажо қилади.
19 Шомуил улғаяверди, Эгамиз доимо у билан бирга бўлди, Шомуил башорат қилган ҳамма нарсани Эгамиз рўёбга чиқарди. 20 Дандан Бершебагача бўлган жамики Исроил халқи Шомуил ҳақиқатан ҳам Эгамизнинг пайғамбари эканлигини билди. 21 Эгамиз Шилўда яна такрор–такрор зоҳир бўлиб, ўша ерда Ўз каломи орқали Шомуилга аён бўларди.