22–BOB
Shoul Nav shahridagi ruhoniylarni oʻldiradi
1 Shundan soʻng Dovud u yerdan chiqib, Adullam shahri yaqinidagi gʻorga qarab qochdi. Akalari va jamiki ota xonadoni bu haqda eshitib, oʻsha yoqqa — Dovudning yoniga borishdi. 2 Ezilgan, qarzini toʻlashga qurbi yetmagan, norozi odamlar Dovudning atrofiga toʻplanishdi. Dovud ularga bosh boʻldi. Unga ergashganlar toʻrt yuztacha edi.
3 Dovud u yerdan Moʻabdagi Mispax shahriga borib, Moʻab shohidan iltimos qildi: “Ijozat bering, Xudo meni nima qilmoqchiligi maʼlum boʻlguncha, ota–onam yoningizda qolsin.” 4 Shunday qilib, Dovud ota–onasini Moʻab shohi huzuriga olib keldi. Dovud adirlardagi qarorgohida yashirinib turganda, ota–onasi Moʻab shohining panohida yashadilar. 5 Lekin Dovudga Gad paygʻambar: “U yerda qolma, Yahudo yeriga bor”, dedi. Shundan keyin Dovud u yerdan chiqib, Xoret oʻrmoniga bordi. 6 Shu orada Shoul “Dovud va uning odamlari topildi”, deb eshitdi. Shoul qoʻlida nayzasini ushlaganicha, Givo tepaligidagi yulgʻun daraxti ostida oʻtirgan edi. Barcha aʼyonlari ham uning atrofida turgan edilar. 7 Shoul ularga shunday dedi:
— Ey Benyamin odamlari, eshitib olinglar! Essayning oʻgʻli har biringizga dalayu uzumzorlarni berib qoʻymaydi–ku! Har biringizni mingboshi yoki yuzboshi qilib oʻtiradimi?! 8 Hammangiz menga qarshi til biriktirdingiz–ku! Oʻgʻlim Yoʻnatan Essayning oʻsha oʻgʻli bilan ahd qilgan ekan, meni hech kim xabardor etmadi. Orangizdan menga yon bosadigan biror odam chiqmadi. Dovud menga pistirma qoʻymoqchi ekan, uni oʻgʻlim qayrabdi. Hozir shu ish boʻldi–ku! Shunday emasmi?!
9 Shu payt Shoulning aʼyonlari yonida turgan Edomlik Doyeg aytdi:
— Essayning oʻgʻli Dovudni koʻrdim, u Nav shahridagi Oxitobning oʻgʻli ruhoniy Oximalekning yoniga kelgan edi. 10 Oximalek “Dovud nima qilsin?” deb Egamizning xohish–irodasini soʻradi . Unga ham oziq–ovqat berdi, ham Filist Goʻliyotning qilichini taqdim qildi.
11 Shoh Shoul aʼyonlariga: “Oxitobning oʻgʻli ruhoniy Oximalekni va uning Navda yashaydigan ota urugʻlarining hammasini — barcha ruhoniylarni olib kelinglar”, deb buyurdi. Hammalarini shohning oldiga olib kelishdi.
12 — Ey Oxitobning oʻgʻli, gaplarimni eshit! — dedi Shoul Oximalekka.
— Labbay, hazratim, — dedi Oximalek.
13 — Nimaga sen Essayning oʻgʻli bilan birga menga qarshi til biriktirding? — dedi Shoul. — Dovudga non, qilich beribsan, uning uchun Xudoning xohish–irodasini soʻrabsan. Mana bugun Dovud menga qarshi qoʻzgʻalib, pistirmada poylab turibdi.
14 Oximalek shunday javob berdi:
— Butun aʼyonlaringiz orasida Dovud singari, ishonchli kim bor?! Dovud — sizning kuyovingiz, soqchilaringizning sardori, xonadoningizda hurmatli kishi–ku. 15 Toʻgʻri, oʻsha kuni Dovud uchun Xudoning xohish–irodasini soʻradim. Ammo bu birinchi marta emas edi–ku! Shoh meni va ota xonadonimni ayblamasinlar, chunki men Dovudning yomon niyatidan bexabar edim.
16 — Ey Oximalek, oʻzing ham, butun ota xonadoning ham albatta oʻlasizlar! — dedi Shoul. 17 Soʻng u yonida turgan qoʻriqchilariga buyurdi:
— Qani, Dovudni qoʻllagan Egamizning ruhoniylarini oʻldirib tashlanglar! Ular Dovudning qochib ketganini bilganlari holda, menga xabar berishmadi.
Shohning qoʻriqchilari qoʻl koʻtarib, Egamizning ruhoniylarini oʻldirishni istashmadi. 18 Shunda shoh Shoul Doyegga:
— Sen bor, ruhoniylarni oʻldir! — deb buyurdi.
Oʻsha kuni Edomlik Doyeg muqaddas libos kiygan sakson besh ruhoniyni bir oʻzi chopib oʻldirdi. 19 Soʻngra erkak–ayol, yosh bola, hatto chaqaloq demasdan, ruhoniylar yashaydigan Nav shahrining xalqini ham qilichdan oʻtkazdi. Mollari, eshaklari, qoʻylarini ham chopib tashladi. 20 Ruhoniy Oximalekning oʻgʻillaridan birgina Abuatar degani tirik qolib, Dovudning yoniga qochib ketdi. 21 Shoul Egamizning ruhoniylarini oʻldirganini Abuatar Dovudga aytib berdi. 22 Dovud Abuatarga dedi:
— Oʻsha kuni u yerda Edomlik Doyeg bor edi. U albatta Shoulga xabar berishini bilardim. Otang xonadonidagi har bir jonning oʻlimiga men sababchi boʻldim. 23 Endi sen yonimda qol, qoʻrqma. Mening jonim payiga tushgan kimsa — sening ham joning payiga tushgan. Yonimda qolsang, bexatar boʻlasan.
22–БОБ
Шоул Нав шаҳридаги руҳонийларни ўлдиради
1 Шундан сўнг Довуд у ердан чиқиб, Адуллам шаҳри яқинидаги ғорга қараб қочди. Акалари ва жамики ота хонадони бу ҳақда эшитиб, ўша ёққа — Довуднинг ёнига боришди. 2 Эзилган, қарзини тўлашга қурби етмаган, норози одамлар Довуднинг атрофига тўпланишди. Довуд уларга бош бўлди. Унга эргашганлар тўрт юзтача эди.
3 Довуд у ердан Мўабдаги Миспах шаҳрига бориб, Мўаб шоҳидан илтимос қилди: “Ижозат беринг, Худо мени нима қилмоқчилиги маълум бўлгунча, ота–онам ёнингизда қолсин.” 4 Шундай қилиб, Довуд ота–онасини Мўаб шоҳи ҳузурига олиб келди. Довуд адирлардаги қароргоҳида яшириниб турганда, ота–онаси Мўаб шоҳининг паноҳида яшадилар. 5 Лекин Довудга Гад пайғамбар: “У ерда қолма, Яҳудо ерига бор”, деди. Шундан кейин Довуд у ердан чиқиб, Хорет ўрмонига борди. 6 Шу орада Шоул “Довуд ва унинг одамлари топилди”, деб эшитди. Шоул қўлида найзасини ушлаганича, Гиво тепалигидаги юлғун дарахти остида ўтирган эди. Барча аъёнлари ҳам унинг атрофида турган эдилар. 7 Шоул уларга шундай деди:
— Эй Бенямин одамлари, эшитиб олинглар! Эссайнинг ўғли ҳар бирингизга далаю узумзорларни бериб қўймайди–ку! Ҳар бирингизни мингбоши ёки юзбоши қилиб ўтирадими?! 8 Ҳаммангиз менга қарши тил бириктирдингиз–ку! Ўғлим Йўнатан Эссайнинг ўша ўғли билан аҳд қилган экан, мени ҳеч ким хабардор этмади. Орангиздан менга ён босадиган бирор одам чиқмади. Довуд менга пистирма қўймоқчи экан, уни ўғлим қайрабди. Ҳозир шу иш бўлди–ку! Шундай эмасми?!
9 Шу пайт Шоулнинг аъёнлари ёнида турган Эдомлик Доег айтди:
— Эссайнинг ўғли Довудни кўрдим, у Нав шаҳридаги Охитобнинг ўғли руҳоний Охималекнинг ёнига келган эди. 10 Охималек “Довуд нима қилсин?” деб Эгамизнинг хоҳиш–иродасини сўради . Унга ҳам озиқ–овқат берди, ҳам Филист Гўлиётнинг қиличини тақдим қилди.
11 Шоҳ Шоул аъёнларига: “Охитобнинг ўғли руҳоний Охималекни ва унинг Навда яшайдиган ота уруғларининг ҳаммасини — барча руҳонийларни олиб келинглар”, деб буюрди. Ҳаммаларини шоҳнинг олдига олиб келишди.
12 — Эй Охитобнинг ўғли, гапларимни эшит! — деди Шоул Охималекка.
— Лаббай, ҳазратим, — деди Охималек.
13 — Нимага сен Эссайнинг ўғли билан бирга менга қарши тил бириктирдинг? — деди Шоул. — Довудга нон, қилич берибсан, унинг учун Худонинг хоҳиш–иродасини сўрабсан. Мана бугун Довуд менга қарши қўзғалиб, пистирмада пойлаб турибди.
14 Охималек шундай жавоб берди:
— Бутун аъёнларингиз орасида Довуд сингари, ишончли ким бор?! Довуд — сизнинг куёвингиз, соқчиларингизнинг сардори, хонадонингизда ҳурматли киши–ку. 15 Тўғри, ўша куни Довуд учун Худонинг хоҳиш–иродасини сўрадим. Аммо бу биринчи марта эмас эди–ку! Шоҳ мени ва ота хонадонимни айбламасинлар, чунки мен Довуднинг ёмон ниятидан бехабар эдим.
16 — Эй Охималек, ўзинг ҳам, бутун ота хонадонинг ҳам албатта ўласизлар! — деди Шоул. 17 Сўнг у ёнида турган қўриқчиларига буюрди:
— Қани, Довудни қўллаган Эгамизнинг руҳонийларини ўлдириб ташланглар! Улар Довуднинг қочиб кетганини билганлари ҳолда, менга хабар беришмади.
Шоҳнинг қўриқчилари қўл кўтариб, Эгамизнинг руҳонийларини ўлдиришни исташмади. 18 Шунда шоҳ Шоул Доегга:
— Сен бор, руҳонийларни ўлдир! — деб буюрди.
Ўша куни Эдомлик Доег муқаддас либос кийган саксон беш руҳонийни бир ўзи чопиб ўлдирди. 19 Сўнгра эркак–аёл, ёш бола, ҳатто чақалоқ демасдан, руҳонийлар яшайдиган Нав шаҳрининг халқини ҳам қиличдан ўтказди. Моллари, эшаклари, қўйларини ҳам чопиб ташлади. 20 Руҳоний Охималекнинг ўғилларидан биргина Абуатар дегани тирик қолиб, Довуднинг ёнига қочиб кетди. 21 Шоул Эгамизнинг руҳонийларини ўлдирганини Абуатар Довудга айтиб берди. 22 Довуд Абуатарга деди:
— Ўша куни у ерда Эдомлик Доег бор эди. У албатта Шоулга хабар беришини билардим. Отанг хонадонидаги ҳар бир жоннинг ўлимига мен сабабчи бўлдим. 23 Энди сен ёнимда қол, қўрқма. Менинг жоним пайига тушган кимса — сенинг ҳам жонинг пайига тушган. Ёнимда қолсанг, бехатар бўласан.