6–BOB
Sulaymon Egamizning uyini quradi
1 Isroil xalqi Misr yurtidan chiqqaniga 480 yil boʻlganda, Sulaymon Isroil taxtiga oʻtirganiga toʻrt yil boʻlgan edi . U oʻsha yilning ikkinchi oyida — Ziv oyida Egamizning uyini barpo qilishni boshladi. 2 Shoh Sulaymon Egamiz uchun qurayotgan uyning uzunligi 60 tirsak , eni 20 tirsak, balandligi 30 tirsak edi. 3 Egamiz uyining asosiy xonasi oldida ayvon boʻlib, ayvonning uzunligi asosiy xonaning eni bilan bir oʻlchovda — 20 tirsak, eni 10 tirsak edi. 4 Uyga panjarali derazalar ham yasattirdi. 5 Uyning tashqaridagi devorining yoniga va orqasiga uch qavatli yon xonalar qurdirdi. 6 Birinchi qavatning kengligi 5 tirsak, ikkinchi qavatning kengligi 6 tirsak, uchinchi qavatning kengligi 7 tirsak edi. Sulaymon uyning devorlarini, yon xonalarning hajmiga moslab, zinapoya shaklida qurdirdi. Shu sababdan yon xonalar uyning devoriga taqalmagan edi.
7 Uy qurilishi uchun toshlardan foydalanildi. Toshlar konning oʻzida yoʻnib tayyorlandi. Shu sababdan uy qurilayotganda, na bolgʻa, na bolta, na biror temir asbob ovozi eshitildi.
8 Oʻrta qavatdagi yon xonaning eshigi uyning janub tomonida edi: aylanma zinapoya orqali oʻrta qavatga, oʻrta qavatdan esa uchinchisiga chiqilardi. 9 Shunday qilib, Sulaymon uyning devorlarini qurib bitkazdi. Soʻng uyning tomini sadr daraxtidan qilingan toʻsinlar va taxtalar bilan yopdi. 10 Uyning aylanasi boʻylab qurilgan yon xonalarning har bir qavatining balandligi 5 tirsak edi. Toʻsinlar yon xonalar bilan uyning devorini bogʻlab turardi.
11 Egamiz Sulaymonga shu soʻzlarni ayon qildi:
12 — Mana, sen uyni quryapsan. Agar Mening farmonlarimga koʻra yursang, qonun–qoidalarimga rioya etsang, hamma amrlarimga itoat qilsang, oʻshanda otang Dovudga bergan vaʼdalarimni sen orqali bajaraman. 13 Har doim Isroil xalqi orasidan maskan qilaman, xalqim Isroilni aslo tark etmayman.
14 Shunday qilib, Sulaymon Xudoning uyini qurib boʻldi.
Egamiz uyining bezaklari haqida batafsil maʼlumotlar
15 Sulaymon Egamiz uyining devori ichkarisini yerdan shiftiga qadar sadr yogʻochidan qilingan taxta bilan qoplatdi. Polini sarv yogʻochi taxtasidan qildi. 16 Ichki xona uyning ichkarisiga qurilgan boʻlib, yerdan shiftiga qadar sadr yogʻochi bilan ajratilgan edi. Bu xona Eng muqaddas xona deb ataldi. Bu xonaning boʻyi 20 tirsak chiqardi. 17 Asosiy xonaning boʻyi esa 40 tirsak boʻlib, bu xona Eng muqaddas xonaning old tomonida edi. 18 Uyning ichkarisi sadr taxtalari bilan qoplanib, taxtalarga qovoq va ochilib turgan gullar surati shunday oʻyilgan ediki, devor toshlari koʻrinmas edi.
19 Eng muqaddas xona Egamizning Ahd sandigʻini qoʻyish uchun hozirlangan edi. 20 Oʻsha xonaning uzunligi ichki tarafdan 20 tirsak, kengligi 20 tirsak, balandligi ham 20 tirsak edi. Sulaymon bu xonani toza oltin bilan qoplatdi. Sadr yogʻochidan yasalgan tutatqi qurbongohini ham oltin bilan qoplatdi . 21 Sulaymon uyning asosiy xonasini ham oltin bilan qoplatdi. Oltin bilan qoplangan Eng muqaddas xonaning old tomoniga oltin zanjirlar torttirdi. 22 Shunday qilib, Sulaymon uyning hamma joyini boshdan oxirigacha oltin bilan qoplatdi. Eng muqaddas xonaning kiraverishidagi tutatqi qurbongohini ham tamomila oltin bilan qoplatdi.
23 Soʻng Eng muqaddas xonaga qoʻyish uchun zaytun daraxti yogʻochidan ikkita karub yasattirdi. Karublarning balandligi 10 tirsak edi. 24 Karublarning qanotlari 5 tirsakdan edi. Qanotlarning u uchidan bu uchigacha hammasi boʻlib 10 tirsak chiqardi. 25 Har ikkala karubning shakli, hajmi bir edi. 26 Har bir karubning balandligi 10 tirsak edi. 27 Sulaymon karublarni Eng muqaddas xonaga yonma–yon qoʻydi. Karublarning qanotlari choʻzilib ketgan, birining qanoti bir devorga, ikkinchisining qanoti esa narigi devorga tegib turardi. Uyning oʻrtasida esa ikkovining qanotlari bir–biriga tutashardi. 28 Sulaymon karublarni ham toza oltin bilan qoplatdi.
29 Ikkala xonaning devoriga gir aylanasi boʻylab karublar, palma daraxtlari, ochilib turgan gullarning suratini oʻydirdi. 30 Bu xonalarning polini ham oltin bilan qoplatdi.
31 Eng muqaddas xonaning kirish joyiga zaytun yogʻochidan ikki tavaqali eshik yasattirdi. Eshikning kesakisi besh qirrali edi. 32 Zaytun yogʻochidan yasalgan ikki tavaqali eshikka karublar, palma daraxtlari, ochilib turgan gullar suratini oʻydirdi, soʻng eshik ustini, karublar va palma daraxtlari suratini ham oltin bilan qoplatdi.
33 Asosiy xonaning kiraverishidagi toʻrt burchakli kesakini zaytun yogʻochidan, 34 ikkita eshikni sarv daraxti yogʻochidan yasadi. Eshiklarning har biri ikki tavaqali, yigʻma edi. 35 Eshiklarning yuzasiga ham karublar, palma daraxti, ochilib turgan gullar suratini oʻydirib, ularni oltin bilan bir tekis qilib qoplatdi. 36 Ichki hovli devorlarining uch qatorini taroshlangan toshdan, bir qatorini sadr yogʻochidan qildirdi.
37 Egamiz uyining poydevori Sulaymon hukmronligining toʻrtinchi yilida, aynan Ziv oyida qoʻyilib, 38 oʻn birinchi yilning sakkizinchi oyida — Bul oyida loyihaga binoan batamom, hamma ikir–chikirigacha qurib bitkazildi. Shunday qilib, Sulaymon uyni yetti yil davomida bunyod qildi.
6–БОБ
Сулаймон Эгамизнинг уйини қуради
1 Исроил халқи Миср юртидан чиққанига 480 йил бўлганда, Сулаймон Исроил тахтига ўтирганига тўрт йил бўлган эди . У ўша йилнинг иккинчи ойида — Зив ойида Эгамизнинг уйини барпо қилишни бошлади. 2 Шоҳ Сулаймон Эгамиз учун қураётган уйнинг узунлиги 60 тирсак , эни 20 тирсак, баландлиги 30 тирсак эди. 3 Эгамиз уйининг асосий хонаси олдида айвон бўлиб, айвоннинг узунлиги асосий хонанинг эни билан бир ўлчовда — 20 тирсак, эни 10 тирсак эди. 4 Уйга панжарали деразалар ҳам ясаттирди. 5 Уйнинг ташқаридаги деворининг ёнига ва орқасига уч қаватли ён хоналар қурдирди. 6 Биринчи қаватнинг кенглиги 5 тирсак, иккинчи қаватнинг кенглиги 6 тирсак, учинчи қаватнинг кенглиги 7 тирсак эди. Сулаймон уйнинг деворларини, ён хоналарнинг ҳажмига мослаб, зинапоя шаклида қурдирди. Шу сабабдан ён хоналар уйнинг деворига тақалмаган эди.
7 Уй қурилиши учун тошлардан фойдаланилди. Тошлар коннинг ўзида йўниб тайёрланди. Шу сабабдан уй қурилаётганда, на болға, на болта, на бирор темир асбоб овози эшитилди.
8 Ўрта қаватдаги ён хонанинг эшиги уйнинг жануб томонида эди: айланма зинапоя орқали ўрта қаватга, ўрта қаватдан эса учинчисига чиқиларди. 9 Шундай қилиб, Сулаймон уйнинг деворларини қуриб битказди. Сўнг уйнинг томини садр дарахтидан қилинган тўсинлар ва тахталар билан ёпди. 10 Уйнинг айланаси бўйлаб қурилган ён хоналарнинг ҳар бир қаватининг баландлиги 5 тирсак эди. Тўсинлар ён хоналар билан уйнинг деворини боғлаб турарди.
11 Эгамиз Сулаймонга шу сўзларни аён қилди:
12 — Мана, сен уйни қуряпсан. Агар Менинг фармонларимга кўра юрсанг, қонун–қоидаларимга риоя этсанг, ҳамма амрларимга итоат қилсанг, ўшанда отанг Довудга берган ваъдаларимни сен орқали бажараман. 13 Ҳар доим Исроил халқи орасидан маскан қиламан, халқим Исроилни асло тарк этмайман.
14 Шундай қилиб, Сулаймон Худонинг уйини қуриб бўлди.
Эгамиз уйининг безаклари ҳақида батафсил маълумотлар
15 Сулаймон Эгамиз уйининг девори ичкарисини ердан шифтига қадар садр ёғочидан қилинган тахта билан қоплатди. Полини сарв ёғочи тахтасидан қилди. 16 Ички хона уйнинг ичкарисига қурилган бўлиб, ердан шифтига қадар садр ёғочи билан ажратилган эди. Бу хона Энг муқаддас хона деб аталди. Бу хонанинг бўйи 20 тирсак чиқарди. 17 Асосий хонанинг бўйи эса 40 тирсак бўлиб, бу хона Энг муқаддас хонанинг олд томонида эди. 18 Уйнинг ичкариси садр тахталари билан қопланиб, тахталарга қовоқ ва очилиб турган гуллар сурати шундай ўйилган эдики, девор тошлари кўринмас эди.
19 Энг муқаддас хона Эгамизнинг Аҳд сандиғини қўйиш учун ҳозирланган эди. 20 Ўша хонанинг узунлиги ички тарафдан 20 тирсак, кенглиги 20 тирсак, баландлиги ҳам 20 тирсак эди. Сулаймон бу хонани тоза олтин билан қоплатди. Садр ёғочидан ясалган тутатқи қурбонгоҳини ҳам олтин билан қоплатди . 21 Сулаймон уйнинг асосий хонасини ҳам олтин билан қоплатди. Олтин билан қопланган Энг муқаддас хонанинг олд томонига олтин занжирлар торттирди. 22 Шундай қилиб, Сулаймон уйнинг ҳамма жойини бошдан охиригача олтин билан қоплатди. Энг муқаддас хонанинг кираверишидаги тутатқи қурбонгоҳини ҳам тамомила олтин билан қоплатди.
23 Сўнг Энг муқаддас хонага қўйиш учун зайтун дарахти ёғочидан иккита каруб ясаттирди. Карубларнинг баландлиги 10 тирсак эди. 24 Карубларнинг қанотлари 5 тирсакдан эди. Қанотларнинг у учидан бу учигача ҳаммаси бўлиб 10 тирсак чиқарди. 25 Ҳар иккала карубнинг шакли, ҳажми бир эди. 26 Ҳар бир карубнинг баландлиги 10 тирсак эди. 27 Сулаймон карубларни Энг муқаддас хонага ёнма–ён қўйди. Карубларнинг қанотлари чўзилиб кетган, бирининг қаноти бир деворга, иккинчисининг қаноти эса нариги деворга тегиб турарди. Уйнинг ўртасида эса икковининг қанотлари бир–бирига туташарди. 28 Сулаймон карубларни ҳам тоза олтин билан қоплатди.
29 Иккала хонанинг деворига гир айланаси бўйлаб карублар, пальма дарахтлари, очилиб турган гулларнинг суратини ўйдирди. 30 Бу хоналарнинг полини ҳам олтин билан қоплатди.
31 Энг муқаддас хонанинг кириш жойига зайтун ёғочидан икки тавақали эшик ясаттирди. Эшикнинг кесакиси беш қиррали эди. 32 Зайтун ёғочидан ясалган икки тавақали эшикка карублар, пальма дарахтлари, очилиб турган гуллар суратини ўйдирди, сўнг эшик устини, карублар ва пальма дарахтлари суратини ҳам олтин билан қоплатди.
33 Асосий хонанинг кираверишидаги тўрт бурчакли кесакини зайтун ёғочидан, 34 иккита эшикни сарв дарахти ёғочидан ясади. Эшикларнинг ҳар бири икки тавақали, йиғма эди. 35 Эшикларнинг юзасига ҳам карублар, пальма дарахти, очилиб турган гуллар суратини ўйдириб, уларни олтин билан бир текис қилиб қоплатди. 36 Ички ҳовли деворларининг уч қаторини тарошланган тошдан, бир қаторини садр ёғочидан қилдирди.
37 Эгамиз уйининг пойдевори Сулаймон ҳукмронлигининг тўртинчи йилида, айнан Зив ойида қўйилиб, 38 ўн биринчи йилнинг саккизинчи ойида — Бул ойида лойиҳага биноан батамом, ҳамма икир–чикиригача қуриб битказилди. Шундай қилиб, Сулаймон уйни етти йил давомида бунёд қилди.