29–BOB
Maʼbad qurilishi uchun hadyalar
1 Shoh Dovud butun jamoaga shunday dedi:
“Xudo tanlagan oʻgʻlim Sulaymon hali yosh, tajribasiz, qiladigan ishi esa ulkandir, chunki bu Muqaddas koshona inson uchun emas, balki Parvardigor Egamiz uchundir. 2 Xudoyimning uyini qurish uchun men qoʻlimdan kelganicha oltin, kumush, bronza, temir, yogʻoch, aqiq toshlar, bezak uchun firuza toshlar, rango–rang toshlar, har xil qimmatbaho toshlar va marmar yigʻdim. 3 Endi esa, Xudoyimning uyiga boʻlgan sadoqatimni koʻrsatib, bularga qoʻshimcha qilgan holda shaxsiy xazinamdagi oltin va kumushni beraman. 4 Men berayotgan mana bu 6000 pud Ofir oltinini va 14.000 pud toza kumushni binolarning devorlarini qoplash uchun 5 hamda hunarmandlar yasaydigan ashyolar uchun ishlatinglar. Qani, yana kim bugun Egamizga oʻz sadoqatini koʻrsatmoqchi? Kim Maʼbadning qurilishiga nazrlar bermoqchi?”
6 Shunda urugʻboshilar, qabila yoʻlboshchilari, mingboshilar, yuzboshilar va shohning aʼyonlari koʻngildan chiqarib nazrlar berdilar. 7 Ular Xudo uyining qurilishi uchun 10.000 pud oltin, 10.000 oltin tanga , 20.000 pud kumush, 36.000 pud bronza va 200.000 pud temir nazr qildilar. 8 Kimda qimmatbaho toshlar boʻlsa, ularni Egamizning uyi xazinasiga berdilar. Xazinaga Gershon naslidan boʻlgan Yoxiyol masʼul edi. 9 Odamlar yoʻlboshchilarning bergan bu hadyalari uchun sevindilar, chunki hammalari koʻngildan chiqarib bergan bu nazrlarini yakdillik bilan Egamizga keltirgan edilar. Shoh Dovud ham juda xursand boʻldi.
Dovud Xudoni madh qiladi
10 Dovud butun jamoaning koʻzi oldida Egamizga hamdu sano oʻqidi:
“Ey bobomiz Yoqubning Xudosi — Egamiz! Senga to abad hamdu sanolar boʻlsin! 11 Ey Egamiz! Sen buyuk, qudratli, shuhratli, salobatli va ulugʻdirsan. Zotan, yeru osmondagi barcha narsa Senikidir. Ey Egamiz! Sen Shohsan. Sen har narsadan yuksaksan. 12 Boylik va shon–sharafning manbai Sensan. Ha, Sen hamma narsa ustidan hukmronsan. Kuch–qudrat egasi Oʻzingsan. Odamlarni yuksaltiradigan, ularga kuch beradigan Sensan. 13 Endi, ey Xudoyimiz, biz Senga shukurlar aytamiz, Sening ulugʻ nomingni madh qilamiz.
14 Lekin men kim boʻlibman, mening xalqim nima boʻlibdiki, biz koʻngildan chiqarib Senga nazr bera oladigan boʻlsak? Axir, hamma narsa Sendan kelgan! Biz bugun bor–yoʻgʻi Sening narsangni Oʻzingga qaytarib berdik, xolos. 15 Biz Sening oldingda, ota–bobolarimiz singari musofiru mehmonmiz. Bizning umrimiz soyaday izsiz oʻtib ketadi. 16 Ey Egamiz Xudo! Biz Sening muqaddas ismingga atab uy barpo qilish uchun yiqqan mana shu boyliklarning hammasi Sendan kelgan. Ha, hammasi Oʻzingnikidir. 17 Ey Xudoyim! Bilaman, Sen yurakni sinaysan, solih odamdan xushnud boʻlasan. Mana shu nazrlarni men Senga chin dildan, koʻnglimdan chiqarib berdim. Hozir esa shu yerda turgan xalqing ham nazrlarini Senga xursandchilik bilan ataganini koʻrdim. 18 Ey ota–bobolarimiz Ibrohim, Isʼhoq va Yoqubning Xudosi — Egamiz! Xalqingning yuragidagi bu niyatu maqsadlarini to abad saqla, ularning yuragini Oʻzingga bur. 19 Oʻgʻlim Sulaymon Sening amrlaringga, shartlaringga va qonunlaringga rioya qila olishi uchun va men hozirligini koʻrib qoʻygan Muqaddas koshonani qura olishi uchun unga kuchli istak ato qilgin.”
20 Shundan keyin Dovud butun jamoaga: “Egangiz Xudoni olqishlang!” dedi. Ular ota–bobolarining Xudosi — Egamizni olqishladilar. Unga taʼzim qilib, Egamiz va shohning oldida muk tushdilar.
21 Ertasi kuni ular mingta buqa, mingta qoʻchqor va mingta qoʻzini Egamizga kuydiriladigan qurbonlik qildilar. Bular bilan birga sharob nazrlarini va butun Isroil xalqi uchun bir talay boshqa qurbonliklarni keltirdilar. 22 Oʻsha kuni jamiki Isroil xalqi katta xursandchilik bilan Egamiz huzurida yeb–ichdi.
Ular Dovud oʻgʻli Sulaymonni ikkinchi marta shoh deb eʼlon qildilar. Soʻng Sulaymon va Zodoʻxning boshlariga moy surtib, Sulaymonni Egamizning shahzodasi, Zodoʻxni esa ruhoniy qilib tayinladilar. 23 Sulaymon Egamizning taxtiga oʻtirib, otasi Dovudning oʻrniga shoh boʻldi. U katta muvaffaqiyatga erishdi, butun Isroil xalqi unga itoat qilar edi. 24 Barcha yoʻlboshchilar, bahodir jangchilar va shoh Dovudning hamma oʻgʻillari shoh Sulaymonga sodiq boʻlishga soʻz berdilar. 25 Egamiz Sulaymonni shu qadar yuksaltirdiki, butun Isroil xalqi uni nihoyatda izzat qiladigan boʻldi. Darhaqiqat, Sulaymondan oldin hech qanday shoh Isroilda bunday dabdabali shuhratga erishmagan edi.
Dovud hukmronligining soʻnggi paytlari
26 Essay oʻgʻli Dovud butun Isroil ustidan shoh boʻlgandi. 27 U Isroilda qirq yil shohlik qildi: shundan yetti yili Xevronda, oʻttiz uch yili Quddusda oʻtdi. 28 Dovud davlatu shuhrat orttirdi. Yoshini yashab, oshini oshab, olamdan oʻtdi. Oʻrniga oʻgʻli Sulaymon shoh boʻldi.
29 Shoh Dovudning butun faoliyati boshdan oxirigacha valiy Shomuilning, Natan paygʻambarning va valiy Gadning qoʻlyozmalarida bayon etilgan. 30 Dovudning hukmronligi davrida koʻrsatgan qahramonliklari, Isroil xalqining va oʻzining boshidan kechirgan voqealar hamda atrofdagi shohliklarda yuz bergan hodisalar oʻsha kitoblarga kiritilgan.
29–БОБ
Маъбад қурилиши учун ҳадялар
1 Шоҳ Довуд бутун жамоага шундай деди:
“Худо танлаган ўғлим Сулаймон ҳали ёш, тажрибасиз, қиладиган иши эса улкандир, чунки бу Муқаддас кошона инсон учун эмас, балки Парвардигор Эгамиз учундир. 2 Худойимнинг уйини қуриш учун мен қўлимдан келганича олтин, кумуш, бронза, темир, ёғоч, ақиқ тошлар, безак учун фируза тошлар, ранго–ранг тошлар, ҳар хил қимматбаҳо тошлар ва мармар йиғдим. 3 Энди эса, Худойимнинг уйига бўлган садоқатимни кўрсатиб, буларга қўшимча қилган ҳолда шахсий хазинамдаги олтин ва кумушни бераман. 4 Мен бераётган мана бу 6000 пуд Офир олтинини ва 14.000 пуд тоза кумушни биноларнинг деворларини қоплаш учун 5 ҳамда ҳунармандлар ясайдиган ашёлар учун ишлатинглар. Қани, яна ким бугун Эгамизга ўз садоқатини кўрсатмоқчи? Ким Маъбаднинг қурилишига назрлар бермоқчи?”
6 Шунда уруғбошилар, қабила йўлбошчилари, мингбошилар, юзбошилар ва шоҳнинг аъёнлари кўнгилдан чиқариб назрлар бердилар. 7 Улар Худо уйининг қурилиши учун 10.000 пуд олтин, 10.000 олтин танга , 20.000 пуд кумуш, 36.000 пуд бронза ва 200.000 пуд темир назр қилдилар. 8 Кимда қимматбаҳо тошлар бўлса, уларни Эгамизнинг уйи хазинасига бердилар. Хазинага Гершон наслидан бўлган Ёхиёл масъул эди. 9 Одамлар йўлбошчиларнинг берган бу ҳадялари учун севиндилар, чунки ҳаммалари кўнгилдан чиқариб берган бу назрларини якдиллик билан Эгамизга келтирган эдилар. Шоҳ Довуд ҳам жуда хурсанд бўлди.
Довуд Худони мадҳ қилади
10 Довуд бутун жамоанинг кўзи олдида Эгамизга ҳамду сано ўқиди:
“Эй бобомиз Ёқубнинг Худоси — Эгамиз! Сенга то абад ҳамду санолар бўлсин! 11 Эй Эгамиз! Сен буюк, қудратли, шуҳратли, салобатли ва улуғдирсан. Зотан, еру осмондаги барча нарса Сеникидир. Эй Эгамиз! Сен Шоҳсан. Сен ҳар нарсадан юксаксан. 12 Бойлик ва шон–шарафнинг манбаи Сенсан. Ҳа, Сен ҳамма нарса устидан ҳукмронсан. Куч–қудрат эгаси Ўзингсан. Одамларни юксалтирадиган, уларга куч берадиган Сенсан. 13 Энди, эй Худойимиз, биз Сенга шукурлар айтамиз, Сенинг улуғ номингни мадҳ қиламиз.
14 Лекин мен ким бўлибман, менинг халқим нима бўлибдики, биз кўнгилдан чиқариб Сенга назр бера оладиган бўлсак? Ахир, ҳамма нарса Сендан келган! Биз бугун бор–йўғи Сенинг нарсангни Ўзингга қайтариб бердик, холос. 15 Биз Сенинг олдингда, ота–боболаримиз сингари мусофиру меҳмонмиз. Бизнинг умримиз соядай изсиз ўтиб кетади. 16 Эй Эгамиз Худо! Биз Сенинг муқаддас исмингга атаб уй барпо қилиш учун йиққан мана шу бойликларнинг ҳаммаси Сендан келган. Ҳа, ҳаммаси Ўзингникидир. 17 Эй Худойим! Биламан, Сен юракни синайсан, солиҳ одамдан хушнуд бўласан. Мана шу назрларни мен Сенга чин дилдан, кўнглимдан чиқариб бердим. Ҳозир эса шу ерда турган халқинг ҳам назрларини Сенга хурсандчилик билан атаганини кўрдим. 18 Эй ота–боболаримиз Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худоси — Эгамиз! Халқингнинг юрагидаги бу нияту мақсадларини то абад сақла, уларнинг юрагини Ўзингга бур. 19 Ўғлим Сулаймон Сенинг амрларингга, шартларингга ва қонунларингга риоя қила олиши учун ва мен ҳозирлигини кўриб қўйган Муқаддас кошонани қура олиши учун унга кучли истак ато қилгин.”
20 Шундан кейин Довуд бутун жамоага: “Эгангиз Худони олқишланг!” деди. Улар ота–боболарининг Худоси — Эгамизни олқишладилар. Унга таъзим қилиб, Эгамиз ва шоҳнинг олдида мук тушдилар.
21 Эртаси куни улар мингта буқа, мингта қўчқор ва мингта қўзини Эгамизга куйдириладиган қурбонлик қилдилар. Булар билан бирга шароб назрларини ва бутун Исроил халқи учун бир талай бошқа қурбонликларни келтирдилар. 22 Ўша куни жамики Исроил халқи катта хурсандчилик билан Эгамиз ҳузурида еб–ичди.
Улар Довуд ўғли Сулаймонни иккинчи марта шоҳ деб эълон қилдилар. Сўнг Сулаймон ва Зодўхнинг бошларига мой суртиб, Сулаймонни Эгамизнинг шаҳзодаси, Зодўхни эса руҳоний қилиб тайинладилар. 23 Сулаймон Эгамизнинг тахтига ўтириб, отаси Довуднинг ўрнига шоҳ бўлди. У катта муваффақиятга эришди, бутун Исроил халқи унга итоат қилар эди. 24 Барча йўлбошчилар, баҳодир жангчилар ва шоҳ Довуднинг ҳамма ўғиллари шоҳ Сулаймонга содиқ бўлишга сўз бердилар. 25 Эгамиз Сулаймонни шу қадар юксалтирдики, бутун Исроил халқи уни ниҳоятда иззат қиладиган бўлди. Дарҳақиқат, Сулаймондан олдин ҳеч қандай шоҳ Исроилда бундай дабдабали шуҳратга эришмаган эди.
Довуд ҳукмронлигининг сўнгги пайтлари
26 Эссай ўғли Довуд бутун Исроил устидан шоҳ бўлганди. 27 У Исроилда қирқ йил шоҳлик қилди: шундан етти йили Хевронда, ўттиз уч йили Қуддусда ўтди. 28 Довуд давлату шуҳрат орттирди. Ёшини яшаб, ошини ошаб, оламдан ўтди. Ўрнига ўғли Сулаймон шоҳ бўлди.
29 Шоҳ Довуднинг бутун фаолияти бошдан охиригача валий Шомуилнинг, Натан пайғамбарнинг ва валий Гаднинг қўлёзмаларида баён этилган. 30 Довуднинг ҳукмронлиги даврида кўрсатган қаҳрамонликлари, Исроил халқининг ва ўзининг бошидан кечирган воқеалар ҳамда атрофдаги шоҳликларда юз берган ҳодисалар ўша китобларга киритилган.