22–BOB
1 Dovud shunday dedi: “Egamiz Xudoning uyi ham, Isroil xalqi qurbonliklar kuydiradigan qurbongoh ham shu yerda boʻladi.”
Maʼbadni qurishga tayyorgarlik
2 Dovud Isroil yurtidagi barcha musofirlarni bir joyga yigʻdirdi. Ulardan baʼzilarini Xudoning uyini qurish uchun tosh kesib yoʻnadigan sangtaroshlar qilib tayinladi. 3 Dovud yogʻoch darvozalar uchun oshiq–moshiq va mixlar yasagani koʻp miqdorda temir saqlab qoʻydi. Bronza ham shunchalik koʻp ediki, hech kim uning hisobiga yeta olmasdi. 4 U behisob sadr yogʻochini ham saqlab qoʻydi. Sidonliklar va Tirliklar koʻp miqdorda sadr yogʻochlari olib kelgan edilar. 5 Dovud ichida shunday deb aytar edi: “Oʻgʻlim Sulaymon yosh, tajribasiz. Egamiz uchun quriladigan uy esa shu qadar salobatli boʻlishi kerakki, uning dongʻi butun dunyoga yoyilib, barcha xalqlar orasida shuhrat topishi kerak. Shunday ekan, qurilish uchun hamma tayyorgarlikni oʻzim koʻrib qoʻyaveray.” Shuning uchun Dovud oʻlimidan oldin koʻp miqdordagi ashyolarni tayyorlab qoʻygan edi.
6 Soʻngra Dovud oʻgʻli Sulaymonni chaqirtirib, Isroil xalqining Xudosi — Egamiz uchun uy qurishni unga topshirdi.
7 — Oʻgʻlim! — deb gapini boshladi Dovud, — Men Egam Xudoga atab bir uy qurish niyatida edim. 8 Lekin Egam menga shunday soʻzini yuborgan edi: “Sen koʻp jang qilib, koʻp qon toʻkding. Yer yuzida, Mening oldimda shu qadar koʻp qon toʻkkaning uchun Menga atab uyni sen qurmaysan. 9 Ammo sendan bir oʻgʻil tugʻiladi. Oʻgʻling tinchliksevar odam boʻladi. Men uni atrofdagi hamma gʻanimlardan xalos qilib, tinchlikka erishtiraman. Uning ismi Sulaymon boʻladi. Uning hukmronligi davrida Isroilga tinchlik, osoyishtalik ato qilaman. 10 Menga atab uyni oʻsha oʻgʻling quradi. U Menga oʻgʻil boʻladi, Men unga ota boʻlaman. Uning Isroildagi shohlik taxtini to abad mustahkam qilaman.” 11 Endi, oʻgʻlim, Xudo senga yor boʻlsin. Uning uyini qurayotganingda, Egang Xudo Oʻz vaʼdasiga muvofiq, seni muvaffaqiyatga erishtirsin. 12 Egam senga idrok bilan fahm–farosat bersin, toki U Isroil hukmronligini senga topshirganda, sen Egang Xudoning qonuniga rioya qila olgin. 13 Agar sen Egamizning Isroil uchun Musoga amr etgan qonun–qoidalarini bitta qoldirmay bajarsang, muvaffaqiyatga erishasan. Dadil va botir boʻl. Qoʻrqma, vahimaga tushma. 14 Men Egamizning uyi uchun koʻp mashaqqatlar bilan 200.000 pud oltin, 2.000.000 pud kumush, behisob miqdorda bronza va temir tayyorladim. Yana yogʻoch va tosh ham tayyorlab qoʻydim. Sen bularga yana qoʻshishing lozim. 15 Sening koʻp ishchilaring bor. Ularning orasida turli hunarmandlar — tosh yoʻnuvchilar, tosh teruvchilar, duradgorlar, 16 oltin, kumush, bronza va temirga ishlov beradigan, behisob mohir ustalar bor. Qani, ishga bel bogʻla. Xudo senga yor boʻlsin.
17 Dovud Isroilning barcha yoʻlboshchilariga, Sulaymonga yordam beringlar, deb amr qilib, shunday dedi: 18 “Egangiz Xudo sizlar bilan birga boʻlib, sizlarga har tomondan tinchlik ato etdi. Bizdan oldin bu yurtda yashagan xalqni U mening qoʻlimga berdi. Ular endi Egamizga va Uning xalqiga qaram boʻlib qoldi. 19 Endi butun qalbingiz va yuragingiz bilan Egangiz Xudoga intiling. Boringlar, Parvardigor Egamizga atab uy qurishni boshlanglar, toki Ahd sandigʻi va muqaddas ashyolar oʻsha yerda saqlanadigan boʻlsin.”
22–БОБ
1 Довуд шундай деди: “Эгамиз Худонинг уйи ҳам, Исроил халқи қурбонликлар куйдирадиган қурбонгоҳ ҳам шу ерда бўлади.”
Маъбадни қуришга тайёргарлик
2 Довуд Исроил юртидаги барча мусофирларни бир жойга йиғдирди. Улардан баъзиларини Худонинг уйини қуриш учун тош кесиб йўнадиган сангтарошлар қилиб тайинлади. 3 Довуд ёғоч дарвозалар учун ошиқ–мошиқ ва михлар ясагани кўп миқдорда темир сақлаб қўйди. Бронза ҳам шунчалик кўп эдики, ҳеч ким унинг ҳисобига ета олмасди. 4 У беҳисоб садр ёғочини ҳам сақлаб қўйди. Сидонликлар ва Тирликлар кўп миқдорда садр ёғочлари олиб келган эдилар. 5 Довуд ичида шундай деб айтар эди: “Ўғлим Сулаймон ёш, тажрибасиз. Эгамиз учун қуриладиган уй эса шу қадар салобатли бўлиши керакки, унинг донғи бутун дунёга ёйилиб, барча халқлар орасида шуҳрат топиши керак. Шундай экан, қурилиш учун ҳамма тайёргарликни ўзим кўриб қўяверай.” Шунинг учун Довуд ўлимидан олдин кўп миқдордаги ашёларни тайёрлаб қўйган эди.
6 Сўнгра Довуд ўғли Сулаймонни чақиртириб, Исроил халқининг Худоси — Эгамиз учун уй қуришни унга топширди.
7 — Ўғлим! — деб гапини бошлади Довуд, — Мен Эгам Худога атаб бир уй қуриш ниятида эдим. 8 Лекин Эгам менга шундай сўзини юборган эди: “Сен кўп жанг қилиб, кўп қон тўкдинг. Ер юзида, Менинг олдимда шу қадар кўп қон тўкканинг учун Менга атаб уйни сен қурмайсан. 9 Аммо сендан бир ўғил туғилади. Ўғлинг тинчликсевар одам бўлади. Мен уни атрофдаги ҳамма ғанимлардан халос қилиб, тинчликка эриштираман. Унинг исми Сулаймон бўлади. Унинг ҳукмронлиги даврида Исроилга тинчлик, осойишталик ато қиламан. 10 Менга атаб уйни ўша ўғлинг қуради. У Менга ўғил бўлади, Мен унга ота бўламан. Унинг Исроилдаги шоҳлик тахтини то абад мустаҳкам қиламан.” 11 Энди, ўғлим, Худо сенга ёр бўлсин. Унинг уйини қураётганингда, Эганг Худо Ўз ваъдасига мувофиқ, сени муваффақиятга эриштирсин. 12 Эгам сенга идрок билан фаҳм–фаросат берсин, токи У Исроил ҳукмронлигини сенга топширганда, сен Эганг Худонинг қонунига риоя қила олгин. 13 Агар сен Эгамизнинг Исроил учун Мусога амр этган қонун–қоидаларини битта қолдирмай бажарсанг, муваффақиятга эришасан. Дадил ва ботир бўл. Қўрқма, ваҳимага тушма. 14 Мен Эгамизнинг уйи учун кўп машаққатлар билан 200.000 пуд олтин, 2.000.000 пуд кумуш, беҳисоб миқдорда бронза ва темир тайёрладим. Яна ёғоч ва тош ҳам тайёрлаб қўйдим. Сен буларга яна қўшишинг лозим. 15 Сенинг кўп ишчиларинг бор. Уларнинг орасида турли ҳунармандлар — тош йўнувчилар, тош терувчилар, дурадгорлар, 16 олтин, кумуш, бронза ва темирга ишлов берадиган, беҳисоб моҳир усталар бор. Қани, ишга бел боғла. Худо сенга ёр бўлсин.
17 Довуд Исроилнинг барча йўлбошчиларига, Сулаймонга ёрдам беринглар, деб амр қилиб, шундай деди: 18 “Эгангиз Худо сизлар билан бирга бўлиб, сизларга ҳар томондан тинчлик ато этди. Биздан олдин бу юртда яшаган халқни У менинг қўлимга берди. Улар энди Эгамизга ва Унинг халқига қарам бўлиб қолди. 19 Энди бутун қалбингиз ва юрагингиз билан Эгангиз Худога интилинг. Боринглар, Парвардигор Эгамизга атаб уй қуришни бошланглар, токи Аҳд сандиғи ва муқаддас ашёлар ўша ерда сақланадиган бўлсин.”