5–БОБ
Жинга чалинган одамни Исо соғайтиради
1 Исо шогирдлари билан кўлнинг нариги қирғоғидаги Гераса ҳудудига етиб келди. 2 Исо қайиқдан тушиши биланоқ, ёвуз руҳга чалинган бир одам қабрлар орасидан югуриб келиб, Унинг қаршисидан чиқди. 3 У одам қабристонда яшарди. Уни ҳеч ким ҳатто занжир билан ҳам боғлай олмасди. 4 Кўп маротаба уни кишанлару занжирлар билан боғлаган бўлсалар–да, аммо у занжирларни узиб, кишанларни ҳам синдириб ташлар эди. Уни тинчитишга ҳеч кимнинг кучи етмас эди. 5 Доимо, кечаю кундуз қабрлар орасида, тоғларда бақириб юрар, баданини тошлар билан тилиб, жароҳатлар эди.
6 У Исони узоқдан кўриб, югуриб келди–да, Унга таъзим қилиб, 7 овози борича бақирди:
— Эй Исо, Худойи Таолонинг Ўғли! Мени тинч қўй! Худо ҳақи Сенга ёлвораман, менга азоб берма!
8 Чунки Исо унга: “Эй ёвуз руҳ, бу одамдан чиқиб кет!” — деб буюрган эди.
9 Исо ёвуз руҳдан:
— Исминг нима? — деб сўради.
— Исмим Тумонат , чунки бизлар кўпчиликмиз, — деб жавоб берди у. 10 Уларни бу ҳудуддан ташқарига ҳайдаб чиқармаслигини Исодан қайта–қайта ёлвориб сўради.
11 Ўша тоғнинг ён бағрида катта чўчқа подаси ўтлаб юрган эди. 12 Ёвуз руҳлар Исога ёлвориб:
— Бизни шу чўчқаларга юборгин, уларга кирайлик, — дейишди.
13 Исо уларга рухсат берди. Ёвуз руҳлар эса шу заҳоти у одамдан чиқиб, чўчқаларга кириб олишди. Икки мингга яқин чўчқа тик қияликдан кўлга ёпирилиб, чўкиб кетди.
14 Шунда чўчқа боқувчилар қочиб кетиб, бўлиб ўтган ҳодисани шаҳар ва қишлоқларда гапириб юрдилар. Аҳоли эса нима бўлганини кўришга борди. 15 Улар Исонинг олдига келганларида, илгари тумонат жин қамраган одамни кийинган ва ақли расо ҳолда ўтирганини кўриб, қўрқиб кетишди. 16 Воқеани кўрганлар эса ҳалиги одам жиндан қандай қутулгани ва чўчқалар билан нима рўй бергани ҳақида халққа сўзлаб беришди. 17 Шунда маҳаллий халқ Исодан: “Ҳудудимиздан чиқиб кетинг”, деб ўтинди.
18 Исо қайиққа тушди. Жиндан қутулган одам Исога:
— Сиз билан кетай, — деб ёлворди. 19 Лекин Исо рози бўлмади. Унга шундай деди:
— Уйингга бор, Мен — Раббинг сен учун нималар қилганимни, қандай раҳм–шафқат кўрсатганимни ўз яқинларингга гапириб бер.
20 Шунда у киши бориб, Исо унга қанчалар мурувват кўрсатганини Декаполис ҳудудида эълон қила бошлади. Ҳамма ҳайратга тушарди.
Соғайган аёл ва тирилган қиз ҳақида
21 Исо қайиқда кўлнинг нариги томонига яна сузиб ўтди. Бир талай оломон қирғоқда Унинг атрофига тўпланди. 22 Шу пайт Яир исмли бир киши келиб қолди. У синагога бошлиғи эди. У Исони кўрди–ю, оёғига йиқилиб:
23 — Менинг жажжи қизим ўлим тўшагида ётибди. Келиб унга қўлингизни теккизинг, у соғайиб тирик қолсин, — деб қайта–қайта ёлворди.
24 Исо у билан кетди. Исонинг орқасидан кўп халойиқ эргашиб, Уни қисиб қўяр эди. 25 У ерда ўн икки йилдан бери қон кетишидан азоб чекаётган бир аёл ҳам бор эди. 26 У кўп табиблар муолажасидан анча қийналиб, бутун мол–мулкини сарф этгани билан ҳеч фойда кўрмаган, аҳволи баттар ёмонлашиб борарди.
27 Аёл Исо ҳақида эшитди–ю, халойиқ орасида Исонинг орқасидан келиб, кийимига қўл теккизди. 28 У ўзича: “Агар кийимига бир тегиб олсам бас, соғайиб кетаман”, деб ўйлаган эди. 29 У шундай қилиши биланоқ, қон кетиши тўхтади. Аёл касалликдан фориғ бўлганини ўз танасида ҳис этди.
30 Исо эса шу онда Ўзидан бир куч чиққанлигини сезди. У орқасига ўгирилиб халойиқдан:
— Кийимимга ким тегди? — деб сўради. 31 Шогирдлари Унга:
— Сизни халойиқ қисиб турганлигини кўриб турибсиз–ку! Нимага яна: “Менга ким тегди?” деб сўраяпсиз? — дейишди.
32 Лекин Исо буни ким қилганини кўриш учун атрофга қарар эди. 33 Аёл ўзида қандай ўзгариш бўлганини билиб, титраб–қўрқиб келди, Исонинг оёқлари остига ўзини ташлаб, бутун ҳақиқатни Унга сўзлаб берди. 34 Исо унга деди:
— Қизим, ишончинг сени соғайтирди. Эсон–омон бор, дардингдан халос бўлгин.
35 Исо шундай деб турган ҳам эдики, синагога бошлиғининг уйидан одамлар келиб унга:
— Қизингиз ўлди, нега яна Устозни овора қиляпсиз? — дедилар. 36 Исо бу сўзларни эшитиб қолиб, синагога бошлиғига:
— Қўрқманг, фақат ишонинг, — деди.
37 Исо ҳеч кимнинг эргашишига йўл қўймай, фақат Бутрус, Ёқуб ва унинг укаси Юҳаннони олиб кетди. 38 Синагога бошлиғининг уйига етганларида, безовталикни, дод–фарёд қилаётган одамларни кўрдилар . 39 Исо ичкарига кириб:
— Нега безовтасизлар? Нега йиғлаяпсизлар? Қизча ўлмаган, у ухлаб ётибди, — деди. 40 Улар эса Исонинг устидан кулишди.
Исо ҳаммани ташқарига чиқариб юборди. У қизчанинг ота–онаси ва шогирдларини олиб қолиб, қизча ётган хонага кирди. 41 Қизчанинг қўлидан ушлаб унга:
— Талифа кум! — деди. Бу гапнинг таржимаси: “Қизалоқ, қани, ўрнингдан тур!” демакдир.
42 Ўн икки яшар қизча шу онда ўрнидан турди, юриб, атрофни айлана бошлади. Буни кўрганларнинг ақли шошди. 43 Исо:
— Буни ҳеч ким билмасин, — деб уларга қатъий буюрди ва қизчага овқат беришларини айтди.