26–БОБ
Довуд яна Шоулнинг жонини сақлаб қолади
1 Зифликлар Гивога — Шоулнинг ҳузурига келиб: “Довуд Йишмон четидаги Хахило тепалигида яшириниб юрибди”, деб хабар етказишди. 2 Шоул уч мингта сараланган Исроил сипоҳи билан Довудни қидириб Зиф дашт–биёбонига борди. 3 У Хахило тепалигидаги йўл бўйида қароргоҳ қурди, бу тепалик Йишмон саҳросининг четида эди. Довуд ҳали ҳам саҳрода яшириниб юрарди. Ўз орқасидан Шоулнинг тушганини билиб, Довуд 4 айғоқчилар жўнатди. Шу тариқа Шоулнинг шу ерга келганини аниқ билиб олди.
5 Довуд Шоулнинг қароргоҳи томон яқин бориб, Шоул билан лашкарбоши Абнурнинг ухлаётган жойини кўрди. Шоул қароргоҳнинг ўртасида, сипоҳлар эса унинг атрофида ётган эдилар. 6 Шу пайт Довуд Охималек билан Абушайдан:
— Ким мен билан қароргоҳга — Шоулнинг ёнига киради? — деб сўради. Охималек Хет халқидан эди. Абушай Зеруянинг ўғли бўлиб, Йўабнинг акаси эди.
— Мен сиз билан бораман, — деди Абушай.
7 Довуд билан Абушай ўша кун кечаси қароргоҳга киришди. Шоул найзасини бош томонига ерга санчиб қўйиб, қароргоҳнинг ўртасида ухлаб ётарди. Абнур билан сипоҳлар унинг атрофида ухлашарди.
8 — Бугун Худо ғанимингизни сизнинг қўлингизга берди, — деди Абушай Довудга. — Энди ижозат беринг, уни найза билан бир уриб ерга михлаб қўяйин. Иккинчи марта уришимга ҳожат қолмайди.
9 — Йўқ, уни ўлдирмайсан, — деди Довуд, — Эгамиз мой суртиб танлаган шоҳга қўл кўтарганни сира оқлаб бўлмайди. 10 Худо шоҳид! Шоулни ё Худо уради, ё унинг куни битиб оламдан ўтади, ёки жангда ҳалок бўлади. 11 Аммо Эгамиз мой суртиб танлаган шоҳга қўл кўтаришдан мени Худонинг Ўзи сақласин. Майли, Шоулнинг бош томонидаги найза билан сувдонини олиб кетамиз.
12 Довуд Шоулнинг бош томонидаги найзаси ва сувдонини олди. Кейин у ердан қайтишди. Уларни ҳеч ким кўрмади, бирор кимса бўлиб ўтган воқеани билмай қолди, ҳеч ким уйғонмади ҳам. Ҳамма ухлаб ётарди, зотан, Эгамиз уларни қаттиқ ухлатиб қўйган эди. 13 Довуд нариги томонга ўтиб, узоқроқдаги тепаликнинг устига чиқди, Шоулнинг сипоҳлари билан унинг орасида анчагина масофа бор эди. 14 Ўша ердан Абнурни ва одамларини чақириб:
— Эй Абнур, менга жавоб бер–чи! — деди.
— Сен кимсан, нега бақириб шоҳимизни безовта қиляпсан? — сўради Абнур.
15 — Сен катта одамсан, Абнур, тўғрими гапим? — деди Довуд. — Бутун Исроилда сенга тенг келадигани йўқ. Шоҳ ҳазратларини биттаси ўлдирмоқчи бўлиб, қароргоҳга кирди, нега шоҳни муҳофаза этмадинг? 16 Бу қилган ишинг ёмон. Худо ҳақи, ўзинг ҳам, одамларинг ҳам ўлимга лойиқсизлар, чунки жаноби олийларини — Эгамиз мой суртиб танлаган шоҳни муҳофаза этмадингизлар. Қараб кўр–чи, шоҳнинг бош томонидаги найзаси билан сувдони қаерда экан?
17 Шоул Довуднинг овозини таниди:
— Бу сенинг овозингми, Довуд ўғлим? — деб сўради.
— Ҳа, шоҳ ҳазратлари, менман, — жавоб берди Довуд. 18 — Жаноби олийлари! Мен, қулингизни нега таъқиб қилаверасиз? Мен нима қилдим? Гуноҳим нима? 19 Шоҳ ҳазратлари! Марҳамат қилиб мен, қулингизнинг сўзларига қулоқ солинг. Агар сизни менга қарши қўзғатган Эгамиз бўлса, назр атанг, У тинчлансин. Агар бу ишни инсонлар қилган бўлса, Эгамиз олдида лаънати бўлсинлар. Чунки улар Эгамизнинг еридан мени ҳайдаб: “Бор, бегона худоларга хизмат қил ”, деяётгандай бўляпти. 20 Ишқилиб, қоним Эгамизнинг ҳузуридан узоқ ерларга тўкилмасин. Нима учун, эй шоҳим, бургадай арзимас бир инсонни овлашга чиқдингиз?! Нечун, тоғлардаги какликни овлагандай, мени овлаб юрибсиз?!
21 — Гуноҳ қилдим, Довуд ўғлим, бери кел, — деди Шоул. — Бугун менинг ҳаётим сен учун қадрли эканини билдим. Энди сенга сира ёмонлик қилмайман. Ҳақиқатан ҳам, нодонлик қилдим, қаттиқ янглишдим.
22 — Мана шоҳимизнинг найзаси, йигитларингиздан бири келиб олсин, — деди Довуд, 23 — Эгамиз ҳар бир одамнинг тўғрилигига ва садоқатига яраша мукофот беради. Бугун Эгамиз сизни қўлимга берган бўлса–да, мен Эгамизнинг мой суртиб танлаганига қўл кўтаришни истамадим. 24 Бугун сизнинг ҳаётингизни сақлаганимдай, Эгамиз менинг ҳаётимни ҳам шундай сақласин. У мени ҳар қандай балолардан асрасин.
25 — Довуд ўғлим, Худо сени ёрлақасин, сен албатта буюк ишлар қиласан, улуғ зафарларга эришасан, — деди Шоул. Шундан кейин Довуд ўз йўлига кетди, Шоул эса уйига қайтди.