18–БОБ
Исо ҳибсга олинади
1 Бу сўзларни айтгандан сўнг, Исо Ўз шогирдлари билан у ердан чиқиб, Қидрон сойлигининг нариги томонига ўтди. Ўша ерда бир боғ бор эди. Исо шогирдлари билан боққа кирди. 2 Хоин Яҳудо ҳам ўша жойни билар эди, чунки Исо шогирдлари билан у ерда тез–тез учрашиб турар эди. 3 Шундай қилиб, Яҳудо бир бўлинма Рим аскарларини ҳамда бош руҳонийлар ва фарзийлар томонидан юборилган Маъбад миршабларини бошлаб, у ерга келди. Қўлларида машъалаю фонуслар, қурол–яроғлар бор эди.
4 Исо бошидан кечадиган ҳамма нарсани билар эди. У одамларга пешвоз чиқиб, сўради:
— Кимни қидиряпсизлар?
5 — Носиралик Исони, — деб жавоб беришди улар.
— Ўша Менман, — деди Исо.
Хоин Яҳудо уларнинг орасида турган эди. 6 Исо “Ўша Менман” дейиши биланоқ улар орқага тисарилиб, ерга йиқилишди. 7 Исо улардан яна сўради:
— Кимни қидиряпсизлар?
— Носиралик Исони, — дедилар.
8 — Сизларга айтдим–ку, Ўша Менман, — деди уларга Исо. — Агар Мени қидираётган бўлсангизлар, буларни қўйиб юборинглар, кетаверишсин.
9 Шу йўсин Исонинг илгари: “Ота, Сен Менга берган одамлардан ҳеч бирининг йўқолишига йўл қўймадим ” деган сўзлари бажо бўлди.
10 Шу онда Бутрус ёнидаги қиличини қинидан суғурди–да, олий руҳонийнинг хизматкорига бир уриб, ўнг қулоғини кесиб ташлади. Хизматкорнинг исми Малхус эди.
11 Исо Бутрусга:
— Қиличингни қинига солиб қўй! Наҳотки Мен осмондаги Отам берган азоб косасидан ичмасам?! — деди.
12 Шунда Рим аскарлари билан бўлинма қўмондони ва яҳудий миршаблари Исони қўлга олиб, боғлашди. 13 Уни олдин Ханан олдига олиб боришди. Ханан ўша йилги олий руҳоний бўлган Каяфаснинг қайнатаси эди . 14 Яҳудийларга: “Халқ учун битта одамнинг ўлиши яхшироқ”, деб маслаҳат берган ўша Каяфас эди.
Бутрус Исодан тонади
15 Исонинг орқасидан Бутрус ва яна бошқа бир шогирд эргашиб боришар эди. Бу шогирд олий руҳоний Хананнинг таниши бўлиб, Исо билан бемалол олий руҳонийнинг ҳовлисига кирди. 16 Бутрус эса ташқарида, дарвоза олдида қолди. Олий руҳонийга таниш бўлган шогирд кейинроқ яна ташқарига чиқди–да, дарвозабон чўрига нимадир деб, Бутрусни ичкарига олиб кирди. 17 Шунда дарвозабон чўри Бутрусдан:
— Сиз ҳам у Одамнинг шогирдларидан эмасмисиз? — деб сўради.
— Йўқ! — деди Бутрус.
18 Ҳаво совуқ бўлгани учун у ерда турган хизматкорлар билан миршаблар кўмир ёқиб, исинаётган эдилар. Бутрус ҳам уларнинг олдига бориб, исиниб турди.
Исо олий руҳоний Ханан олдида
19 Шу пайтда олий руҳоний Ханан Исони сўроқ қилаётган эди. Шогирдлари ва таълимотига тааллуқли саволлар берди. 20 Исо унга жавоб бериб деди:
— Мен элу оламга очиқ сўзладим. Ҳар доим яҳудийлар йиғиладиган синагогаларда ва Маъбадда таълим бериб юрдим, ҳеч яширинча гап айтмадим. 21 Нега Мени сўроқ қиляпсиз? Гапларимни эшитган одамлардан сўранг. Нималар ҳақида гапирганимни улар билишади.
22 Исо буларни айтиб бўлгач, ёнида турган Маъбад миршабларидан бири Исонинг юзига бир шапалоқ уриб, деди:
— Олий руҳонийга ҳам шундай жавоб берасанми?
23 Исо бунга жавобан деди:
— Агар Мен нотўғри гапирган бўлсам, нотўғри жойини кўрсат. Агар тўғри гапирган бўлсам, нега Мени урасан?
24 Шундан кейин Ханан Исони боғланган ҳолда олий руҳоний Каяфас ҳузурига юборди.
Бутрус Исодан яна тонади
25 Бутрус олов олдида исиниб тураркан, кимдир ундан:
— Сен ҳам Унинг шогирдларидан эмасмисан? — деб сўради.
— Йўқ! — деб тонди у.
26 Олий руҳонийнинг хизматкорларидан бири Бутрус қулоғини узиб юборган одамнинг қариндоши эди. Бу хизматкор Бутрусга деди:
— Сени боғда У билан кўрдим, шекилли?
27 Бутрус эса яна тонди. Нақ шу пайт хўроз қичқирди.
Исо Пилат ҳузурида
28 Тонг отди. Яҳудийлар Исони Каяфас ҳузуридан олиб чиқиб, ҳоким Пилатнинг саройига олиб бордилар. Ўзлари эса булғанишни истамай ҳукумат саройига кирмадилар , чунки булғанган одам Фисиҳ таомини ея олмасди. 29 Шу сабабли Пилат ташқарига, уларнинг олдига чиқди.
— Бу Одамни нимада айблаяпсизлар? — деб сўради.
30 — Агар У жиноятчи бўлмаганда, Уни сизнинг қўлингизга топширмас эдик, — деб жавоб беришди улар.
31 — Уни олиб кетиб, ўз қонунингиз бўйича ҳукм қилаверинглар, — деди Пилат.
— Бизга ҳеч кимни қатл қилишга ижозат берилмаган, — дейишди унга яҳудийлар.
32 Исо Ўзининг қандай ўлиши ҳақида айтган сўзлари амалга ошиши учун бу воқеа содир бўлди.
33 Шунда Пилат яна саройга кирди ва Исони чақиртириб:
— Сен яҳудийларнинг Шоҳимисан? — деб сўради.
34 — Ўзингиз қизиқиб сўраяпсизми, ёки бошқалар сизга Мен тўғримда айтишдими? — деб сўради Исо.
35 Пилат деди:
— Нима, мен яҳудиймидим?! Ўз халқинг, бош руҳонийларинг Сени менга топширишди. Сен нима иш қилиб қўйдинг?
36 Исо жавоб берди:
— Менинг Шоҳлигим бу дунёдан эмас. Агар Шоҳлигим бу дунёдан бўлганда эди, яҳудийларнинг қўлига тушмаслигим учун Менинг хизматкорларим курашар эдилар. Бироқ Менинг Шоҳлигим бу ердан эмас.
37 — Демак, Сен Шоҳ экансан–да?! — деди Пилат.
— Шоҳ эканимни ўзингиз айтдингиз, — деди Исо. — Мен ҳақиқат тўғрисида шоҳидлик қилмоқ учун туғилганман, ана шу мақсадда оламга келдим. Ҳақиқат тарафида бўлган ҳар бир одам Менга қулоқ солади.
38 — Ҳақиқат ўзи нима? — деб сўради Пилат. Шундай деди–ю, яна ташқарига, яҳудийларнинг олдига чиқди.
— Мен Ундан ҳеч қандай айб топмадим, — деди уларга. 39 — Сизларнинг бир одатингиз бор–ку, ҳар Фисиҳ байрамида сизлар учун бир маҳбусни озод қилар эдим. Шунга кўра, сизлар учун яҳудийларнинг Шоҳини озод қилишимни истайсизларми?
40 — Уни эмас, Бараббасни озод қилинг! — деб бақирди улар.
Бараббас эса исёнда иштирок этганди.