4–БОБ
Ҳаворийларнинг мартабаси ва вазифаси
1 Одамлар бизни Масиҳнинг хизматкорлари ҳамда Худонинг сир–асрорларини баён этишга масъул инсонлар деб билишлари керак. 2 Биздан талаб қилинган нарса ишончли бўлишдир. 3 Мени сизлар ҳукм қиласизларми ёки маҳкамада ҳукм қилишадими, менга фарқи йўқ. Мен ўзимни ўзим ҳам ҳукм қилмайман. 4 Зотан, ўзимда ҳеч бир айб кўрмасам ҳам, бу билан ўзимни оқламайман. Чунки мени ҳукм қилувчи Раббимиз Исо бўлади. 5 Шу боис сизлар ҳам вақтидан олдин, Раббимиз келмагунча, асло ҳукм қилманглар. У келиб зулматда яширилган нарсаларни равшан қилади, инсон юракларининг мақсадларини ошкор этади. Ўшанда ҳар ким ўз ишига яраша Худонинг таҳсинига сазовор бўлади.
6 Эй биродарлар, мен ўзимни ва Аполлосни мисол қилиб келтирдим, токи сизлар Муқаддас битикларда ёзилганларга биноан яшашни биздан ўрганинглар. Бир устозни бошқасидан устун қўйманг. 7 Ким сизларга шундай ҳуқуқ бериб қўйган?! Худодан олмаган бирор нарсангиз борми?! Бор нарсангизни сизга Худо берган–ку, нима учун худди ўз кучингиз билан эришгандай мақтаниб юрибсиз? 8 Хоҳлаган ҳамма нарсангизга эришиб олдингизми?! Бой бўлиб кетдингизми?! Бизсиз ҳукмронлик қиляпсизми?! Қани, энди ҳақиқатан ҳам ҳукмронлик қилаётган бўлсангиз эди, биз ҳам сизлар билан бирга ҳукмронлик қилсак. 9 Лекин мен ўйлайманки, Худо биз — ҳаворийларни шармандали аҳволга солиб, майдонда намойиш қилинадиган, ўлимга маҳкум этилган асирлардай қилиб қўйди. Биз фаришталару инсонлар олдида, бутун коинот олдида томоша бўлиб қолдик. 10 Биз Масиҳ ҳақи ақлсиз бўлибмиз, сизлар эса Масиҳ соясида ақлли бўлиб қолибсизлар. Биз заиф, сизлар эса кучли экансиз! Сизлар обрў–эътиборли, биз эса шарманда эканмиз–да! 11 Ҳозиргача оч–яланғочмиз, ташналик ва калтакларга бардош беряпмиз, сарсон–саргардон бўлиб юрибмиз. 12 Ўз меҳнатимиз билан кун кўряпмиз. Бизни ҳақорат қилсалар, дуо қиламиз, қувғин қилсалар, чидаймиз. 13 Бизни ғийбат қилсалар, яхшилик билан жавоб берамиз. Ҳозиргача биз дунёнинг супуриндиси, ҳамманинг ахлатидай бўлиб юрибмиз.
Павлуснинг панд–насиҳатлари
14 Мен буларни сизларни хижолатда қолдирмоқ учун эмас, балки севимли болаларимга насиҳат қилгандай, сизларга насиҳат қилиб ёзяпман. 15 Масиҳнинг йўлида минглаб одамлар сизларга устозлик қилса ҳам, сизларнинг фақатгина бир руҳий отангиз бор. Мен сизларга Хушхабарни етказиб, Исо Масиҳ орқали сизларнинг руҳий отангиз бўлдим. 16 Шунинг учун сизларга ёлвораман, мендан ўрнак олинглар . 17 Ана шу мақсадда мен Раббимиз Исога содиқ бўлган севимли ўғлим Тимўтийни сизларнинг олдингизга юборяпман. Ҳар ерда ва ҳар бир имонлилар жамоатида таълим берар эканман, Исо Масиҳга тегишли бўлиб, қандай ҳаёт кечираётганимни у сизларга айтиб беради.
18 Орангизда баъзилар: “Павлус келмас экан”, деб кеккайиб, билганини қилаётган экан. 19 Аммо Раббимиз Исо хоҳласа, мен яқин орада олдингизга бораман. Шунда нафақат бу такаббур одамлар қандай гаплар гапираётганларини, балки уларда қандай куч борлигини синаб кўраман. 20 Чунки Худонинг Шоҳлиги қуруқ сўзлар билан эмас, балки куч–қудрат билан намойиш этилади. 21 Хўп, нима хоҳлайсизлар? Олдингизга калтак билан борайми ёки меҳр–муҳаббат ва мулойимлик руҳи билан борайми?