11–БОБ
Сулаймон Худодан юз ўгиради
1 Шоҳ Сулаймон фиръавннинг қизидан бошқа яна Мўаблик, Оммонлик, Эдомлик, Сидонлик ва Хет халқидан кўпгина ажнабий аёлларга кўнгил қўйди. 2 Эгамиз Исроил халқига бу халқлар ҳақида гапириб, шундай деган эди: “Уларга қиз берманглар ҳам, қиз олманглар ҳам. Акс ҳолда, улар кўнглингизни ўз худоларига ром қилиб қўядилар.” Сулаймон эса ўша аёлларга шаҳват билан ёпишди. 3 Унинг етти юзта хотини шоҳлар қизларидан бўлиб, уч юзта канизаги ҳам бор эди. Хотинлари сабабли шоҳ бегона худоларга юз бурди. 4 Охири шундай бўлдики, кексайган чоғида шоҳнинг кўнгли хотинлари туфайли бегона худоларга мойил бўлди. Довуд ўзининг Эгаси Худога чин юракдан боғланган эди, Сулаймон эса отасига ўхшамади. 5 Шундай қилиб, Сулаймон Сидон аҳолисининг худоси Аштарет, Оммон халқининг макруҳ худоси Мўлахга сажда қила бошлади. 6 Сулаймон Эгамиз олдида қабиҳликлар қилди. Отаси Довуд Эгамизга содиқ қолган бўлса, Сулаймон ундай қилмади. 7 Қуддуснинг шарқидаги тепаликда Мўаб халқининг макруҳ худоси Хамўшга ва Оммон халқининг макруҳ худоси Мўлахга саждагоҳ қурди. 8 Ҳамма ажнабий хотинлари ўз худоларига тутатқи тутатиб, қурбонликлар келтиришлари учун шундай қилди.
9-10 Исроил халқининг Худоси — Эгамиз икки марта Сулаймонга зоҳир бўлган эди. Шунга қарамай Сулаймон Эгамиздан юз ўгирди. Эгамизнинг, бегона худоларга эргашма деган амрини бажо қилмади. Шунинг учун Эгамиз Сулаймондан қаттиқ ғазабланди. 11 Эгамиз Сулаймонга деди:
— Модомики, Сен билан қилган аҳдимни ва сенга амр қилган фармонларимни била туриб бажармаган экансан, Мен энди шоҳликни сендан тортиб оламан ва тобе одамларингдан бирига бераман. 12 Лекин отанг Довуднинг ҳақи–ҳурмати учун бу ишни сен ҳаётлигингда қилмайман. Шоҳликни ўғлингнинг қўлидан тортиб оламан. 13 Шунда ҳам шоҳликнинг ҳаммасини тортиб олмайман, қулим Довуднинг ҳақи–ҳурмати учун, Ўзим танлаб олган Қуддус ҳақи–ҳурмати учун битта қабилани сенинг ўғлингга қолдираман.
Сулаймоннинг душманлари
14 Эгамиз Сулаймонга Эдомлик Ҳададни душман қилиб қўйди. У Эдом шоҳлари наслидан эди. 15 Анча олдин Довуд Эдомликлар билан уруш қилган эди. Ўша жангда Исроил халқидан ҳалок бўлганларни дафн қилиш учун лашкарбоши Йўаб Эдомга борди. 16 Исроил лашкари ва Йўаб Эдомдаги эркак зотини битта қўймай қириб ташлагунга қадар, олти ой у ерда қолган эдилар. 17 Шунда Ҳададга ва унинг отасига хизмат қилган баъзи Эдомликлар Мисрга қочиб кетишган эди. Ўша пайтда Ҳадад кичкина бола эди. 18 Улар Мидиёндан жўнаб, Поронга етиб келишди. Порондан ҳам одамлар уларга қўшилдилар. Кейин Мисрга — Миср шоҳи фиръавн ҳузурига етиб келишди. Фиръавн Ҳададга уй берди, озиқ–овқат тайин этди, ер берди. 19 Ҳадад фиръавннинг ҳурматини қозонди. Фиръавн Ҳададга қайинсинглисини — малика Тахпанаснинг синглисини никоҳлаб берди. 20 Хотини Ҳададга ўғли Гануватни туғиб берди. Тахпанас болани фиръавн хонадонида тарбия қила бошлади. Гануват фиръавн хонадонида унинг ўғиллари қаторида улғайди. 21 Ҳадад Мисрда: “Довуд оламдан ўтибди, лашкарбоши Йўаб ҳам вафот этибди” деган хабарни эшитгач, фиръавнга деди:
— Менга ижозат берсалар, ўз юртимга кетсам.
22 — Юртимга кетаман, дейсан, нима, менинг ёнимда бирор нарсага муҳтожлик сезяпсанми? — деб сўради фиръавн.
— Йўқ, асло, лекин барибир, менга ижозат берсалар, — деб туриб олди Ҳадад.
23 Худо Разўнни ҳам Сулаймонга душман қилиб қўйди. Разўн Элёдах деганнинг ўғли эди. Разўн ўз хўжайини, Зўво шоҳи Ҳададзарнинг дастидан қочиб кетган эди. 24 Довуд Зўволикларни қиргач , Разўн ҳам атрофига бир босқинчи гуруҳни тўплаб, ўша гуруҳга бош бўлди. Сўнг улар Дамашққа бориб, у ерда жойлашдилар. Дамашқда ўз ҳукмронлигини ўрнатдилар. 25 У ҳам Сулаймон ҳаёт пайтида Исроилга душман бўлиб қолди. Разўн Орамда шоҳ бўлиб турар экан, Ҳадад каби, Исроилга нафрат билан қараб, доимо душманлик қилиб келди.
Ерибом Сулаймонга қарши исён кўтаради
26 Яна Сулаймоннинг аъёнларидан бири — Эфрайим қабиласидан бўлган Ерибом дегани ҳам шоҳга қарши бош кўтарди. У Заридо шаҳридан Набат деганнинг ўғли эди. Ерибомнинг онаси бева аёл бўлиб, оти Зарува эди. 27 Ерибом Сулаймонга қарши бош кўтарганининг сабаби қуйидагича эди: Сулаймон Қуддуснинг шарқ томонидаги Миллони мустаҳкамлаб, отаси Довуд қалъасининг деворларини тузаттираётганда, 28 қурилишда ғайрат билан ишлаётган Ерибомга назари тушди. Ерибом жуда ҳам қобилиятли йигит бўлгани учун Сулаймон уни Юсуф қабиласидан олинган барча қаролларга назоратчи қилиб қўйди.
29 Бир куни Ерибом Қуддусдан ташқарига чиққан эди, Шилўлик Охиё пайғамбар билан йўлда учрашиб қолди. Охиё пайғамбар янги кийимлар кийиб олган экан. У ерда икковидан бошқа ҳеч ким йўқ эди. 30 Шу пайт Охиё устидаги янги кийимларини ечди–ю, йиртиб ўн икки бўлакка бўлиб ташлади. 31 Кейин Ерибомга деди:
— Ўзингга ўн бўлагини ол. Исроил халқининг Худоси — Эгамиз ҳам шундай айтмоқда: “Мен Сулаймоннинг қўлидан шоҳликни тортиб оламан ва ўнта қабилани сенга бераман. 32 Қулим Довуднинг ҳақи–ҳурмати учун, Исроилнинг ҳамма қабилалари орасидан Ўзим танлаб олган Қуддус шаҳри ҳақи–ҳурмати учун битта қабила Сулаймонники бўлади. 33 Сулаймон Мендан юз ўгириб, Сидоннинг худоси Аштаретга, Мўабнинг худоси Хамўшга, Оммоннинг худоси Мўлахга сажда қила бошлади. Отаси Довудга ўхшамади, олдимда тўғри ишлар қилмади, фармонларимга ва қонун–қоидаларимга риоя қилмади, йўлларимдан юрмади. 34 Аммо шоҳликни ундан тамомила тортиб олмайман. Амр ва фармонларимга риоя қилган ва ўзим танлаб олган қулим Довуднинг ҳақи–ҳурмати учун Сулаймонни умрининг охиригача шоҳ қиламан. 35 Шоҳликни эса унинг ўғлидан тортиб олиб, ўнта қабилани сенга бераман. 36 Мен ўша ерда улуғланай деб, Ўзим учун Қуддус шаҳрини танлаганман. Қулим Довуднинг чироғи Қуддусда ҳеч қачон ўчмасин деб, Сулаймоннинг ўғлига битта қабилани бераман. 37 Мен сени Исроил шоҳи қиламан, кўнглинг қаерни истаса, ўша ерда шоҳлик қилаверасан. 38 Агар қулим Довудга ўхшаб айтганларимга итоат қилсанг — йўлларимдан юрсанг, олдимда тўғри ишлар қилсанг, фармон ва амрларимга риоя қилсанг, Мен сен билан бўламан. Исроилни сенга бериб, Довудга қилганимдай, хонадонинг ҳукмронлигини ўзингдан кейин ҳам давом эттираман. 39 Сулаймоннинг шу қилмишлари эвазига Довуднинг наслини таҳқирлайман, лекин то абад эмас.”
40 Сулаймон Ерибомни ўлдирмоқчи бўлди. Ерибом эса Мисрга — Миср шоҳи Шишахнинг ёнига қочиб кетди. У Сулаймон вафот этгунча Мисрда қолди.
Сулаймоннинг ўлими
41 Сулаймоннинг бошқа ишлари, бутун фаолияти, унинг донишмандлиги ҳақида “Сулаймоннинг ишлари” китобида ёзиб қолдирилган. 42 Сулаймон Қуддусда бутун Исроил устидан ҳукмдор эди. Унинг ҳукмронлиги қирқ йил давом этди. 43 Сулаймон оламдан ўтди. У отаси Довуд қалъасида, ота–боболари ёнига дафн қилинди. Унинг ўрнига ўғли Рахабом шоҳ бўлди.