7–БОБ
Худонинг халқи
1 Эгангиз Худо сизларни эгалик қиладиган юртингизга олиб киради. Ўшанда У олдингиздан Хет, Гиргош, Амор, Канъон, Париз, Хив, Ёбус каби еттита халқни ҳайдайди. Улар сизлардан кўра, кўпроқ ва қудратлироқдир. 2 Эгангиз Худо бу халқларни сизларнинг қўлингизга топширганда, сизлар уларни мағлуб этасизлар. Шунда уларнинг ҳаммасини тамомила қириб битиринглар. Улар билан иттифоқ тузманглар, уларга раҳм–шафқат қилманглар. 3 Улар билан қуда–андачилик қилманглар, уларга қиз узатманглар, ўғилларингизга уларнинг қизларидан олиб берманглар. 4 Акс ҳолда, улар фарзандларингизни Эгамиздан қайтаради. Фарзандларингиз бошқа худоларга хизмат қиладиган бўлади. Ўшанда Эгамиз ғазабланиб, сизларни бир лаҳзада ҳалок қилади. 5 Аксинча, ўша халқларни сизлар шундай қилинглар: уларнинг қурбонгоҳларини бузинглар, бутсимон тошларини парчалаб ташланглар, Ашерага аталган устунларни кесинглар, бутларини ёндиринглар. 6 Сизлар Эгангиз Худонинг муқаддас халқисиз. У сизларни ер юзидаги жамики халқлар орасидан Ўз халқи, Ўз хазинаси қилиб танлаб олди.
7 Эгамиз сизларни бошқа халқлардан кўп бўлганингиз учун севиб танламади. Сизлар бошқа ҳамма халқлардан оз эдингиз. 8 Эгамиз сизларни севгани учун ва ота–боболарингизга берган ваъдасини адо этиш учун сизларни танлади. Шу боис У сизларни Миср фиръавни ҳукмронлигидан, Мисрдаги қулликдан Ўз қудрати билан олиб чиқиб, озод қилди. 9 Шундай қилиб, Эгангиз Худо ҳақиқий Худо эканини билиб қўйинглар. У содиқ Худодир! Уни севадиган, Унинг амрларини бажарадиганларнинг мингинчи авлодигача аҳдини содиқ сақлайди. 10 Худодан нафратланганларнинг эса қилмишларига яраша бошларига кулфат ёғдиради. Ҳа, Эгамиз Ундан нафратланганларга жавоб беришда кечикмайди. 11 Шунинг учун бугун мен сизларга бераётган амрларни, фармонлар ва қонун–қоидаларни битта қолдирмай бажаринглар.
Итоатгўйликдан келган барака
12 Агар мана шу қонун–қоидаларга итоат этиб, уларни битта қолдирмай бажарсангиз, Эгангиз Худо ҳам ота–боболарингизга онт ичиб, ваъда қилган аҳдини сизлар билан содиқ сақлайди. 13 У сизларга меҳр қўяди, ота–боболарингизга бераман, деб онт ичган юртда сизларга барака бериб, кўпайтиради. Ували–жували бўласизлар, ерингиз ҳосилдор, донингиз, шаробингиз ва мойингиз сероб бўлади, мол–қўйингиз баракали бўлади, сигирларингиз болалайди, қўйларингиз қўзилайди. 14 Сизлар барча халқлар орасида баракага энг бой халқ бўласизлар, орангизда фарзандсиз эркак ҳам, аёл ҳам бўлмайди, молларингиз орасида қисири бўлмайди. 15 Эгамиз сизларни ҳар қандай касалликдан сақлайди. Мисрда ўзларингиз кўрган ҳар хил қўрқинчли хасталиклар сизларнинг бошингизга келмайди. Ўша хасталикларни Эгамиз сизларнинг ғанимларингизга юқтиради. 16 Эгангиз Худо сизларнинг қўлингизга топширадиган барча халқларни қириб юборинглар, уларга раҳм қилманглар, уларнинг худоларига сиғинманглар. Акс ҳолда, уларнинг худолари сизларга тузоқ бўлади.
17 Хаёлингизда: “Бу халқлар биздан жуда кучли–ку, қандай қилиб уларни ҳайдаймиз?” деб ўйлашингиз мумкин, 18 аммо улардан қўрқманглар. Эгангиз Худо фиръавнни, бутун Мисрни нима қилганини эсингизда тутинглар. 19 Эгангиз Худо Ўз қудрати ва ажойиботлари билан сизларни у ердан олиб чиқди, буюк синовлар, аломату мўъжизалар кўрсатди. Буларни ўз кўзингиз билан кўрдингиз. Сиз қўрқаётган ҳамма халқларни Эгангиз Худо худди ўша аҳволга солади. 20 Ҳатто сизлардан яшириниб тирик қолганларни У ваҳимага солиб, қувиб юборади . 21 Улардан қўрқманглар. Орангиздаги Эгангиз Худо буюк ва ҳайбатли Худодир. 22 У ўша халқларни сизларнинг олдингиздан оз–оздан ҳайдайди. Сизлар уларни бирданига ҳалок қилолмайсизлар. Бўлмаса атрофингизда ёввойи ҳайвонлар кўпайиб кетади. 23 Эгангиз Худо ўша халқларни сизларнинг қўлингизга беради, уларнинг ҳаммасини қаттиқ саросимага солиб, ҳалок қилади. 24 Шоҳларини ҳам сизларнинг қўлингизга беради. Сизлар уларнинг номларини ер юзидан ўчирасизлар. Ҳеч ким сизларга бас келолмайди, уларнинг ҳаммасини ҳалок қиласизлар. 25 Худоларининг тасвирларини оловда ёндиринглар, уларни қоплаган олтину кумушларга кўз олайтирманглар, ўша нарсаларни олманглар, токи улар сизларга тузоқ бўлмасин. Бу бутлар Эгангиз Худога жирканчдир. 26 Бу жирканчли нарсаларни уйингизга олиб кирманг, акс ҳолда, ўшалар сингари йўқ қилинасиз. Ўша нарсалардан нафратланинглар, жирканинглар, чунки улар лаънатлангандир.