3–БОБ
Навухадназар ясаттирган олтин ҳайкал
1 Шоҳ Навухадназар соф олтиндан улкан бир ҳайкал ясаттирди. Баландлиги олтмиш тирсак, эни эса олти тирсак бўлган бу ҳайкал Бобил вилоятидаги Дурах текислигида ўрнатилди. 2 Сўнг қўли остидаги барча ноиблар, ҳокимлар, беклар, аъёнлар, хазинабонлар, қозилар, маъмурлар ва вилоятларнинг амалдорларини чақиртириб, ўрнатган ҳайкалнинг очилишида қатнашишларини буюрди. 3 Бу барча амалдорлар шоҳ Навухадназар ўрнатган ҳайкалнинг очилишига йиғилганларида, 4 жарчи баланд овозда шундай эълон қилди: “Эй барча халқлар, элатлар ва уруғлар! 5 Ҳозир созандаларимиз карнай, най, лира, чанг, арфа, доира ва бошқа чолғу асбобларини чаладилар, сизлар эса мук тушиб шоҳ Навухадназар ўрнатган олтин ҳайкалга сажда қиласизлар. 6 Кимки мук тушиб сажда қилмаса, ўша заҳотиёқ оловли чуқурликка ташланади.” 7 Чолғу асбобларининг садоларини эшитгач, барча халқлар, элатлар ва уруғлар мук тушиб, шоҳ Навухадназар ўрнатган ҳайкалга сажда қилдилар.
Дониёрнинг уч оғайниси итоатсизликда айбланади
8 Яҳудийларни қоралаш ниятида юрган айрим Бобилликлар учун қулай бир вазият туғилган эди. Бундай фурсатни бой бермаслик учун 9 улар шоҳ Навухадназарга шундай дедилар: “Шоҳ ҳазратларининг умри боқий бўлсин! 10 Эй шоҳ ҳазратлари, сиз берган амрингизга биноан чолғу асбобларининг садоларини эшитган ҳар бир одам мук тушиб олтин ҳайкалга сажда қилиши керак эди, шундай эмасми? 11 Сиз, амримга итоат қилмаган ҳар қандай киши оловли чуқурликка ташланади, деб айтган эдингиз. 12 Аммо айрим яҳудийлар, хусусан, сиз Бобил вилоятига ҳоким қилиб тайинлаган Шадрах, Мешах ва Абеднаху шоҳ ҳазратларининг амрига бўйсунмадилар. Бу одамлар худоларингизга сиғинмайдилар, улар ҳатто сиз ўрнатган олтин ҳайкалга сажда қилишни ҳам ўзларига эп кўрмадилар.”
13 Бу хабардан ғазабланиб кетган Навухадназар Шадрах, Мешах ва Абеднахуни ўз ҳузурига келтиришни буюрди. Улар шоҳ ҳузурига келтирилганда, 14 Навухадназар уларга деди:
— Шадрах, Мешах ва Абеднаху, сизлар менинг худоларимга сиғинмаганингиз ва мен ўрнатган олтин ҳайкалга сажда қилмаганингиз тўғрисида хабар топдим. 15 Аммо мен сизларга лутф айлаб яна бир имконият бераман. Ҳозир чолғу асбобларининг садоларини эшитишингиз биланоқ, мук тушиб мен ўрнатган ҳайкалга сажда қиласизлар. Акс ҳолда, ўша заҳотиёқ оловли чуқурликка ташланасизлар. Шунда сизларни менинг қўлимдан биронта худо ҳам қутқара олмайди!
16 Шадрах, Мешах ва Абеднаху шоҳга шундай жавоб беришди:
— Эй олампаноҳ, бу масалада биз ўзимизни оқламоқчи эмасмиз. 17 Биз сиғинадиган Худо бизни оловли чуқурликдан ҳам, сизнинг қўлингиздан ҳам қутқаришга қодир. 18 Аммо У бизни қутқармаган тақдирда ҳам, билиб қўйингки, эй шоҳ ҳазратлари, биз ҳеч қачон худоларингизга сиғинмаймиз, сиз ўрнатган олтин ҳайкалга ҳам сажда қилмаймиз.
Дониёрнинг уч оғайниси ўлимга маҳкум қилинади
19 Шадрах, Мешах ва Абеднахунинг бундай жавоби Навухадназарнинг қонини қайнатди. Унинг афти–башараси буришиб кетди. У оловни одатдагидан етти баробар қаттиқроқ ёндиришни буюрди. 20 Сўнг лашкари орасидаги энг кучли полвонларга Шадрах, Мешах ва Абеднахуни боғлаб, оловли чуқурликка ташлашни амр қилди. 21 Полвонлар уларни боғлаб, устки кийими, иштони, бош кийими, хуллас, бутун уст–боши билан оловли чуқурликка ташладилар. 22 Ғазабланган шоҳ қаттиқ олов ёндиришни буюргани учун, аланга авжига чиққан эди. Оловнинг тафти уч оғайнини чуқурликка ташлаётган полвонларни куйдириб юборди. 23 Шадрах, Мешах ва Абеднаху эса боғланган ҳолда оловли чуқурликка йиқилдилар.
24 Буни томоша қилиб турган шоҳ Навухадназар бирданига ўрнидан сапчиб турди–да, ҳайрат ичра маслаҳатчиларига:
— Чуқурликка биз учта боғланган одамни ташламаганмидик? — деб ҳайқириб юборди.
— Худди шундай, шоҳ ҳазратлари, — деб жавоб берди улар.
25 — Воажабо! Аланганинг ўртасида боғланмаган тўртта одам юрибди–ку, — деди шоҳ. — Уларнинг бирортасига ҳам зарар етмаган. Тўртинчи кимса худди илоҳий зотга ўхшайди–я!
Учала йигит озод қилиниб, юқори лавозимга кўтарилади
26 Навухадназар чуқурликнинг оғзига бориб:
— Шадрах, Мешах ва Абеднаху, эй Худойи Таолонинг хизматкорлари, қани, чиқинглар! Олдимга келинглар! — деб бақирди.
Шадрах, Мешах ва Абеднаху аланга орасидан чиқишди. 27 Барча ноиблар, ҳокимлар, беклар ва шоҳ аъёнлари Шадрах, Мешах ва Абеднахуни ўраб олиб, олов ўша одамларга ҳеч қандай зиён етказмаганлигини кўришди. Уларнинг на сочлари куйган, на устки кийимларига зарар етган, улардан ҳатто тутун ҳиди ҳам келмас эди.
28 Навухадназар деди: “Шадрах, Мешах ва Абеднахунинг Худосига ҳамду санолар бўлсин! У Ўз фариштасини юбориб, Ўзига инонган қулларини халос қилди. Улар ўз Худосидан бошқа бўлган худоларга сиғинишдан кўра, ўлимни раво кўрдилар, шу боис шоҳнинг амрига ҳам бўйсунмадилар.
29 Шунинг учун фармоним қуйидагичадир: Шадрах, Мешах ва Абеднахунинг Худосига шак келтирган ҳар бир одам қайси халқ, элат ёки уруққа мансуб бўлишидан қатъи назар, чопиб ташланади, унинг уйи эса вайрон қилинади. Зеро, бундай нажот берадиган бошқа худо йўқдир.”
30 Кейин шоҳ Шадрах, Мешах ва Абеднахунинг мартабасини янада ошириб, уларни Бобил вилоятидаги юқори лавозимларга кўтарди.
Навухадназарнинг мактуби
31 Шоҳ Навухадназар ер юзидаги барча халқлар, элатлар ва уруғларга қуйидаги хабарни юборди:

Хонадонингиздан барака аримасин! 32 Худойи Таоло менга кўрсатган аломату мўъжизалари ҳақида сизларни хабардор қилмоқчиман.

33 Нақадар буюкдир Унинг аломатлари!
Нақадар қудратли мўъжизалари!
Унинг шоҳлиги — мангу шоҳлик бўлар,
У абадий ҳукмронлик қилар.