14–БОБ
Йўнатаннинг мардона иши
1 Ўша куни Шоулнинг ўғли Йўнатан ёшгина қуролбардорига:
— Юр, нариги томондаги Филистларнинг қўнолғаси турган жойга ўтамиз, — деди. Аммо бу ҳақда отасига ҳеч нарса айтмади. 2 Шоул Гиво шаҳри яқинидаги Мигронда бир анор дарахти тагида ўтирар, ёнида олти юзтача одамдан иборат лашкари бор эди. 3 Эфод кўтариб юрган руҳоний Охиё ҳам ўша ерда эди. Охиёнинг отаси — Охитоб, Охитобнинг акаси — Ихабод эди. Ихабод — Финхазнинг ўғли, Финхаз эса Шилўда Эгамизнинг руҳонийси бўлиб хизмат қилган Элахнинг ўғли эди.
Одамлар Йўнатаннинг кетганини сезмай қолган эдилар. 4 Йўнатан Филистлар қўнолғасига довон орқали ўтмоқчи бўлди. Довоннинг ҳар икки томонида иккита баланд чўққи бор эди. Бириси — Бозаз, бошқаси Санех деб аталарди. 5 Чўққилардан бири шимол томонда бўлиб, Михмашга, иккинчиси жанубда бўлиб, Гивога қараган эди.
6 Йўнатан ёш қуролбардорига:
— Юр, ўша суннатсизларнинг қўнолғаси томонга ўтайлик, Эгамиз бизга ёрдам беради, — деди. — У кўпчилик билан ҳам, озчилик билан ҳам ғалабага эриштираверади. Чунки Эгамиз учун тўсқинлик йўқ.
7 — Сиз нима десангиз, шу–да, — деди қуролбардор. — Бўпти, борамиз. Кўнглингизга нима маъқул келса, мен ҳам сиз билан биргаман.
8 — Биз анави одамларга ўзимизни кўрсатамиз, — деди Йўнатан. — Агар улар бизни кўргач: 9 “Ёнингизга боргунимизча, ўша ерда тўхтаб туринглар”, деб айтса, айтган жойида тўхтаб турамиз, уларнинг олдига бормаймиз. 10 Борди–ю: “Ёнимизга келинглар”, деса борамиз. Ана шунда Эгамиз Филистларни бизнинг қўлимизга берганини биламиз, бизга аломат шу бўлади.
11 Иккови Филистларга кўриниш берган эди, Филистлар:
— Қаранглар, ибронийлар яширинган хандақларидан чиқа бошлашди! — деб қолди. 12 Сўнг Филистлар Йўнатан билан қуролбардорига:
— Бу ёққа келинглар–чи, бир гаплашиб қўяйлик, — деб бақиришди. Йўнатан қуролбардорига:
— Орқамдан юр, Эгамиз уларни Исроил халқининг қўлига берди, — деди. 13 Йўнатан тирмашиб қир тепасига чиқа бошлади. Қуролбардори ҳам унга эргашди. Олдидан келган Филистларни Йўнатан, орқадан келганини қуролбардори ўлдираверди. 14 Йўнатан билан қуролбардори биринчи ҳужумдаёқ кичкина майдонда йигирматача сипоҳни ўлдиришди. 15 Ҳаммани — қароргоҳдаги ва қирдаги одамларни ваҳима босди. Сипоҳлар, ҳатто илғорлар ҳам дағ–дағ титрарди. Бирдан ер тебранди. Бу Худо юборган даҳшат эди.
Филистлар устидан ғалаба
16 Шоулнинг Бенямин ҳудудидаги Гиво шаҳрида ўрнашган кузатувчилари Филистларнинг югур–югурини кўриб қолишди. 17 Шоул ёнидаги одамларга:
— Билинглар–чи, орамизда ким йўқ экан, — деди. Йўқлама қилган эдилар, Йўнатан билан унинг қуролбардори йўқлиги маълум бўлди. 18 Шоул Охиёга:
— Худонинг Сандиғини олиб кел, — деди. (Ўша пайтда Худонинг Сандиғи Исроил халқи билан эди .)
19 Шоул руҳоний билан гаплашаётган пайтда Филистларнинг қароргоҳидаги ғала–ғовур роса авжига чиқди. Шунинг учун Шоул руҳонийга:
— Керак эмас, қўявер! — деди. 20 Ўша заҳоти Шоул ва ёнидаги сипоҳларининг ҳаммаси бирга уруш майдонига кетишди. У ерда катта ғалаён бўлаётган эди, ҳамма бир–бирига қилич соларди. 21 Шунда илгари Филистлар томонда бўлган ва уларнинг қароргоҳига келган ибронийлар ҳам сафдан чиқиб, энди Шоул билан Йўнатаннинг сипоҳларига — Исроил сипоҳларига қўшилиб олишди. 22 Эфрайим қирларида яшириниб олганлар ҳам Филистларнинг қочаётганини эшитиб, уларни жанг майдонидан қувлай бошлади. 23 Шундай қилиб, ўша куни Исроил лашкарини Эгамиз ғалабага эриштирди.
Шоул лашкарига онт ичиради
Уруш Байт–Обуннинг нариги томонларигача ёйилди. 24 Ўша куни Исроил лашкари жуда ҳам ҳолдан тойди, чунки Шоул лашкарига онт ичириб, шундай деган эди: “Душманларимиздан ўч олмагунимизча, оқшомга қадар ким бир луқма таом еса, лаънати бўлсин!” Шунинг учун бирор кимса ҳеч нарса емади.
25-26 Лашкар ўрмонга борганда, ерда оқиб ётган асални кўрди, лекин Шоул ичирган қасамдан қўрқиб, бирортаси асалга қўл теккизмади. 27 Йўнатан эса отасининг лашкарига онт ичирганидан бехабар эди. Қўлидаги таёғини узатиб, таёқ учини асалари инига ботирди. Асалдан озгина татиб кўрган эди, кўзлари чақнаб кетди. 28 Шу заҳоти сипоҳлардан бири Йўнатанга:
— Отангиз лашкарга, бугун ким таом еса, лаънати бўлсин, деб онт ичирган эди, шунинг учун одамлар ҳолдан тойган, — деди.
29 — Отам одамларни оғир аҳволга солиб қўйди, — деди Йўнатан. — Қаранглар, мана бу асалдан бир оз татиб кўрган эдим, кўзларим чарақлаб кетди. 30 Бугун лашкаримиз ғанимлардан тортиб олган таомлардан тўйиб есайди, жуда яхши бўларди. Ўшанда Филистларни мағлуб қилиш янада осон бўлармиди?!
31 Ўша куни Исроил лашкари Михмаш билан Ойжавлон оралиғидаги Филистларни мағлуб қилди. Қорни очган Исроил лашкари шу қадар ҳолдан тойдики, 32 охири улардан ўлжа қилиб олинган чорваларга ташланишдан ўзга чора қолмади. Қўй, мол, бузоқларни шу ернинг ўзидаёқ сўйиб, қонини оқизмасдан еяверишди.
33 — Қаранг, лашкарингиз гўштни қони билан еб, Эгамизга қарши гуноҳ иш қиляпти! — деб аҳволни Шоулга маълум қилишди.
— Хоинлик қилдингизлар, ҳозироқ катта бир тошни бу ерга юмалатиб олиб келинглар! — деди Шоул. 34 Сўнг қўшиб қўйди:
— Лашкар орасида юриб айтинглар, ҳар бир одам молини, қўйини менинг ҳузуримга олиб келиб, шу ерда сўйиб, есин. Гўштни қони билан еб, Эгамизга қарши гуноҳ иш қилманглар.
Ўша куни кечаси ҳар бир одам молини олиб келиб, Шоулнинг олдида сўйди. 35 Шоул Эгамизга атаб бир қурбонгоҳ қурди. Бу Шоулнинг Эгамизга атаб қурган илк қурбонгоҳи эди.
36 Кейин Шоул одамларига айтди:
— Қани, шу кеча Филистларни бир қувайлик. Тонг отгунча молларини тортиб оламиз, бирортасини соғ қолдирмаймиз.
— Бир оғиз сўзингиз, — деб жавоб беришди одамлар.
— Аввал Худонинг хоҳиш–иродасини билайлик , — деб қолди руҳоний. 37 Шоул Худодан:
— Филистларга ҳужум қилаверайми? Уларни Исроил лашкарининг қўлига тутиб берасанми? — деб сўради. Лекин Худо ўша куни жавоб бермади. 38 Шундан сўнг Шоул деди:
— Исроилнинг ҳамма лашкарбошилари шу ерга келишсин, бугун қандай гуноҳ қилинганини билиб оламиз. 39 Исроилга нажот берадиган Худо шоҳид! Гуноҳ қилган ўғлим Йўнатан бўлиб чиқса ҳам, албатта ўлдирилади.
Бирон кимсадан садо чиқмади. 40 Шоул ўз одамларига буюрди:
— Сизлар бир томонда туринглар, ўғлим Йўнатан билан мен бошқа томонда турамиз.
— Бир оғиз сўзингиз, — деб жавоб берди одамлар.
41 Шоул Исроил халқининг Худоси — Эгамизга:
— Эй Эгам! Айбсизни ўзинг оқла! — деб илтижо қилди.
Сўнг қуръа ташланди , қуръа Йўнатан билан Шоулга тушди, одамларнинг ҳаммаси эса оқланди.
42 — Энди мен билан ўғлим Йўнатан орасига қуръа ташланг, — деди Шоул. Бу сафар қуръа Йўнатанга тушди. 43 Шоул Йўнатандан:
— Менга айт–чи, нима қилдинг? — деб сўради.
— Мен қўлимдаги таёқнинг учини асалга ботириб олиб, озгина татиб кўрган эдим, энди мен ўлимимга розиман, — деб жавоб берди Йўнатан.
44 — Йўнатан, агар сени ўлдиртирмасам, Худонинг қаҳрига учрай, ҳатто ундан баттарроғига учрай, — деди Шоул. 45 Аммо одамлар Шоулга эътироз билдирди:
— Исроилни улуғ зафарга эриштирган Йўнатанни ўлдирмоқчимисиз? Асло! Худо шоҳид! Сочининг бир толасига ҳам зарар етмайди. У бугун нима қилган бўлса, Худонинг мадади билан қилди.
Шундай қилиб, одамлар Йўнатанни ўлимдан қутқариб қолди.
46 Шундан сўнг Шоул Филистларни таъқиб қилмади. Филистлар эса ўз ерларига қайтиб кетишди.
Шоулнинг эришган ғалабалари
47 Шоул Исроил шоҳи бўлгандан кейин атрофидаги барча душманлари — Мўаб, Оммон, Эдом халқлари, Зўво шоҳлари ва Филистлар билан уруш қилди. Қаерга борса, ғалаба қилди. 48 Мардона жанг қилиб Омолек халқини мағлуб қилди, Исроил халқини талончиларнинг қўлидан халос қилди.
Шоулнинг оиласи
49 Шоулнинг Йўнатандан бошқа Ишбосит ва Малкишува исмли ўғиллари бор эди. Унинг икки қизи ҳам бўлиб, каттасининг исми Мерав, кичкинасиники Михал эди. 50 Хотини Охинавам эди. У Охимас деганнинг қизи эди. Шоулнинг амакиси Нарнинг ўғли Абнур лашкарбоши эди. 51 Абнурнинг отаси Нар ва Шоулнинг отаси Киш ака–ука эдилар. Нар ва Кишнинг отаси Абил эди.
52 Шоул даврида Филистлар билан доимо қақшатқич уруш бўлар эди. Шоул қаерда мард ёки жанг қилишга моҳир одамни кўрса, ўз қўшинига оларди.