2–БОБ
Навухадназарнинг туши
1 Навухадназар ўз ҳукмронлигининг иккинчи йилида бир туш кўрди. Бу туш уни шу қадар безовта қилиб юбордики, кўзига бошқа уйқу келмади. 2 Шоҳ тушининг таъбирини билиш учун қўли остидаги барча фолбин, мунажжим, сеҳргар ва афсунгарларни чақиртирди. Улар шоҳ ҳузурида ҳозир бўлганларида, 3 шоҳ уларга шундай деди:
— Мен ғалати бир туш кўрдим. Юрагимга ғулғула солган бу тушнинг таъбирини билмоқчиман.
4 Улар шоҳга орамий тилида дедилар :
— Шоҳ ҳазратларининг умри боқий бўлсин! Шоҳ ҳазратлари аввал тушларини айтсинлар, бу қулларингиз уни таъбирлашга тайёрдирлар.
5 — Билиб қўйинглар, — деди уларга шоҳ. — Агар менга туш ва унинг таъбирини айтиб бермасангиз, мен таналарингизни бўлак–бўлак қилдириб, сизларни жазолайман, уйларингизни эса вайрон қилиб, бир уюм тошга айлантираман. 6 Борди–ю, тушимни айтиб, уни таъбирлаб берсангиз, сизларга инъому мукофотлар бериб, иззат–икром кўрсатаман. Қани, энди менга кўрган тушимни ва унинг таъбирини айтиб беринглар!
7 Улар шоҳга иккинчи марта дедилар:
— Шоҳ ҳазратлари аввал тушларини айтсинлар, каминаларингиз уни таъбирлашга тайёрдирлар.
8 — Сизлар қарорим қатъий эканини кўриб, вақтни чўзмоқчисизлар, — деди шоҳ. — Буни аниқ билиб турибман. 9 Агар тушимни айтиб бермасангизлар, ҳаммангизга жазо битта! Сизлар мени лақиллатиб, вазият ўзгаргунча вақтни чўзишга келишиб олгансизлар. Тушни менга айтиб беринглар, шунда уни таъбирлай олишингизни ҳам биламан.
10 — Ер юзида шоҳнинг бу талабини қондирадиган биронта жон бормикан?! — дея ажабландилар улар. — Шуҳрати рўйи заминга ёйилган шоҳларнинг биронтаси ҳам бундай нарсани на фолбин, на мунажжим, на афсунгардан талаб қилган. 11 Шоҳ ҳазратлари биздан имконсиз бир нарсани талаб қиляптилар. Буни шоҳга фоний бандалар дунёсидан йироқ яшайдиган худолардан бошқа ҳеч ким очиб беролмайди.
12 Дарғазаб бўлган шоҳ: “Бобилдаги барча сарой маслаҳатчилари қатл қилинсин!” — деб фармон берди. 13 Фармон эълон қилинди. Сарой маслаҳатчилари қатл қилиниш арафасида эди. Дониёр ва унинг ўртоқлари ҳам қатл қилинишлари керак эди.
Навухадназарнинг туши Дониёрга ошкор бўлади
14 Шоҳ соқчиларининг бошлиғи Ориёх сарой маслаҳатчиларини қатл қилмоқ учун йўлга чиққанда, Дониёр унинг олдига бориб, эҳтиёткорлик билан мурожаат қилиб: 15 “Эй Ориёх ҳазратлари, нима боис шоҳ бундай шошилинч фармон чиқардилар?” — деб сўради. Шунда Ориёх бўлиб ўтган воқеани унга бирма–бир сўзлаб берди. 16 Дониёр шоша–пиша шоҳ ҳузурига кириб, тушнинг таъбирини топмоқ учун ҳазратларидан муҳлат сўради. 17 Сўнг уйга бориб, бўлиб ўтган воқеани шериклари Ханониё, Мишаил ва Озариёларга айтиб берди: 18 “Сарой маслаҳатчилари билан бирга ҳалок бўлмаслигимиз учун, Самовий Худога илтижо қилинглар. У бизга раҳм қилиб, бу сирни очиб беришини сўранглар.”
19 Ўша кеча Дониёрга бу сир ваҳий орқали ошкор бўлди ва Дониёр Самовий Худога ҳамду санолар айтди:
20 “Худойимиз доно ва қудратлидир,
Асрлар оша Унинг номи улуғлансин!
21 У замон ва даврларни ўзгартирар,
Шоҳларни тахтдан тушириб тахтга ўтқазар.
Донишмандларга донолик,
Оқилу фозилларга билим берар.
22 Пинҳон сақланган сирларни очар,
Зулматда яширинган нарсаларни билар,
Ёруғлик Унинг даргоҳида маскан топар.
23 Эй ота–боболаримнинг Худоси,
Сенга шукурлар айтаман, мадҳлар куйлайман,
Зеро, донолигу қудратни менга берган Сенсан,
Истаган нарсамни менга очган Сенсан,
Шоҳ тушини бизга ошкор қилган Сенсан.”
Дониёр шоҳга туш билан унинг таъбирини айтади
24 Дониёр сарой маслаҳатчиларини қатл қилиш учун шоҳ томонидан тайинланган Ориёхнинг олдига бориб:
— Ҳазратим, сарой маслаҳатчиларининг жонларига зинҳор қасд қилманг, — деди. — Мени дарҳол шоҳ ҳузурига олиб киринг, мен шоҳ ҳазратлари кўрган тушни таъбирлаб бераман.
25 Ориёх зудлик билан Дониёрни шоҳ ҳузурига олиб кириб:
— Эй олампаноҳ, каминангиз Яҳудо асирлари орасидан тушингизни таъбирлаб берадиган бир одамни топиб келди, — деди.
26 Шоҳ Дониёрга юзланиб (Дониёрнинг бошқа исми Белташазар эди ):
— Сен менга кўрган тушимни ҳамда унинг таъбирини айтиб бера оласанми? — деди.
27 Дониёр шоҳга шундай жавоб берди: “Эй ҳазрати олийлари, на сарой маслаҳатчиси, на мунажжим, на фолбин, на раммол бунинг уддасидан чиқа олади. 28 Лекин самода шу каби, сирларни ошкор қила оладиган бир Худо бордир. У сизга, эй шоҳ ҳазратлари, охиратда бўладиган нарсаларни аён қилмоқчи. Сиз тушингизда кўрган ваҳий қуйидагича эди:
29 Эй олампаноҳ, сиз ухлаб, келажак ҳақида бир туш кўрдингиз. Бу туш орқали сирларни ошкор қилувчи Худо сизга келажакда рўй берадиган нарсаларни аён қилди. 30 Бу сирнинг менга очилганлиги эса донолигим бошқаларникидан зиёда бўлгани учун эмас, балки шоҳаншоҳим кўрган тушининг таъбирини билиб, унинг маъносини тушунишлари учундир.
31 Эй шоҳ ҳазратлари, тушингизда сиз баҳайбат бир ҳайкал кўрдингиз. Олдингизда турган ўша улкан ҳайкалнинг кўриниши ниҳоятда ярқироқ ва қўрқинчли эди. 32 Ҳайкалнинг боши тоза олтиндан, кўкрак ва қўллари кумушдан, бели ва сонлари бронзадан, 33 болдирлари темирдан, оёқларининг бир қисми лойдан, бир қисми темирдан эди. 34 Унга қараб турганингизда, тоғдан ўз–ўзидан узилган бир тош думалаб келиб, ҳайкалнинг лой ва темирдан бўлган оёқларига урилди–да, уларни парча–парча қилди. 35 Темир, лой, бронза, кумуш ва олтин парчаланиб, ёзги хирмонлардаги тўпондай бўлди. Шамол уларни учириб кетиб, ҳеч бир асар қолдирмади. Ҳайкалга урилган тош эса катта тоғ бўлиб, бутун ер юзини қоплади.
36 Бу сиз кўрган туш эди. Энди эса шоҳ ҳазратлари тушининг таъбирини эшитсинлар. 37 Эй шоҳ ҳазратлари, сиз каби буюк ҳукмдорни дунё ҳали кўрмаган. Самовий Худо сизга салтанат, куч–қудрат ва шон–шуҳрат ато қилгандир. 38 У сизга ерда яшовчи барча инсонларни, ҳатто даштдаги ёввойи ҳайвонлару осмонда учувчи қушларни тобе қилган, улар устидан ҳукмронлигингизни мустаҳкам ўрнатган. Тилла бош — сизсиз. 39 Аммо сиздан кейин жаҳон саҳнасига бошқа буюк бир шоҳлик чиқади. Бу шоҳлик сизникидан заифроқ бўлади. Сўнг ҳайкалнинг бронза бели ва сонлари билан ифодаланган учинчи шоҳлик ҳукмронлик қилади. 40 Ундан кейин темирдай қаттиқ тўртинчи шоҳлик бўлади. Темир ҳамма нарсани синдириб йўқ қилганидай, ўша шоҳлик ҳам ундан олдинги шоҳликларни бузиб, йўқ қилади. 41 Сиз ҳайкалнинг оёқлари ва оёқ бармоқларининг бир қисми лойдан, бир қисми темирдан эканлигини кўрдингиз, бу бўлинган шоҳлик бўлади. Лой билан темир бирга қорилгани учун бу шоҳликда бир оз темирнинг кучи бўлади. 42 Шоҳлик айрим жиҳатдан кучли, айрим жиҳатдан заиф бўлади. 43 Темир билан лойнинг қоришмаси яна шундан далолат берадики, ўша замон ҳукмдорлари қуда–андачилик йўли билан шоҳликларини мустаҳкам қилмоқчи бўладилар, аммо темир лой билан қовушмагани каби, улар ҳам бир–бири билан қовуша олмайдилар. 44 Ўша шоҳларнинг даврида Самовий Худо битмас–туганмас бир шоҳлик ўрнатади. Ҳеч ким уни енга олмайди. Бу шоҳлик бошқа барча шоҳликларни ер билан яксон қилиб, ўзи абадий туради. 45 Тоғдан ўз–ўзидан думалаб тушиб, темир, бронза, лой, кумуш ва олтинни парчалаб ташлаган тош ўша шоҳликнинг ифодасидир. Буюк Худо сизга, эй шоҳ ҳазратлари, келажакда содир бўладиган нарсаларни аён қилди. Сиз кўрган тушингиз ҳақиқатан ҳам кароматли, таъбири эса рўйиростдир .”
Шоҳ Навухадназар Дониёрни тақдирлайди
46 Шоҳ Навухадназар мук тушиб Дониёрга сажда қилди. Сўнг одамларига Дониёр олдида назрлар келтириб, хушбўй тутатқилар тутатишни буюрди. 47 Шоҳ Дониёрга деди:
— Чиндан ҳам сенинг Худойинг сирларни ошкор қилувчи энг буюк Худодир, У шоҳларнинг ҳақиқий Эгасидир, чунки бу сирни менга фақат сен ошкор қила олдинг!
48 Шоҳ Дониёрни юқори мансабга кўтариб, кўпдан–кўп инъомлар тақдим қилди, уни Бобил вилоятининг ҳокими ва сарой маслаҳатчиларининг бошлиғи қилиб тайинлади. 49 Дониёрнинг илтимосига биноан шоҳ Бобил вилоятининг бошқарувини Шадрах, Мешах ва Абеднахуга топширди. Дониёрнинг ўзи эса шоҳ саройида хизмат қилиб қолди.