8–БОБ
Гидўн Мидиён шоҳларини қўлга олади
1 Эфрайим қабиласи Гидўнга:
— Нега бундай қилдинг? Мидиёнларга қарши жанг қилгани чиққанингда нега бизни чақирмадинг? — дея у билан қаттиқ жанжаллашдилар.
2 Гидўн эса уларга деди:
— Мен қилган ишим билан сизларга тенг келармидим?! Эфрайимдаги узум қолдиқлари кичкинагина бир қавмимнинг жами ҳосилидан аъло–ку! 3 Сизлар Худонинг қудрати билан Мидиён лашкарбошилари Орив ва Заёвни қўлга олган бўлсангиз, ўз ишларим билан сизларга тенг келармидим?!
У бу гапларни айтгандан кейин, улар жаҳлдан тушдилар.
4 Гидўн уч юзта одами билан Иордан дарёсига келиб нариги қирғоққа ўтиб олди . Улар ҳолдан тойган бўлсалар–да, душманнинг кетидан қувиб кетаётган эдилар. 5 Гидўн Сухот шаҳри аҳолисига мурожаат қилиб:
— Эй халойиқ, марҳамат қилиб одамларимга озгина нон беринглар, улар ҳолдан тойганлар. Биз Мидиён шоҳлари Зевах ва Залмунонинг кетидан қувиб кетяпмиз, — деди.
6 Аммо Сухот бошлиқлари шундай жавоб беришди:
— Зевах ва Залмунони қўлга олган бўлсанг экан, лашкарингга нон берсак.
7 — Жуда соз! — деди Гидўн. — Зевах ва Залмунони Эгамиз менинг қўлимга бергандан сўнг, сизларни чўлдаги янтоқ ва чақир тиканаклар билан савалаб, терингизни шилиб оламан.
8 Гидўн у ердан Паниёл шаҳрига йўл олди. У ердагиларга ҳам худди шундай илтимос билан мурожаат қилди. Сухот аҳолиси қандай жавоб берган бўлса, Паниёл аҳолиси ҳам худди шундай жавоб берди. 9 Гидўн Паниёл аҳолисига деди:
— Ғолиб бўлиб қайтиб келганимдан сўнг бу минорани ер билан яксон қиламан.
10 Ўша пайтда Зевах ва Залмуно ўз лашкарлари билан Кархорда турган эдилар. Шарқдаги кўчманчиларнинг 120.000 нафар сипоҳи ҳалок бўлиб, 15.000 тачаси қолганди. 11 Гидўн Наваҳ ва Ёҳбохонинг шарқ томонидаги карвон йўли бўйлаб бориб, душманни ғафлатда қолдириб ҳужум қилди. 12 Зевах ва Залмуно қочишди, Гидўн эса уларнинг кетидан қувиб кетди. Икки Мидиён шоҳини қўлга олиб, бутун душман лашкарини саросимага солди.
13 Йўш ўғли Гидўн жангдан қайтиб, Харес довони томон кетаётганда, 14 Сухотлик бир йигитчани ушлаб олиб, сўроққа тутди. Йигитча Сухот шаҳрининг етмиш еттита бошлиқ ва оқсоқолини номма–ном айтиб берди. 15 Сўнг Гидўн Сухот аҳолисининг олдига бориб деди:
— Эсларингиздами, мени масхара қилиб, Зевах ва Залмунони қўлга олганмидингки, биз ҳолдан тойган лашкарингга нон берсак, деб айтганларингиз? Мана ўша Зевах ва Залмуно.
16 Гидўн янтоқ ва чақир тиканакларни олиб, Сухот бошлиқларининг таъзирини берди. 17 Паниёлдаги минорани ҳам вайрон қилиб, шаҳарнинг барча эркакларини қириб ташлади.
18 Сўнг Зевах ва Залмунога юзланиб:
— Сизлар Товур шаҳрида ўлдирган одамлар қандай эди? — деб сўради.
— Улар сенга ўхшаган, кўринишлари шоҳ ўғилларидай савлатли эди, — дея жавоб беришди улар.
19 — Улар менинг жигарларим эди–ку! — дея хитоб қилди Гидўн. — Биз бир қориндан талашиб тушган эдик. Худо шоҳид! Уларни ўлдирмаганларингизда, мен ҳам жонларингизни сақлаб қолган бўлардим.
20 Сўнг тўнғич ўғли Этерга:
— Бор, уларни ўлдир! — деди.
Аммо бола қўрққанидан қиличини ҳам чиқармади, чунки у ҳали ёш эди. 21 Шунда Зевах ва Залмуно:
— Эркак бўлсанг, ўзинг келиб бизни ўлдир, — дедилар.
Гидўн Зевах ва Залмунони ўлдириб, туяларининг бўйнидаги шоҳона безакларини олди.
22 Бўлиб ўтган воқеалардан сўнг Исроил халқи Гидўннинг олдига келиб:
— Сен бизни Мидиёнларнинг қўлидан қутқардинг, энди ўзинг, ўғилларинг ва набираларинг бизга ҳукмдор бўлинглар, — дейишди.
23 — Мен сизларга ҳукмдор бўлмайман, — деди Гидўн, — ўғлим ҳам ҳукмдорингиз бўлмайди. Эгамнинг Ўзи сизларга ҳукмронлик қилсин.
24 Кейин давом этиб:
— Сизлардан бир нарса сўрамоқчиман, — деди. — Ўлжаларингиздан биттадан тилла зирак берсангизлар.
Мидиёнлар ҳам, Исмоил авлоди сингари , тилла зираклар тақиб юришарди.
25 — Жонимиз билан, — деб жавоб берди Исроил халқи.
Сўнг бир кийим ёйиб, ҳар бири ўлжа қилиб олган тилла зиракдан ўша кийим устига ташлади. 26 Тилла зиракларнинг ўлчови бир пуддан ортиқ олтин чиқди. Мидиён шоҳлари кийган сафсар либослар, таққан ярим ой шаклидаги ва шокилали безаклар ҳамда туяларининг бўйнидаги тилла занжирлар ҳисобга киритилмаганди. 27 Гидўн ўша олтиндан бир ҳайкал ясаб, уни ўз шаҳри Ўфрага ўрнатиб қўйди. Бутун Исроил халқи Худога бевафолик қилиб, ўша ердаги ҳайкалга сиғина бошлади. Бу ҳайкал Гидўн ва унинг оиласи учун тузоқ бўлиб қолди.
28 Шундай қилиб, Мидиёнлар мағлуб бўлдилар. Улар Исроил халқига қарши бош кўтаришга қайта журъат этмадилар. Гидўн пайтида юртда қирқ йил тинчлик барқарор бўлди.
Гидўннинг ўлими
29 Йўш ўғли Гидўн уйига қайтиб кетди. 30 Унинг етмишта ўғли бор эди, чунки хотинлари ниҳоятда кўп эди. 31 Шакам шаҳридаги чўриси ҳам Гидўнга бир ўғил туғиб берди. Гидўн унга Абумалек деб исм қўйди. 32 Гидўн улуғ ёшга кириб оламдан ўтди ва Ўфра шаҳридаги отаси Йўшнинг хилхонасига дафн этилди. Бу шаҳар Абуазар уруғига қарашли эди.
33 Гидўн оламдан кўз юмиши биланоқ, Исроил халқи яна Худога бевафолик қилиб, Баалнинг тасвирларига сиғина бошлади, улар Баал–Беритни ўзларига худо қилдилар. 34 Уларни атрофдаги душманлардан халос қилган Эгаси Худони эсларидан чиқардилар. 35 Еруббаал, яъни Гидўн, Исроил халқи учун қилган шунча яхшиликларига қарамай, Исроил халқи унинг хонадонига содиқ қолмади.