36–БОБ
Яҳудо шоҳи Ёҳухоз
1 Яҳудо халқи Йўшиёнинг ўғли Ёҳухозни отасининг ўрнига шоҳ қилиб кўтарди. 2 Ёҳухоз йигирма уч ёшида тахтга ўтириб, Қуддусда уч ой шоҳлик қилди. 3 Сўнгра Миср шоҳи Нехо уни Қуддус тахтидан тушириб, юрт халқидан 200 пуд кумуш ва 2 пуд олтин ўлпон талаб қилди. 4 Миср шоҳи Ёҳухознинг укаси Элияқимни Яҳудо ва Қуддусга шоҳ қилиб тайинлади. Унинг исмини ўзгартириб Ёҳайиқим қўйди. Акаси Ёҳухозни эса Мисрга олиб кетди.
Яҳудо шоҳи Ёҳайиқим
5 Ёҳайиқим йигирма беш ёшида шоҳ бўлиб, Қуддусда ўн бир йил ҳукмронлик қилди. У Эгаси Худонинг олдида қабиҳ ишлар қилди. 6 Бобил шоҳи Навухадназар Яҳудога ҳужум қилди. У Ёҳайиқимни Бобилга олиб кетиш ниятида занжирбанд қилди . 7 Эгамизнинг уйидаги бир қанча идишларни Бобилга олиб кетиб, уларни Бобилдаги саройига қўйди.
8 Ёҳайиқимнинг бошқа ишлари, унинг қилган жирканч қилмишлари, ҳамма камчиликлари “Исроил ва Яҳудо шоҳлари китоби”да ёзилган. Унинг ўрнига ўғли Ёҳайихин шоҳ бўлди.
Яҳудо шоҳи Ёҳайихин
9 Ёҳайихин ўн саккиз ёшида шоҳ бўлиб, Қуддусда уч ой ва ўн кун ҳукмронлик қилди. У Эгамизнинг олдида қабиҳ ишлар қилди. 10 Ўша йили баҳорда шоҳ Навухадназар Ёҳайихинни ҳибсга олиб, Бобилга олиб кетди. У билан бирга Эгамизнинг уйидаги қимматбаҳо идишларни ҳам олиб кетди. Ёҳайихиннинг ўрнига амакиси Зидқиёни Яҳудо ва Қуддус устидан шоҳ қилиб тайинлади.
Яҳудо шоҳи Зидқиё
11 Зидқиё йигирма бир ёшида шоҳ бўлиб, Қуддусда ўн бир йил ҳукмронлик қилди. 12 У Эгаси Худонинг олдида қабиҳ ишлар қилди. Эгамизнинг сўзларини аён қилган Еремиё пайғамбарга бўйин эгмади.
Қуддус қулайди
13 Шоҳ Навухадназар Зидқиёга Худонинг номи билан садоқат онтини ичдирган бўлса ҳам, Зидқиё Навухадназарга қарши исён кўтарди. У қайсарлик қилиб, Исроил халқининг Худосига — Эгамизга тавба қилишдан бош тортди. 14 Бош руҳонийларнинг ҳаммаси омма қаторида ўзга халқларнинг жирканч одатларига тақлид қилиб, Худога ўта бевафо бўлдилар. Шу йўсин, улар Эгамизнинг Ўзи муқаддас қилган Қуддусдаги уйни булғадилар. 15 Ота–боболарининг Худоси — Эгамиз Ўз халқи ва масканига раҳм қилиб, уларнинг олдига қайта–қайта пайғамбарларини жўнатди. 16 Лекин улар Худонинг элчиларини ҳақорат қилиб, Худонинг сўзларидан нафратландилар, пайғамбарларни масхара қилдилар. Охири Эгамиз Ўз халқидан шу қадар ғазабландики, улар нажотсиз қолдилар.
17 Эгамиз уларга қарши Бобил шоҳини тортиб келди. Бобил шоҳи Маъбадда уларнинг ёшларини қиличдан ўтказди, на ёш эркакка, на аёлга, на кексага, на хастага шафқат қилди. Худо Яҳудо халқининг ҳаммасини Бобил шоҳининг қўлига берган эди. 18 Бобил шоҳи Худонинг уйидаги каттаю кичик буюмларни, жамики хазинани, шоҳ ва унинг аъёнлари хазиналарини, хуллас, ҳамма нарсани Бобилга олиб кетди. 19 Худонинг уйига эса ўт қўйди, Қуддус деворини бузиб ташлади, барча ҳашаматли биноларни ёндирди, Қуддусдаги ҳамма қимматбаҳо ашёларни йўқ қилиб ташлади. 20 Қиличдан омон қолганларини эса Бобилга сургун қилди. Форс шоҳлиги қарор топгунга қадар Яҳудо халқи Бобил шоҳига ва унинг авлодларига қул бўлиб қолди. 21 Юрт бўм–бўш чўлга айланди. Ерга дам берилмаган йилларнинг сони тўлгунча, етмиш йил давомида ташландиқ бўлиб ётди. Шундай қилиб, Эгамизнинг Еремиё пайғамбар орқали айтган сўзлари амалга ошди.
Шоҳ Куруш Яҳудо халқига озодлик беради
22 Форс шоҳи Куруш ҳукмронлигининг биринчи йилида Эгамизнинг Еремиё орқали билдирган сўзлари бажо бўлиши учун, Эгамиз шоҳ Курушнинг юрагига Қуддусдаги Маъбадни қайта қуриш истагини солди. Шундай қилиб, Куруш ўз шоҳлигининг ҳамма томонига хабарчилар жўнатди ва ёзма фармонда қуйидагиларни эълон қилди:
23 “Форс шоҳи Куруш шундай демоқда: Самовий Худо — Эгамиз ер юзидаги жамики шоҳликларни менга берган. У Яҳудо юртидаги Қуддусда Ўзига бир уй қуришни менга топширди. Худонинг халқидан бўлган ҳар бир кимса Қуддусга борсин, Эгаси Худо унга ёр бўлсин.”