18–БОБ
Илёс ва Баалнинг пайғамбарлари
1 Орадан анча кунлар ўтди. Ниҳоят, қурғоқчиликнинг учинчи йили Илёсга Эгамиз шу сўзларни аён қилди:
— Ахабнинг ҳузурига бор. Мен ер юзига ёмғир ёғдираман.
2 Илёс Ахабга кўрингани кетди. Бу вақтда Самарияда даҳшатли очарчилик ҳукм сурарди.
3 Ахаб сарой бошқарувчиси Ободиёни чақирди. Ободиё Эгамиздан жуда қўрқарди. 4 Изабел Эгамизнинг пайғамбарларини ўлдираётганда, Ободиё юзта пайғамбарни ғорга олиб кетган ва элликта–элликта қилиб ўша ерда яширган, уларни нон–сув билан таъминлаб турганди. 5 Ахаб Ободиёга деди:
— Юртдаги ҳамма булоқлар ва сойликларга бор, ўт–ўлан топиб, отларни, хачирларни боқайлик, мол–ҳолдан айрилиб қолмайлик тағин.
6 Иккови айланиб чиқиш учун юрт ҳудудини тақсимлаб олишди. Ахаб бир йўлдан ўзи алоҳида кетди. Ободиё ҳам ўзи алоҳида бошқа йўлдан кетди.
7 Ободиё йўлда кетаётганда, рўпарасидан Илёс чиқиб қолди. Ободиё Илёсни таниди ва етти букилиб таъзим қилиб:
— Сизмисиз, тўрам Илёс? — деб сўради.
8 — Ҳа, менман, — деб жавоб берди Илёс унга. — Бор, хўжайинингга: “Илёс шу ерда”, деб айт.
9 — Менинг қандай айбим борки, сиз мен, қулингизни Ахабнинг қўлига топширяпсиз?! — деди Ободиё. — Мени ўлдириш учунми?! 10 Эгангиз Худо шоҳид! Бирорта шоҳлик ёки халқ йўқки, хўжайиним сизни ахтариб топиш учун ўша ерларга бирор одамни жўнатмаган бўлсин. Ўша шоҳликлардан, халқлардан: “Илёс бу ерда йўқ”, деб жавоб келгандан кейин ҳам уларга сизни топа олмаганлари ҳақида қасам ичдирди. 11 Энди эса сиз: “Бор, хўжайинингга, Илёс шу ерда, деб айт”, деяпсиз. 12 Ёнингиздан кетишим биланоқ, Эгамизнинг Руҳи сизни бирор жойга олиб кетади. Қаергалигини эса мен билолмай қоламан. Мен Ахабнинг ҳузурига бориб хабар бердим ҳам дейлик. У эса сизни топа олмаса, ўша заҳоти мени ўлдиради. Лекин мен, қулингиз, болалигимдан Эгамиздан қўрқаман. 13 Изабел Эгамизнинг пайғамбарларини ўлдираётганда, мен Эгамизнинг пайғамбарларидан юзтасини элликта–элликта қилиб ғорларда яширдим, уларга нон–сув бериб турдим. Наҳотки мана шу қилган ишларим ҳақида тўрам эшитмаган бўлсалар?! 14 Энди эса сиз менга: “Бор, Илёс шу ерда, деб хўжайинингга айт”, деяпсиз. У мени ўлдиради–ку!
15 — Мен хизмат қилаётган Сарвари Олам шоҳид! Бугун мен унга албатта кўринаман, — деди Илёс.
16 Шундан кейин Ободиё Ахабнинг ёнига бориб, уни воқеадан хабардор қилди. Ахаб эса Илёсни кутиб олиш учун кетди. 17 Ахаб Илёсни кўрди–ю: “Исроилга бало келтирадиган сенмисан ҳали?!” деб дўқ урди.
18 — Исроилга бало келтирадиган мен эмас, — дея жавоб берди Илёс. — Аксинча, сен ва отангнинг хонадони Эгамизнинг амрларидан юз ўгирдингизлар, Баалга сажда қилиб, Исроилга бало келтирдингизлар. 19 Энди бирортасига буюр: бутун Исроил халқини, Баалнинг Изабел дастурхонидан таом ейдиган 450 нафар пайғамбарини, Ашеранинг 400 нафар пайғамбарини менга Кармил тоғи ёнига тўплаб берсин.
20 Ахаб жамики Исроил халқини, пайғамбарларни Кармил тоғи ёнига тўплади. 21 Илёс халқнинг рўпарасига чиқиб, уларга танбеҳ берди:
— Қачонгача икки кеманинг учини тутиб юрасизлар?! Агар Эгамиз Худо бўлса, Унга эргашинглар. Борди–ю, Баал Худо бўлса, унга сажда қилинглар.
Халқдан садо чиқмади. 22 Илёс яна халққа қараб гапира бошлади:
— Эгамизнинг пайғамбарларидан ёлғиз мен қолдим, Баалнинг пайғамбарлари эса 450 киши. 23 Энди бизга иккита буқа келтиринглар. Баалнинг пайғамбарлари битта буқани танлаб олиб нимталасин, кейин ўтинларнинг устига қўйишсин, лекин олов ёқишмасин. Мен ҳам буқанинг биттасини тайёрлаб ўтинларнинг устига қўяман, лекин олов ёқмайман. 24 Баалнинг пайғамбарлари илтижо қилиб, Баални чақиришсин. Мен ҳам илтижо қилиб, Эгамизни чақираман. Кимнинг Худоси аланга орқали жавоб берса, Худо Ўшадир.
Халққа бу гап жуда маъқул келди. 25 Илёс Баалнинг пайғамбарларига деди:
— Сизлар кўпчиликсиз, битта буқани танлаб олиб, аввал сизлар нимталанглар. Кейин худойингизга илтижо қилиб, чақиринглар, лекин олов ёқманглар.
26 Баалнинг пайғамбарлари ўзлари танлаб олган буқани нимталаб, тайёрлаб қўйдилар. Кейин эрталабдан пешингача: “Эй Баал, бизга жавоб бер!” деб ўзларининг худосига илтижо қилиб, чақирдилар. Лекин на бирон садо келди, на бирортаси жавоб берди. Улар ўзлари қурган қурбонгоҳнинг атрофида сакрайвердилар.
27 Пешин вақти бўлди. Илёс энди уларнинг устидан кула бошлади:
— Баландроқ овоз билан чақиринглар. Ахир, у худо–ку, балки хаёл суриб ўтиргандир, ё бирор нарса билан машғулдир, ёки йўлда келаётгандир, ёки ухлаб ётган бўлса, уйғотиш керакдир.
28 Хуллас, улар баланд овоз билан бақиравердилар. Кейин, одатларига кўра, ўзларига пичоқ ва найза санчиб, қон оқиздилар. 29 Пешин вақти ўтиб кетди. Кечки қурбонлик пайтига қадар улар жазавага тушиб бақиравердилар. Лекин на бир садо бўлди, на бирорта аломат, на бир жавоб бўлди.
30 Илёс: “Менга яқинроқ келинглар”, — деб ҳамма одамларни чақирди. Халқ Илёснинг ёнига келди. Шу пайт Илёс Эгамизнинг бузилган қурбонгоҳини қайта тиклай бошлади. 31 Илёс ўн иккита тош олди. Бу тошлар Ёқубнинг ўғилларидан келиб чиққан қабилаларни англатарди. Ёқубга Эгамиз: “Сенинг номинг Исроил бўлади” деган сўзларни аён қилган эди . 32 Илёс ўша тошларни ишлатиб, Эгамизга атаб қурбонгоҳ қурди. Қурбонгоҳ атрофида бир тоғора буғдой сиғадиган хандақ қазиди. 33 Сўнг ўтинларни қалаштирди, буқани нимталаб, ўтинлар устига қўйди.
— Тўртта кўзада тўлдириб сув олиб келинглар, — деди Илёс одамларга. — Сувни куйдириладиган қурбонликнинг ва ўтинларнинг устидан тўкинглар.
34 Кейин: “Яна такрорланглар!” деб буюрди Илёс одамларга. Одамлар яна тўрт кўза сув қуйдилар. “Учинчи марта ҳам такрорланглар!” — деди. Учинчи марта ҳам тўрт кўза сув қуйдилар. 35 Шунда қурбонгоҳнинг атрофида сув оқа бошлади, хандақ ҳам сувга тўлди.
36 Кечки қурбонлик пайти бўлганда, Илёс пайғамбар қурбонгоҳга яқин келиб, хитоб қилди:
— Эй Иброҳимнинг, Исҳоқнинг ва Ёқубнинг Худоси — Эгамиз! Бугун Сенинг Исроилда Худо эканлигинг, мен эса Сенинг қулинг эканлигим аён бўлсин. Буларнинг ҳаммасини Сенинг амрингга биноан бажо қилганим аён бўлсин. 37 Менга жавоб бер, эй Эгамиз! Менга жавоб бер, мана бу халқ Сенинг Худо эканингни, уларнинг дилини Сен Ўзингга мойил қилувчи эканингни билсин.
38 Ўша заҳоти Эгамиз олов юборди. Олов куйдиришга аталган қурбонликни, ўтинларни, тошларни ва тупроқни ямламай ютиб юборди. Хандақдаги сувни ҳам олов тортиб кетди. 39 Бу ҳодисани кузатиб турган халқ юз тубан мук тушиб: “Эгамиз — Худодир, Эгамиз — Худодир”, — деди.
40 Шундан сўнг Илёс одамларга: “Баалнинг пайғамбарларини ушланглар, бирортаси ҳам қочиб кетмасин!” деб буюрди. Одамлар Баалнинг пайғамбарларини ушладилар. Илёс уларни Хишон дарёсига олиб тушиб, ўша ерда ўлдирди.
Қурғоқчилик тугайди
41 Шу воқеадан кейин Илёс Ахабга: “Бор, энди еб–ичавер, қаттиқ ёмғир ёғади, ёмғир яқинлашаётганини эшитяпман”, деди. 42 Ахаб тамадди қилиб олиш учун кетди. Илёс эса Кармилнинг тепасига чиқди. Пешанаси ерга теккудек чўккалаб ўтирди. 43 Кейин хизматкорига:
— Бор, денгиз томонга қара–чи, — деди. Хизматкор кетди.
— Ҳеч нарса йўқ экан, — деди у қайтиб келиб.
Илёс хизматкорига етти марта: “Денгизга қара!” деб буюрди. 44 Хизматкор еттинчи марта ҳам бориб қаради.
— Ана, денгиздан кичкина бир булут чиқиб келяпти, катталиги одамнинг кафтича келади, — деди у, ниҳоят.
Илёс хизматкорига буюрди:
— Тез бориб, Ахабга айт, аравасини қўшиб жўнасин. Тағин ёмғирда қолиб кетмасин.
45 Шу пайт бирдан осмонни қоп–қора булут қоплади, шамол эсиб, шиддат билан ёмғир ёға бошлади. Ахаб эса аравасига ўтириб, Йизрилга йўл олди. 46 Эгамиз Илёсга алоҳида куч–қудрат ато қилди. У тўнининг этагини белига қистирди–да, Йизрилга қараб югуриб, Ахабдан илгарилаб кетди.