12–БОБ
Марям Исога атир мой суртади
1 Фисиҳ байрамидан олти кун олдин Исо Лазарнинг қишлоғи Байтанияга борди. Исо ўша Лазарни ўликдан тирилтирган эди. 2 Ўша ерда Исога зиёфат ҳозирладилар. Марта хизмат қилиб юрган эди, Лазар эса Исо ва меҳмонлар билан бирга дастурхон олдида ёнбошлаган эди. 3 Шу пайт Марям бир шиша тоза, қимматбаҳо сунбул мойини олиб келиб, Исонинг оёқларига суртди, сўнг сочлари билан артди. Уй атир мойнинг хушбўй ҳидига тўлиб кетди.
4 Исонинг шогирдларидан бири, Унга хиёнат қиладиган Яҳудо Ишқариёт деди:
5 — Бу мойни уч юз кумуш тангага сотиб, камбағалларга бўлиб берса бўлмасмиди?!
6 У шу гапни камбағалларга қайғургани учун эмас, балки ўғри бўлгани учун айтди. Пул қутиси Яҳудонинг назоратида эди, қутига солинадиган пулдан у ўғирлаб турарди. 7 Исо шундай деди:
— Марямни тинч қўйинглар! Зотан, у Мени дафн кунимга тайёрлади . 8 Камбағаллар ҳар доим сизлар билан бирга бўлади. Мен эса ҳар доим ҳам сизлар билан бирга бўлмайман.
9 Бир талай яҳудийлар Исонинг Байтанияда эканлигини билиб келишди. Улар нафақат Исони, балки Исо ўликдан тирилтирган Лазарни ҳам кўришни истардилар. 10 Бош руҳонийлар Лазарни ҳам ўлдиришни режалаштирган эдилар. 11 Чунки кўп яҳудийлар Лазар туфайли Исо томонига ўтиб, Унга имон келтираётган эдилар.
Исо Қуддусга тантанали равишда киради
12 Эртаси куни байрамга борган бир талай халойиқ Исонинг Қуддусга келаётганини эшитиб қолди. 13 Улар пальма дарахти шохларидан олишди, Уни қарши олгани чиқиб, шундай деб ҳайқиришарди:

“Тасанно!
Эгамиз номидан келаётган Инсон барака топсин!
Исроилнинг шоҳи муборак бўлсин!”

14 Исо бир хўтикни топиб, унга минди, худди Муқаддас битикларда ёзилгандай:

15 “Эй Қуддус халқи , қўрқма!
Мана, Шоҳингиз хўтикни миниб келяпти.”

16 Исонинг шогирдлари аввал буни тушунмадилар. Исо улуғлангандан кейингина улар бу сўзларнинг У ҳақда ёзилганини ва халқ худди ёзилганидек қилганини эсладилар. 17 Исо Лазарни қабрдан чақириб тирилтирганига гувоҳ бўлган оломон Исога эргашиб, бу ҳақда ҳаммага айтарди. 18 Исонинг қилган бу мўъжизали аломати ҳақида эшитган кўп одамлар Уни кутиб олгани чиққан эдилар.
19 Фарзийлар эса бир–бирига:
— Қаранглар, қўлимиздан ҳеч нарса келмади. Бутун дунё Унинг ортидан бормоқда! — дейишарди.
Исо Ўз ўлими ҳақида гапиради
20 Худога сажда қилиш учун байрамга келганлар орасида баъзи ғайрияҳудийлар бор эди. 21 Улар Филипнинг олдига бориб (Филип Жалиланинг Байтсайда шаҳридан эди) шундай деб айтишди:
— Тақсир, биз Исони кўрмоқчимиз.
22 Филип бориб, бу ҳақда Эндрусга айтди. Сўнг иккалови Исонинг олдига бориб, Унга айтишди. 23 Исо уларга шундай жавоб берди:
— Инсон Ўғли улуғланадиган вақт–соати келди. 24 Сизларга чинини айтайин: агар буғдойнинг дони ерга тушиб ўлмаса, у бир донлигича қолади. Агарда ўлса, кўп ҳосил беради. 25 Ким ўз жонини севса, уни йўқотади. Ким бу дунёда ўз жонидан воз кечса, уни абадий ҳаёт учун сақлаб қолади. 26 Ким Менга хизмат қилмоқчи бўлса, орқамдан юрсин. Мен қаерда бўлсам, хизматчим ҳам ўша ерда бўлсин. Менга хизмат қилган одамни осмондаги Отам ҳурмат қилади. 27 Энди эса юрагим сиқилиб кетяпти. Нима ҳам дер эдим?! “Эй Ота, бу вақт–соатдан Мени сақла”, деб айта олармидим?! Мен шу вақт–соат учун келганман–ку! 28 Эй Ота, Ўз номингни улуғлагин!
Исо шундай дейиши биланоқ осмондан:
— Мен номимни улуғладим, бундан кейин ҳам улуғлайман, — деган садо келди. 29 У ерда турган оломон бу садони эшитиб, момақалдироқ деб ўйлади. Бошқалар эса:
— Унга фаришта гапирди! — дейишди.
30 Бунга жавобан Исо деди:
— Бу садо Мен учун эмас, сизлар учун бўлди. 31 Энди бу дунё ҳукм қилинади, бу дунёнинг ёвуз ҳукмдори ҳайдаб чиқарилади. 32 Мен ердан юқорига кўтарилганимда, ҳаммани Ўзимга жалб қиламан.
33 Исо бу сўзларни қай йўл билан ўлишини билдириш учун айтди.
34 Халқ бунга жавобан деди:
— Биз Тавротдан, Масиҳ абадий яшайди, деб эшитганмиз. Қандай қилиб Сен, Инсон Ўғли юқорига кўтарилиши керак, деб айтяпсан? Инсон Ўғли ким ўзи?
35 Исо уларга деди:
— Нур яна қисқа бир муддат сизлар билан бўлади. Нур борида юринглар, тағин зулмат сизларни қамраб олмасин. Зулматда юрадиган киши қаерга кетаётганини билмайди. 36 Нур ҳануз сизлар билан экан, нурга ишонинглар, шунда нур фарзандлари бўласизлар.
Буларни айтиб бўлгач, Исо узоқлашиб, халқдан яширинди.
Халқнинг ўжарлиги ва имонсизлиги
37 Исо халқнинг кўз ўнгида шунча кўп мўъжизали аломатлар яратган бўлса ҳам, улар Исога ишонмас эдилар. 38 Шу тариқа Ишаё пайғамбарнинг сўзи бажо бўлди:

“Эй Эгамиз, бизнинг хабаримизга ким ишонди?
Сенинг қудратли кучинг кимга аён бўлди?”

39 Ҳақиқатан ҳам, улар ишона олмадилар. Негаки, Ишаё улар ҳақида яна шундай деб айтганди:

40 “Эгамиз уларнинг кўзларини кўр қилди,
Ақлларини ўтмас қилди.
Токи кўзлари билан кўрмасинлар,
Ақллари билан англамасинлар,
Тағин Менга қайтиб, шифо топмасинлар.”

41 Ишаё Масиҳнинг улуғворлигини кўргани учун бу сўзларни айтган эди.
42 Шунга қарамай, кўп яҳудий йўлбошчилари ҳам Исога имон келтирдилар. Лекин улар фарзийлар туфайли буни очиқчасига тан олмас эдилар, чунки синагогадан ҳайдалишдан қўрқардилар. 43 Ахир, улар Худонинг мақтовидан кўра, инсоннинг мақтовини яхши кўрардилар.
44 Исо хитоб қилиб деди:
— Менга ишонган одам Менга эмас, балки Мени Юборганга ишонган бўлади. 45 Мени кўрган одам Мени Юборганни кўрган бўлади. 46 Менга ишонган биронта одам зулматда қолмасин деб, Мен дунёга нур бўлиб келдим. 47 Агар ким Менинг сўзларимни эшитиб, риоя қилмаса , Мен уни ҳукм қилмайман. Мен дунёни ҳукм қилиш учун эмас, нажот бериш учун келганман. 48 Мени рад қилиб, сўзларимни қабул қилмаган одамни ҳукм қилувчи бор. Ундай одамни охиратда Мен эмас, айтган сўзим ҳукм қилади. 49 Зотан, Мен Ўзимча гапирганим йўқ. Мени юборган самовий Ота нима айтишимни, қандай гапиришимни Менга амр этган. 50 Унинг амри эса абадий ҳаёт беришини биламан. Хуллас, нима айтаётган бўлсам, Отам Менга айтгандай сизларга айтяпман.